ҲАБИБУЛЛО ҲАКИМ. ҲАЁТ ВА ҲАҚИҚАТ
ИСЛОМ ВА АМАЛЛАР
Инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун иймоннинг тасдиқи ўлароқ бажариладиган барча иш ҳаракатлар-амаллар деб аталади. Амаллар икки турли бўлиб биринчиси диний ибодатларга оид амаллардир.Булар ислом динининг асосий рукнлари бўлиб иймон, намоз, рўза, закот ва хаждан иборат. Ушбу амаллар ҳақида жуда кўп китоблар таълиф этилган бўлиб барча ислом уламоларининг асосий эътиборлари ва иҳтимомлари шу нарсага қаратилган.Диний илм деганда айни шу ибодатларга оид масалаларни чуқур ўрганиш тушунилади. Асли бу ибодатлар банданинг ўз Яратувчиси олдидаги қарзлари, фарзлари бўлиб банда билан Яратувчиси ўртасидаги алоқа ва амонатдир. Бинобарин, банданинг бу амалларини баҳолаш, зиёда ва камчиликларини кечиб юбориш Аллоҳ таолонинг раҳматига, марҳаматига боғлиқ иш. Уламоларимиз бу ибодатлар ва уларга оид масалаларга жуда катта эътибор берадилар. Баъзи муфассирлар Қуръони каримнинг жуда кўп жойида уйғун ҳолда келган иймон ва амали солиҳ ҳақидаги оятлардаги солиҳ (яхшилик) амаллардан мурод фарз ибодатлардир деб тафсир қилганлар. Дарҳақиқат, бу амалларнинг аҳамияти жуда муҳимдир. Бироқ, Қуръони каримда инсонларнинг ўзаро алоқаларига, исломий жамият ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларга оид жуда кўп муҳим оятлар, кўрсатмалар ҳам нозил қилинган. Бу оятларда Аллоҳ таоло банданинг бандалар олдидаги, жамият олдидаги ҳақлари ва вазифаларига оид кўрсатмаларни, амалларни баён этган. Булар иккинчи тур амаллар бўлиб халқнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётларига оид амаллардир. Бу амалларнинг аҳамияти ва ғоят муҳимлигини Пайғамбаримиз (c.а.в) ва буюк алломаларимизнинг барчалари таъкидлаб ўтганлар. Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан банданинг ибодатлардаги камчиликларини кечиши мумкин. Лекин банданинг банда ёки жамият олдидаги ҳақларини то шу ҳақдорлар ўзлари кечмагунларича Аллоҳ таоло кечмаслиги ҳақидаги хабарлар бу амалларнинг нақадар муҳимлигини англатади... Аксар аҳолиси мусулмон бўлган исломий давлатлар орасидаги парокандалик, ўзаро ягона маслак ва ҳаракатларнинг йўқлиги, мусулмонлар ҳаркатларидаги тарқоқлик, бошбошдоқлик ва нотайинликнинг асл сабабларидан бири ишлар ва амалларнинг ўрнини, аҳамиятини билмаганликларидандир. Тўғри, диний ибодатларга хос амалларнинг мартабалари китобларда аниқ белгилаб қўйилган ва улар дахлсиз ва ўзгаришни қабул қилмайдилар. Аммо мусулмонларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолиятларига оид ҳукмлар ва амалларнинг аҳамиятлари ҳамда мартабалари замон ва макон тақозосига мувофиқ ўзгариб туриши табиий ҳол. Зеро, ислом уламоларининг асосий вазифалари ҳам айнан шу соҳаларда бугунги кун талабига мос, энг долзарб вазифаларни аниқлаб, асослаб кўрсатиб бериш йўли билан халқнинг маънавий-ижтимоий аҳволини ўнглашга йўл кўрсатиш, ҳаракат қилишдир. Мусулмонларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги мавжуд муаммоларга ҳушёрлик билан қараб унинг сабабларини ўрганиш ҳамда бу муаммоларни бартараф этиш йўлида қилиш керак бўлган энг зарур ишларни, амалларни аниқлаб бериш ва айни дамда нозарур мавзулардан одамларни қайтариш ҳақиқий пайғамбарлар меросхўрлари бўлган уламоларнинг вазифаларидир. Сир эмаски, бугунги кунда ислом юртларида ўз ечимини кутиб ётган жуда кўп ижтимоий-иқтисодий муаммолар қалашиб ётибди. Шунга қарамай аксар бир тарафлама таълим олган, воқеъликка мувофиқ иш кўришга онги, заковати етмаётган ислом уламолари мавжуд муаммоларни негадир четлаб ўтмоқдалар. Ўзларининг ожизликларини, ноқобилликларини яширган ҳолда фақат ибодатларга хос амаллар ва ҳукмлар ҳақида тинимсиз даъватлар, мавъизалар қилмоқдалар. Ваҳоланки ислом умматини мавжуд ижтимоий-иқтисодий таназзулдан чиқариш куннинг энг долзарб вазифаси экани ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан уламоларимиз Қуръони каримнинг кўрсатмалари ва Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг суннатларига мувофиқ шу энг долзарб муаммоларни олдинги ўринга қўйишлари ва шу муаммоларни ечими ҳақида тинимсиз иш-ҳаракатлар, даъват ва мавъизалар қилишлари зарур. Давр, замон ва макон талабларига мувофиқ баъзи амаллар бирламчи ўринга чиқиши, баъзилари эса кейинги ўринга тушиши табиий. Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг бир хил саволга ҳар хил жавоблар берганларининг ҳикмати ҳам айнан ҳолат тақозосига мувофиқ амал қилишнинг аҳамиятини билдиради. Айни кунда ислом юртларидаги, мусулмонлар ахлоқидаги нуқсон ва камчиликларни тақрибан шундай тартибда тизмалаш мумкин. 