Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

ҲАБИБУЛЛО ҲАКИМ. ҲАЁТ ВА ҲАҚИҚАТ
ИСЛОМ ВА ТЕРРОРИЗМ

  Ушбу рисола биринчи бор эълон қилинганда, тушунчасига қараб ҳар хил тоифа одамлар томонидан ҳар хил муносабат билдирилди. Диндан ҳам, дунёдан ҳам хабари бор зиёли тоифа томонидан жуда самимий, илиқ муносабат билдирилган бўлса, мактабни ҳам ўқимаган, дунёвий илмлардан мутлақ бехабар, фақат бир томонлама диний таълим олган калтабин, мутаассиб "дин ҳимоячилари” томонидан қаттиқ танқид ва жиззакилик билан қарши олинди.
  Айниқса, "Ислом ва аҳли китоб”, "Ислом ва демократия” боблари хусусида гарчи жўяли бир хато топиб далил келтириша олмасаларда, умумий тарздаги айбловлар, туҳматлар қилишдан орланмадилар.
  Зотан, мен, асл ўзак устига беҳисоб керакли-кераксиз маълумотларни беаёв қўшиб булғанган чашмадан ютоқиб сув ичиб, ахлоқлари ва мақсадлари нотайин ҳолга келган, динни ҳар ким ҳар томонга тортқилаётган замондошлардан бир хил, якдил олқиш ҳам кутган эмасдим.
  Лекин то қиёмат боқий Қуръони каримнинг очиқ, сариҳ оятларини ҳеч бир таъвилсиз, халқлар ўртасини яхшиловчи, бир-бирига ҳурмат билан қараш асосларини баён қилувчи жиҳатларини очиқ айтилганига бу "айиқполвонлар”нинг шу қадар талваса, юзсизлик ва жиззакилик билан қарши чиқишлари мени чуқур ўйга толдирди.
  Ҳаммадан ҳам, ислом юртларидан паноҳ тополмай, инсонпарвар Ғарб юртларига қочиб бориб, уларнинг беғараз ёрдамларидан фойдаланиб туриб, тузлиққа тупураётган, кўрнамак диндошларимизнинг аҳли китоб ва демократия ҳақида ичи қоралик билан ғаразли ҳақоратлар қилишлари мени ҳайратга солди.
  Бундай муносабат, бугунги дарс қилинаётган диний таълимотнинг Пайғамбаримиз с.а.в олиб борган диний таълимотдан нақадар узоқлашиб, бузилиб, умматни олижаноб юксак ахлоқдан бегона, ичи қора, муттаҳам, мутаассиб, зомби қилиб тарбиялаётганлиги ҳақидаги фикрларимни тасдиқлади...
  Тўғри, беҳисоб исломий китоблар орасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Васатия-ҳаёт йўли” асари сингари исломнинг ниҳоятда олижаноб, илғор, дини, ирқи, миллатидан қатъий назар бутун инсониятга яхшилик қилишга ундайдиган, террордан, зулмдан қайтарадиган, илм – фанга тарғиб этадиган таълимотлари ҳақида ёзилган яхши китоблар ҳам мавжуд.
  Лекин адоват ва нафратга тўла бузуқ фикрат сингишиб кетган аксар юртдошларимиз ахлоқида, тушунчасида бу тўғри таълимотларнинг таъсири айтарли сезилмайди. Чунки беҳисоб диний китоблардаги бир-бирини инкор этувчи, керакли-кераксиз турфа маълумотларнинг кўплиги одамларнинг энг яхши, илғор фикрлар берувчи китобларга бўлган ишончини ҳам сусайтириб қўйган.
  Мазкур китобда Шайх террорнинг нималигини, террорчиларнинг вахшиёна хуружларининг қурбонлари асосан ёш болалар, гўдаклар, оналар, қариялар, турли тинч касб эгалари бўлаётганини, террорчилар эса ўзларини "мужоҳид”, ўзларидан ўлганларини "шаҳид” деб атаётганларини баён қилади.
  -"Ислом инсониятга зарар етишига мутлақо қарши. Шунинг учун, бемалол, Ислом террорнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қаршидир, дейиш бизнинг бурчимиздир. Мусулмонлар террорга қарши курашнинг биринчи сафларида бўлиши лозимдир”- деб террорнинг исломдаги ҳукмини, ғирром "жиҳод” эканини, унга қарши туриш шарт эканини баён этади.
  Баъзи калтабин "мужтаҳидлар”нинг "айиқнамо хизматлари” туфайли дунё аренасида ислом дини террорни келтириб чиқарувчи, реакцион дин деб танилиб қолди. Дарҳақиқат "мусулмон” ниқобидаги террорчиларининг манфур, ғирром ҳужумларидан кейин ниҳоятда сергакланиб, ҳимоя чораларини мукаммал кучайтирган Ғарб давлатларида фаолият кўрсатолмай қолган террорчи гуруҳлар энди ўзларининг манфур жиноятларини Покистон, Индонезия, Ироқ, Туркия ва Афғонистон каби мусулмонлар юртларида, ўз миллатдошларини портлатиш йўллари билан амалга ошираётгани ҳаммага маълум.
  Ваҳоланки, ислом таълимотига мувофиқ инсон ўз жонига ҳам эга эмас, яъни ўзини ўзи ўлдирса ҳам кофир қавмида кетади. Ўз жонидан ташқари сон-саноқсиз бегуноҳ одамлар ҳаётига зомин бўлаётган террорчиларнинг ўзларини "мусулмон”, "ислом лашкарлари” деб аташларига хайрон бўласан киши.
  Бу қонхўр ”ислом лашкарлари” ўзларининг ёвуз ниятларига руҳий далдани, асосни қаердан олмоқдалар? Ахир Ислом саломатлик, яхшилик, инсонпарварлик дини-ку?!  
  Бу ёвуз кучларни руҳлантириб, фатво бериб турган дунёга машҳур, мўътабар шайхул-исломлар борлигини эшитиб баттар хайрон бўласан.
  Афсуски, аксар калтафаҳм дин пешволари ҳам, гарчи ўзлари террорга фатво бермасаларда, террорчиларнинг вахшиёна жиноятларини ҳар хил баҳоналар билан оқлашга, уларни гўё мажбурликдан шу ишларни қилишаётганини тушунтиришга уринадилар.
