Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Қишлоқдаги қасрлар




Ёхуд намунавий уй-жойларга эга бўлишнинг шартлари хусусида 
Мамлакатимизда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, замонавий турар-жой бинолари барпо этишга катта эътибор қаратилаётир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»га қарори ҳам бу борада муҳим қадам бўлди. 
Қарорга асосан, «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ томонидан намунавий лойиҳалар бўйича уй-жой қурилишида якка тартибда иморат қурувчиларга кўмак бериш учун республиканинг ҳар бир минтақасида ўз филиалига эга «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослаштирилган шўъба инжиниринг компаниясини ташкил этилди. Бугунги кунда ҳам намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилиши кенг кўламда давом этмоқда. Президентимизнинг 2012 йил 14 январдаги қарори билан жорий йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойларни қуриш дастури тасдиқланди. Дастурга мувофиқ, бу йил жойларда 8510 та намунали уйлар «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ ҳамда Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли ипотека кредитларини жалб қилиб, «тайёр ҳолда топшириш» шартлари асосида қурилиши кўзланган. "Қишлоқ жойларида уй-жой қурилишини ривожлантириш” дастурига биноан Осиё Тараққиёт Банкининг умумий миқдори 500 млн. АҚШ долларлик маблағи ушбу мақсадларга йўналтирилади. 

Мактублардан сатрлар
 "Юртимизда 2012 йилда ҳам намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қурилаётгани ҳақида эшитдик. Эҳтиёжи бор-у, аммо шартномада белгиланган талабларга молиявий имконияти жавоб бермайдиган фуқаролар ҳам ушбу уй-жойларнинг эгаси бўлиши мумкинми? Масалан, бир ташкилотда 12 ой мобайнида доимий ўртача 350-400 минг сўм миқдоридаги маош билан ишлайман. Бошқа даромад манбаим йўқ. Мен ҳам уй-жой учун шартнома тузиш ҳуқуқига эгаманми? 

Ҳаким Назаров, Сирдарё вилояти 
Мухлисларнинг илтимосларини инобатга олган ҳолда "Қишлоқ жойларида уй-жой қурилишини ривожлантириш” лойиҳаси асосида 2012 йилда қурилиши режалаштирилган уй-жойларнинг кредит шартлари, сарф-харажатлари, илк тўлов ва фоизлари ҳақида маълумот беришни лозим топдик. Ана шундай масалаларга аниқлик киритиш мақсадида республика "Қишлоқ қурилиш банки” ОАТБ (аниқ шахс кўрсатайлик, илтимос) га мурожаат қилдик. Жорий йилда тасдиқланган қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойларни қуриш дастурига асосан қурилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қишлоқлар қиёфасига янада кўрк бағишлаяпти. Шунингдек, қишлоқ аҳли ҳам бугунги кунда шаҳарга хос имкониятларга эга бўлмоқда. Якка тартибда уй-жой қурувчиларга кўмак бериш мақсадида ипотека кредитлари ташкил этилгани фикримиз исботи. Қишлоқлардаги "тайёр ҳолда топшириш” шартлари асосида қурилаётган намунали лойиҳалар асосидаги уй-жойлар кўплаб хонадонларга қувонч улашаётгани шубҳасиз. Агар сирдарёлик мухлиснинг даромади кредитни қайтариш учун етарли бўлмаса, қарздор ва қарз олувчининг банк олдидаги қарз мажбуриятини таъминлаш юзасидан учинчи шахс (учинчи шахслар) кафиллиги қабул қилиниши мумкин. Бунда, кафил сифатида қарздорнинг, яъни сизнинг иш берувчингиз ёки бошқа юридик ва жисмоний шахслар чиқиши мумкин. Сиз ишлаётган ташкилот раҳбарияти билан келишган ҳолда буни амалга ошириш имкониятига эгасиз.

 КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ? 

Ипотека кредитлари шартнома асосида ҳамда қайтариш, тўловлилик, таъминланганлик, мақсадли фойдаланиш ва муддатлилик шартлари билан берилади. Ипотека кредити олиш учун қуйидаги талабларга жавоб бериш керак: ·қишлоқ жойларда яшайдиган, ипотека кредити олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига; ·охирги 12 ой мобайнида доимий иш жойига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга, шунингдек ипотека кредити бўйича ҳисоблаб ёзилган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли бўлган, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромад манбаига эга бўлган шахсларга; ·барпо этилаётган уй-жой смета қийматининг камида 25 фоизи миқдорида бошланғич бадал учун маблағга эга бўлган шахсларга; ·кредит ташкилотларидан кредитлар бўйича тўлов муддати ўтган қарзи бўлмаган шахсларга берилади. 