1. Бирлик ва иттифоқнинг йўқлиги 2. Моҳиятни ташлаб шаклпарастлик ва риёкорликка берилиш 3. Дунёқарашнинг торлиги ва бир тарафламалик 4. Дунёвий илм-фанга тарғиботнинг йўқлиги ёки пастлиги 5. Инсоннинг ҳурмати, ҳуқукларининг ҳурматини пастлиги 6. Ўзаро бағрикенгликка, фикр ва сўз эркинлигига тоқатсизлик 7. Такфир-бир-бирларини асоссиз куфр ва муртадликда айблаш 8. Тажассус-жосуслик, бир-бирини текширишга ружу қўйилгани, ғийбат ва гумонга берилиш 9. Таовун-ўзаро ёрдамлашишнинг йўқлиги 10. Адолатсизлик, ёлғончилик ва хиёнатнинг кўпайгани 11. Кибру-ҳавони кўпайгани
Ер юзида ўзининг олижаноблиги, юксак маданияти билан бутун дунёга ўрнак бўладиган "Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат”ни шакллантириш учун мусулмонлар жамиятида ўрнашиб қолган ушбу камчиликларни бартараф этиш куннинг энг долзарб вазифаси эмасми? Бу тизмадаги муаммоларнинг ҳар бирини муолажа қилиш ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар, кўрсатмалар нозил қилинганини аҳли илм уламоларимиз жуда яхши биладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам Аллоҳнинг шу кўрсатмаларини изчил равишда қавми онгига, тушунчасига сингдириш ва татбиқ этиш эвазига намунали, юксак жамиятни барпо этгани барчага маълум. Айни шу долзарб мавзуълардан кўз юмиш, четлаб ўтиш, бутун диққат эътиборни асосан ибодат масалаларига қаратиш туфайли ҳам динимиз ижтимоий ҳаётда деярли таъсири йўқ, меҳроб ва масжид динига айланиб қолмадимикан? Зеро, зикру-ибодатлар ҳам айнан мукаммал инсонни, мукаммал жамиятни тарбиялаш воситаси ўлароқ вожиб қилинган эмасми? Зотан, Аллоҳ таоло банданинг бирор нарсасига муҳтож эмас. Бандаларга буюрган, улардан талаб қилган барча амаллар ва вазифалар фақат шу бандаларнинг ўзлари ва жамиятлари учун фойдали ва зарур амаллардир. Демак, ўзларини пайғамбарлар меросхўрлари деб ҳисоблаётган уламоларимизнинг ҳар бирлари ўзларига берилган ҳар бир қулай фурсатдан бирламчи навбатда мана шу долзарб мавзуларни муолажа этиш учун фойдаланишлари зарур эмасми? Бинобарин, халқимиз бугунги кунда айнан зарурни нозарурдан, муҳимни номуҳимдан ажратиб, халқимиз ахлоқидаги мазкур нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш йўлида ҳаракат қилувчи уламоларга муҳтождир. Халқимизни ижтимоий-иқтисодий қолоқликдан чиқариш йўлидаги ушбу долзарб мавзуълардан чалғитувчи мавъизалару-дарслардан ҳеч қандай фойда йўқ. "Фойдасиз илмдан ўзинг асра” деган дуонинг моҳиятини тушуна олмаган баъзи ҳурматли уламоларимиз афсуски ўз тобеълари ва эшитувчиларининг қимматли вақтларини, эътиборларини майда масалалар билан банд этиб уларни майдакаш ва шаклпараст мусулмонларга айлантириб қўймоқдалар. Бор иймону-ихлослари масжид деворлари ичидагина қолиб кетаётган, кундалик ҳаётларида жоҳиллик, худбинлик, риёкорлик, ноинсофлик ва иккиюзламачилик каби иллатлардан қутула олмаётган умматнинг ахлоқига жавобгарликни унутмаслигимиз лозим. Айтиш мумкинки, диннинг энг муҳим фарз бўлган амаллари ҳам аслида инсонни бунданда муҳимроқ бўлган кундалик ҳаёт ибодатига тайёрлаш учун вожиб қилингандир. Яъни ўз гарданидаги барча ибодатларни бажараётган инсон кундалик ижтимоий ҳаётида, жамиятнинг барча аъзолари билан бўлган алоқаларида энг олийжаноб ва мукаммал, етук инсон бўлиши шартдир. Акс ҳолда, модомики инсон кундалик воқеъ ҳаётида инсонпарвар, ростгўй, холис, саҳоватли, мукаммал инсонга айланмас экан унинг иймонини ва ибодатларини беҳуда эканини Азиз ва Ҳаким Зот "Моун” сурасида кескин ифода этади: -"Динни ёлғон деювчини кўринг, у етимни (ёрдамсиз) тарк этади, мискинга таом беришга чақирмайди. Намозларидан ғафлатда бўлган намозхонларга "вайл” дўзахи бўлсин. Улар риёкорлардир ва улар моунни (қизғаниш мумкин бўлмаган нарсаларни) манъ қиладилар ( қизғанадилар )”-. Демак, модомики ўқиётган намози кишини хайрия ишларни қилишга ундамас экан, у - динда ёлғончи, риёкордир. Намозининг таъсиридан ғофил, риёкор, қизғанчиқ бундай инсонларга Аллоҳ таоло - "вайл” дўзахи билан таҳдид қилмоқда... "Вайл” дўзахи дўзахларнинг энг чуқури, ёмони ва даҳшатлисидир. Ҳаттоки бошқа дўзахлар унга тушиб қолишдан Аллоҳдан тинмай паноҳ сўраб турадилар. Азиз диндош биродарлар, Аллоҳ таоло бу қатъий оятларида мусулмончилиги фақат масжиду-меҳроблардагина, ибодатлардагина намоён бўладиган, ўз ахлоқларини, амалларини, дунёқарашларини ҳақиқий юксак исломий таълимотларга мувофиқ ўнглашни эътиборсиз ташлаб