  Хўш, бу иккиюзламачилик ва бетайинликнинг сабаби нимада?
  Охирги 10-15 йил ичида диний террор анчагина кўпайиб ҳар куни, кунора портлашлар бўлиб турибди. Боз устига бу қонхўрликларнинг аксари мусулмон юртларда биродаркушлик жиноятлари бўлмоқда.
  Охирги 50-60 йил орасида Аллоҳ берган энг буюк неъмат АҚЛни керакли жойларга ишлатганлари сабаб ғайриислом юртлар техник тараққиёт, харбий қувват, иқтисод соҳасида жуда катта ютуқларга эришди. Бинобарин, ижтимоий адолат соҳасида ҳам, хатто дини туфайли ўз юртидан қочиб чиққан мусулмонлар паноҳ топаётган, яхши бир юртларга айланди.
  Ислом юртлари эса аксинча, Аллоҳ берган АҚЛни ўз ўрнига ишлатмай, асл мақсадни унутиб, воситани ковлаштириш, бир-бирини айблаш, талашиб-тортишиш билан машғул, техник тараққиёт, харбий қувват ва иқтисод соҳаларида жуда орқада қолиб кетишди.
  Ижтимоий адолат соҳасида эса Покистонда икки ярим миллион мусулмон, "мусулмон” жангариларнинг "жиҳоди” туфайли қочқин бўлиб бошпанасиз сарсон юраётган маҳалда, бир араб шайхининг ўн тўрт миллион долларга машина нўмерини сотиб олганининг хабари тарқагани аҳволни холис ифодалаб берса керак...
  Аслида ислом умматининг бугунги қолоқлиги сабаблари кеча пайдо бўлган сабаблар эмас. Чунки бир маҳаллар ислом уммати илм-фан, тараққиёт соҳасида Ғарбдан илғор бўлган.
  Лекин охирги 3-4 асрлардан бери мусулмон уламолар руҳонийлик томонга ўта берилиб, дунёвий илм-фан соҳаларини, гўё дин одамларининг иши эмасдай эътиборсиз ташлаб қўйганлари ва бу соҳадаги муваффақиятсизликларга гўё, ўзларига алоқаси йўқ дунёвий иш деб менсимай қарашлари умматнинг ҳам дунёвий илмларга бўлган интилишини, қизиқишини сусайтириб юборган.
  Ўта руҳонийликка берилиш сабаб, аксар мусулмонлар ўз ҳаракатлари ва кучларига ишончларини йўқотиб, самога кўз тикиб мўъжизавий нусрат, ғалаба кутиш билан машғул ва нусратнинг кечикаётганидан хайрон...  
  Мусулмон юртларида оммавий фикратни, тушунчани шакллантирувчи асосий катта куч бўлган уламоларнинг бундай масъулиятсизлиги ва лоқайдлиги умматни бугунги кундаги хорликка, қолоқликка олиб келиб қўйди.
  Ғарб ва ислом жамиятлари ўртасидаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва харбий соҳалардаги тафовут яққол сезилиб қолгач, омма фикрида жуда кўп ечимсиз саволлар тўпланиб қолди.
  -Нима учун мусулмонлар илм - фаннинг бирор соҳасида илғор эмас?
  -Нима учун мусулмон юртлари ичида бирорта илм-фан, техник, электроник жиҳатдан илғор мамлакат йўқ?
  -Нима учун энг охирги, энг мукаммал дин вакиллари бу қадар қолоқ, жоҳил, хор ҳаёт кечирмоқдалар?
  -Нима учун аксар мусулмон юртлар аҳолиси, ривожланган мамлакатларнинг аҳолиси ишлатиб бўлиб ташлаб юбораётган техникаларни, хатто кийим - кечакларни сотиб олиб ишлатмоқда, сарқитхўрлик билан яшамоқда?
  -Нима учун мусулмонлар дунёда деярли ҳеч нарса ишлаб чиқармай, фақат истеъмолчи бўлиб яшамоқда?
  -Охират муваффақияти ва жаннатга фақат бу дунёни қўлдан бериш, бу дунёда хор бўлиб, қолоқ бўлиб яшаш билан етиладими?...
  Исломнинг асосий ижтимоий қонунларининг ислом юртларида амали йўқлиги, аксинча Европада татбиқ этилаётганини айтсанг, ислом тарихидан 1000-1400 йиллар аввалги ривоятларни келтириб, бундай ижтимоий адолат бизда 14 аср аввал бўлган эканини айтиш билан ҳозирги аянчли аҳволни асл сабабларини яшириб, умматни чучук гаплар билан ухлатиб келаётган уламоларнинг уйқу дориларини таъсири тугаб қолди.
  Умматни ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида илғорликни қўлдан берган, қолоқ, жоҳил ҳолга солиб қўйишдаги ўзларининг айбларини кимларгадир ағдариш зарурати юзага келди.
  Ўз айбини ҳам фазл қилиб кўрсатишга, ўзгаларнинг фазлини ҳам айб қилиб кўрсатишга устаси фаранг бўлиб кетган ислом уламолари бор айбни фантастик даражадаги сиёсий, харбий ва иқтисодий имкониятларга эга бўлган ғайридин "душман” Ғарбга ёки яҳудийларга осонгина ағдариб қўйишмоқда.
  Ўз динининг ҳақ дин эканлигига имони мустаҳкам, содда, эътиқодли ёшлар ўз уламоларининг бу ҳийла-найрангларидан бехабар, уларнинг гиж-гижлашларига, алдовларига лаққа тушиб, белларига портловчи моддаларни боғлаб бегуноҳ одамлар орасига кириб, аксар ҳолларда эса ҳимоясиз мусулмонлар орасига кириб портлатиб, ўзларини гўё, Аллоҳ йўлида "шаҳид” деб даъво қилмоқдалар.
  Бундай вахшиёна "жиҳод”нинг тўғри эмаслигини, исломга зид эканини тушунган, бу хуружларга қарши уламолар ҳам мавжуд. Аммо мусулмонларнинг бугунги қолоқ, ожиз ҳолатига Ғарб айбдор дейишда аксар уламолар, афсуски ҳамфикрдирлар.
