Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Ёдгор Обид. Кесакотар “полвонларга”


Гапингиз тугадими?
Энди мен айтай.
Мен шоир сифатида эмас, бир шеърият муҳлиси сифатида айтаман. Тўғри, умрим бўйи шоир бўлишни орзу қилиб яшадим. Кўп машқлар қиламан. Баъзи машқларим кимларгадир маъқул бўлганини эшитаман. Лекин ҳалига қадар ўзим ёзган бирон шеъримдан кўнглим тўлган эмас. Демак, ҳали ўзимни шоир деб аташга вақт бор. Балки ўзбек ҳалқининг етмиш ёшлик ёш, ҳаваскор шоири деса бўлар…
Ҳуллас, шеъриятни яхши кўраман. Бирон жойда бир яхши шеър пайдо бўлса, қувониб, мириқиб ўқийман. Тўсатдан катта бойлик топиб олган одамдек,
руҳим нурланиб юраман ўша шеър таъсирида бирнеча кунлар. Бемаза қовуннинг уруғидек кўпайиб бораётган қофиябозлик намуналаридан кўнглим айнийди. "Буларни нима учун ёзди экан” деб ғашим келади. Мен бу ҳақда бирнеча бор ёзиб ҳам кўрдим. Фойдаси йўқ. У "шеърият шоввозлари” ўзларини билмаганга олиб, билганларини қилаберадилар. Шоирликдаъволаридан қайтмайдилар. Балки шуниси ҳам дурустдир. Ҳақиқий шеърият ихлосмандлари ахлат билан дурнинг фарқига борадилар, ўзлари ажратиб оладилар.
Ҳақиқий шоир эса табиатда кам учрайди ва адабиёт майдонида, ҳаётда уларнинг ҳар бирининг ўз ўрни бор.Улар майдон талашмайдилар. Майда – чуйда ҳасадгўйликлардан йироқ бўладилар. Бундай нарсаларга эътибор қаратиб ўтиришга вақтлари ҳам йўқ. Ўз танлаган йўллари, мақсадлари, эътиқодлари бор. Оғир кураш йўллари…
Қаранг, мамлакатимизнинг бош қўшиғи – гимнини қамоқхоналарда жазо сифатида қўлланишар экан. Баланд овоз билан айтишга мажбурлар, айтишдан
бош тортганларни резинка тўқмоқлар билан савалашар, изоляторларга ташлаб, қийноқларга солишар экан. Қанчадан-қанча бегуноҳлар шундай азобларга дош беролмай, ҳаётдан кўз юмгандирлар…
Биз шу аҳволда шаҳид кетганларнинг баъзиларинигина биламиз. Ахир ўша гимн матнини ҳам "шоир” ёзмаганми? Оддий шоир эмас, "қаҳрамон” шоир! Афсус, бундай "шоирлар” ва уларни асбоб сифатида ишлатиб юрганларнинг сони ҳам кўп. Йўқ, мен ҳозир сиз билан бошқа, ҳақиқий шоир ҳақида қисқагина фикрлашмоқчиман.
Жамоатки, жунун манъини манга қиласиз,
Тош отибон не учун телбаларга қотиласиз?
Бу мисраларни ким ёзган деб ўйлайсиз. Кечагина ёзилгандек эмасми? Гўё шеър муаллифи шоир Юсуф Жуманинг тақдиридан хабардор бўлгану, уни назарда тутиб ёзгандек. Ана сизга энг замонавий шоир! Муаллифи – ҳазрат Алишер Навоий. Ҳазрат Навоийга тош отганлар, бугун шоир Юсуф Жумани кесакбўрон қилишмоқда. Мен севикли шоиримизга энди узоқдан туриб ҳужум қилаётганлар отаётган ” тош”ларини тош эмас, кесак дедим. Зеро улар отган тошлар энди шоиримизга кесакчалик ҳам таъсир қилолмайди. Энди у узоқда. Юрагидаги Ватани билан узоқда. У ўз ҳалқини, Ватанини ёниб-ёниб севади, ёниб- ёниб куйлайди.Унинг бу севгиси, эътиқоди оғир синовлардан ўтди. Сиз, "кесакотар полвонлар” хаёлига ҳам келмаган синовлвардан!
