Июнь воқеаларидан сўнг Ўш шаҳрини 60 000 дан ортиқ одам тарк этган. Бу кўрсаткич 2009 йилдагига нисбатан 20 000га кўп. Воқеа бошлангандан кейинги ҳафтада Ўш аэропортининг чегара хизмати берган маълумотга кўра, 1 ҳафтадаёқ аэропортдан 20 000 киши бошқа мамлакатларга учиб кетган.
Меҳнат, ишга ўрнаштириш ва миграция вазирлигининг Ўш вилоят бошқармаси бошлиғи билан суҳбатлашиб, бу ҳақда тўлиқроқ маълумотга эга бўлдик. Қонли воқеалардан кейин, 1 ой давомида Ўш шаҳрида 50 000 иш ўрни йўқолган. Фаолият юритаётган кўплаб ишхона, корхона ва ташкилотлар, шунингдек, умумий овқатланиш шаҳобчалари ҳамда савдо нуқталари воқеа пайтида ёндириб юборилган.
Бу ҳолатдан сўнг, албатта шаҳар аҳолисининг айримлари тинчлик истаб, айримлари эса тирикчилик, пул топиш ниятида, чет мамлакатларга чиқиб кетишга мажбур. Айни пайтда, нафақат Ўш шаҳри, балки мамлакатимизда кадрлар муаммоси ҳам айнан иқтисодий масала туфайли, масалан, тажрибали бир мутахассис ўз касбида ишлайди-ю, аммо иқтисодий эҳтиёжларини қондира олмайди.
Бундан сўнг, у бошқа мамлакатга бориб, ўз соҳасида бўлмаса ҳам, бошқа йўллар орқали пул топади. Россия, Қозоғистон, Корея мамлакатларидаги мигрантлар биздаги ойлик маошдан 5-6 баробар кўпроқ олишади. Қирғизистон Миллий банкидан олинган маълумотга кўра, ўша мигрантлар 1 йил давомида Қирғизистонга 1 миллиард 200 минг сомдан зиёд пул жўнатишар экан.
Бу бизнинг давлатимизда иқтисодий ўсишга туртки бўлади, лекин масаланинг бошқа томони – фуқароларимиз бошқа давлат фуқаролигига ўтиб кетмоқдалар. Расмийларнинг айтишича, 2010 йили Ўшни тарк этганларнинг 10%дан ортиғи, яъни 6000 дан зиёд одам Россия фуқаролигини олган. Данияр Толонов буни мана бундай изоҳлади: «Ҳар бир мамлакатда ўз фуқароси учун турли енгилликлар яратилади. У мамлакат томонидан ҳимояланади, унинг маоши кўпрок бўлади ва у мамлакатнинг тўлақонли, қонуний фуқароси сифатида ҳимоя қилинади. Шунинг учун ҳам, бизнинг ёшларимиз чет мамлакатлар фуқаролигини олишяпти».
Қирғизистонда ўқитувчилик, шифокорлик, инженер, экономист, журналист мутахассислигига ўқиган тажрибали кадрлар Қозоғистонда тамаки соҳасида, Россияда қурувчи, сотувчи, официант бўлиб ишлаяптилар. Ўшлик Неъматжон исмли йигит Июнь воқеаларигача тадбиркорлик билан шуғулланар эди. Воқеа пайтида унинг уйи ёндирилиб, мол-мулки таланган. Унга тадбиркорлик фаолиятини қайта бошлаш ва яшаш учун имконият йўқ эди.
- Менинг дўконларим бор эди, уйим ҳам дўконларим ҳам ёниб кетди. Машинамни ҳам номаълум одамлар тортиб олишди, ўйлаб кўрсам мен Ўшда тирикчилик қила олмайман, шунинг учун ҳам, чиқиб кетишга мажбур бўлдим, дейди у. Айни пайтда, Росиянинг Магнитогорск вилоятида яшаётган Неъматжоннинг айтишича, Июнь воқеаларидан кейин бу вилоятга 4000 дан кўпроқ Ўшлик келган. Уларнинг асосий қисми Неъматжон каби Россия фуқаролигини олмоқчи.
Ўш шаҳри ёшларининг 50% и бошқа мамлакатларга иш излаб кетган. Шу ўринда яна бир таъкидлайдиган нарса – мигрантларнинг хавфсизлик масаласи. Айтайлик, бир киши Россияга ишлагани кетди. Лекин, унинг у ерда ҳеч қандай яқин одами йўқ, одам сотувчи ёки алдоқчи кимсалар қўлига тушиб қолса, у пайтда қандай чора кўриш керак? Данияр Толоновга кўра, бу масала бўйича ҳозирги кунда бошқарма томонидан районларда аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунчаки эмас, бошқармага мурожаат қилиб, кетиб бораётган мамлакатдаги Қирғизистон элчихоналарининг манзиллари билан танишиб қонуний турда жўнаб кетса, унинг хавфсизлиги таъминланади. Масалан, Қирғизистон Миграция вазирлиги қонуний турда борган мигрантлардан бирортаси ўша жойда вафот этгудай бўлса, жасади ўз юртига олиб келиниши мамлакат томонидан таъминланади, шунингдек, моддий муаммолари ҳам ҳал этиб берилади.
Ҳозирги кунда ишсизлик муаммосини енгиллаштириш масаласида вазирлик томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиляпти. Масалан, вазирлик тасарруфида 12 та касб-ҳунар лицейлари бўлиб, улардан 3 таси Ўш шаҳрида жойлашган. Қискартирилган курсларда ўқиганлар тез орада ўз касби бўйича сертификат олишади ва вазирликнинг ўзи уларни ишга жойлайди.
Шунингдек, яқинда Россия Федерациясидаги Қирғизистоннинг ишга ўрнаштириш ва Миграция вазирлиги томонидан таклиф киритилиб, Россиядаги банклардан Қирғизистонга энг оз комиссия билан пул жўнатиш масаласи ечилди.
Данияр Толоновнинг айтишича, Июнь воқеаларида йўқотилган иш ўринларининг деярли 90%и ўз ўрнига келтирилди. Лекин барибир бу ойлик маошлар ошди, дегани эмас.

http://uzxalqharakati.com/archives/5703