Қамашини март ойида қалин қор босди. Чилла чиққандан кейин табиат қирқ ёшни
қоралаган укажоним Насимжонни баҳорда тизза бўйи ёққан оппоқ қордан гилам тўшаб
ер қаърига олиб кетди... .
Чилла чиқиб, келганда баҳор,
Тизза бўйи ёғди қалин қор,
Қирқ йил ўсган забардаст чинор,
Қулади дунё келгандек тор.
Қирқни қоралаб қулаган чинорим,
Дилни поралаб қийнаган жигарим,
Ёлғон дунёга сен ҳеч сиғмадинг, Ором ол, руҳинг қўлласин Карим!
Қанча дардлар ёзилган бу бошимга,
Неча дарё тўлибдур кўз ёшимга,
Яна қанча синов бор бардошимга,
Бўлолмасман елкадош кардошимга.
Деворсиз ҳовлида катта дарбоза,
Чиқмоқ бор, кириш йўқ, йўлаклар тоза.
Кимга бугун тўйдир, кимларга аза,
Кимдир йиғлар, яна ким қилар маза.
Мантиқсиз дунёга йиғлаб келурсан,
Нечун кеганингни билмай кетурсан.
Сенинг келганингдан ягона исбот,
Ҳайвоний ҳирсингдан ортган зурриёт.
Беш кунлик дунёда юзингда ниқоб,
Ўзлигинг яшириб тортиб изтироб,
Нафақат мўрт жисминг, руҳинг ҳам бетоб,
Фикрингда айш, диндан қилурсан хитоб.
Баҳодирхон Султон 09/03/2013
|