қўйган иккиюзламачи мусулмонларни огоҳлантирмаяптими? Ваҳоланки биз ислом ва мусулмонларнинг афзалликлари, фазилатлари ҳақида ҳар қанча оғиз кўпиртириб, мақтаниб гапирмайлик, агар мусулмонларимиз воқеъ ҳаётларида ўнгланиб, ўрнак бўларли фазилатларга эга бўлмас эканлар, даъволаримиз қуруқ сафсата бўлиб қолаверади. Афсуски, аксар уламоларимиз халқнинг ижтимоий, маънавий аҳволидан Аллоҳ таоло олдидаги ўз масъулликларини англамайдилар. Динни гўё фақат ибодатлар, қироат ва дуолар билангина чегаралангандек тушунадилар ва тушунтирадилар. Дарвоқеъ мана шундай калтабин уламоларимизнинг майдонни эгаллаб, фақат бирёқлама ҳаракатлари туфайли ҳам гарчи масжидлар намозхонларга тўла бўлса ҳам халқ ичида жоҳиллик, риёкорлик, жосуслик ва бадгумонлик каби иллатларнинг камаяётгани сезилмайди. Ҳамма нарсадан хабардор бўлатуриб динни тирикчилик ва обрў воситаси қилиб олган, асосий амаллари кераксиз масалалар билан халқни чалғитиб, аллалаб ухлатиш бўлаётган уламоларимизни қандай тушуниш мумкин. Ваҳоланки, уламоларимиз ҳозиқ табиб сингари бемор жамиятнинг томирини ушлаб, зийраклик ва ҳушёрлик билан ташхис қўйиб, керакли миқдорда, керакли дориларни беришлари лозим эмасми? Акс ҳолда, шубҳали таомлардан ўзларини тиёлмай, семириб, томирнинг уришини сезувчи туйғулари ўтмаслашган табибларнинг нўноқлиги туфайли бемор жамиятимизнинг аҳволи кундан кунга бунданда бадтар бўлиши мумкин., Демак, жамиятнинг соғломлигини, эртанги кунини, ёрқин келажагини таъминлаш учун биз аввало ҳушёр ва зийрак, ўз вазифаси ва масъулиятини англаган, диннинг шаклинигина эмас моҳиятини ҳам чуқур тушунган, камтар ва умматга меҳрибон ҳозиқ табибларни етиштириб чиқаришимиз зарур. Оёғи синган беморга бош оғриқ дори, ичи кетаётганга қулоқ оғриқ дори бериб яна ўз билимдонлигини кўрсатиш учун қулоқни қоматга келтириб табоботдан тинмай дарс айтиб сафсата сотаётган табибларнинг баҳридан ўтиш вақти етмадимикан? Бемор жамиятимизнинг касалини билиб туриб, керакли дориларни бериб даволаш ўрнига, онгли равишда, беморнинг сезгиларини карахт қилувчи дорилар билан ухлатиб қимматли вақт ва имкониятларни зое кеткизаётган уламоларимизнинг қилаётган амалларини қандай оқлаш мумкин?!!
ИСЛОМ ВА ИНСОН
Инсон тафаккури англай олган жамии гўзал сифатлар Эгасининг олий иродаси маҳсули, борлиқнинг меҳвари (барча нарсалар унинг атрофида ҳаракатланувчи бир ўқ), Моликнинг ер юзидаги ўринбосари ўлароқ яратилмиш Ҳазрати инсоннинг ўрнини, мартабасини, мавқеъини англаш ва англатиш ғоят муҳим вазифадир. Ислом юртларидаги инсон ҳуқуқлари борасидаги муаммолар, мусулмонлар орасидаги ўзаро муносабатларнинг ачинарли ҳолати бизни бу муаммога жиддий аҳамият беришимизни ва бу борада кенгроқ фикр юритишимизни тақозо этади. Борлиқнинг Холиқи ердаги ўринбосарига раҳмат қилиб ўзининг илм уммонидан бир қатра илму-ҳикмат берди. Шу илмни, ақлни, тафаккурни керакли йўналишда ишлатиб унумли фойдаланаётган халқлар борлиқнинг сир асрорларини ўрганиб жуда катта ютуқларга эришмоқдалар. Замонавий фалакиёт олимлари кашф этган маълумотлар, Аллоҳнинг мулки бўлган коинотнинг нақадар улкан ва ҳудудсиз эканини билдирса, заррани қирқ мингга ёриб инсоният учун фойдали кашфиётлар қилаётган нанотехнология олимларининг ютуқлари бу мулкнинг эгасини қанчалар буюк илм ва ҳикмат соҳиби эканлигига далолат қилиб, барча онгли одамларни ўз роббиларини янада яқинроқ танишларига сабаб бўлмоқда. Зеро, мулкни таниш Моликни танишга олиб боради. Меҳрибон ва раҳмли Зот ўзини танитиб, мулкини ва Моликлигини таъкидлаб инсониятга пайғамбарлар ва китоблар жўнатиб тарбиялади. Мусулмонлар Қуръони каримнинг оятлари ва Пайғамбаримизнинг хабарлари орқали ўз Эгаларини жуда яхши танийдилар. Лекин шу Моликнинг ўринбосарининг ўрнини, мартабасини, мавқеъини яхши танимайдилар. Айнан шу сабабдан ҳам Аллоҳнинг ер юзидаги ўринбосари бўлган Ҳазрати инсоннинг ҳурмати ислом юртларида анчагина ачинарли ҳолдадир. Зеро, ислом дини Ҳазрати инсонни ўрнини жуда юқори белгилаб, уни кўкларга кўтарган диндир. Бинобарин, Моликул мулк Ўзи жамии одамзодни афзаллигини, қадрини белгилаб "Исро” сураси 70 оятда марҳамат қилади: -"Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик..., ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик”-. Қолаверса, Яратувчининг, лойдан яратилган, Аллоҳ Ўзи билдирган нарсаларнинг номларидан бошқа нарсалардан бехабар, на дини, на илму-эътиқоди бўлмаган Одамни Ўзининг ердаги Ўринбосари деб эълон қилиши ва улкан илм соҳиби бўлган Иблис ва