ҲАБИБУЛЛО ҲАКИМ. ҲАЁТ ВА ҲАҚИҚАТ
Бизга янги ислом уйғониши зарур.
Мухозир Муҳаммад.
Шундай бир болалар ўйини бор. Унинг иштирокчилари бир доира бўлиб ўтиришади ва улардан бири ўз қўшнисига ниманидир пичирлаб айтади, у эса - кейинги иштирокчига. Шу тариқа доира бўйлаб айтиб чиқилади. Охирги бола ўзи эшитган нарсани биринчи болага айтган вақтда биринчи ўйинчи томонидан айтилган иборанинг маъноси бутунлай ўзгаришга улгуриб бўлади. Кўринишидан, Ислом билан шунга ўхшаш ҳолат юз берган. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ва фақат биргина динни олиб келганлар. Шунга қарамай, биз бугунги кунга келиб мингга яқин "исломларни” кўришимиз мумкин.
Ўз эътиқодларининг турлича талқинлари билан ажралиб кетган мусулмонлар қачонлардир дунёда тутган мавқеларига энди эга бўлолмаяптилар; аксинча, улар заифлашиб, нисбатан ривожланган миллатларнинг қурбонига айланганлар. Шиа ва аҳли сунна ўртасидаги ихтилоф шу даражада чуқурки, ҳар бир томон рақиб тарафдорларини ҳақиқатдан бурилиб кетганликда айблайди.
Рақиб томоннинг дини - Ислом эмаслиги, унинг тарафдорлари эса - мусулмон эмасликларига қаттиқ ишониш кўп ҳолларда кўплаб одамлар ҳалок бўлган ва ҳалок бўлишда давом этаётган ички зиддиятларнинг асосий ўзагига айланган.
Ҳатто аҳли сунна ва шиаларнинг ўз ораларида ҳам бўлинишлар бор. Булардан бошқа алоҳида йўналишлар ҳам бор.
Бундан ташқари, айрим уламоларимиз бизга уларнинг сўзларини танқид қилиш мумкин-маслигини, Исломга ишониш кифоялигини, бу ўринда ақл ва мантиқ умуман ортиқча эканлигини ўргатишади. Аммо Исломнинг ҳар бир шўъбаси бошқа барча йўналишларни адашган деб ҳисоблаётган бўлса, биз нимага эътиқод қилишимиз керак? Ахир, Қуръон иккита, учта ёки мингта эмас, битта Китоб бўлса.
Қуръонга мувофиқ, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берган ҳар қандай одам мусулмон бўлади. Агар бундан бошқа ҳеч қандай қўшимча шарт талаб қилинмайдиган бўлса, бу даъвони ҳақиқат деб ҳисобловчи барча одамларни Исломга мансуб кишилар деб санаш лозим бўлади. Бироқ биз, мусулмонлар бунга яна турли манбалардан келиб чиқадиган ҳар хил шартларни қўшишни яхши кўришимиз сабабли динимизнинг бирдамлиги парчаланиб кетган.
Аммо эҳтимол энг катта муаммо бу - умуман олганда, бошқа дунёдан Ислом илмий тафаккурининг ва маълум даражада мусулмонлар ҳаётининг тобора кучайиб бораётган яккаланиши бўлса керак. Биз одамлар девор ортидаги нарсани кўра оладиган, коинотнинг яширин сирларини тадқиқ қила оладиган ва ҳайвонларни клонлаштира оладиган илм-фан даврида яшаяпмиз. Буларнинг барчаси, гўё бизнинг Қуръоннинг ҳақлигига бўлган иймонимизга зид кўринади.
Бу шунинг учун юз беряптики, Муқаддас Китобнинг замонавий муфассирлари фақат диннинг ўзининг қоидалари, амрлари билангина таниш бўлиб, бироқ замонавий илм-фан ютуқларини идрок қилишга лаёқатли эмаслар. Улар чиқараётган фатволар кўпинча унчалик ишонарли эмасдек кўринади ва илм-фандан хабардор одамлар томонидан қабул қилинолмайди. Бир муҳтарам хатиб, масалан, одамнинг Ойгача учиб чиқа олганлигига ишонишдан бош тортганди. Бошқалари дунё 2000 йил аввал яратилган деб даъво қиладилар. Коинотнинг ёши ва ўлчамлари ёруғлик йилларида ҳисобланади - бу ҳақиқат соф диний маърифатга эга баъзи олимларга мутлақо тушунарсиздир.
Ушбу тушунишга лаёқатсизлик маълум даражада мусулмонларнинг ҳозирги аянчли аҳволига сабаб бўлди. Ҳозирги кунда Ислом аҳлининг эзилиши, ўлдирилиши ва камситилиши бизнинг аввалги асрлардаги диндошларимиздан фарқли ўлароқ ўта заиф эканлигимиз боисидан юз бермоқда.
Биз уммат яна бахтли ҳаёт кечириши учун бизни ёмонловчилардан ўзгаришларини ўтиниб сўрашимиз керакмас, балки ўз бахт-саодатимиз учун ўзимиз ўзгаришимиз лозим.
Шундай экан, биз нима қилишимиз керак? Ўтмишда мусулмонлар кучли бўлишган, чунки билимларга эга бўлишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп китоб ўқишни буюрганлар, бироқ Қуръонда айнан қайси китобларни ўқиш ҳақида гапирилмаган.
У вақтларда "ўқиш” дегани - мумкин бўлган барча нарсани ўқишни англатган. Аввалги мусулмонлар юнон олимлари, математиклари ва файласуфларининг ишларини ўқишган. Улар, шунингдек, форслар, ҳиндлар ва хитойларнинг ишларини ҳам ўқиганлар.
