Ўткинчидур барча шуҳрату-шонинг.
Куфр тимсолидур руҳинг-вужудинг,
Мангу азоб ичра қийналсин жонинг!
-----//-----//-----//----//------
Даврингни сур, кейин имкон топмассан,
Азоб бўлар, ҳаргиз омон топмассан.
Ажалинг етгунча тушма тахтингдан,
Шунда тавба қилиб, иймон топмассан!!
-----//-----//-----//----//------
Золим шоҳ тирикдир, яшар иззатда,
Сабаби халқ ваҳимада, даҳшатда.
Ўлгач бошланади ҳар ёкда қий-чув,
Мақтаганлар сўка бошлар албатта.
-----//-----//-----//----//------
Ҳали юраклардан кетмади алам,
Калтаклардан қолган битмади ярам.
Дилимда яна шу балоларга мен,
Мубтало бўлдиму кетмади бу ғам.
-----//-----//-----//----//------
Бир тинч, обод макон бўлса, истарман,
Зулмдан пок замон бўлса, истарман.
Афсус, Ислом Олами зулумотидан,
Чиқиб бир чароғон бўлса истарман.
-----//-----//-----//----//------
Ҳамма бир овоздан деса- "доносиз,
Ниҳоятда буюк даҳо, танҳосиз”.
Подшо ҳам ишониб қолса, ажабмас,
Шундай зотлигига – бўлса Худосиз.
-----//-----//-----//----//------
Қари шоҳдан давлат кетдими дейман,
Навбат қизларига етдими дейман.
Охир-оқибат бу Ўзбекистонда,
Эркак зоти қуриб битдими дейман.
-----//-----//-----//----//------
Бу кунлар ҳам тарих бўлиб қоладир,
Билмадим ким қандай ибрат оладир?!
Золим шоҳ лаънатга қолар, бегумон,
Асли чин айбдор балки Таня холадир?!
-----//-----//-----//----//------
Халқимиз аҳволи хароб бўлдику,
Орзу-умидлари сароб бўлдику.
Халқ сайлаган подшо зулм этса халққа,
Бу азоб устига азоб бўлди-ку?!
-----//-----//-----//----//------
"Халқ сайлаган” деган сўз бўлдику удум,
Халқ номидан халққа ўқилар ҳукм.
Золим ҳам, мазлум ҳам халқ бўлса агар?,
Ҳеч тушунолмадим – "халқ” бу ўзи ким?!
-----//-----//-----//----//------
Бизда бор "қаҳрамон” деган бир нишон,
Ҳар йили топилар беш-ўн қаҳрамон.
Халқни қай оғирин енгил қилдилар?
Барчамиз ҳайронмиз: Ким у қахрамон?
-----//-----//-----//----//------
Дўстлар бу ажойиб бир замон бўлди,
Мусулмонларнинг ҳоли кўп ёмон бўлди.
Қанчаси қамалди, қанчаси қочди,
Равшан бўлди, кимлар-ким томон бўлди?!
-----//-----//-----//----//------
Замон маддоҳлари, ёзувчи, шоир,
Ёки машҳур юлдуз, ё шунга доир.
Мақтовпараст шоҳга маддоҳлик қилиб,
Бахтли ҳаёт завқин хўп сураётир.
-----//-----//-----//----//------
Қаранглар бундайин фитна замонга,
Не офатлар тушди Ўзбекистонга!
Мусулмонлар мусулмонлардан қочиб,
Ҳижрат қилди бугун кофиристонга!
-----//-----//-----//----//------
Тожу-тахт мафтункор бўлсада чунон,
Аллоҳни наздида йўқ қадри чандон.
Пашша қанотича қадри бўлганда,
Унга эришмасди Фиръавну – Ҳомон.
-----//-----//-----//----//------
Пасткашлар эришиб қолса давлатга,
Мубтало бўларкан ажиб иллатга.
Бу иллат тузалмас, бедаво экан,
Номи шуҳратпараст, тўймас шуҳратга.
-----//-----//-----//----//------
Кўз оч бўлса дунё билан тўймайди,
Қалб кўр бўлса меҳр ҳиссин туймайди.
Давлатига ғурурланар нодонлар,
”Аллоҳ мутакаббирларни суймайди”!
-----//-----//-----//----//------
Кўп одамлар ётар ҳибсда чандон,
Кўп одам нон излаб оввора сарсон.
Нега бундай дея сўраш мумкинмас,
Хафа бўлар агар эшитса султон.
-----//-----//-----//----//------
"Чарақлади” мустақиллик қуёши,
Куйлаймиз – "донодир, бизнинг юртбоши”.
Сабр қилиб ўн етти йил куйлабмиз,
Куйлаймиз етганча элнинг бардоши.
-----//-----//-----//----//------
Аксар шеърларимни ёздим зиндонда,
Бу ҳам бизга берилган оддий имконда.
Озодликда шеър ёзишга вақтим йўқ,
Ўйу-фикрим фақат бир парча нонда.
-----//-----//-----//----//------
Керак эмас эди курсинг бизларга,
Қолаверсин мерос бўлиб қизларга.
Бизга зулм қилмай тинч қўйсангиз бас,
Молу-мансаб қолаверсин сизларга.
-----//-----//-----//----//------
Билинг, бизлар юртни бузмоқчимасмиз,
Бошқача бир давлат қурмоқчимасмиз.
Асбобсиз, яроқсиз, тошқин дарёни,
Оқимига қарши сузмоқчимасмиз.
-----//-----//-----//----//------
Серқуёш… Куйладик қорда-бўронда,
Барчамиз жўр бўлиб шовқин-суронда.
Зўрлаб куйлатишди қуёш ҳақида,
Совуқ-зулмат ичра Ўзбекистонда.
-----//-----//-----//----//------
Ўлсанг зулминг камроқ бўлар эҳтимол?,
Сенга ҳам яхшироқ бўлар эҳтимол?!
Ўлмай узоқ давом этсанг зулмда,
Азобинг каттароқ бўлар эҳтимол?!
-----//-----//-----//----//------
Сен хоҳламасанг ҳам ўласан бир кун,
Қаро ер билан тенг бўласан бир кун!
Миллионлаб одамлар хотирасида,
Малъун, золим бўлиб қоласан бир кун!
Абутов М.М.