фаришталарни унга сажда қилишга буюргани инсоннинг борлиқдаги ўрнининг нақадар юксак мартабада эканини билдирмайдими? Бутун борлиқнинг Эгаси, соҳиби ҳикмат Зотнинг одамзотни бу қадар эъзозлаб, азиз ва мукаррам қилиб улуғлаганининг ҳикмати нима? Эгаси шунчалар икром қилган, эъзозлаб турган Одамзодни биз бандалар ҳар хил миллий, ирқий, диний, мазҳабий сабаблар билан навларга ажратишимиз ва уларни устидан дўзахий ёки жаннатий деб ҳукмлар чиқариб катталик қилишимиз жоизмикин? Хусусан, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган динимизни моҳиятини тушунмай, бутун дунё ҳавас қиладиган "энг яхши уммат”га айланиш ўрнига шу муборак динни одамлар орасини бузиш, фитна-фасод қўзғаш воситаси қилиб олиш бандаликка, мусулмончиликка, мулкнинг Эгасига хиёнат эмасми? Зеро, кибру-ҳавоси туфайли Аллоҳниниг даргоҳидан кофир бўлиб қувилган аламзада Иблис то қиёмат иғвогарлик қилиб, фитна-фасод қўзғаб инсонга, инсониятга душманлик қилишни ўзига касб қилиб олган. Демак, айтиш мумкинки, ҳар бир инсонни эъзозлаш, ҳурмат қилиш мулкнинг Эгасини эъзозлаш ва ҳурмат қилишдир. Ҳар хил баҳоналар билан инсонларни ажратиб, фисқ-фасод қўзғаб, иғво қилиб, душманликни тарғиб этиш эса иблисга хизмат қилишдир. Айни шу ҳақиқатни тушуниб, инсоннинг борлиқдаги ўрнини, юксак мавқеини англаб, Ҳазрати инсонни эъзозлашга ўтмас эканмиз, биз ҳеч қачон ижтимоий-иқтисодий таназзулдан, қолоқликдан чиқа олмаймиз. Аллоҳ таоло "одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат” деб сифатлаган ҳақиқий исломий жамият ҳам қура олмаймиз. Бинобарин, инсоннинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни асосий қоида қилиб ушлаган, ривожланган, инсонпарвар юртларнинг тажрибалари ҳам буни яққол исботлаб турибди. Зеро, жаҳон аҳлининг тўртдан бирини ташкил этган ислом оламининг ижтимоий-иқтисодий қолоқлигининг асосий сабабаи ҳам айнан шу мезонни бузилгани, яъни инсоннинг борлиқдаги, ҳаётдаги ўрнини, мавқеини билмаслик, ўз ўрнига қўймасликдир. Зотан, инсон улкан жамиятнинг қадрсиз бир бўлакчаси қилиб эмас, балки, борлиқнинг меҳвари қилиб яратилганини англаб олиш зарур. Бу дунё ҳам, динлар ҳам, пайғамбарлар ва китоблар ҳам инсоннинг сабабидан яратилган ва ер юзига нозил қилингандир. Шундай экан, Ҳазрати инсоннинг қадри диндан ҳам, эътиқоддан ҳам юқори қўйилиши лозим. Акс ҳолда, бундай нотўғри тушуниш сабаб дин ҳам миллатчилик ёки ирқчилик каби инсонлар ораларини бузилишига, фитна-фасод тарқалишига сабаб бўлиб қолади. Токи, шу мезон ўнгланмас экан, динимиз нафақат бошқа дин вакиллари билан бўлган алоқаларимиздаги, балки, мусулмонлар ичидаги барча зиддиятларга сабаб бўлиб қолаверади. Ҳар бир инсоннинг аввало ақлини, ихтиёрини, танловини ҳурмат қилиш, унинг қадрини барча нарсадан устун қўйиш йўлга қўйилмаган жамиятда ҳеч ким ўзини эркин, озод, дахлсиз, мукаррам ва бахтиёр инсон эканини ҳис қилиб яшай олмайди. Инсон ажлидан, инсон бахт саодати учун юборилган динни инсондан кўра муҳимроқ деб тушуниш сабаб ҳам исломий юртларда ва мусулмонлар орасида арзимас диний масалалар туфайли жиддий ички зиддиятлар урчиётгани ҳеч кимга сир эмас. Мусулмонларимиз дунёқарашида кескин бурилиш ясаб, сингишиб кетган жаҳолат ва диний таассубдан воз кечиб, инсон зотини барча нарсадан афзал билиб, ҳурмат қилиш асосий қоида қилиб ушланмас экан, ислом юртларидан одамлар безиб, киндик қони тўкилган масканларини ташлаб, инсонпарвар юртларга қочиб кетаверадилар. Бундан ташқари, мавжуд диний таълимотларда умматнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги инсон омилига бўлган эътибор масаласи ҳам жиддий ислоҳотларга муҳтождир. Таркидунёчиликни, дунё ишларига ортиқча берилмасликни тарғиб қилиш, Аллоҳга таваккул ва тақвони нотўғри тушунтириш ҳамда мусулмонларни ҳаёт мусобақаси майдонида илғорликка чорлаш, ғайратларини ошириш ўрнига муваффақиятсизликка кўниктириш йўлида юпатиш ва ҳатто қолоқлик ва ожизликни мусулмончилик белгиси сифатида тушунтириш каби ҳолатлар мусулмонларимиз дунёқарашларини мутлақо бузиб, ўзларига бўлган ишончларини йўққа чиқарган. Ваҳоланки, барча ривожланган давлатларнинг ривожланиш жараёнларини ўрганиб чиқсангиз, инсон омилининг, инсон иродасининг нақадар катта қудратга эга эканлигини кўрасиз. Бу мамлакатларнинг бирортаси муъжизавий тарзда ривожланган, юксалган эмас. Аксинча, илм-фанни ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий майдондаги илмий изланишлар ва халқининг фидокорона меҳнати туфайли, яъни инсон омилига бўлган катта эътибор