  Содда мусулмонларнинг ҳис-туйғуларини ўз шахсий ёки ҳизбий манфаатлари йўлида ишлатишдан заррача ор қилмайдиган реакцион гуруҳлар мусулмонларнинг дунё аренасидаги ночор, қолоқ ҳолатидан аламзадалик туйғуларидан ҳам халқаро террорни ривожлантириш йўлида унумли фойдаланмоқдалар.
  Ушбу рисоланинг "Ислом ва аҳли китоб”, "Ислом ва демократия” рукнларига ашаддий қарши чиққан замондош ва юртдошларимизнинг ғирром ҳаракатлари, юзсизлик билан қилган ҳақоратлари ҳам - жоҳилликлари, нохолисликлари ва ўша янгиликка, халқлар ўртасида яхши муносабат бўлишига қарши бўлган, террорчиларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган ғирром уламоларнинг жоҳилона фикpларининг юртдошларимиз тилидаги акс-садосидир.
  Хусусан, "Ислом ва аҳли китоб” рукнида Аллоҳ таолонинг очиқ оятларига мувофиқ, ўзаро адоватга эмас, ҳурматга, ёмонликка эмас, яхшиликка, одамлар орасини яхшилаш, яхши муносабат ўрнатиш асосларини баёнига бу қадар ашаддий қаршилик, талваса ва жиззакиликнинг асл сабаби, уларнинг террорчиликни ёқловчи асосий баҳоналарининг илдизига болта урилганидир.
  Гарчи улар исломнинг саломатлик, яхшилик ва инсонпарварлик дини эканини эътироф этсаларда, аҳли китоблар ҳақидаги оятларни бу рисоладаги алфозда, таъвилсиз тўғри тушуниш, уларни неча юз йиллардан бери ислом умматини аҳли китобларга қарши қайраётган, террорчиликни оқлайдиган асосий ҳужжатларидан маҳрум этади.
  Зўр бериб Ғарбнинг "Ичидан чириб бораётганини” башорат қилаётган кўзбўямачиларнинг ёлғонларини фош қилиб қўяди.
  Натижада умматни бугунги аянчли аҳволига ўзлари айбдор эканликлари яққол юзага чиқиб, буюк ёлғоннинг юзи очилиб қолади.
  Террорчиларнинг ғоявий раҳнамоларидан бўлган бу калтабинларнинг талвасага тушганича бор. Чунки бу ҳақиқатларнинг очилиб қолиши уларни ўз айбларини аҳли китобларга тўнкаб халқни алдашларидаги энг асосий ҳужжатларидан маҳрум этиб қўяди.
  Маълумки ҳаёт кураш, мусобақа майдонидир.
  Ўзларининг онгсизлиги, танбаллиги, калтафаҳмлиги туфайли ортда қолганлар ўзининг онглилиги, ҳаракати, тиришқоқлиги туфайли олдинга ўтиб кетганларни айбдор қилишлари, улардан ўч олишга ҳаракат қилишлари ҳеч қайси мезонга тўғри келмайди.
  Бундай ғирромликни касб қилиб олган "ислом лашкарлари”нинг ғоявий раҳнамолари бўлган иккиюзламачи уламолар эса, ҳар қандай ҳодиса ва қулай фурсатдан иложи борича аҳли китобларни айблаш ва уларни барча мусибатларнинг сабабчиси қилиб кўрсатиш учун фойдаланмоқдалар.
  Аллоҳ олдидаги умматдан масъулликларини унутган калтафаҳм уламолар ҳали ҳам халқ орасидан ўсиб келаётган қобилиятли ёшларнинг аксар қисмини халқ тараққиёти, равнақи учун зарур соҳаларга эмас, ўзлари шишириб гигант ҳолатга келтириб қўйишган бидъат масалавозлик ва илмвозлик соҳасига онгли равишда банд этмоқдалар.
  Уларнинг саъйи-ҳаракатлари туфайли келажагига бефарқ, тараққиёт ва юксалишдан умидини узган, ўз кучига, қувватига ишончини йўқотган, лоқайд авлод етишиб чиқмоқда. Уларнинг бу холис "айиқнамо хизматлари”нинг ислом умматига бўлган зарари ҳар қандай ташқи душманларнинг зараридан юз чандон ортиқдир.
  Ғолиб бўлгим келар доим
  Ҳаёт кураш майдонида
  Жоним берсам дейманки мен  
  Пок иймон уммонида  

  Ғаним турса тиғин чархлаб
  Ернинг тўрт томонида
  Ғаним эмас, қўйнимдаги
  Илонлардан қўрқаман  
   
  Тўғри, ислом юртларида оз бўлсада дунёвий ўқув юртлари ҳам мавжуд. У ерлардан халқ эҳтиёжига керакли инженер, химик ва медиклар етишиб чиқмоқда, алҳамдулиллаҳ. Лекин бу ўқув юртлар бирор янгилик ихтиро қилиш, башарият олдида ислом умматини олдинга ўтказувчи кашфиёт қилиш даражасида эмас. Балки ўша Ғарбда ишлаб чиқарилган мураккаб техникалардан фойдаланишни, бузилиб қолса тузатишни эплаш даражасидаги мутахассислар етиштирувчи ўқув юртлардир.
  Ваҳоланки, ҳозирги кунда жаҳонда баъзи маълумотларга кўра, диний мадрасалар, ўқув юртлардан ташқари икки юздан ортиқ исломий университетлар мавжуд. Хўш, энг яхши иқтидорли ақлларни, жуда катта маблағларни банд қилиб турган бу илм даргоҳлари ислом умматини бирлаштириш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтириш соҳасида бирор фойдали кашфиёт қиляптиларми?!
  Аксинча, бу университетларнинг бирортаси қайсидир масалани тадқиқ этиб, бир хулосани эълон этса, аксар ҳолатларда бошқа университетлар уни аксини исбот қилиш билан овора. Бундай "ижтиҳодлар” умматнинг фикрини бўлиб тафриқага сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас...
  Шу ўринда гапларимиз қуруқ даъво булиб қолмаслиги учун озгина статистик маълумотларни келтирсак:
  Ҳозирги кунда ер юзида бир ярим миллиарддан ортиқ мусулмон бор.
  Ислом конференцияси уюшмаси (ИКУ) га 57 давлат аъзодир.
  Шу 57 давлатда 500 та университет бор. АҚШ да эса 6000 та,
  Ҳиндистонда 9000 та университет бор.
