Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Миллатнинг дардига дармон бул!

 

Буюк сохибқирон Амир Темурнинг бу чакириғи асрлар оша авлодларни рухлантириб келмокда. Туркий халқларнинг етакчиси булган саркарда «Биз ким мулки Турон….Туркнинг бош бугинимиз» деб бутун туркийзаминни бирликка, дустликка ундаганда, узбекларни доимо номига яраша узига бек булиб юришини орзу килган булса ажабмас. Бироқ, сўнгги йилларда туркий халқларнинг дустлигига бироз путур етгандек; оға инилар уртасида келишмовчиликлар пайдо булиб, охирги Қирғизистонда юз берган қонли воқеалар барча туркий халқларнинг обрўсига катта путур етказди.

Шу воқеа туртки булиб, жойларда туркий эллар диаспоралари сергак тортдилар, бирлашдилар, уюшдилар, ташкилот ва жамиятлар тузиб, миллатнинг дардига дармон булишга шошилдилар. Мана шундай миллати учун жон куйдирган, фидойи инсонлар минтақанинг турли бурчакларидан садо бериб турибдилар.

Жумладан, Читадаги узбек диаспораси ташаббуси билан Марказий Осиёда яшовчи туркий халқлар учун нашрга тайёрланаётган «Шарқ овози» газетасининг нишона сонида энг аввало ана шундай миллатпарвар инсонлар хақида ёзишни, уларнинг хаёти ва шу кундаги фаолиятини узгаларга маълум қилишни жоиз билдик.

Бугунги суҳбатдошимиз «Узбеклар уюшмаси» ташкилоти етакчиси Баходир Узоқов.

Баходир ака, авваламбор газетамиз ижодкорлари сизнинг олиб бораётган хайрли ишларингизга омад тилаб, бизга ажратган кимматли вактингиз ва эътиборингиз учун ташаккур айтади. Сухбатимизни анъанавий саволлардан бошласак, яъни муштарийларга ўзингиз хақингизда батафсилроқ маълумот берсангиз. Чунки, биринчи танишув ва илк мақоламиз шубҳасиз, қахрамонимизнинг ҳаёт йўлига бағишланади. Демак, сизнинг болалигингиз қаерда ва қандай ўтган?

Мен 1961 йил 12 майда Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани Қорабоғ қишлоғида туғилганман. Отам рахматлик, Узоқов Неъмат ака ўқимишли, русча айтганда «трудоголик» бўлганига қарамасдан бўш вақтлари китоб мутолаа қилишдан бўшамайдиган, ўзига ва фарзандларига талабчан, қаттиққўл инсон эдилар. Отам 2006 йилда оғир ҳасталикдан кейин, 74 ёшларида оламдан ўтдилар. Онам, Самадова Гулсара, ўта зеҳнли аёл бўлсаларда, олийгоҳдаги ўқишларини ташлаб фарзанд тарбияси билан шуғулландилар, оила ўчоғини ёқдилар. Отамнинг тоғалари Республика миқёсида катта лавозимда ишлаганликлари ва ўзлари ҳам давлат ишида ишлашлари оқибатида вилоятимизга келган барча мансабдорлар бизникида бир пиёла чой ичиб кетишар эди. Мен болалигимда онамни ҳар доим ўчоқ бошида хизматда кўрар эдим. Онам уй бекаси бўлсаларда, Тошкентда жуда кўп ўқимишли, олима дугоналари бор. Шоир Ҳамид Олимжоннинг қизи Ҳулкар опам онамнинг энг яқин дугоналари, бизнинг Тошкентдаги онамиз ҳисобланадилар. Шунингдек, Мумтоз Муҳаммедов деган фронтовик ёзувчининг қизи Чаман опам, таниқли олим Борис Луниннинг қизи тарихчи профессор, археолог Светлана Борисовна Лунина, археолог, профессор Замира Исмиалова Усманова ва кўплаб дугоналари бизга устозлик қилишган.