Натижада Ислом дунёсида математика ва умуман фаннинг гуллаб-яшнаши бошланган. Бизнинг олимларимиз фанни ривожлантиришган ва астрономия, география каби янги фан соҳаларини ҳамда математиканинг янги бўлимларини яратишган. Улар ҳисоблашларни соддалаштириб ва уларнинг қўлланиш доирасини ҳаддан ташқари кенгайтириб, муомалага рақамларни киритганлар.
Бироқ, тахминан, ўн бешинчи асрга келиб, баъзи Ислом олимлари турли фанларни билишда ўзларини чеклай бошладилар. Улар фақатгина диннинг ўзини ўргана бошладилар ва фақат шундай қиладиган кишиларгина охиратда мукофотга эга бўлади, деган сўзни маъқуллаб туриб олдилар. Бундай ёндошувнинг натижаси Европа дунёвий фан билимларини фаол тушуниб етишни, ўзлаштиришни бошлаган бир даврда интеллектуал таназзул бўлди.
Мусулмонлар интеллектуал, ақлий жиҳатдан таназзулга юз тутаётган, орқага кетаётган бир вақтда европаликлар уларга охир-оқибат бутун дунё устидан ҳукм юргизишга имкон берган қурол-яроғ ишлаб чиқаришга дохил саноатнинг янги усулларини ишлаб чиқиб, ўз Уйғониш даврларини бошладилар.
Мусулмонлар эса, аксинча, дунёвий фан ва математикани ўрганиш тўғрисида унутиб, баъзи ҳолларда эса улардан умуман бош тортиб, ўзларининг мудофаа қобилиятларини мутлақ заифлаштиришди. Бу қотиб қолиш бугунги кунда Ислом аҳли чекаётган жабр-зулмнинг биринчи навбатдаги сабаби бўлиб қолмоқда.
Қуръоннинг ҳақиқий ва асосий рисоласини, номасини тушуниш ва талқин қилишга лаёқатсизлик мусулмонларга кўп бахтсизликларни олиб келган. Ўз ўқиш доирамизни фақатгина диний китоблар билан чеклаб ва замонавий илм-фан тўғрисида унутиб, биз Ислом маданиятига улкан зарар етказдик ва ўзимизнинг бу дунёдаги йўлимизни йўқотиб қўйдик.
Қуръонда токи биз ўзимизнинг аянчли аҳволимизни ўзгартиришга ҳаракат қилмас эканмиз, Аллоҳ уни ўзгартирмаслиги айтилади. Кўпчилик мусулмонлар бу ўгитни назар-писанд қилмасликда давом этмоқдалар ва унинг ўрнига фақатгина бизга нажот сўраб, аввалги асрларда ўтган шараф қайтарилишини ўтиниб дуо қилмоқдалар.
Аммо Қуръон ёвуз кучлардан сақланиш учун бўйинга осиб юриш мумкин бўлган тумор эмас. Аллоҳ ўз онгини ривожлантирган кишиларга ёрдам беради.
* * *
Доктор Мухозир бин Муҳаммад 1981 йилдан 2003 йилгача Малайзия бош вазири бўлган.
"Мусулмон Ўзбекистон”
ИСЛОМ ВА АҲЛИ КИТОБ Аксар мусулмонларнинг Самовий динлар вакиллари, яҳудий ва христианларга нисбатан қарашлари ҳам кескин ислоҳотларга муҳтож. Реакцион дарслар таъсири остидаги аксар диндошларимиз, мусулмонлар бошига тушган ва тушаётган барча мусибатларга яҳудий ва христианлар айбдор, улар худонинг душманларидир, деб тушунадилар. Исломнинг аввалида Пайғамбаримиз с.а.в га қарши чиққан Аҳли китоблар ҳақида нозил бўлган жуда кўп салбий маънодаги оятларни тўғри тушуна олмаслик ҳам юқоридаги тушунчага сабабдир. Биз ҳам шу дарслар таъсирида ўзимизни энг охирги ва мукаммал дин вакиллари эканимиздан фахрланар ва Аҳли китобларга бир қадар таҳқир назари билан қарар эдик. Лекин, шу энг мукаммал дин вакиллари неча асрлардан бери ўз ички зиддиятларини ҳам йўқота олмаганимиз ҳолда, Аҳли китобларнинг 27 та давлати бирлашгани, инсоният ҳаёти, соғлиғи, тараққиёти учун дунёдаги энг керакли ва сифатли барча нарсаларни ишлаб чиқараётгани, инсон ўзини Аллоҳнинг энг мукаррам махлуқи эканини тўла ҳис қилиб яшай оладиган инсонпарвар жамият барпо этгани, ўз ҳудудларидан ташқари дунёнинг барча қолоқ мамлакатларига ҳам беҳисоб инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатаётгани мени ҳайрон қолдирар эди. Баъзи реакцион кайфиятдаги биродарларга бу гапларим маъқул келмай мени европапараст деб айблашлари ҳам мумкин албатта. Лекин, оқни-оқ, қорани-қора дейиш айни ҳақиқат, айни адолатку. Зотан Парвардигори олам Қуръони каримда, "Моида” сурасининг 8 оятида -"Бир қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка олиб бормасин” - деб бежиз айтмаган. Бизга берилган таълимотларга мувофиқ, ислом келиши билан бекор бўлган, амали тўхтаган китоблар аҳлларининг бу қадар ҳар томонлама юксак даражада ҳаёт кечираётгани ҳолда, энг охирги ва мукаммал дин вакилларининг аянчли ҳаёт тарзлари мени жуда кўп ўйлантирар эди. Ўз дунёқарашларимнинг воқеъликка тўғри келмаётганидан қийналар эдим... Охир-оқибат барча саволларимга жавобни Яратувчининг энг