  Ислом юртларида ҳар миллион одамга 230 олим тўғри келса, АҚШда  
  4000 , Японияда 5000 олим тўғри келар экан.
  ИКУ давлатлари янгилик ва ихтиролар учун ялпи миллий  
  маҳсулотлари йиғиндисининг 0,2 % ни сарфласалар Ғарб 5% ни
  сарфлар экан.
  ИКУ давлатларининг ялпи миллий маҳсулотлари йиғиндиси 2  
  триллион $ бўлиб , АҚШ ники 12 трл $, Хитой 8 трл $, Япония 3,8  
  трл $, Германияники эса 2,4 трл $ экан...
  Демак, ислом умматини назарий ва амалий террорчиликдан қайтаришнинг муҳим йўллар;  
  -Хато тарзда, ғирром услуб ва мақсадлар билан неча асрлардан бери ички ва ташқи мухолифларга нисбатан ислом уммати қалбига сингдириб юборилган адоват ва нафратни чиқариб юбориш-.
  -Ислом уммати қалбига динимизнинг энг олижаноб, кенгфеъл, жамии инсониятга нисбатан раҳм-шафқатли, меҳрибон, камтар, инсофли, хуллас ҳар қандай одам яқинлашишни, улфат бўлишни орзу қиладиган намунали инсонни шакллантирувчи қоидаларини, асосларини сингдириш-.
  -Диний илмларни ихчам, асл ҳолига келтириш эвазига бўшаб қолган барча кучларни умматни кўтарувчи реал соҳаларга буриш, уммат учун фойдали ишларга машғул қилиш-.
  - Умматнинг онгида, фикрида, тиришқоқлик ва изчил ҳаракат қилишлик билан маълум мақсадларга етиш йўлида ўзига ишонч уйғотиш-.
  -Яхшилик, яхшилик ва яна яхшилик қилишга, бошқа халқларнинг айбини санаб ҳақорат қилиш бизнинг эъқтиқод деб эмас, ўзимизни, жамиятимизни ўнглаш, ўзаро ҳамда бошқа халқлар билан яхши муносабат тиклаш бизнинг эътиқод деб тузалишга, ўнгланишга ҳаракат қилишдир-.
  Шу ўринда инсоннинг ўзига ишонч билан астойдил ҳаракат қилиши натижасида қандай даражаларга, ютуқларга эришиши мумкинлигини Япония давлати мисолида яққол кўриш мумкин.  
  Аввало, ҳар қандай мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий равнақи учун энг муҳим омил бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимояси юқори даражада таъмин этилгандир. Камҳосил, кафтдеккина территорияда 130 млн. аҳоли яшаб, 95% дан ортиқ хом ашёни четдан ташиб келтирса ҳам, ақлни керакли жойига ишлатиб, дунёдаги энг илғор технологияни ишлаб чиққани, саноатни ривожлантирганлиги сабабли Япония бугунги кунда дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўриндаги экономикага эгадир. Халқаро майдондаги мавқеъи ҳам шунга яраша…
 
  ИСЛОМ ВА МАЗҲАБЛАР

  Мазҳаб сўзи- йўл, йўналиш, оқим, ўзан маъноларини билдиради.
  Маълумки, ислом оламида мусулмонлар жуда кўп мазҳаб ва оқимларга бўлиниб кетган. Охирги вақтларда булардан ташқари ҳар хил ҳизблар ҳам кўпайиб бормоқда. Бу албатта, шундоқ ҳам пароканда, тарқоқ бўлган ислом умматини янада кўпроқ бўлинишларга, ихтилофларга олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.
  Дарвоқеъ, бу оқим ва ҳизбларнинг баъзилари бирмунча мўътадил, муросасоз бўлсалар бошқалари ўта жиззаки ва муросасиздирлар.
  Бу мазҳаб, оқим ва ҳизбларнинг қайси бири ҳаққа яқинроқ, тўғрироқ экан? - деган савол жуда кўп одамларнинг бошларини қотирмоқда.
  Натижа ўлароқ, бутун ислом оламида тафриқа ва ихтилофларни бартараф этувчи ягона бир исломий йўналишни излаш ҳаракати ҳам мавжуд.
  Сир эмаски, бизнинг юртларда ҳам охирги пайтларда мунозара, муҳокама ва муросани тан олмайдиган, ўта жиззаки оқимлар кўпайиб кетмоқда. Бу жараённинг олдини олиш мақсадида, собиқ совет иттифоқи ҳудудидаги давлатларда дин назорати идоралари орқали барча мусулмонларни Имом Аъзам Абу Ҳанифа, Ҳанафия мазҳабига қайтаришга ҳаракат қилинмоқда.
  Бинобарин, ислом давлатларига диний таълим олиш учун бориб, ҳар хил янги оқимлар таъсирига тушиб қолаётганлари сабаб, ёшларни маҳаллий мадраса ва олийгоҳлардагина диний таълим олишлари талаб этилмоқда.
  Бироқ бу уринишлар кутилгандай самара бериши мушкул. Чунки, ҳозирги замонавий ахборот - алоқа замонида бундай чеклов, мажбурлов усуллари иш бериши қийин.
  Тўғри, тарихда мазҳаблар маълум ҳудудларда, маълум миқдор одамларнинг бир хил фиқҳда туришларига, бир хил ибодат қилишларига сабаб бўлган. Лекин ҳозирги кунда ҳар хил маълумотларнинг кўплиги ва улардан хабардор бўлишнинг осонлиги, қулайлиги ҳамда ҳар хил оқим, мазҳаб одамларининг аралашиб яшаётганлари туфайли барчани бир мазҳабга қайтариш амри маҳол.
  Бунинг устига, бугунги кунда кўпчилик ёшларнинг онгида мазҳабга боғланиш, мазҳабпарастлик шарт эмас деган тушунча ҳам мавжуд.
  Мутаассиб қарашдаги диндорлар эса, мусулмонлар ичидаги барча камчилик ва нуқсонларга мазҳабга риоя қилмаслик сабаб деб ҳисоблайдилар.
  Шу ўринда мазҳабларнинг келиб чиқиши, умматга, динга келтирган фойда-зарарлари тўғрисида иложи борича холис фикрларимизни билдириб ўтсак.