туфайли амалга ошган. Шундай экан, неча асрлардан бери диний таълимот тушунчаси остида бериб келинаётган, инсон онгида, шуурида лоқайдлик, бефарқлик ва масъулиятсизлик ҳиссини, тушунчасини пайдо қилувчи, барча муваффақиятсизликларни "Аллоҳнинг иродаси”га тўнкаб қўйувчи ёлғон диний таълимотларни йўқотиш зарур. Буниг ўрнига, ўзининг Аллоҳнинг ердаги ўринбосари эканини ва шу шарафли мавқеънинг масъулиятини чуқур англашни ҳамда шунга яраша Аллоҳ учун, уммат тараққиёти, юксалиши учун, келажак учун Аллоҳ берган барча қобилият ва имкониятларини тўла сафарбар этиши лозимлигини тарғиб ва ташвиқ этиш лозим эмасми? Токи, ҳар бир мусулмон фарзанди ўз юртини, шаҳрини, маҳалласини обод қилишни, юртидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўнглашни ўзининг асосий вазифаси деб билсин. Агар, мусулмонларнинг ҳар бири ўзини борлиқдаги, ҳаёт жараёнидаги арзимас, ожиз бир зарра деб эмас, балки яхшилик қилиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришдай муҳим бир вазифани адо этиш билан дунё ва охират саодатига етиш учун Ҳаким Зотнинг олий иродасига мувофиқ яратилганини англаганида эди, ислом юртлари ва мусулмонлар бу қадар хорлик ва қолоқлик исканжасига тушиб қолмас эдилар. Афсуски, мавжуд исломий таълимотларда инсонни гўё борлиқдаги барча жараёнларда ҳеч қандай таъсирга, қудратга эга бўлмаган, фақат шариат белгилаган маълум чегаралардан чиқмаган ҳолда эплаб бу дунёдан ўтиб олиши лозим бўлган ожиз ва ўткинчи бир махлуқ каби тушунтирилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бу дунёдаги барча ҳодиса ва жараёнларни сабаб-мусаббаб, яъни сабаб-натижа қоидасига биноан содир бўлишини тақдир этган. Одамнинг яратилиши ва Исо пайғамбарнинг отасиз дунёга келишидан бошқа деярли барча ҳодиса ва жараёнлар айнан сабаб ва натижа қонунига мувофиқ содир бўлгандир. Ҳар қандай натижанинг сабабларини бино қилишдаги инсон омилининг, ҳаракатининг ролини эса инкор этиб бўлмайди. Тарихдаги Фиръавн, Чингизхон, Наполеон ва Гитлер каби шахсларнинг салбий ҳаракатлари ва уларнинг даҳшатли оқибатлари, Ибн Сино, Хоразмий, Фарғоний, Улуғбек, Ньютон ва Менделеев каби буюк шахсларнинг инсоният тараққиёти ва юксалишига қўшган улкан ҳиссалари ҳам инсон омилининг бу дунёдаги аҳамиятини очиқ равшан англатади. Зеро, иймоннинг асосий шартларидан бўлган қадарга ишониш ҳам аслида Аллоҳ таолонинг нарсаларга тақдир этган хусусиятларига ишонишни, яъни сабаб ва натижа қонунига ишонишни вожиб этади. Ерни ҳайдаб, уруғ сепмасдан туриб буғдой ўриб олишни кутиш қанчалик ноўрин бўлса, тараққиёт ва юксалиш сабаблари бўлган илм-фан, юқори технология ва саноатни ривожлантирмай, ижтимоий адолатни ўрнатишга уринмай туриб Аллоҳ тарафидан муъжизавий нусрат ва ғалабани кутиш ҳам шунчалик ноўрин эмасми? Демак, ҳар бир мусулмоннинг қалбида, онгида, шуурида шу юксалиш сабабларини бино қилиш учун Аллоҳ тарафидан алоҳида эътибор ва вазифа билан яратилганига ишонч уйғотиш зарур. Токи ўзини ожиз бир махлуқ эмас, балки, ҳаётнинг эгаси, Аллоҳнинг ердаги ўринбосари деб билсин ҳамда бу дунёдаги жараёнлардан масъул эканини тўла англасин. Зеро, дунё саҳнасидаги мусулмонларнинг ҳозирги аянчли аҳволини Аллоҳнинг иродасига йўйиш Аллоҳга ва Аллоҳнинг олий иродасига ёмон гумон қилиш, тухмат қилишдан бошқа нарса эмас! Зотан, Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳаракатга ундаб, умумий тарзда, барча юксалиш ва таназзул фақатгина умматнинг, миллатнинг ўз ҳаракатига, интилишига боғлиқ эканини ёрқин ифодалаб, Раъд сураси, 11- оятида марҳамат қиладики; "Албатта Аллоҳ ўзлари ўзгартирмагунларича қавмнинг бирор нарсасини ўзгартирмайди”. Дарвоқеъ, Ўзи билан бевосита алоқадаги Пайғамбари ҳам Аллоҳнинг иродасига суяниб қолмай ғалаба йўлида тинмай ҳаракат қилгани, сабабларини бино қилиб сўнгра натижага эришганлари барчага маълум. Бинобарин, биз ҳам муъжизавий нусратни, юксалишни кутмай иймонимиз тақозосига мувофиқ барча мақсадларимизнинг тадбирини қилишимиз, сабабларини бино этишимиз вожибдир. Фақат шундагина биз, Аллоҳ таоло берган ақл, идрок, салоҳият, қобилият ва имкониятларни ўз ўрнига ишлатган ҳақиқий муъмин, Аллоҳнинг ер юзидаги ҳақиқий ўринбосари бўла оламиз. Акс ҳолда, бу ҳақиқатларни мусулмонлардан кўра илгарироқ, тўғрироқ англаб олган илғор халқ ва миллатларнинг қулларига айланиб, заифлик ва қолоқлик ботқоғига ботиб, ожизона дуопарастликдан нарига ўтолмай, дунёни ҳам, охиратни ҳам бой бериб, муъжизавий нусратга интизор ўтираверишдан бошқа чора йўқ!!!