буюк мўъжизаси бўлган Қуръони Каримдан топдим. Бу Пайғамбаримиз ҳаётларининг охирги паллаларида, ер юзида мусулмонларнинг тўла шаклланган жамияти ўз ўрнини эгаллаб бўлгач, Аллоҳ таолонинг исломдан аввалги, Ўзи туширган китоблар аҳллари ҳақидаги оятларида жуда ёрқин ифодаланган. Бу оятлар Қуръон Каримнинг "Моида” сурасидадир. Бу очиқ оятларни таассубга берилмай, бурмай, таъвилсиз, очиқ қалб билан ўқилса, исломнинг ниҳоятда бағри кенг, ҳар хил дин одамлари орасида тенглик, яхши муносабат, борди-келди, ҳатто куда-андачилик бўлишини ҳоҳлайдиган Дин эканига амин бўласиз. Шу ўринда ўқувчини толиқтирмаслик учун "Моида” сурасидан мавзуга мос оятларни ажратиб тафсир қилсак; Моида сураси.3 оят -"Бугун сизларга динингизни мукаммал қилдим ва неъматимни бутун қилдим ва сизларга (шу мукаммал, бутун) исломни дин бўлишига рози бўлдим”-. Демак шу кундан кейин дин, диний амал деб исломга киргизилган ҳар қандай нарсани тасдиқлаш Аллоҳ таолонинг мукаммал ва бутун динига хиёнатдир. "Моида” сураси.5 оят. -"Бугун сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди. Аҳли китобларнинг таоми сизларга ҳалол. Сизларнинг таомингиз уларга ҳалол. Агар зино қилмай, ўйнаш тутмай, пок ҳолда, маҳрларини бериб уйлансангиз, мўъминаларнинг покизалари ва сизлардан аввал китоб берилганларнинг покиза аёллари сизларга ҳалолдир. Ва кимки иймонидан қайтса, амали беҳуда бўлур ва у охиратда зиён тортувчилардандир”-. Бу оятларда Аллоҳ таоло барча покиза нарсалар ҳалол қилинганини айтиб, аҳли китобларнинг таоми ҳам шу жумладан ҳалол, пок эканлигини, сизларнинг таомингиз уларга ҳалол дейиш билан мусулмонларга аҳли китоблар билан бир дастурхонда ўтиришни, борди-келди, улфатлик қилишни ҳалол эканини баён қилмоқда. Бундан ташқари меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ таоло аҳли китобларнинг аёлларига худди мўъмина аёлларга кўрсатилажак ҳурмат- эҳтиром, ҳалоллик билан уйланиш ҳалол эканини -ҳам баён қиладики, бу мусулмонлар билан аҳли китоблар орасида қариндош-уруғчилик, қуда- андачилик бўлиши Аллоҳнинг ҳоҳиши эканини билдиради. Мусулмонларнинг кибру- ҳавосини синдириб, аҳли китоблар билан кундалик ҳаётдаги бундай тенглаштириш, баробарлашни кўтара олмай, бу оятларнинг маъносини ҳар хил ўзлари тўқиган таъвиллар билан буриб, бу ҳукмларнинг ижроси ҳақида ҳар хил шартлар тўқиб тўсқинлик қилувчиларга Аллоҳ таоло шу оятнинг ўзида таҳдидли огоҳлантириш бериб, -”Кимки (бу оятларга қарши чиқса, гапирса, Аллоҳнинг ҳалол-ҳаром қилишдаги мутлақ Ҳокимлигига, Ҳикмат соҳиби эканлигига бўлган) имонидан қайтса (қолган барча) амали беҳуда ва у охиратда зиён тортувчилардандир”- демоқда. Демак, бемисл ҳикмат соҳиби, Аллоҳ таоло ўз динини комил қилган кунида баён қилган бу ҳукмларга, таассубга берилмай, ҳар хил фикри тор, қалби тор, зўраки тақводор, Аҳли китобларга ноўрин таҳқир назари билан қарайдиган, халқлар орасида яхши муносабат, борди-келди эмас, адоват, нафрат уруғини сочадиган, оятнинг охиридаги амали беҳуда ва охиратда зиён тортувчилардан бўлган "алломалар”нинг иғволарига учмай, бағрикенглик билан ёндашиш лозим. Афсуски. "тақво” сўзининг ортига ўтиб олиб, бор иқтидору-ижтиҳодини ишга солиб, бу очиқ ҳукмлар ҳақида шубҳалар уйғотиб юрган "шайхул-исломлар” жуда кўп. Вахоланки, ҳеч бир нарсани унутмайдиган Зот ҳеч қандай шарт қўймагани ҳолда, унинг бандаси, бу ҳукмларнинг ижроси учун ҳар хил шартлар тўқимай, у Зотнинг ҳукмига қулоқ қоқмай бўйсуниши айни тақводир. "Моида” сураси. 43-44 оятлар. -"Олдиларида Таврот, унда Аллоҳнинг ҳукмлари бўлатуриб, қандай сени ҳакам қилурлар, сўнгра юз ўгириб кетадилар. Улар мўъмин эмаслар. Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У билан (Аллоҳга) таслим бўлган Пайғамбарлар, Аллоҳнинг китобини сақлашга мукаллаф бўлган раббонийлар ва ахборлар яҳудийларга ҳукм юритадилар. Улар бу китобга гувоҳдирлар. Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Менинг оятларимни арзон баҳога сотманглар. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, ана ўшалар кофирлардир”-. Бу оятларни диқққат билан ўқилса, айнан яҳудийлар учун Таврот ва ундаги Аллоҳнинг ҳукмлари бекор бўлмагани, Тавротда ҳидоят ва нур борлиги, ундаги ҳукмларни қўрқмай, ўзгартирмай яҳудийларга қўллаш лозимлиги, ва ниҳоят ким шу ҳукмлар билан ҳукм қилмаса кофир бўлиши айтилмоқда. Охирги Пайғамбар Аллоҳнинг охирги китоби ҳукмларини мусулмонларга жорий қилиб тургани ҳолда Яратувчининг Ўзи Тавротни буткул бекор деб эмас, балки, яҳудийлар учун ҳукми лозим экани ҳақида оят нозил қилгани, сўз мағзини тушунган одамлар учун, бизга Таврот ва Таврот аҳлига адоват эмас, ҳурмат билан қарашимиз лозимлигини билдиради. Қолаверса, кейинги оятда ҳам Аллоҳ таоло Тавротдаги баъзи ҳукмларни баён қилгач, яна Аллоҳ нозил этган ҳукмлар билан ҳукм қилмаганлар золимлар эканини таъкидлайди. Моида сураси. 45 оят. -"Биз унда (Тавротда) жонга-жон, бурунга-бурун, қулоққа-қулоқ, тишга-тиш ва жароҳатларга қасосдир деб ёздик. Ким уни кечиб юборса, бу унга каффоротдир. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, улар золимлардир”-. Тавротдаги бу ҳукмлар ислом шариатида ҳам айнан қабул қилинган. Тавротнинг зикридан сўнг кейинги Пайғамбар ва китоб, Инжил ҳақида ҳам Аллоҳ таоло шундай мақтов ва ҳурмат билан Пайғамбаримиз с.а.в. га дейди; "Моида” сураси. 46-47 оятлар. -"Уларнинг изларидан Ийсо ибн Марямни ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб юбордик. Унга Инжилни бердик. Унда ҳидоят ва нур бор. У ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчидир. Тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир. Инжил аҳли Инжилда Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилсин, ким Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, улар фосиқлардир”-. Мусулмонлар қалбига янги, энг мукаммал динни жойлаб, Қуръон ҳукмларини юргизиб турган Пайғамбаримизга Аллоҳ таоло Инжилни, ҳозирги айрим кишилар айтаётганидай бузилган, ўзгартирилган деб эмас, бу қадар мақтаб сифатламоқда. Устига-устак, энди Сиз, Қуръон, Ислом келиши билан Инжил мутлақ бекор бўлди деб эмас, балки айнан "Инжил аҳли Инжилда Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилсин, ким Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, улар фосиқлардир” деб таҳдидли фармон бермоқда. Демак, Таврот аҳли Таврот ҳукми билан, Инжил аҳли Инжил ҳукми билан, мусулмонлар эса Қуръон ҳукми остида бир-бири билан яхши муносабатда, борди-келди, қуда-андалик қилиб, бир-бирини камситмай, биз энг охирги ва ҳақ дин вакилларимиз деб кибру-ҳавога берилмай, аҳли китобларга ҳурмат назари билан қараб яшашлари лозим. Зотан, Аллоҳ таоло "Моида” сурасининг кейинги, 48 оятида; -"Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ ҳоҳлаганида ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди”- деб аҳли китобларнинг ҳам ўз китобларига амал қилиб яшашлари Ўзининг ҳоҳиши, иродаси эканини баён этмоқда. Таврот ва унинг ҳукмларини яҳудийларга юргизиш ҳақидаги оятлардан кейин 2 марта, Инжил ва унинг ҳукмларини Инжил аҳлига юргизиш ҳақидаги оятлардан кейин 1 марта Аллоҳнинг ҳукмларини юргизмаганларни Аллоҳ кофир, золим, фосиқ деб атагани жуда муҳимдир. Оятнинг давомида Аллоҳ таоло айтади; -"Аммо У сизларни, сизларга берган нарсаларида синаш учун (ҳар ҳил динда,йўлда) яратди. Бас яхшиликка шошилинг”-. Демак, инсон қайси динда бўлишидан қатъий назар, бу дунё-синов, имтиҳон дунёсидир. Синовнинг шарти эса яхшиликка шошилиш, яхшилик қилишдир. Хусусан, Аллоҳнинг энг мукаррам махлуқи - инсонларга яхшилик қилишдир. Мусобақанинг бу шартида бизнинг қай ўриндалигимиз ва аҳли китобларнинг қай ўриндалигини ўйлаб кўриш ўзингизга ҳавола. Ваҳоланки, Қуръони каримда иймон келтириш ва амали солиҳ - яхшилик қилиш жуда кўп жойда ёнма-ён, уйғун ҳолда келган. Мен ислом юртларидаги қолоқлик, элементар нарсаларнинг етишмаслигини ва аҳли китоблар юртларидаги ижтимоий-иқтисодий адолат, серобчилик ва мўл-кўлчилик сабаблари ҳақида кўп ўйлар эдим. Бунга жавобни ҳам Қуръони каримнинг "Моида”сурасининг 66 оятида топдим. -"Агар Улар Тавротни, Инжилни ва уларга роббиларидан туширилган нарсаларни қоим қилганларида , тепаларидан ҳам, оёқлари остидан ҳам ризқ еган бўлардилар. Улардан мўътадил тоифалар ҳам бор. Улардан кўпларининг қилган ишлари жуда ёмондир”-. Демак, бугунги аҳли китобларнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий майдондаги ютуқлари ҳам (бежиз эмас), Аллоҳнинг иродасидан ташқари эмас, чунки охирги пайтларда Европа ва яҳуд юртларида динга нисбатан ҳурмат кучайгани ҳеч кимга сир эмас. Шунга мувофиқ, мусулмонлар ҳам ўз китобларини, ундаги ҳукмларни тўғри қоим қилсалар, Аллоҳнинг шундай марҳаматидан четда қолмас эдилар ва бундай аянчли (аҳволга тушиб қолмас эдилар) ҳаёт кечирмас эдилар. Бевосита Аллоҳнинг ўзига боғланиб, суяниб турган Пайғамбарига Буюк ва Ғолиб Аллоҳ таоло "Моида” сурасининг 68 оятида буюрадики; -"Айтинг, Эй Аҳли китоблар! Таврот ва Инжилни ва сизга роббингиздан туширилган нарсаларни қоим қилмагунингизгача (ўрнатмагунингизгача) ҳеч нарсага эга эмассизлар”-. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбари тили билан аҳли китобларга Таврот ва Инжилни қоим қилишни буюрмоқда. Демак, аҳли китоблар ва уларнинг динлари ҳақида ҳурматсиз, таҳқирона сўзлаб, уларга нисбатан нафрат, адоват қўзғовчи фикрат соҳиблари- хиёнаткордирлар. Исломнинг реакцион, террористлар дини деб аталишининг сабабчилари ҳам шу - дин бузувчи хоинлардир. Афсуски аксар калтабин, тор фикрли уламоларнинг ”ўта тақводорлик” таълимотларида ўз қобиғига ўралиб олиш, бошқа халқларга аралашмаслик фикрати, охир-оқибат бошқа халқларга душманлик ва адоват кайфияти ғолибдир. Улaрнинг таълимотига чуқурроқ эътибор қилинса, гўё ислом дини то қиёмат бошқа дин одамлари билан адоватлашиш, душманлик, ҳурматсизлик динидай тушунтирилади. Ислом динининг, иймоннинг асосий хусусияти бошқа халқлар айбларини санаш, уларни ҳақорат билан тилга олиш, кофир ва дўзах аҳли эканини исботлаш деб тушуниб қолган, бошқа халқлар билан дўстона, ўзаро ҳурмат асосида муомала, муносабат қуриш ҳақида гапирган одамни дин бузувчи, ҳатто муртад дейишгача борувчи "мусулмонлар” кўпчиликни ташкил қилиши жуда ачинарли ҳол. Аллоҳ бундайларга инсоф берсин ва иймонда кетишларини насиб этсин. Ваҳоланки, бутун оламларга раҳмат бўлиб келган динни бундай тушуниш ва тушунтириш энг даҳшатли ва оғир хиёнатдир. Мўъминлар ва бошқа динлар вакиллари ҳақидаги ҳал қилувчи ҳукмни Аллоҳ таоло суранинг кейинги, 69 оятида очиқ-равшан баён қилади; -"Албатта, иймон келтирганлар, яҳудийлар, собиунлар ва насоролардан ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса ва яхши амал қилса, уларга хавф йўқ ва улар ҳафа ҳам бўлмайдилар”-. Чексиз ва буюк раҳмат соҳиби, меҳрибон Аллоҳ таолонинг бу марҳаматини қарангки, мусулмонлар, аҳли китоблардан ташқари, китоб ҳам берилмаган, ўз ақлича бир яратувчини излаб ибодат қилган "собиун”ларга ҳам агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирсалар ва яхшилик қилсалар дунёю-охират хурсандчилигини ваъда қилмоқда. Бу сариҳ, очиқ оятга, барча ўтган, ҳозирги ва келгуси инсониятни яратган, дунёю-охиратнинг эгаси, бандаларини қандай жазолашда ёки мукофотлашда ҳеч кимнинг розилигига, эътирозига, маслаҳатига муҳтож бўлмаган ОЛИЙ ИРОДА ЭГАСИнинг бу башоратларига, хушхабарларига қарши гапирувчи, қарши фикрларни ислом ақидаси деб даъво қилувчи мутакаббир ”дин куюнчаклари” истиғфор айтсинлар, тавба қилсинлар. Зеро, айнан шу маънодаги оят "Бақара” сурасининг 62 оятида ҳам келган; -"Албатта иймон келтирганлар, яҳудийлар, насоролар ва собиинлардан ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса ва яхши амал қилса улар учун роббилари олдида ажр (мукофот) бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмайдилар”-. Демак, дунёю-охиратдаги муваффақиятнинг асосий сабаби, қайси дин вакили бўлишдагина эмас, балки Аллоҳга ва охиратга иймон келтиргач, яхшилик қилишда ҳамдир. Ҳеч қандай ваколати бўлмагани ҳолда, жаннатга у киради - бу кирмайди деб сафсата сотувчи баъзи диндошларимиз кераксиз гапларни қўйиб, жамият, миллат ва умуман башариятга қандай қилиб яхшилик қилсак бўларкин? деб фикр юритсалар, ҳаракат қилсалар, Аллоҳни ҳам, бандаларини ҳам рози қиладиган амал қилган бўлардилар. Зеро, агар инсоннинг бировларга фойдаси, яхшилиги тегмаса, унинг иймонини, тақвосини ва ҳатто ўқиган намозини ҳам беҳудалигини, барча нарсалардан беҳожат Зот Ўзи "Моун” сурасида таъкидлаб айтади; -"Динни ёлғон деювчини кўринг, у етимни (ёрдамсиз) тарк этади, мискинга таом беришга чақирмайди. Намозларидан ғафлатда бўлган намозхонларга "вайл” дўзахи бўлсин. Улар риёкорлардир ва улар моунни ( қизғаниш мумкин бўлмаган нарсаларни ) манъ қиладилар ( қизғанадилар )”-. Демак, модомики ўқиётган намози кишини