  Биз бу фикрларимизда муайян замон ёки муайян шахсларни айбдор санашдан йироқмиз. Фақат, бўлиб ўтган ва мавжуд ҳолатларни умумий тарзда баён этиб, тарихда бўлиб ўтган хато ва камчиликларнинг асоратларидан қутулиш ва уларни яна такрорламаслик ҳақида ўз тавсияларимизни баён этмоқчимиз.
  Аввало шуни айтиб ўтиш жоизки, Аллоҳ таоло "Бугун сизларга динингизни мукаммал қилдим” деган кунида мусулмонлар барчаси фарзу рукнлардан иборат, барча мусулмонлар бошини бирлаштириб турган ягона дин, ягона мазҳабдаги якдил миллат эдилар.
  Пайғамбаримиз( с.а.в.)дан кейин асл ўзак қоидалардан иборат бутун, мукаммал дин сарчашмасига аста секин қўшимчалар қўшила борди.
  Бора бора, бу покиза ирмоқ қўшимчаларнинг кўплигидан катта, бўтана дарёга айланди. Энди бу тўлиб тошиб оқаётган дарё бир ўзанга сиғмай икки катта ариққа бўлинди.
  Натижада, бир жон - бир тан бўлган ислом миллати бир - бирини диндан чиққанликда айблашгача борадиган икки мазҳабга, шиа ва сунний мазҳабига бўлинди.  
  Иккала мазҳаб ҳам Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг бир ҳадисларини икки хил ривоят ва талқин қиладилар
  Суннийлар "Сизларга Қуръон ва суннатни қолдирдим” деган ҳадисни маҳкам ушлаб ўта даражада суннатпарастликка берилиб кетдилар…
  Шиалар эса "Сизларга Қуръон ва Оли байтни(пайғамбар оила аъзоларини) қолдирдим” деган ҳадисни маҳкам ушлаб ўта даражада насабпарастликка берилдилар...  
  Маккор Иблиснинг ғалабаси ўлароқ, бу иккала тоифа ҳам Аллоҳ таолонинг "Бўлинманглар, сизлардан аввалгиларни ҳам Аллоҳнинг динида бўлиниш ҳалок этган”, "Албатта, муъминлар ака укадирлар” деган буйруқларидан кўра ўзларининг ихтилофларини, даъволарини муҳим санаганлари туфайли, ислом тарихи саҳифалари шармандали зиддиятларга тўлиб кетгани ҳаммага маълум.
  Бу иккала тоифа ўз йўлини тўғрилигини, афзаллигини исбот этувчи янги-янги маълумотларни кашф этиб динга қўшишда тинимсиз ҳаракат қилдилар.
  Бора-бора, уларнинг ариқлари ҳам катта дарёга айланиб, битта мазҳабга сиғмайдиган даражада маълумотлар кўпайгач, ҳар бир тоифа яна бир қанча мазҳабларга бўлиниб кетдилар.
  Бу мазҳабларнинг баъзилари бир қадар мўътадил бўлиб мухолиф тоифани мусулмонлигини тан олсалар, баъзилари ўта жиззаки бўлиб мухолиф тоифани хатто кофирлардан ҳам ёмон деб даъво ва исбот қила бошладилар.
  Жиззакилик шу даражага етдики, мухолиф тоифанинг бир одамини ўлдириш ўнта кофирни ўлдиришдан афзал дейишгача бориб етдилар.
  Энг даҳшатлиси шундаки, бу бузуқилик ва иғвогарликлар бир вақтлар барча мусулмонларнинг бошини бирлаштириб ака-укага айлантирган покиза дин номи билан, "динга хизмат”, "динни ҳимоя қилиш” ниқоби остида олиб борилди ва ҳамон давом этмоқда.
  Дарвоқеъ, "ниҳоятда чуқур ва сифатли” таълим берувчи деб сифатланаётган жуда кўп исломий олий ўқув юртларига эга Покистон давлатидаги шиа-суннийлар орасида бўлаётган, айни кундаги худкушлик ва биродаркушлик кўринишлари, Иблисни ҳам эсини оғдириб қўяётган бўлса ажаб эмас...
  Аллоҳ таоло рози бўлиб берган, унинг Элчиси мукаммал ҳолда умматга еткизган исломнинг моҳиятини тўла англаган, диннинг ўзак қоидаларини чалғимай маҳкам тутган асл ислом аҳлидан бўлиниб чиққан иккинчи катта жамоа "Aҳли сунна вал жамоа”дир.
  Исми жисмига монанд бу жамоанинг суннатпарастлиги шу даражага етдики ўзлари суннат деб ҳисоблаган арзимас масалалар устида диннинг моҳиятини, фарзу-рукнларини оёқ ости қилиб, талаш тортишиш, ўзаро беҳурматлик ва ҳатто бир бирини қонини ҳалол ҳисоблашгача бориб етганлари тарихдан ва воқеъликдан барчага маълум.
  Маълумки, аҳли сунна вал жамоа ҳам ўз навбатида асосан тўртта мазҳабга бўлинади. Мазҳаб олимлари бу бўлинишларнинг зарарсиз эканини, бу тўртала мазҳабнинг ҳаммаси ҳам бир-бирини хато, адашган деб ҳисоблашга ҳаққи йўқлигини айтсаларда, бу мазҳаб эргашувчиларининг ўрталаридаги адоватлар барчага маълум.
  Бундай адоватнинг илк қурбонларидан бири Соҳиби мазҳаб Имом Шофиийнинг ўзлари бўлганлари эса бизга мазҳабпарастлик ва масалавозликнинг нақадар хавфли ва зарарли эканини тўла ифодалаб берса керак.
  Мустафо Муҳаммад aш Шакъанинг "Ислом било мазоҳиб” китобида ҳикоя қилинади:  
  "Ҳижрий 199 йили Миср волийси Аббос ибн Абдуллоҳ чақириғи билан имом Шофиий Мисрга келди. Аввалига имом Шофиий бу ерларда моликийлар кўплиги учун анчайин қийинчиликларга учради. Лекин кейинчалик унинг илмини қадрини билишгач атрофида одам кўпайиб ҳаёти бирмунча яхшиланди.
  Шу ерлик Фатён исмли бир моликий одам имом Шофиий билан масала талашиб мунозара қилиб қолди. Имом кучли далиллар билан унинг оғзини ёпиб ташлади. Тан бериш ўрнига у одам, жоҳиллик билан, имом Шофиийни ҳақорат қилиб юборди..