Биз оилада 5 та ўғил ва 3 та қизмиз. Ота-онамиз бизларни ҳаммамизни ўқитишиб, олий маълумот олишимиз учун умрларини, куч-ғайратларини сарфладилар.

Ҳозир онам 74 ёшдалар, Қашқадарёда ака-ука, опа-сингилларим қарамоғида қарилик гаштини сураяптилар.

Нидерландия Қироллигида амалга ошираётган ишларингиз хақида хам тухталсангиз.

Нидерландия Қироллигига 2008 йил октябрда оилам билан келдим. Бу ерга келган ҳамма чет элликлар учун мажбурий бўлган қонун, тил ва урф-одатлари бўйича махсус курсни яқинда тугатиб барча имтиҳонларни топширдим. Шу йил сентябр ойи охирида жаҳоннинг кўплаб мамалакатларида яшайдиган миллатдошларимиз билан ҳамкорликда «Ўзбеклар Уюшмаси» деган ташкилотни меъёрий ҳужжатларини тайёрлаб Нидерландия Қироллигида рўйхатдан ўтказдик.

«Ўзбеклар Уюшмаси» ташкилотини рўйхатдан ўтказиш жараёнида жаҳоннинг кўплаб давлатларидан турли ёшдаги ва ҳар хил ижтимоий табақадаги миллатдошларимиз фикр мулоҳазалари, таклифлари, баъзилар имкониятлари даражасида моддий ёрдамлари билан ўз ҳиссаларини қўшишдилар. Шу ўринда ташкилий ишларда фидокорлик кўрсатган баъзи миллатдошларимизни номларини айтиб ўтмоқчиман: Кореядан Нуъмонжон Дарвешев, Буюк Британиядан Ферузахон Дехконбоева, Австралиядан Фотима Содиқова, Туркиядан Феруза Каримова, Россиядан Акмал Ортиқов, Шукурилло Усманов, Шерзод Мусаев ва бошқа кўплаб миллатдошларимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Ўзбеклар Уюшмасини ташкил этишимиздан асосий мақсад - сунъий тўсиқлар ортида ўзаро қон-қардошлик алоқалари узилиб қолган бир миллатга мансуб инсонларнинг ўзаро маданий алоқаларини тиклаш, миллий ўзлигини сақлаб қолишга бўлган интилишларини уйғунлаштириш, миллий низолар ортидан камситилаётган, вақтинчалик мажбурий муҳожиратда бўлган миллатдошларимизни ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда ўзаро кўмак бериш, гуманитар ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш каби фаолиятларни амалга оширишдир. Уюшма ўз фаолиятида катта сиёсатга аралашмайди, хокимият учун курашмайди, миллатчилик, сепаратизм, экстремизм ғояларини тарғиб қилмайди ҳамда радикал кайфиятдаги ҳар қанақа ташкилот ва шахслар билан алоқа қилмайди. Ташкилот фаолиятида ҳар хил диний ва сиёсий қарашдаги иштирокчилар ўз диний ва сиёсий қарашларини тарғиб қилишлари таъқиқланади.

Шу мақсадларни амалга ошириш учун барча бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилса реал натижаларга эришиш мумкин. Масалан, нуфузли халкаро ташкилотлар, ривожланган давлатларнинг хукуматлари билан миллатимиз номидан музокаралар олиб бориш, зарур бўлганда пикет ва намойишлар уюштириб ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш, шунингдек, ўзбек диаспораларининг ўзаро маданий – маърифий алоқаларини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат, санъат ва адабиётимизни тарғиб қилиш мақсадида ўзбек диаспораси яшайдиган давлатларда кўргазма ва концертлар, ҳайрия тадбирлари уюштириш, илмий-амалий конференциялар ўтказишни режалаштирганмиз.

Албатта, ҳар қандай янгилик тўсиқларсиз, қийинчиликларсиз амалга ошмайди. Мана шундай хайрли ишларни бажаришда қандай муаммолар мавжуд?