ИСЛОМ ВА УМУМИЙ ТАЪЛИМ
Дарвоқеъ, Сарвари олам Пайғамбаримиз с.а.в , 40 ёшга тўлганларида, Ҳиро ғорида, Аллоҳ таоло ўзининг энг охирги ва мукаммал динини инсониятга жўнатишининг бошланиши ўлароқ олган энг биринчи буйруқлари "ЎҚИ” деган сўз бўлди. Сўнгра чексиз илм ва ҳикмат соҳиби бўлган Парвардигори Олам Қуръони каримнинг биринчи оятини нозил қилди. "Ўқи, яратган Роббинг номи билан”. (Алақ сураси, 1 оят) Муқаддас динимизнинг ер юзига нозил бўлишининг "Ўқи” калимаси билан бошланганининг ўзи, илм ўрганишнинг фарзлигига, амалларнинг афзали эканлигига инкор этиб бўлмас далилдир. Қолверса, айнан шу буйруқни маҳкам ушлаган ва ақлларини ўқиш, ўрганиш, изланишга астойдил ишлатган халқларнинг дунё саҳнасида етишган даражалари, мавқеълари ҳам илмнинг, ўқиш ва ўрганишнинг энг муҳим ва афзал амал эканига ҳаётий далилдир. Бас шундай экан, мусулмонлар ҳам ғафлат уйқусидан уйғониб, масала талашиш, мазҳаб талашишларни ташлаб, илм-фан билан астойдил шуғулланишлари шарт. Айтиш мумкинки, бугунги куннинг энг долзарб, устувор вазифаси ёшларимизни дунё стандартлари даражасида, керак бўлса унданда юқори даражада билимли қилиб тарбиялашдир. Токи, шу соҳадаги илғорликка етилмас экан, фақатгина ўтган буюк аждодларимиз билан фахрланиб, бугунги ожизлигимизни чучук гаплар билан яшириб, ўзимизни алдаб юраверишга мажбурмиз. Шундай экан, бугунги энг катта хизмат, энг катта жиҳод, энг катта кураш илм-фан майдонидаги курашдир. Фақат шу майдондаги ғалаба бугунги куннинг ҳақиқий ғалабаси бўлади. Шу мақсадда, қалбида заррача умматнинг ғами, халқнинг дарди бор юртдошларимизнинг барчаси ўзларининг бор имкониятларни, ҳаракатларини шу соҳага сафарбар этишлари керак. Миллатимизнинг ичдан емирилишига сабаб бўлаётган, дунёю-охират учун фақат зарарли бўлган риёкорона маросимпарастликлардан воз кечишимиз, ноўрин сарфланаётган беҳисоб маблағларни, ҳимматларни келажак авлод таълими, юксалиши йўлида ишлатишга буришимиз лозим. Шундай умуммиллий сафарбарлик билангина қисқа муддат ичида халқимиз сезиларли натижаларга эришиши, ўзига муносиб ўрнини эгаллаши, ўзини кимларнинг авлодлари эканини амалда исбот этиши мумкин. Бинобарин, мусулмонларнинг бугунги ачинарли аҳволи ҳар бир фикрли, ақлли, соғлом дидга эга одамни ўйлашга, ўз ўйларида, фикрларида кескин бурилишлар ясашга мажбур этади. Акс ҳолда ўша таназзул, тафриқа ва қолоқлик ботқоғига ботаверишдан бошқа чора йўқ. Шунинг учун уммат устидаги ўз масъулиятини, Аллоҳ, Дин олдидаги жавобгарлигини ҳис этган ҳар бир ақл эгаси, ҳақиқий мусулмон уламолар эски дарс системаларидан воз кечиб, янги, илғор, ихчам, диннинг фақат рукну-фарзларини ўргатадиган, мусулмонларни бирлаштирадиган дастурни тузишлари, жорий этишлари лозим. Фақат шундагина ўзларини ҳам, умматни ҳам ҳалокатдан қутқаришлари мумкин. Бунинг учун дин ва дунё илмларидан бохабар, ҳар хил таассублардан холи, диннинг моҳиятини, бутун оламларга раҳмат бўлиб келганини тушунган, инсон зотини энг юксак ахлоққа, маданиятга эриштирувчи неъмат эканига иймони мустаҳкам, зиёли, аслни сохтадан ажратиш, қўшимчалардан тозалаш салоҳиятига эга, қалби Аллоҳнинг бандаларига бўлган меҳр-мурувватга тўла инсонлардан иборат бир ишчи гуруҳ уюштирилиши керак. Бу ишчи гуруҳ келажак авлодни қўшимчалардан тозаланган, ҳақиқий асл ислом руҳида тарбияловчи замонавий, гўзал ва мукаммал бир дарс системасини ишлаб чиқишлари зарур. Албатта, халқимиз орасида юқори интеллектдаги, зиёли олимлар етарли. Диний уламоларимиз ичида ҳам ҳозирги аянчли ҳолатдан кўнгли тўлмаётган, ўз тушунчалари ва дунёқарашларининг воқеъликка тўғри келмаётганидан хайрон, юртдошларимиз, мусулмонларимиз дардига малҳам бўлгудай бирор иш қилиш умидидаги оқкўнгил, софдил одамларимиз бисёрдир. Бу иккала тоифа олим ва уламолар биргаликда, баҳамжиҳат ҳаракат қилсалар ниҳоятда самарали натижаларга эришиш мумкин. Дин ва дунё олимларининг бундай баҳамжиҳат ишлашлари дарс системаларини аввало бир тарафламаликдан сақлаб қолса, иккинчидан халқнинг ҳамма тоифалари манфаатига, дунёқарашига зид бўлмагани учун ҳамма тоифа тарафидан яхши қабул қилинишини, охир-оқибат тескари натижа бермаслигини, халқ орасида ҳамжиҳатлик, ҳамфикрлилик ва бирлик юзага келишини таъминлайди. Дунёю-охират учун фойдали, келажак авлод тарққиёти, бахт-саодати учун зарур бундай хайрли ишга барчалари ўз илму-иқтидорларини, куч-ғайратларини аямасдан бажонидил ҳисса қўшсалар керак. Бинобарин бундай яхшиликка чақирувчи, жамиятнинг бирлигини, жипслигини таъминлайдиган, ҳеч бир жамиятнинг тинчлигига, осойишталигига раҳна солмайдиган, дунёдаги энг олийжаноб инсонни тарбиялайдиган дарс системасини чўчимай умумий таълим мактабларига киргизишга ҳаракат қилиш лозим. Зеро, ёшликда олинган