  Бу можародан хабар топган ўша пайтдаги Миср волийси Сиррий Балхий Фатённинг улуғ имомга қилган муомаласидан ғазабланиб уни дарра уриб жазолади ва "Росулуллоҳнинг оила аҳлидан бўлган имомни ҳақорат қилганнинг жазоси шудир” деб жар солдириб, туяга миндириб сазойи қилдирди.
  Лекин, Фатённинг тарафдорлари таассуб қилиб, имом Шофиийни пойлашди ва шогирдлари чиқиб кетишгач киришиб имомни қаттиқ калтаклашди. Шу калтак зарбидан имом Шофиий ҳазратлари ҳижрий 204 йили ражаб ойида Аллоҳнинг ҳузурига равона бўлдилар”.
  Хуллас калом, мусулмонларнинг мазҳабларга, оқиму ҳизбларга бўлган қарашларида ҳам кескин инқилоб ясаш лозим.  
  Зеро, Росулуллоҳ (с.а.в.) даврида ҳеч қандай мазҳаб бўлмагани ҳолда мазҳаблардан воз кечиш ҳақида гапирган одамларни ”дин душмани” деб исбот қилувчилар ҳам оз эмас.
  Бундай мазҳабпарастлик, оқимвозлик ва ҳизбларга бўлиниш туфайли ислом уммати парокандалик ботқоғига ботиб қолган десак муболаға бўлмас.
  Бу муаммонинг ягона чораси - аслга қайтиб, динимизга Пайғамбаримиз(с.а.в.)дан кейин қўшиб юборилган барча нарсаларнинг баҳридан ўтишдир.
  Эҳтиросларга берилмай, соғлом ақл ва инсоф билан бу чорани қўллашлик мусулмонларимизнинг барчасини яна бир жон-бир тан бўлган якдил умматга айлантиради.
  Бинобарин, тарихимиз қаърига жуда чуқур илдиз отган шиа-сунний муаммосининг ечими ҳам шу чорани қўллаш билан ечилади. Зотан, бундай бўлинишни динимиз ҳаром санаганлигини, Аллоҳ таоло ҳам, Унинг Элчиси ҳам мусулмонларни бўлинмасликка буюрганликларини иккала тараф ҳам инкор этмайди.
  Шундай экан, онгсиз тошлардай бир фикрда қотиб турмай, иймон, инсоф, адолат, заковат ва фаросатларини ишга солиб, иккала тараф ҳам фақат ва фақат Аллоҳнинг буйруқларини биринчи ўрнига қўйсалар, ўртадаги адоват ва ихтилофлар албатта йўқолади.
  Ўзаро ҳурмат, совуққонлик, инсоф ва адолат асосида мунозара, муҳокама ва музокара олиб бориш натижасида Ғарбда 27 давлатнинг ўзаро чегараларини очиб ташлаб бир давлатдай гўзал, намунали иттифоқни тузганлари ўрнак оларли иш эмасми?
  Бир қиблага сиғиниб, бир Қуръонни тиловат қилиб, ягона Аллоҳга бандаликни даъво қилиб туриб, нафсоний эҳтиросларимиздан воз кечолмаслигимиз, иттифоққа юзланмаслигимиз, фақат Иблисни хурсанд қилади, холос.
  Қолаверса, Аллоҳ таоло энг буюк неъмат қилиб берган қанча қанча заковатлар, қобилиятлар, нодир ақллар шу мазҳаблараро ихтилофлар ва масалаларни ўрганиш билан умрларини ўтказмоқдаларки, бундан умматга ҳам, ўзларига ҳам ҳеч қандай манфаат йўқ.
  Зеро, шу нодир ақлларни, умматни мавжуд ижтимоий, иқтисодий ва маънавий қолоқликдан чиқарувчи соҳаларга сафарбар этилиши, улар учун Аллоҳнинг олдида яхши амал, уммат манфаати учун энг зарур хизматдир.
  Аллоҳ таоло барчамизга ўша, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ичган ва умматига илинган соф ва асл ислом чашмасидан ичишликни, унга интилишни насиб этсин!
  Унинг соф чашмасидан бир тотган одам, исломнинг моҳиятини англайди ва қайтиб бошқа ариқлардан сув ичмайди. Бу чашманинг тиниқ сувидан тўйиб ичган одам барча диний ташналиги қониб, ўзининг бу дунёдаги ўрнини ва вазифасини тўла англаб етади.
  Ўзига берилган барча иқтидор ва имкониятларни асл мақсад ва вазифа бўлган, Аллоҳнинг ердаги ўринбосари бажариши лозим бўлган вазифалар, жиҳатлар ва соҳаларга сарфлайди.
  Аллоҳ таолонинг ўз динини мукаммал қилганига иймонини мустаҳкам қилиб, унга бирорта нарса қўшишдан ёки қўшилган нарсаларни тасдиқлашдан ҳазар қилади. Бу ўз навбатида ислом булоғининг асл, соф ҳолида сақланишини таъминлайди.
  Булғанган, сон саноқсиз ариқлардан сув ичиб қалблари ва онглари ўзаро нафрат адоватларга тўлиб кетган ислом уммати ҳам ўша соф, покиза чашмага қайтиб ундан тўйиб ичсалар, ҳақиқий ”одамлар учун чиқарилган энг яхши”, намунали, якдил умматга айланадилар.
  Албатта, бу ниҳоятда муҳим бўлган, умматни асл сарчашмага етаклашдек долзарб, оламшумул ишда холис, зукко, дадил ва соғлом дидга эга ислом уламолари раҳнамолик қилишлари зарур.
  Бунинг учун, аввало ўзлари сингишиб, асл исломнинг ажралмас қисмидек туюлиб қолган барча қўшимчалардан, зиёдаликлардан воз кечишлари, тозаланишлари зарур, албатта.  
  Зеро, мусулмонларнинг бугунги аянчли аҳволига ташқи кучларни айбдор қилишга ҳар қанча уринмайлик, бу бизларни Аллоҳнинг олдидаги масъулликдан халос этмайди.
  Чунки, динимизга қўшиб юборилган ва қўшилаётган барча қўшимчаларни фақат ислом ”мужтаҳидлари” кашф этиб, "ижтиҳод” қилиб, динга хизмат қилиш илинжида, тинимсиз изланиб топганлари ва топаётганлари ҳеч кимга сир эмас.