хайрия ишларни қилишга ундамас экан, у - динда каззоб, риёкордир. Намозининг таъсиридан ғофил, риёкор, қизғанчиқ бундай инсонларга Аллоҳ таоло дўзахларнинг энг ёмони - "вайл” дўзахи билан таҳдид қилмоқда... Қолоқ исломий юртларда Ғарб ва Американинг кўплаб хайрия жамиятлари фаол ҳаракатлар қилмоқда. Баландпарвоз сўзловчи исломий хайрия жамиятлари эса, нари борса масжид қуриш ёки қорихона очишдан бошқа сезиларли ишлар қилмаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Масжидларга кирсанг, хусусан жумъа кунлари, одам сиғмайди, лекин кундалик ҳаётда исломнинг инсонпарварлик, холислик, ўзаро ёрдам, якдиллик, ўзаро ҳурмат таълимотлари деярли сезилмайди. Тинмай қорни катта казо-казоларни чақириб эҳсонлар қилинади, аммо маҳалладаги етимлар ҳолидан хабар олинмайди. Фалон шайхни чақириб пул бериб, ҳатми- қуръонлар ўқитилади, аммо етимлар уйига сариқ чақа ҳам берилмайди. Охирги модель машиналар миниб, уч-тўрт қаватлаб уйлар қурилади, мактаблардаги таълим сифатини яхшилаш, умматнинг савиясини кўтариш ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмайди. Бонг уриб, барчани ғафлат уйқусидан уйғотиб, сергаклантириб, Аллоҳ таҳдид қилаётган "вайл”дан огоҳлантириб, ўзлари биринчилардан бўлиб, ибрат кўрсатиб, барча имкониятларини халқни, умматни юксалтириш учун сарфлаш ўрнига, эҳсонхўрлик, риёкорлик ва шаклпарастлик қилаётганлар худодан қўрқсинлар!!! Зеро, Аллоҳ олдида умматнинг ўнгланишидан, юксалишидан ҳар бир ақл эгаси, ҳар бир эркак, ҳар бир аёл ва ёшу-қари масъулдир! Бу йўлда кечиктирмай, қўлдан келганча ҳаракат қилиш зарур. Дини, ирқи, миллатидан қатъий назар, ҳамма одамнинг лойи бир, отаси бир. Қаерда, қайси миллатда бўлмасин бошқаларнинг яхши ишларидан ибрат олиш лозим. Шу ўринда аҳли китоб ҳам бўлмаган Жанубий Корея халқининг ҳаётидаги бир ибратли ишни кўринг: Иқтисодий таназзулга тушиб қолиш хавфи юзага келганда, Жанубий Корея президенти телевидение орқали халқидан ёрдам сўраб мурожаат қилган. Эркагу-аёл барча халқ бунга жавобан ўзлариниг бор қимматбаҳо нарсаларини, тилло буюмларини кеча-кундуз навбатда туриб, банкларга топширган. Катта миқдорда олтин йиғилгач, давлат шу олтинларни гаровга қўйиб, дунё банкидан қарз олиб, инқироздан чиқиб кетган. Биз эса, яхшилик қилиб Аллоҳга қарз беришга, умматни юксалтиришга пул сарфлашга интилмасак, қандай қилиб Аллоҳнинг "вайл”идан қутилишимиз мумкин. Бинобарин, миллатимизнинг савиясини кўтаришда, дунёқарашини ўнглашда, иқтисодий-ижтимоий ҳолатини яхшилашда, дунёнинг илғор жамиятлари тажрибаларидан оқилона фойдаланишимиз зарур эмасми? Афсуски, бугунги мавжуд ислом мафкурасини шакллантирувчи аксар диний уламолар мусулмонларнинг бошига тушган ва тушаётган барча мусибатларга аҳли китоблар, хусусан яҳудийлар айбдор деб умматни шундай ачинарли аҳволга олиб келиб қўйишдаги ўзларининг айбларини бошқаларга ағдаришга, жавобгарликни ўзларидан соқит қилишга уринадилар, Шу мақсадда Қуръони каримдаги аҳли китоблар ҳақидаги салбий маънодаги оятларгагина урғу бериб, ҳадислардан ҳам шу маънодагиларинигина танлаб олишиб, Аллоҳга, динга хиёнат қилишган ҳолда реакцион ақидани тузишиб, ислом умматини чалғитиб, дунё саҳнасида жоҳил, террорист умматга айлантириб қўйишди. Мен баъзи танқидчилар туҳмат қилишаётганидай, исломни ташлаб, бошқа халқлар динига ўтишга талабгор ҳам, даъвогар ҳам, даъватчи ҳам эмасман, навзанбиллаҳ... Ғарб системаси, демократияси, турмуш тарзи энг мукаммал система демоқчи ҳам эмасман, лекин мусулмонларнинг ҳозирги қолоқлик, адолатсизлик, ҳар томонлама таназзул ҳолатидан, "велосипедни қайтадан кашф қилишга” уринмай, лойимиз бир бўлган, отамиз бир бўлган илғор халқларнинг тайёр тажрибаларидан жирканмай, очиқ кўз, онг билан оқилона фойдаланиб чиқиб кетишларининг тарафдориман. Исломнинг ҳақиқий асослари эса мусулмонларнинг бошқа халқлар орасида қолоқ, жоҳил, террорист, онгсиз уммат эмас, илғор, тинчликсевар, тараққийпарвар, ҳар томонлама ривожланган, юксак, маданиятли уммат бўлишининг тарафдоридир. Биз мусулмонларнинг "ўзимизга хос тараққиёт йўлимиз бор” деб неча асрлардан буён умматни қолоқликда ушлаб келаётган, илғор Ғарб тажрибаларига нисбатан фақат шубҳали қарашлар уйғотувчи тарғиботу-ташвиқот қилувчиларнинг сафсаталарига учмаслик