таълим, тушунча тошга ёзилган хатдай бир умрга инсон онгида сақланиб, унинг бутун умри давомида ҳаёт йўлини белгиловчи муҳим омил бўлиб қолади. Шунинг учун мактабларда асл исломнинг асослари, ғоялари ҳақида мукаммал тушунча берилиши керак. Бу ёшларни кейинчалик ҳар хил шубҳали, реакцион, экстремистик оқимлар ва гуруҳларга эргашиб кетишдан сақлаб қолади. Акс ҳолда, инсонпарвар, тинчликсевар, асл ислом ҳақида ҳеч қандай тушунча олмаган мусулмон фарзандлари бир кун келиб ўз руҳоний эҳтиёжларини қондирмоқчи бўлган вақтда дуч келган оқимларга эргашиб кетаверадилар. Бехабарлик кўрликдир. Кўрни эса ким қаёққа етакласа кетаверади... Дарҳақиқат, юртимизда, кўз ўнгимизда содир бўлаётган ҳолатлардан хулоса қилиб айтганда, аксар мутаассиб, гап уқмас зомбиларга айланиб қолган ёшларнинг тарбия, ҳаёт босқичларини кузатсангиз, ёшлигида диндан анча узоқ, "ипини узган” безори бўлиб юрган одамлар ҳам кимдир 20, кимдир 30, кимдир 40 ёшда ёки кейинроқ бўлса ҳам, бир кун келиб дўппини ерга қўйиб ўтган умрини сарҳисоб қилар экан. Тирикчиликдан, бир хил ҳаёт тарзидан зерикиш сабабми, ёки худонинг инсоф берганими, ҳар тугур руҳоний туйғулари уйғониб дуч келган бирор домланинг этагини тутишга ва шу домласининг айтганини қилишга ҳаракат қила бошлайди. Умрининг кўп қисмини ибодатсиз, ҳар хил тарзда ўтказгани учун ҳам бу одамларда ўтган умридан афсусланиш, ўзини гуноҳкор сезиш, ҳамда дин, худо йўлида бирор жиддийроқ хизмат қилиб қолиш туйғуси анча кучли. Афсуски, исломнинг ҳақиқий моҳиятидан, тинчлик, саломатлик, инсонпарварлик дини эканидан бехабар ўсган бу инсонларни дин, худо номи билан гапириб ким қаёққа етакласа кетаверадилар. Бундай одамларнинг халқ ичида кўпчиликни ташкил қилиши, ҳар хил шубҳали диний-экстремистик оқимларнинг ўз фаолиятларини кучайтиришлари учун жуда қулай замин яратиб келмоқда. Уларнинг тасирига тушиб қолган ёшларнинг бутун қариндош-уруғ, таниш-билишларининг қайтарувлари, ҳатто ота-онасининг оқ қилишлари ҳам танлаган хато йўлларидан қайтара олмаётгани, охир-оқибат ўз умрларини ҳазон қилиб, яқинлари тақдирларини ҳам вайрон қилаётганлари, афсуски оддий бир ҳолга айланиб қолмоқда. Шунингдек, бундай шубҳали, мутаассиб оқимларга аралашиб, уларнинг тўрларига илиниб, гап уқмас, жоҳил зомбиларга айланиб, юртимизда содир бўлаётган кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётган қанча-қанча ёшларимизнинг ачинарли аҳволлари бунга гувоҳдир... Бундан ташқари, Аллоҳ таоло инсон табиатидаги руҳонийлик, сиғиниш ва иймон туйғуси учун ажратиб қўйган бўшлиқни, дин номи билан берилиб келаётган сохта таълимотлар эгаллаб олмасидан аввал, ҳақиқий диний таълимот билан банд этиш лозим. Бу соҳадаги эътиборсизлик, масъулиятсизлик ва сустлик туфайли диндошлар, юртдошлар, бир шаҳар, бир маҳалла одамлари, ҳатто бир тўшакда катта бўлган ака-укалар ҳам ҳар хил, булғанган "диний таълимотлар” таъсирида ашаддий душманларга айланиб қолмоқдалар. Бутун ислом оламида, хусусан юртларимиздаги мусулмонларнинг орасидаги ҳамжиҳатлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат, инсонпарварлик ва тинчликсеварликнинг йўқолиб кетганининг сабаби ҳам айнан шу бўлса ажаб эмас. Зеро, бир муаммо юзага келганда "Мен кўрмасам ҳеч ким кўрмайди” деган туяқушдай бу муаммодан кўз юмиш мутлақо тўғри эмас. Қайтанга ўша муаммонинг аслини, илдизини чуқур ўрганиб, касалини, хато кетган ерларини ислоҳ қилиб, ўнглаб, ҳар қандай энергияни, қувватни, кучни жиловлашга, халқ манфаати, равнақи, фойдаси учун сафарбар қилишга уринишлик энг тўғри ва оқилона тадбир бўлади. Шу ўринда бир мисол; Ҳеч қандай техник воситалар йўқ замонда кетмону белкураклар билан 283 километр узунликдаги Катта Фарғона Kаналини қандайдир 45 кунда халқ кучи билан бунёд этилди. Ўзининг бундай мўъжизакор, қаҳрамонона меҳнатлари билан юртимиз халқи бутун дунёни лол қолдиргани кишида ифтихор туйғусини уйғотмаслиги мумкин эмас. Водий белига тортилган кумуш камардай қуёшда ярқираб, товланиб оқаётган, секундига 180 кубометргача сув ўтказиш қувватига эга бу канал қарийб 70 йилдан бери 250 минг гектардан ошиқ ерларга жон бахш этиб, миллионлаб одамларимизга ризқ улашиб келмоқда... Бундан ташқари, эл-юртнинг манфаати учун фойдали бу иншоотдан токи сув оқиб, одамлар фойдаланиб турар эканлар бу - иншоот қурилишига ўз ҳиссаларини қўшган барча одамларга тинимсиз савоби етиб турувчи садақаи жориядир, узлуксиз яхшиликдир. Халқни яхши ишларга сафарбар этиш натижаси ўлароқ бунёдга келган бу улкан иншоот халқимиз кучига, иродасига бўлган гўзал ва буюк бир гувоҳдир. Бинобарин, юртдошларимиз қалбидаги иймон, эътиқод ҳам жуда катта кучдир. Бу кучни ҳам жуда эҳтиёткорлик, ҳассослик, донолик ва ҳурмат эҳтиром билан изчил равишда