  Қизиғи шундаки, улар ўзларининг бу ишларига яна Аллоҳ таолодан ажр мукофот ҳам умид қиладилар.
  Ваҳоланки, улар Аллоҳ таолонинг "Бугун сизларга динингизни комил қилдим” деган оятларига иймон келтириб, иймонларини мустаҳкам қилиб, ўша, асл ислом ҳукмларига, амалларига бирорта зиёдалик қўшилмаслигига ёки камаймаслигига ҳаракат қилиб, асл ислом булоғини софлигини таъминлаганларида, ҳақиқий, Пайғамбаримиз меросхўрлари бўлган уламолардан бўлар эдилар.
  Афсуски, ўзини шу буюк унвоннинг соҳиби деб даъво қилаётган уламоларимиз, диннинг софлигини таъминлаш, қўшимчалардан тозалаш ўрнига, ўша қўшимчаларнинг аҳамиятини, муҳимлигини исботлаш билан оворалар.
  Натижада, ҳар бир мазҳаб, ҳар бир оқим ва ҳар бир ҳизб уламолари фақат ўзининг тушунчасидаги мазҳаб, ўзининг тушнчасидаги динни ҳақ деб исбот қилиш билан машғул.
  Мавжуд ҳар бир тоифа ўз уламоларининг далил ҳужжатларига таяниб шу қадар таассубга берилганларки, ўзаро ҳурмат, бирлашиш уёқда турсин, ўзаро яхши муносабат, мунозара ва муҳокама ҳақида ҳам эшитгилари келмайди.
  Хуллас калом, бу бўлинишларнинг сабабчиси бўлиб қолган барча булғанган ариқлардан воз кечиб бирлик ва якдиллик булоғига қайтишимиз, мукаммал динга бўлган мукаммал иймонга қайтишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.
  Акс ҳолда, бидъат хурофот ботқоғига ботиб, неча юз йиллардан бери давом этиб келаётган шармандали зиддиятлардан қутулолмай, содда, оми умматни ёрқин келажак ҳақидаги чучук гаплар билан алдаб, ислом юртларини ривожланган мамлакатлар учун қора ишчи кучлари етиштириб берувчи колонияларга айлантириб юраверамиз.
  Бундай, "динга хизмат қилиш” номи остида динга душманлик қилиш билан охиратимизни бой берсак, Аллоҳнинг ердаги ўринбосари бажариши лозим бўлган вазифалардан юз ўгириб, иттифоқдан ихтилофни афзал кўриб, тафриқадан воз кечолмаганимиз учун бу дунёимизни бой берамиз.
  Умматнинг бу ҳолатидан эса, ҳар қанча гапдонлик билан айбни бошқаларга ағдаришга ҳаракат қилинмасин биринчи навбатда, исломий мафкуранинг софлигини таъминлай олмаган ва олмаётган ислом уламолари масъулдирлар.

ИСЛОМ ВА ОИЛА.

  Парвардигорнинг инояти билан темир пардалар кўтарилиб юртларимиз озод ва мустақил бўлиб дунё халқлари билан дўстона муносабатлар, борди-келдилар йўлга қўйилди.
  Қадим тарихимиз, оламга машҳур буюк аждодларимиз меросларини, тарихий обидаларимиз зиёратини мақсад қилган сон-саноқсиз туристлар, меҳмонлар юртимизга узоқ юртлардан келиб-кетмоқдалар.
  Шу ўринда олис Нидерландия мамлакатидан келиб, юртимизни зиёрат қилиб, бизнинг урф-одатларимиз, турмуш тарзларимиз билан танишган бир сайёҳ билан бўлиб ўтган бир суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилсам.
  Cуҳбат давомида ундан халқимиз ҳаёти ҳақидаги сафар таасуротлари ҳақида сўраганимда у шундай деди:  
  -Халқингизга ҳайронман оддий, элементар нарсалар етишмасада ҳар бир оилада 3-4 та 5-6 тадан болалар туғишар экан. Аввал иқтисодни, ижтимоий ҳаётни ўнглаб олмайсизларми? - деб танқидий фикр айтди.
  Бироз туриб эса яна ўзи гап бошлади.
  -Лекин бошқа томондан сизларга ҳавас қиламан. Бизда ҳеч кими йўқ ёлғиз одамлар кўп. Ҳамма нарса бисёр. Хашаматли уй-жойлар, автомашиналар, жиҳозлар, мол-дунё, озиқ-овқатдан камчилик йўқ.. Лекин бола-чақаси, қариганида ҳол сўрагувчи бирорта яқини йўқ одамлар кўп. Одамлар эркин хаёт тарзини танлаб оила, бола-чақа қилмаган. Аҳвол шу ҳолда давом этса яқин 50-60 йилда бизнинг миллат ер юзидан бутунлай йўқ бўлиб кетади – деди у ўкинч билан.
  Нақадар даҳшат. Ер юзидаги борлиқ жонзот, ҳатто ўт-ўланлар ҳам ўз наслини қолдириш, давом эттириш учун курашсада, ақл ва ихтиёр неъматига эга инсон зотининг эгоистлик ва худбинлик билан ўз наслини давомини ўйламаслиги, бутун бир халқларнинг йўқ бўлиб кетиш арафасида тургани даҳшатли фалокат эмасми?  
  Оила, инсоният тузган энг гўзал ва мукаммал жамиятдир. Ота-она, ўғил-қиз, ака-ука,опа-сингил, катта буви ва бувалар, невара-чеваралардан ташкил топган тўлақонли оила бахти мусулмонлар жамиятининг, ислом динининг энг катта ютуқларидандир.
  Қуръони Каримда оила алоқалари, муносаабатларига оид бир қанча кўрсатмалар нозил қилинган. Энг ривожланган жамиятлар ҳеч қандай иқтисодий муаммо бўлмагани ҳолда демографик инқирозга юз тутиб ер юзидан йўқолиб кетиш хавфига рўбарў тургани ҳолда, шу кўрсатмаларга амал қилишлари туфайли ҳам мусулмонларнинг сони кўпайиб бормоқда.
