Қиз ўқувчи, йигитча толиб,
Учрашишди қишлоқ тўйида.
Ваъдалашди ишора қилиб,
Учрашамиз деб йўл бўйида.
Қишлоқчилик учрашолмади,
Кетиб қолди қиз уйга кириб.
Исмларин ҳам сўрашолмади,
Йигит кетди манзилни кўриб.
Таътил пайти келди сўроқлаб,
Эсларканми деб юрак ютиб.
Қизни пойлаб турди йироқлаб,
Гап отишга қулай пайт кутиб.
Оҳ, шахло кўз, оҳ бу нигоҳлар!
Гаплардаги бу самимият!
Шунча пайтки юраги урар!
Учрашувдан не эди ният?
Учрашишгач йигит жилмайиб,
Қалбин очди секин ийманиб:
-Ёш экансан, мактабни тугат,
Пойтахтга бор, кутаман,-деди.
Қиз ёноғи бўлиб қирмизи,
Лола каби қизариб юзи:
-Тугатгани жуда оз фурсат
Қолди, кутинг, бораман,-деди.
Олий даргоҳда таҳсил олиб,
Дўстлашишга аҳд-паймон қилиб,
Улгирмасдан кеч кириб қолиб,
Қайтишишди тез ортга шошиб.
Салқин эди, костюмин ечиб,
Йигит қизга бериб қўйганди,
Шом тушганда онаси чиқиб,
Йўл пойлашин қайдан билганди.
Уй олдида бир шарпа сезиб,
Йигит қизга деди, - сен бекин,
Биров борми ўтайчи кезиб,
Тинчлик бўлса чиқарсан секин.
Уй ёнида кимнидир кўриб,
Йигит ўтди юзини буриб.
-Тўхтанг, -дея «кимдир» чақирди,
Тўхтамагач ортдан бақирди.
Кар одамдай у кетди ўтиб,
Юрагини ичига ютиб.
Иложи йўқ, орқага қайтиб,
Кўнглин очсин дардини айтиб.
Рўпарада турар эди қиз,
Елкада йўқ йигит костюми.
Онасига боқарди ожиз,
Жовдирарди, тўлиб ҳалқуми.
Йигит деди, бўлса ҳам гуноҳ,
-Қизингиз менга қолди ёқиб.
Бу ҳолатга ёлғиз бир гувоҳ,
Кўкдаги ой турарди боқиб.
Ҳижолатдан ҳатто ойнинг ҳам
Юзидан доғ кетди йўқолиб.
Гап бошлади она, юзда ғам,
Йигит костюмин қўлга олиб:
-Гапларимдан сиз хафа бўлманг,
Қизимиз ёш, элга гап қилманг.
Жиддий бўлса гар ниятингиз,
Жўнатарсиз совчиларингиз.
Тугатгинча мактабни қизим,
Дадасига айтаман ўзим,-
Дея у костюмни тутказди,
Ҳамма гапни эрга етказди.
Ота уриб бахти қарони,
Ёмон йўлдан қайтармоқ бўлди,
Танимасдан оқу-қорани,
Бечора қиз ҳаётдан тўйди.
Қиз бошига келдириб хатар,
Фожеадан мутлоқ бехабар,
Йигит хурсанд уйига қайтди,
Онасига дардини айтди.
Она деди, -тенгимиз эмас,
Ёқа тугул енгимиз эмас.
Хаёлингни асло бузмасдан,
Уйланай деб режа тузмасдан.
Ўкишингни тугатавер сен,
Қиз ёш экан улғаяверсин.
Севгисидан умидин узмай,
Йигит кутди ваъдасин бузмай.
Вақт ҳам ўтиб мактаб тугади,
Кутавериб сабр ҳам тугади.
Қиз албатта ўқиши керак!
Ундан эса йўқдир ҳеч дарак.
Йигит билмас, севган қизини
Овлаб қўйган ўзга бир овчи,
Сирдош билиб айтган сўзини,
Дўсти унга қўйибди совчи.
Бир учрашув касрига қолиб,
Икки ёшнинг тақдири синди.
Қўл ушлашган эмас уялиб,
Бошга бахтсизлик қуши қўнди.
Қишлоқда тўй бўлар ҳамиша,
Келин-куёвга бахт ҳам тилашар,
Келин турар, қилиб андиша,
Балки юрагида аллаким яшар?!
Ёшлар қувнашиб рақсга тушар,
Балки уларнинг орзуси ушар… .