УЙ-ЖОЙГА ЭГА БЎЛИШДА… 
·Якка тартибда уй-жой қуришни ташкил этиш учун сиз, яъни якка тартибдаги қурувчи яшаш жойи бўйича инжиниринг компаниясининг тегишли минтақавий филиалига буюртманома билан мурожаат қиласиз. ·Ўз буюртманомангизда танлаган аниқ ер участкангиз ва намунавий лойиҳангизни, шунингдек, қуриладиган уй-жой қийматини тўлаш усулини, яъни ипотека кредити орқали тўлашни кўрсатасиз. ·Хоҳишингизга кўра инжиниринг компаниясининг филиали томонидан танланган намунавий лойиҳанинг нусхаси билан таъминланасиз. ·Инжиниринг компаниясининг филиали бир иш куни мобайнида сизнинг буюртманомангизни кўриб чиқади. Буюрманома маъқулланган тақдирда, уч кун муддатда сизга ёзма равишда хабар берилади. ҳамда уни фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шарти билан уй-жой қуришга инжиниринг компанияси томонидан буюртмачи функцияси амалга оширилиши учун шартнома тузиш таклиф қилинади. ·Бунда қурилаётган уй-жой қийматини ипотека кредити ҳисобига тўлайдиган якка тартибдаги қурувчи, яъни сиз билан дастлабки шартнома тузилади. ·Инжиниринг компаниясининг филиали билан дастлабки шартнома тузилгач, сиз банкнинг филиалига ариза билан мурожаат қиласиз. Ипотека кредити берилиши юзасидан қарор қабул қилингач, бошланғич бадални тўлайсиз. Бу ҳақда банкнинг филиали ўша куннинг ўзида инжиниринг компанияси филиалига маълумот беради. Ушбу маълумотлар инжиниринг компанияси филиали учун мижоз билан асосий шартномани тузишда асос ҳисобланади. 

ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР КЕРАК? 
Ипотека кредити олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз керак: 
1) кредит олишнинг мақсади, таъминланганлиги, муддати ва суммаси кўрсатилган ҳолда ипотека кредити олишга буюртманома; 
2) паспорт нусхаси; 
3) яшаш жойингиздан оила таркиби тўғрисидаги маълумотнома; 
4) молиявий аҳволингизни тасдиқловчи ҳужжатлар; 
5) Танланган лойиҳа қийматининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда пул маблағлар банкдаги «Қурилишга сармоя» омонатида жамғарилганлиги тўғрисида маълумотнома; 
6) "Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган шўъба инжиниринг компанияси билан буюртмачи вазифасини бажариш учун тузилган дастлабки шартнома. 

АРИЗАЛАР ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАЙДИ 
Банк филиалининг кредит қўмитаси сизнинг кредит учун буюртманомангизни ва унга илова қилган барча ҳужжатларингизни кўриб чиқиб, ипотека кредити бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ипотека кредити олиш юзасидан буюртманомангизни кўриб чиқиш муддати кредит олишга буюртманомангиз ва барча зарур ҳужжатларингиз олинган кундан бошлаб 15 банк кунидан ошмаслиги керак. Қурилишнинг давом этиш вақти ва ишларни бажариш муддатлари уй-жой қуришга буюртмачи функциясини амалга ошириш шартномасида белгиланади. 

САРФ-ХАРАЖАТ ДЕГАНДЕК…
 ·ипотека тўғрисидаги шартномани нотариал тасдиқлаш учун давлат божи; ·гаровга қўйилган кўчмас мулк суғуртаси билан боғлиқ харажатлар; ·мол-мулк қийматини баҳолаш учун тўлов (мустақил баҳоловчи баҳолаган тақдирда); ·ипотека тўғрисидаги шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўлов. ·Ипотека кредити миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 бараваридан ошмайдиган миқдорда белгиланади. Ипотека кредити фоиз ставкаси 7 фоиз қилиб белгиланган. ·Кредит учун фоизлар кредит ажратилган санадан бошлаб, кунлик ҳисоблаб борилади ва ҳар ойда мижоз томонидан тўлаб борилиши керак. Асосий қарз суммасини тўлаш бўйича бир йиллик имтиёзли давр белгиланади ва кредит шартномасига илова қилинадиган жадвал асосида қайтарилади. 