халқ манфаати, юксалиши, бирлиги учун йўналтириш лозим. Агар бу кучни бошқаришга, тўғри йўлга солишга ҳаракат қилмай ўз ҳолига ташлаб қўйилса қандай мудҳиш оқибатларга олиб келишига узоқ ва яқин тарих давомидаги кечмишлар, хусусан бевосита қўшни давлатларда бўлиб ўтган даҳшатли биродаркушлик урушлари ёрқин далилдир. Шунинг учун мавжуд фаол ва ўта катта таъсирга эга бу кучни, энергияни ёшликдан тўғри ва фойдали ўзанга буриш, эътибордан четда қолдирмаслик, доимий назоратда ушлаш ва бошқариш лозим. Бу муҳим ва катта кучни диннинг моҳиятини тушунмай нотўғри талқин этувчи, мутаассиб, жиғилдон қулига айланган, калтабин хурофотчилар қўлига бериб қўйилгани, ҳамда бу бирор яхши иш устида ҳеч қачон боши бирлашмаган, бирлашмайдиган мутаассибларнинг тумтарақай ҳаракатлари туфайли юрт осойишталиги бузилиб, узлуксиз безовталиклар юзага келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Халқнинг қалбини, онгини, тушунчасини бундай ухлатувчи, тараққиётдан, юксакликка интилишдан тўсувчи қузғунлар чангалидан қутқариш зарур. Бу нодон, жоҳил, мутаассиб "дин жонкуярлари”нинг бутун ислом оламини ички зиддиятлар ботқоғига ботириб энг қолоқ ва жоҳиллар юртларига айлантириб, ҳаммани эсанкиратиб юраётганларини унутмаслик керак. Тўғри, тарихнинг хатоси деб тан олинган етмиш йиллик худосизлик тузуми давридаги иймон-эътиқодли одамларнинг давлатга, давлат сиёсатига қаршиликлари ва душманликлари табиийки, тушунарли ҳол эди. Яратганга беадад шукрлар бўлсинким, охир-оқибат бу мустабид даҳрий тузум ўз-ўзини еб, ичдан чириб битди ва дунё харитасидан ўчиб кетди. Лекин Фитрату-Чўлпон, Беҳбудию-Усмон Носирларнинг орзулари, армонлари бўлган, Аллоҳнинг инояти билан бошимизга буюк неъмат бўлиб келган истиқлолимиздан кейин ҳам бу буюк неъматнинг шукронасини қилиш, юртимиз равнақи, давлатимиз тараққиётининг бирор соҳасига айтарли улуш қўшиш уёқда турсин, жилла қурса жамиятнинг бирлигига, жипслигига ўз ҳиссаларини қўшиш ўрнига, фақат сувни лойқалатаётган, ҳар хил кўнгилсиз воқеалар ва безовталикларнинг сабабчиси бўлаётган бу хурофотчиларнинг ғаламисликларини нима деб тушуниш мумкин? Ибн Сино, Улуғбек, Бухорий, Термизий, Хоразмий, Фарғоний, Беруний ва Навоий авлодлари бўлган халқимизнинг қалбига, онгига, иймону иродасига ишониб, суяниб, оқилона тадбир билан тўғри ўзанга қайтариб, барчани, барча қувватни халқимиз онги, савияси, таълимини юксалтиришга сафарбар этилса, қисқа вақт ичида бу халқ орасидан минглаб Ибн Синолар, Улуғбеклар, Бухорию-Термизийлар, Хоразмию-Фарғонийлар, Берунийлар ва Навоийлар етишиб чиқиши, халқимиз ҳам илғор халқлар қаторидан жой олиб, оламни яна ўз ютуқлари билан лол қолдиришлари шубҳасиз. Фақат бунга халқ онгида ишонч уйғотиб, фидоийлик билан астойдил ҳаракат қилиш керак. Дарвоқеъ, бундай оқилона тадбир одамларимизнинг давлатга, давлат сиёсатига бўлган ишончини, ҳурматини оширади. Халқ орасида якдилликни, бирликни, жипсликни юзага келтиради. Бундай хайрли иш устида турган одамлардан моддий ва маънавий юксалишга сабаб бўлганлари учун халқ жуда миннатдор бўлиши, дунёю охират муваффақияти гарови бўлган бу тадбир асосчиларининг номлари юртимиз тарихи саҳифаларига зарҳал харфлар билан ёзилиб қолиши шубҳасиз. Чунки узоқ давом этган иймонсизлик тузуми зулмларидан зада бўлган, иймон-эътиқодга, динга, маънавиятга чанқоқ халқимиз системали тарзда, давлат мутасаддилиги остида сифатли диний таълим берилишига жуда ижобий ёндошишлари табиий. Асосан мусулмонлардан иборат халқимиз кўнглига йўл топиш, ҳар бир масалада ўзаро ҳурмат, ишонч ҳамда давлат ва халқ бирлигини, жипслигини ҳосил қилувчи бу воситани қўлдан бермаслик керак. Зотан, шундай муҳитга, яъни давлат ва халқ бирлигига, жамиятнинг жипслигига, якдиллигига эришилса бундай давлат учун ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиш, ҳар қандай ақл бовар қилмас даражадаги улкан ижтимоий-иқтисодий режаларни амалга ошириш жуда осон кечади. Дунё ҳамжамияти орасида ҳам ўзининг мустаҳкам ўрнига, мавқеъига, обрўсига эга бўлади. Демак, юрт манфаатини, халқ манфаатини, тинчлигини, юксалишини мақсад қилган, халқимизнинг ҳам моддий, ҳам маънавий ривожини кўзлаган барча ватанпарвар, умматпарвар юртдошларимиз шу йўлда биргаликда астойдил ҳаракат қилишлари лозим. Аллоҳ олдидаги, эл-юрт олдидаги ҳақиқий хизмат ҳам шу бўлади, иншааллоҳ. Қолаверса, Росулуллоҳ с.а.в. олиб келган дин умматнинг б
|
Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (26.12.2010)
|
Просмотров: 1000
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
 |
Facebookдаги адрес |
|
 |
 |
Меъморий обидалар |
|
 |
 |
Ўзбеклар Уюшмаси |
|
 |
 |
Сайт бўйлаб излаш |
|
 |
 |
Статистика |
Онлайн всего: 1 Гостей: 1 Пользователей: 0 |
 |
|