Бизнинг олдимиздаги асосий тўғоноқ ўзимизнинг лоқайдлигимиздир деб ўйлайман. Мисол тариқасида шу йил июн ойида Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида қирғиз миллатчилари томонидан ўзбекларга нисбатан бошланган ва шу бугунга қадар давом этаётган этник тозалаш сиёсатига нисбатан аксарият миллатдошларимиз томонидан кузатувчилик ёки аралашмаслик ҳолатини келдиришимиз мумкин. Агар бизнинг миллатимизда якдиллик бўлганида минглаб бегуноҳ инсонларни қириб ташлаш, мулкларига ўт қўйиш, қиз-жувонларимизни номусига тажовуз қилиш, асрлар мобайнида яшаб келаётган ватанларидан қувғин қилиш учун ҳеч қанақа миллатчиларнинг ҳадди сиғмаган бўлар эди. Миллатчилик асосида юз берган ноҳақликлар учун «қасд олиш»га чақирувчиларга эргашмасдан, ақл билан иш тутиб, халқаро ҳуқуқ нормалари асосида жиноятчиларни жазога тортишни ҳаракатини қилсак яна кўплаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаётларини ҳавф хатардан сақлаб қолишимиз мумкин.

Ташкилотнинг хориждаги узбеклар учун яна қандай афзалликлари бор?

Юқоридаги ҳуқуқ ҳимояси тўғрисидаги мулоҳазалар Она ватандан ташқарида юртда қолган оилаларини боқиш учун бир бурда нон илинжида оғир шароитларда ишлаётган меҳнат муҳожирларига ҳам тааллуқлидир. Миллатимизнинг бошига тушган улкан кулфатдан тўғри хулоса чиқариб жойларда миллий диаспора ташкилотлари атрофида бирлашсак, ўз навбатида мазкур диаспора ташкилотларини ишларини мувофиқлаштирувчи уюшмани қўллаб-қувватласак, асрлар давомида шаклланиб келган миллий қадриятларимизни эъзозласак бизга нисбатан бошқаларнинг ҳам ҳурмати кучайган бўлар эди деб ҳисоблайман. Ҳар биримиз ўз тақдиримиз ўз қўлимизда эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда ўзлигимизни англайдиган давр аллақачонлар келган. Ўзаро ишонч ва ҳурмат принципларига асосланган халқ бирлашмаси атрофида жипслашиб қадриятларимизни асраш учун ҳаракат қилмасак фарзандларимиз биз ўтмишда ўтган ота боболаримиз билан ғурурланганлигимиздек ғурурлана олишмайди, аксинча улар ўзга юртларда ўзликларини йўқотишлари ҳам мумкиндир. Аввалам бор ўз урф-датлари ва қадриятларини ҳурмат қилган халқгина ўзга халқларни ҳам ҳурматига сазовор бўла олади.

Мароқли суҳбатингиз учун миннатдормиз, миллатнинг дардига дармон булишдек хайрли ишларингизга ривож тилаймиз.

Сўзим сўнгида, Россиянинг Чита шаҳрида рўйхатдан ўткан ўзбек диаспораси ташкилотининг хайрли ишларига муваффақият тилайман. Узоқ юртларда миллатдошларимизга ўз она тилларида маълумот етказиб беришдек хайрли ишга қўл уришган «Шарқ овози» нашриёти ходимларига ижодий ютуқлар ҳамроҳ бўлсин. Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб, миллатимизнинг бошига оғир кунлар тушган пайтда миллатдошларимиз учун қучоғини очиб, уларнинг яшаш ва ишлашлари учун шароит яратиб бераётганликлари учун Россия Федерацияси халқи ҳамда давлатига алоҳида ташаккур билдирмоқчиман.


Рахмат.Барно Исакова

Забайкальский региональный общественный Фонд «Узбекская община»
Главный редактор Содиков Р.А.
Адрес редакции г. Чита ул. Бабушкина 104 офис 410
Тел/факс: 32-51-52, e-mail:zrof_uz@mail.ru


Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (02.01.2011)
Просмотров: 1234 | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Понедельник, 10.02.2025, 20:48
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2025
Сделать бесплатный сайт с uCoz