  Инсоннинг оила қуришга бўлган эҳтиёжини оғир вазифа деб тушунтирадиган, оила асосчилари бўлган эр-хотиннинг жинсий алоқаларини инсоннинг овқатга, нафас олишига бўлган эҳтиёжи каби оддий, руҳсиз, ҳиссиз, жўн бир эҳтиёж деб тушунтирадиган либерал дунёқарашнинг касофати туфайли, Ғарбда оила, гўё эскилик сарқити, қолоқлик ва оғир бир кишан деб тушуниб қолинган.
  Олий ва юксак ҳиссиётларга асосланган оила тизими ўз қадрини йўқотиб, одамлар ўз жинсий эҳтиёжларини ҳоҳлаган вақтда, ҳоҳлаган жойда, ким билан бўлмасин қондириб кетаверадилар.
  Бефарқлик, бетамизлик шу даражага етдики, хатто шеригининг ўз жинсидан бўлиши ҳам оддий ҳолга айланди. Бу бетамизлик ва лўттибозликка ҳатто черковни ҳам бўйсундириб, баъзи ўта либерал қарашдаги ҳаддини билмаган давлатларда бир жинсдаги никоҳларни ҳам жорий этдилар.
  Балки, шу тийиқсизликлар касофати туфайли бутун бир халқлар йўқ бўлиб кетиш сари юзланган бўлса ажаб эмас...
  Ҳаёти давомида кўпроқ жинсий шерик алмаштиришни фазилат ва ҳаётий тажриба орттириш деб сифатланади. Натижада эти ўлиб, бирор одамда ҳар тарафлама мукаммалликни топа олмай, ҳеч кимдан кўнгли тўлмайдиган ҳиссиз, туйғусиз инсонларга айланадилар.
  Ислом юртларида эса, оилага ўта жиддий қараш, оила масъулиятини, бахтини юқори қўйиш туфайли, гарчи иқтисодий-ижтимоий камчиликлар мавжуд бўлса ҳам, одамлар оила қуришдан қочмайдилар. Аксар ориятли эркаклар ҳар қандай шароитда бўлмасин ўз оиласи манфаатини, масъулиятини биринчи ўринга қўядилар.
  Ҳаёти давомида ўз эридан бошқа жинсий шерик кўрмаган, бола-чақаси олдида оила масъулиятини чуқур ҳис қилган муслима аёллар ҳар қандай қийинчиликда ҳам шайтон васвасасига берилмай оиласини сақлайдилар.
  Зеро, иффатли муслима аёлнинг бахти ҳам ортиқча "хаётий тажрибаси” йўқлиги туфайли ўз эрини бошқалар билан солиштира олмаслигидадир.
  Айнан шунинг учун ҳам ҳар бир иффатли аёл эрини ўз шаҳзодаси ва дунёдаги энг яхши одам деб билади ва ҳурмат қилади. Бу ўз навбатида оила мустаҳкамлигини, оилада садоқат ва вафодорлик бардавомлигини таъминлайди.
  Замонавий дунёда, алоқа имкониятларининг жуда катта тезликда ривожлангани сабаб ислом оламининг катта тафовут билан ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиб, илгарилаб кетган Ғарб маданиятларидан таъсирланиши табиий ҳол.
  Лекин биз бор имкониятлар билан мусулмонларимизни оила институтига бўлган либерал тушунчалардан ва умуман ўта худбинликка, эгоистликка асосланган дунёқарашлардан огоҳлантиришимиз, ҳимоя қилишимиз зарур.
  Мусулмон оиладаги бошбошдоқликнинг олдини олиш мавзусида Қурони Каримда:
  -"Эркаклар аёллар устида тўғрилаб, йўлга солиб турувчидирлар”- (Нисо сураси 34 оят) деган оят нозил қилинган.
  Шунга кўра, мусулмонлар жамиятидаги камчиликлардан кўпроқ эркаклар масъулдирлар.
  Афсуски, бутун ислом оламида шу оятга амалнинг сусайиб кетгани, жуда кўп муҳим ўринларда эркакларимиз тизгинни аёлларга бериб қўйиб, ўзлари фақат аёллари айтганларини муроса учун бажараётганлари туфайли жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммолар тўпланиб қолган.
  Пайғамбаримиз с.а.в. мутлақо моли йўқ йигитга, билган 3-4 сурасини келинга ўргатиши эвазига никоҳ ўқигани ҳолда, бой араб ва форс юртларида жуда каттайтириб юборилган тўй харажатларини тўплай олмай, эркакларнинг 40-50 ёшгача уйлана олмай юрганларини, "тенгини кутиб” қизларнинг ёши 30-35 га етиб қолса ҳам эрсиз ўтирганларини қандай тушуниш мумкин.
  Сир эмаски, чек-чегарасиз исрофгарчиликка, дабдабаю-ҳашамат ва ортиқча чиқимларга асосланган "урф-одат”лар, "орзу-ҳавас”ларнинг барчасини фақат шу муҳтарама аёлларимиз кашф ва ихтиро этганлар ва этмоқдалар.
  Уларни тўғрилаб туришлари керак бўлган эркакларимиз эса Аллоҳ эркаклар учун белгилаган вазифаларини унутиб, қулоқ қоқмай, уларнинг айтганларини бажармоқдалар.  
  Ваҳоланки, бу ноўрин сарфланаётган маблағларни болаларимизнинг юқори сифатли билим ва ҳунарларни эгаллашларига сарфланса, ислом уммати фақат сон жиҳатидангина эмас, сифат жиҳатидан ҳам бошқа халқлардан устун бўлишига эришган бўлар эдик.
  Аёлларимиз шу жиҳатдан ўзларига энг яқин маслаҳатчи бўлиб қолган Иблиснинг васвасаларига алданмасликлари, нафсларини шайтоний "орзу-ҳавас”лардан қутқармоқлари зарур.
  Акс ҳолда, бутун ислом жамияти нафақат бу дунёни балки охиратни ҳам бой беришлари ҳеч гап эмас.

ДАВОМИ БОР...
Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (26.12.2010)
Просмотров: 1049 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
1 eshoha  
0
сиз мақолангиз устида бахсқилсоқчи бўлсангиз хизбуттахрир аъзоларибилан гаплашинг қолганлари сиз айтмоқчификран саёз домлалари эса қўғирчоқлар уларда қанақа фикрбилдириш бўсин ома хизбийлар ёмонакан -:)

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Понедельник, 10.02.2025, 20:06
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2025
Сделать бесплатный сайт с uCoz