Бирингизнинг отингиз гўё Муродилло, яна бирингиз – "Бобо”.Ҳатто исмингиз ҳам тўқима! Сизда исм ҳам, иймон ҳам йўқ. Мусулмонликни даъво қилгандай бўласиз. Ҳатто Ватанини араб босқинчиларидан ҳимоя қилган буюк Муқанна шаънини ҳимоя қилиши ҳам сизга кофирлик бўлиб кўринибди. Муқанна кимлигини сиз биласизми! Унга ҳам минг йиллардан бери тош отиб келадилар. Энди тош отиш навбатини сиз олибсиз. Аввало билиб қўйинг:Буюк Муқаннанинг исми-Хаким ибн Хошимдир. У ҳам ислом динини қабул қилган, лекин арабликни эмас. Ўз Ватани мустақиллиги йўлида қирқ йидан ортиқ жанг қилган. Сизда мантиқ тушунчасидан асар ҳам бўлмагани учун бунинг нималигини тушунолмайсиз. Шоирни ҳақоратлар қиласиз.Ғазабингиз ҳаддан ортиқ. Жуда соз. Демак шоирнинг мардлигидан жазавага тушгансиз. Ғазабингизни, асабларингизни жиловлаб ололмай қолгансиз. Бу эса-ожизлигингиз белгиси. Ҳа, сиз шоирнинг мардлиги қошида ожиз ва ожизаларсиз.
Мен бу ерда шоир Юсуф Жуманинг шеърларидан мисоллар келтириб ўтирмоқчи эмасман. Улар шундоқ ҳам нафақат жаҳон ўзбекларига, балки жаҳоннинг бошқа ҳалқлари орасида ҳам маълум ва машҳур. Ҳечқандай ҳимояга муҳтож эмас. Жазавангиз яна ортаберсин, зеро шоир шеърларининг эътибори бундан кейин ҳам ошиб бораберади.
Мен "вовуллаш” шаклидаги икки ёзувга кўзим тушди. Ҳали Оқ уйдаги "Ислом акажонингиз” топшириқ берса, яна бунақалардан қанчасини ёзасиз. Бошқа иложингиз ҳам йўқ сиз бечораларнинг.Сиз унга ва унинг гирдидагиларга ўзингизни қулликка берганлардансиз. Менда ,Озодлик”ни эшитиш имкони йўқ. Шунинг учун бироз кейинроқ ёзма матнини ўқидим.
Шоирниг сўзлари қанчалик аччиқ ҳақиқат, мардона сўзлар эканини ўзингиз ҳам ёзатуриб, ҳис қилган бўлсангиз керак. Ўз ҳалқи ҳақида аччиқ ҳақиқатни айтишга фақат шоирнинг ҳаққи бор. Эсингизга солиб қўяй, бир вақтлар ҳалқимизнинг севикли ҳонандаси ва шоири Дадахон Хасан ҳақида ҳам "ҳалқимизни ҳақортлаябди” мазмунида гаплар қилиб, одамларнинг кўнглини ундан қолдирмоққа уриндингиз. Ҳолбуки, сизларга ҳалқ севгиси, ишончи Юсуф Жума, Дадахон Хасанга насиб қилганчалик насиб қилмайди ҳечқачон.Ўз ҳалқига аччиқ ҳақиқатни айтишга ҳақиқий шоир ва санъаткорнинггина ҳаққи бор. Ва бу ишда икковлари ҳам беназирдирлар.
Ҳақиқий шоирнинг руҳий мустақиллиги, ўзига хос ўз эътиқоди бўлади. Унинг ҳудди ана шу руҳий мустақиллигини диктатура, тиранизм, деспотизм, мустабидлик тузумларининг ҳар қандай кўринишлари кўтара олмайди. Мухолиф ҳисоблайди. Аслида ҳам шундай. Ўз руҳий мустақиллигини сақлаб қололган шоир-ҳақиқий шоир ва табиатан бу кўринишдаги тузумлар, улар келтириб чиқарган ноҳақликлар, зулмлар, ёлғонлар, мунофиқликларга нисбатан мухолифдир. Бу жиҳатдан Юсуф Жума – ҳақиқий шоир. Иродаси оғир синовлардан ўтган ҳалқ фарзанди.


Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (06.06.2011)
Просмотров: 802 | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Пятница, 27.06.2025, 01:45
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2025
Сделать бесплатный сайт с uCoz