Азимжон акамизнинг мўҳтарама волидалари вафот этганларини хабарини ўқиб қайғу ва изтиробга тушдим. Узоқ йилларга қамалиш хавфи онларида, истибдод ва қотилликни ўзига касб қилиб олган диктатор таъқибидан жон асраш учун ҳам вазият тақозоси билан бу оила уйидан паноҳ топганман. Уларникида турган кунларимда ва кетиш олдидан аямиз мени ва фарзандларимни дуо қилганлари, доимо мени тушкун аҳволда кўрганларида: - Болам бундай қисматли ҳаёт ёлғиз сизни бошингизга тушмаган, худога ҳамдлар айтинки қамоқда эмассиз, руҳингизни баланд тутинг! Сиз узоқ юртларга, узоқ вақтларга сафарга отланяпсиз, энди чидамли, сабрли ва бардошли бўлишингиз керак деганлари ҳануз ёдимда. Ўша онларда мен мавҳумликдан бошқа нарсани билмаганман. Олдимда мени қандай кунлар кутаётганлигини ҳам фараз қилмас эдим. Аямизнинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди ва мен олис юртлардан паноҳ топдим. Олисларда яшасамда, мени бир умид ҳеч қачон тарк этмас эди. Албатта ватанга қайтиб борсам Азимжон аканинг уйларига ҳам бораман, аканинг волидалари дуоларини оламан деган умидим бор эди. Энди бу умид саробга айланди. Шундай бўлсада бу хонадоннинг тузини татиб, меҳрибонлигини кўрган мен ва ўғлим Шероз Азимжон аканинг оналари ҳақларига дуолар қиламиз. Азимжон ака, мени кечаю кундуз яратгандан тилагам сизни озод бўлишингиз. Волидангиз ҳақларига чексиз дуолар қилишингиз учун ҳам сиз ва фарзандларингизга узоқ умр тилайман. Меҳрибон бўлган волидангизнинг охиратлари обод бўлсин. ХАЙИТ ҒАФУР. ШЕРОЗ
|