 
Дарвоқе… Бугунги кунда энг кам ойлик иш ҳақи 62920 сўм. 
Уй турлариЕрнинг умумий майдониУйнинг умумий кв. метриУйнинг ўртача нархи млн сўм (тахминий) 3 хонали0,6 га141,8 кв. м101,0 4 хонали0,6 га151,8 кв. м107,0 5 хонали0,6 га194,5 кв. м124,0 

ИМТИЁЗЛАР…
 Мазкур дастурга асосан алоҳида имтиёзлар белгиланмаган. Фақат, банк филиали томонидан буюртманомаси маъқулланган барча имтиёзли ипотека кредити олувчилар рўйхати календарь бўйича навбат тартибида тузилади. Агар сиз бошланғич бадал суммасини, масалан, 3 хонали уй учун 25 млн. 250 минг сўмни тўлаган тақдирингизда ипотека кредити навбатдан ташқари берилади. 

ГАРОВ ТАЪМИНОТИ 
Барпо этилаётган уй-жой ипотекаси ер участкаси билан бирга қарз олувчининг ипотека кредитини тўлаш бўйича мажбуриятларининг таъминоти (гарови) ҳисобланади. Банкнинг кредит қўмитаси қарори асосида бошқа таъминот ҳам қабул қилиниши мумкин. 

ШАРТНОМА ТАЛАБЛАРИ БУЗИЛСА… 
Якка тартибда уй-жой қуриш лойиҳасининг сифати учун жавобгарлик лойиҳа ташкилотига юкланади. Якка тартибда уй-жой қуришни таъминлаш учун жавобгарлик ушбу инжиниринг компаниясига, кредитлаш қисми бўйича эса — банкка юкланади. Юқорида кўрсатиб ўтилган муносабатлар туфайли юзага келадиган низолар ва можароли вазиятлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда инжиниринг компанияси, якка тартибдаги қурувчи, пудратчи ва бошқа ташкилотлар ўртасида ҳал қилинади. Ҳар бир мижоз қурилишнинг бутун даври мобайнида қурилиш жараёнига халақит бермаган ҳолда қурилишнинг боришини кузатиб бориши мумкин. Ҳатто зарурат бўлганда намунавий лойиҳа доирасида ёзма шаклда таклифлар киритиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, инжиниринг компанияси ва пудратчига ҳам эътирозлар билдириши мумкин. 

Ҳар бир талабгорга олти сотих 
Тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси ҳар бир иморат солувчига 0,06 гектарни ташкил этади. Аммо иморат учун белгиланган жой учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ҳамда ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган ҳудудлар тақсимланади. Ва белгиланган ҳудудлар кимошди савдолари ўтказилмасдан, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун берилади. 

УНУТМАНГ! 
Лойиҳанинг шартномавий жорий нархининг 5 фоиз миқдоридаги маблағлар (кафолат суммаси) уй-жой қурилиши бўйича юзага келиши мумкин бўлган нуқсонларни бартараф этишни молиялаштириш мақсадида инжиниринг компанияси томонидан 12 ой муддатгача сақланиб турилади. Уй-жой қурилиши бўйича камчиликларни аниқласангиз ва пудратчи томонидан ушбу камчиликларни бартараф этиш имконияти бўлмаса, унда сиз давлат архитектура ва қурилиш назорат инспектори иштирокида камчиликлар миқдори қийматини аниқлаб, пудратчининг 5 фоизлик кафолат суммаси ҳисобидан бошқа пудратчи томонидан ушбу камчиликларни бартараф этишга киришишингиз мумкин. Тошкент шаҳрида намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жой қурилиши кўзда тутилмаган. 

АГАР… 
Юқорида қайд этилган ҳолатларга зид равишда муаммоларга дуч келсангиз, "Қишлоқ қурилиш банки”нинг 150-39-93, 150-93-39 ҳамда "Қишлоқ қурилиш инвест”нинг 253-93-11, 253-95-76 рақамларига қўнғироқ қилиб, ҳуқуқларингизни ҳимоя қилинг. 

Барно МАДАЛИЕВА 
manba http://uzbekny.tv
Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (14.03.2012)
Просмотров: 2644 | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Понедельник, 10.02.2025, 06:58
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2025
Сделать бесплатный сайт с uCoz