Бир қатор халқаро кузатувчилар Қирғизистон ҳукумат комиссиясининг 2010 йил июн ойида мамлакат жанубида рўй берган этник зўравонликлар борасидаги ҳисоботини "қониқарсиз", дея таърифлашган.
Комиссия ўз хулосаларини сешанба куни эълон қилганди. Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Комиссия раиси Абдиғани Эркабоев муваққат ҳукумат "этник тўқнашувлар келиб чиқиши эҳтимоли ҳақидаги огоҳлантиришларни жиддий қабул қилмаган", деб айтган.
"Этник тўқнашувларни на қирғиз ва на ўзбек халқи, "балки радикал қарашлардаги шахслар, жумладан Қодиржон Ботиров каби раҳбарлар келтриб чиқарганлар," деб айтган Абдиғани Эркабоев.
Комиссия хулосасида, шунингдек, собиқ ҳукумат вакиллари ҳам айбланади. Айни дамда, хавфсизлик хизматлари вазият таранглиги ва эҳтимолий инқироз борасидаги огоҳлантиришига муваққат ҳукумат ҳам етарли эътибор қаратмагани таъкидланади.
Ҳукумат комиссияси маълумотларига кўра, этник тўқнашувлар оқибатида 426 одам ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлардан 381 нафарининг шахси аниқланган, қолган қурбонларни аниқлаш ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда.
Ҳукумат комиссияси раҳбари, жумладан, ҳодисаларда учинчи кучлар аралашуви ҳақида аниқ бир хулосага келинмаганлиги, аммо баъзи Россия ва Ўзбекистон фуқаролари алоқадорликда гумон этилиб, ҳибсга олингани, маҳаллий ўзбек жамоаси Ўзбекистон томонидан расмий бўлмаса-да, норасмий дастакка умид қилганликларини айтди.
Халқаро кузатувчилар Қирғизистон ҳукумат комиссияси хулосаларини "қониқарсиз", дея таърифлар экан, нима учун расмий хулосалар бу каби муносабатни уйғотмоқда? Қирғизистон масалалари бўйича АҚШлик таҳлилчи ва асли қирғизистонлик Эрика Марат:
Эрика Марат: Бу ҳисоб яна бир бор ҳукуматнинг бир ёқлама йўл тутаётганини кўрсатади. Яъни, Қирғиз ҳукумати июнда аслида нима содир бўлгани борасида ҳаққоний жавоб топишни истамаяпти. Бу текширувни олиб борган одамлар бир ёқлама йўл тутишгани яққол кўриниб туради. Бу ҳолат кейин қирғиз матбуотига ҳам юққан. Яъни, гўё зўравонликни ўзбеклар бошлашган ва фақат ўзбеклар айбланмоқда.
Би-би-си: Демак сиз бу ҳисоботни шубҳа остига олаяпсиз. Лекин, мазкур ҳисобот июнда кечган зўравонликлар олдидан Жалолободда ўзбеклар жамоаси раҳбарлари митинглар ўтказишгани ҳақида айтади. Шу қаторда, муваққат ҳукумат ҳам огоҳлантиришларга эътибор қаратмаганини айтади. Бу ҳолатлар ҳақиқат эмасми?
Эрика Марат: Бу нарсалар ҳақиқатдир, лекин улар ҳисоботдан олдин ҳам маълум эди. Айниқса, муваққат ҳукумат зўравонликларнинг олдини олмаганини ҳамма билади. Лекин, ҳисоботда жавобсиз қолаётган кўплаб саволлар бор. Масалан, бу зўравонликлар не боис бошланиб кетди. Қирғиз полицияси нима учун бунақа йўл тутди? Нега ҳукумат ўз вақтида жавоб бермади? Нима учун ҳукуматдаги муайян шахслар бекорга қўл қовуштириб ўтирдилар. Бу саволлар очиқ қолмоқда.
Би-би-си: Ҳисоботда ўзбек раҳбарлари низоларни бошлашгани ва улар ўзбек тилига расмий мақом истаб қатор митинглар ўтказишгани айтилади. Бу каби митинглар зўравонликларни қўзғаш учун неқадар етарли эди?
Эрика Марат: Тўғри, Ўшда нима бўлганини текшириш жуда қийин иш. Лекин, бу ҳукумат ҳисоботи ўзбек жамоасининг муайян раҳбарларини айбламоқда. Бироқ, ҳисобот нега зўравонликлар келиб чиқди, деган саволга жавоб бермаган. Улар тарихга қарашмаган. Қандай сабаблар ўзбеклар жамоаси раҳбарларини кейинги пайтлари фаоллашишга ундагани билан қизиқмаганлар. Чунки, муваққат ҳукумат аслида ўзбек раҳбарларига фаолашиш учун ишоралар бергани борасидаги саволларга жавоб йўқ. Ҳозир эса, атрофда турли миш-мишлар юрибди. Яъни, гўё муваққат ҳукумат вакиллари ўзбек раҳбарларини руҳлантириб, собиқ Бакиев тузумига қарши туришга ундашган. Аммо, буларни ҳозир исботлаб бўлмайди.
Би-би-си: Ҳозирги ҳукумат текшируви хулосаси энди Қирғизистондаги мавжуд муаммолар ечимида қандай қўл келади?
Эрика Марат: Бу ҳисобот ҳеч нимани ҳал қилмайди. Ҳали кўп текширув ўтказилиши керак. Мана шу хукумат текширув комиссияси таркибидаги бир ҳимоячи ҳам комиссия хулосаси билан келиша олмаган ва уни бефойда деб айтмоқда. Хуллас, Қирғиз ҳукумати шуни англаши лозимки, токи улар ишончли, ҳаққоний текширув ўтказмас эканлар, у ҳолда Ўзбеклар ва Қирғизларни яраштириш жараёнини бошлаб бўлмайди. Чунки, бу икки халқни яраштириш учун энг аввало ҳақиқатни юзага чиқариш лозим.
Би-би-си: Қирғизистондаги ўзбек жамоаси раҳбарларидан бири Қодиржон Ботиров ўтган йил октябр ойида интернет нашриялари орқали чиқиш қилиб, мамлакат жанубида этник можаронинг келиб чиқишида муваққат ҳукумат раҳбарларини айблаган эди.
Эрика Марат: Қирғизистон жанубидаги ҳодисалар юзасидан ҳозирда халқаро комиссия ҳам ўз ишини олиб бормоқда ва январ ойининг охирларига бориб, ўз хулосаларини маълум қилиши кутилмоқда.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2011/01/110112_cy_kyrgyz_report.shtml