керак. Хусусан, аҳли-китобларнинг тажрибаларини яхшилаб ўрганиш ва қўллаш зарур. Чунки уларнинг китобларини ҳам, бизнинг китобимиз-Қуръонни нозил қилган Зот туширган. Ва бу китоблар бир-бирини инкор этувчи, йўқотувчи бўлиб эмас, балки, тасдиқловчи ва тўлдирувчи бўлиб келган. Шунга мувофиқ, бу динлар одамлари ҳам бир-бирини инкор этувчи, йўқотувчи, душман бўлиб эмас, балки, яхши ишларида бир-бирини тасдиқловчи, тўлдирувчи, биродар ва ака-ука бўлиб яшашлари лозим. Инсоният тарихининг қора саҳифалари бўлиб қолган самовий динлар қавмлари ўртасидаги асрларга чўзилган урушлар диний таассубнинг нақадар жирканч ва даҳшатли туйғу эканига тарихий хужжатдир. Бутун инсониятга раҳмат бўлиб, иблис найрангларидан огоҳлантириб, юксак маданият ва тафаккур ҳосил қилиш учун Оламлар тарбиячиси тарафидан юборилган динларни калтабин, мутаассиб диндорлар нотўғри талқин қилишлари туфайли инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида жуда катта даҳшатли урушларга, бахтсизликларга учрадики, бундан келажак учун дарс олмаслик-ақлсизликдир. Хусусан бир-бирини тасдиқловчи, тўлдирувчи бўлиб келган охирги динлар ва китоблар аҳллари орасидаги бўлиб ўтган ва бўлаётган адоват ва нафратлар фақат ва фақат иблиснинг ва иблис ёрдамчиларининг ҳийла найрангларидир. Зеро, башариятнинг, хусусан ЎЗИ китоблар жўнатиб сийлаган умматларининг ҳар қандай "олий мақсадлар” баҳонасида қонли урушлар бошлашларини суймаслигини Аллоҳ таоло "Моида” сурасининг 64 оятида баён қилади. -"Улар қачон уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ ўчирур. Улар ер юзида фасод қўзғаб юрурлар. Аллоҳ муфсидларни (фитна-фасод қўзғовчиларни) севмас”-. Шундай экан, баъзи калтабин диндошларимизнинг мутаассиблик билан бошқа динлар вакиллари ҳақидаги салбий маънодаги оятларни рўкач қилиб халқлар орасида фитна-фасод, адоват қўзғашлари энг камида хиёнатдир. Чунки Аллоҳ таоло бу оятларни мусулмонлар калтак қилиб бошқа халқлар бошига таққиллатиб юришлари учун эмас, балки энг охирги ва мукаммал дин вакиллари ҳам ўз ҳаётларида, эътиқодларида шундай хатолар қилмасликлари учун огоҳлантириш қилиб юборган. Бу "серғайрат” диндошларимиз ҳам бошқаларнинг айбларини санаш, уларнинг кофир, дўзахий эканликларини исбот қилишни ташлаб, уларнинг оқибатларини тақдирларнинг ҳақиқий эгаси бўлган Аллоҳнинг иродасига ҳавола қилсалар, ўзларини ўнглашни, ислом умматининг аҳволи, келажаги ҳақидаги ўз масъулликларини ўйласалар, ҳис этсалар Аллоҳ учун ҳам суюклироқ, уммат учун ҳам, ўзлари учун ҳам фойдалироқ бўлар эди. Шу ўринда Европада бўлган баъзи диндошларимизнинг Европа ҳақидаги кўпчиликка маълум фикрларини келтирмоқчиман: - "Ўзингни Инсон эканлигингни ўша ерда сезасан”-. - "Европада Исломни кўрдим, мусулмонларни кўрмадим, ислом юртларида мусулмонларни кўрдим, исломни кўрмадим”-. - "Ла илаҳа иллаллоҳ– деб қўйишса, ҳақиқий мусулмонлар ўшалар бўлар эди”-. - "Европалик бир ўқимишли одам китоблар орқали исломни ўрганиб, ислом динига кирибди. Пайти келиб, ислом юртларини кўриш учун келганида, мусулмонларнинг аҳволини, ахлоқини кўриб, "Яхшиям-ки, китоб орқали исломга кирибман, мусулмонларнинг аҳволини аввал кўрганимда исломга кирмаган бўлар эканман ”- деган экан”-. Европадан мисол келтирсанг энсаси қотиб, пешонаси тиришадиган, ўта тор фикрли баъзи биродарларимизга бир неча савол берсам; - Нима учун ислом юртларидан сиёсий ёки иқтисодий сабаб билан миллионлаб одамлар Европага қочиб кетмоқдалар? Европадан ислом юртларига қочиб келганларни эса учратмайсиз?. - 70 йилларда Америкада ирқчилик проблемаси жуда кучли эди, 90 йилларга келиб, қандайдир 20 йил ичида бу проблема буткул тугатилди. Бир дин, бир китоб ва бир қиблада туриб, нима учун мусулмонлар неча асрлардан бери ички зиддиятларини тугата олмайдилар? Шиа-сунний муаммоси эса 14 асрдан бери давом этмоқда... Бинобарин, машҳур бир ислом олимининг -"Мусулмонларнинг ўз динларига қилган хиёнатлари, ўтган умматларнинг ўз динларига қилган хиёнатларидан кам эмас ” - деган сўзлари бежиз эмасга ўхшайди. Хуллас калом, ҳар хил оқимлар таъсирида таассубга берилган, тор қобиқда фикрлайдиган, лекин асосий мақсади исломга хизмат қилиш бўлган ёшларимиз инсоф билан, сал кенгроқ фикрлаб, ўзларининг ислом дини ҳақидаги тушунчаларини қайта кўриб чиқишлари лозим. Модомики, ўзлари аъзо бўлган ҳизблар, оқимлар, - "Бошқалар хато, фақат бизнинг йўлимиз тўғри” - деб бошқалардан бўлиниш, ўз қобиғига ўралиш услубини қўллар экан, уларнинг далиллари, даъволари хар қанча баландпарвоз бўлмасин, хатодир. Умумисломий, умуммиллий, яъни, бутун ислом миллатини бирлаштирувчи йўл ҳақида - Пайғамбаримизнинг йўли хақида фикр қилиш лозим. Ҳеч қандай транспорт ва ахборот воситалари йўқ замонда Пайғамбаримиз с.