Қиш мавсуми, баҳор келмасдан,
Ҳатто қушлар хониш қилмасдан,
Ҳовлида бир тупгина ўрик,
Гуллади қишни менсимасдан.
Яширолмай қалбда севинчим,
Дўстларимдан олдим суюнчи.
Узоқ давом этмай қувончим,
Иримчилар бузишди тинчим.
Дейишдилар, -Яхшимас бу ҳол,
Кулфат келар, тезроқ олдин ол.
Гар гулласа чиллада ниҳол,
Қурбонлик қил, қон чиқар дарҳол.
Хосиятин сўроқлаб кўрдим,
-Кес, -дедилар, -уни остидан.
Маслаҳатни иримга бурдим,
Афсусдаман ғўрлик дастидан.
-Бўлмаган гап!, -деди баъзилар,
-Бехосият бўларми дарахт?
Ҳали-ҳамон бағрим эзилар,
Кесганимда тарк этмасди бахт!
Билсам, ўрик гуллаган экан,
Сен туғилган кунга тўғрилаб.
Мени алдаб, нияти экан,
Олиб кетиш, сени ўғирлаб!