а.в мутлақо янги динни қисқа вақт ичида татбиқ этиб, энг яхши умматни шакллантирганлар. Дунёнинг бир чеккасида содир бўлган ишнинг хабари бир неча сонияда бутун дунёга тарқалаётган замонда, мавжуд барча исломий ҳизблар ва оқимлар неча-неча йиллар натижасиз, баландпарвоз гаплар билан ўзига эргашган ёшларни қайсар аскарларга айлантириб олиб, беҳуда овора қилиб юришмоқда. Уларни, адашиб кетишдан қўрқитиб, шу қадар ўз таъсирларига солиб олишганки, ҳатто диннинг фарз ва рукнларига зарар етказмаган ҳолда, мавжуд проблемаларни бартараф этиш хақида ҳам дадил фикрлай олмайдилар. Ҳатто, нега мусулмонлар бундай ачинарли ҳолатда яшамоқда? деган саволни эшитишдан ҳам чўчиб тушадиган "зомби”ларга айланиб қолганлари ҳам бор. Ваҳоланки, Қуръони каримда фикрлаш, ақлни ишлатишга ундаган сон-саноқсиз оятлар мавжуд. Тўғри, Қуръони каримда яҳудий ва насороларни дўст тутмаслик, улар орасида Аллоҳнинг ҳукмларига хоин инсонлар кўплиги ҳақидаги, уларга салбий баҳо берувчи оятлар жуда кўп-ку! - деган савол туғилади. Қуръони каримнинг ҳамма замон ва макон учун мувофиқ хукмларни ўз ичига олганлиги - унинг то қиёмат тириклигини, хаётга тадбиқ этиш мумкинлигини исбот қилувчи мўъжизадир. Юқоридаги салбий маънодаги оятлар инсоният тарихида катта ўрин тутган салб урушлари ва яна бошқа жиҳодлар вақтида мусулмонларнинг дин душманларига қаттиқ туришлари, шижоатларини оширишлари, ўз динлари, юртлари, ориятларини химоя қилишларида муҳим кўрсатмалардир. Дин пешволарининг вазифаси Аллоҳнинг оятларини ва ўзига мухлис одамларнинг ҳис-туйғуларини ўзининг ёки ўзи аъзо бўлган қандайдир оқимнинг манфаати йўлида ишлатиш эмас, балки замон ва макон талабига мос, фақат яхшиликка ундовчи, ислом умматини ҳамма ҳавас қиладиган, ҳамма интиладиган, "одамлар учун чиқарилган энг яхши умматга” айлантирувчи мафкура йўлида ишлатишдир. Ҳеч бир отага, катта ўғиллари меҳнаткаш, ҳунарманд, тиришқоқ, кенгфеъл бўлиб, оилага қўлидан келганича яхшилик қилиб яшаётгани ҳолда, кичик ўғлининг эркатойлик қилиб, қўлидан ҳеч нарса келмаса ҳам, акаларининг ишларидан айб ахтариб, ўзини ўнглай олмай, кибру-ҳавода, - нима бўлса ҳам мен кенжа, суюкли ўғилман - деб яшаши ёқмайди албатта!!! Бандаларига отадан ҳам меҳрибон ва адолатли Аллоҳ таолога ҳам одамлар ўзаро душманликни ташлаб, бир-бирини ҳурмат қилиб, ҳамкорлик қилиб, ака-ука, қариндош-уруғ бўлиб яшашлари суюклироқдир. Хусусан, ўзининг онгсизлиги, ноқобиллиги, танбаллиги, кибру-ҳавоси туфайли ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида илғорликни қўлдан бериб, талвасага тушиб қолган, ўзининг бундай аянчли аҳволга тушиб қолганининг сабабчиси ўзи эканини тан олгиси келмай, ҳамма айбни "дин душманларига” ағдариш йўли билан ўзини оқлаб, ҳар хил ғирром услублар билан "дин душманлари”дан ўч олишни ҳақиқий жиҳод деб тушуниб қолган ислом умматини тўғри йўлга солиш лозим. Адовату-душманликни ташлаб, биродарлик назари билан қараб, илғор халқларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий майдондаги тажрибалари асосларини ўрганиш ва қўллаш зарур. Европада ишлаб чиқарилган машиналарни фахрланиб миниб юриб, илғор технологик воситаларидан фойдаланиб, дори-дармонларидан истеъмол қилиб туриб, тинмай Европа турмуш тарзини, динини, эътиқодини, маданиятини ҳақорат қилаётганлар – мияси айниган иғвогарлардир. Улар умматни шу кунгача ҳам, бундан кейин ҳам яхшиликка, ёруғликка, кенгликка, инсонпарварликка етаклай олмайдилар...
ДАВОМИ БОР...
|
Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (26.12.2010)
|
Просмотров: 1140
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
 |
Facebookдаги адрес |
|
 |
 |
Меъморий обидалар |
|
 |
 |
Ўзбеклар Уюшмаси |
|
 |
 |
Сайт бўйлаб излаш |
|
 |
 |
Статистика |
Онлайн всего: 1 Гостей: 1 Пользователей: 0 |
 |
|