ҲАБИБУЛЛО ҲАКИМ. ҲАЁТ ВА ҲАҚИҚАТ
ИСЛОМ ВА ФИКР ЭРКИНЛИГИ
Парвардигори олам ислом умматига ўзининг то қиёмат боқий китобида қайта-қайта таъкидлаб ақлларини ишлатишни, фикр юритишни буюрганига қарамай ислом юртларидаги фикр, сўз эркинлиги масалалари жиддий ислоҳотларга муҳтождир. Ислом юртларидаги фикр, сўз эркинлиги масалалари барчага маълумки жуда ачинарли аҳволда. Ҳар қандай жамиятнинг ҳар хил ижтимоий касалликларга чалинишининг, охир – оқибат бу касаллик кучайиб жамиятнинг ҳалокатига сабаб бўлишининг олдини олувчи энг ижобий восита бўлган танқидий қарашларни, танқидий фикрларни очиқ изҳор этишнинг ва сўз эркинлигининг бўғиб ташлангани ислом юртларининг ижтимоий ва иқтисодий таназзулининг асосий сабабларидан биридир. Ислом ва мусулмонларнинг фазилатлари ҳақида беадад, ўз-ўзини мақтовчи, олқишловчи китоблар ёзилавериб фақат шундай бир тарафлама китоблар ўқишга ўрганган аксар омма танқидий китобларга нисбатан салбий қарашлардадир. Бунинг устига ўз мухолифларини енгиш йўлида ҳар қандай шармандаликдан қайтмайдиган, динни ўз шахсий ёки гуруҳий манфаатлари йўлида ишлатишга ўрганиб қолган сохта "дин жонкуярлари”нинг усталик билан халқ фикрини ҳоҳлаган кўйларига солиб ўйнатишлари сабаб ҳам танқидий фикр билдиришга кўпчилик журъат этолмайди. Натижада, халқ ичида ижтимоий-иқтисодий муаммолар йиғилиб, газак олиб, ўнглаб бўлмас даражадаги, жамиятнинг ичидан емирилишига сабаб бўлувчи тузалмас касалга айланиб қолмоқда. Ислом юртларида ҳам фикр эркинлигига, сўз эркинлигига, танқидий фикрларни бемалол изҳор қилишга йўл берилмас экан, жамият ижтимоий тарафдан ҳам, иқтисодий тарафдан ҳам юксала олмайди. Зеро, Парвардигори Олам эркин, ҳур, озод, энг мукаррам инсон қилиб яратган Одам болаларини ҳурлигини чеклаш, фикрий қулликка солиш - ҳур инсонни қул қилиш гуноҳига тенгдир. Ҳур инсонни қул килиш эса бир бегуноҳ жонни ҳаётдан маҳрум этиш билан баробардир. Афсуски, ҳозирги кунда аксар исломий мамлакатлар фикрий қуллик муҳити асоратидадир Ислом юртларидаги омма фикратини бошқариш майдонидаги муҳитни эгаллаб олган «шаллақи такводорлар» энг эзгу ният ва мақсадлар билан айтилган, ёзилган ва бошланган ҳаракатларни ҳам мутаассиблик билан «дин бузувчилик», «динга душманлик» деб йўққа чиқарадилар. Чунки улар хаётда фақат бир тарафлама таълим,тарбия олганлар. Реал ҳаёт воқеълигидан бехабардирлар. «Киши ўзи билмаган, танимаган нарсасининг душманидир» деб бежиз айтилмаган. Шунинг учун улар юксак ривожланган давлатлар тажрибаларига фақат душманчилик назари билан, қора кўзойнаклар орқалигина қарайдилар. Бинобарин, ислом юртларидаги илғор кучлар халқнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўнглаш йулида ҳаётга реал қарай оладиган, ҳар тарафлама зиёли тоифаларнинг маслаҳатларига суянишлари керак. Нодон, мутаассиб кучларнинг бу майдондаги таъсирини иложи борича камайтириш зарур. Модомики, изҳор этилган ҳар қандай фикрларда диннинг аслини, рукнларини инкори йўқ экан бундай фикрларни бўғишга ҳаракат қилиш мутлақо мумкин эмас. Чунки "Фарз, рукн қоим экан дин қоимдир” деган ўзак қоида мавжуд. Яъни фарзу-рукнлар диннинг муқаддас, дахлсиз асосларидир. Бундан ташқари нарсаларни, амалларни қай даражада бажариш, сақлаш, риоя қилиш, қилмаслик ҳар бир мусулмоннинг ўз шароитига, тоқатига боғлиқ, унинг ихтиёрига тобеъ амалдир. Бу амаллардаги зиёдалик ёки ноқислик учун уни айблаш ўзи ислом асосларига зиддир. Диний илмларни ўта мураккаблаштириш, ҳар қандай амални ўзи ҳоҳлаган тарзда муҳимлаштириш ёки аҳамиятини пасайтиришга устаси фаранг "дин ҳимоячи”лари омманинг соддалигидан ўз мухолифларини обрўсизлантириш ва хатто йўқотиш йўлида фойдаланмоқдалар. Динни, иймонни рўкач қилиб бундай иймонсизлик қилиш афсуски кундалик оддий ҳолат бўлиб қолди. ”Икки мусулмон урушишса ўлган ҳам ўлдирган ҳам дўзахдадир” деган қатъий ҳукм ҳам бу нодонларни биродаркушликнинг ҳар хил кўринишларидан тўхтата олмаётгани ачинарли ҳолдир... Бундай носоғлом муҳитнинг асл исломга ва инсон табиатига хилофлиги сабаб ҳам одамлар ислом юртларидан безиб, инсон ҳуқуқлари, фикр, сўз эркинлиги тўла таъминланган юртларга кетиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Хатто бой араб давлатларидаги имконияти бор шайхларнинг 40-50 фоизгача қисми инсон ҳуқуқлари, сўз, фикр эркинлиги таъминланган Америка ва Европа давлатларидан ҳовли – жойлар сотиб олиб қўйганлари ҳам ўзгалар фикрига, сўзига кенглик билан, тоқат билан қараш, ихтиёрини, эркинлигини ҳурмат қилиш инсон табиатидаги эҳтиёж эканини исбот этади. Бот-бот, ислом юртларидаги сал илғорроқ, ўзгачароқ фикрлаган олимларнинг ҳар хил тазйиқларга, қувғинларга учраётганларини хабарлари эшитилиб тургани барча илғор фикрловчи одамларни бу муаммо ҳақида жиддийроқ фикрлашга, шуғулланишга ундайди. Акс ҳолда, ислом юртлари нафақат ижтимоий балки иқтисодий жиҳатдан ҳам бунданда қолоқлашиб кетаверади. Чунки ўзининг эртанги кунига, ҳуқуқлари ҳимоясининг гаровига ишонмаган ҳар бир одам ўзининг бор имкониятларини, маблағларини ўзи ишонган, ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган юртларга жойлаштиради. Гарчи у, бор мол-мулкини исломий юртларда жамғарган бўлса ҳам жиддийроқ иш юритишдан аввал албатта келажаги кафолатланган шароитни, жойни танлайди. Исломий юртлардан катта-катта маблағларнинг ўзга юртларга "оқиб чиқиб кетиши”нинг сабаби ҳам шудир. Фақат инсон ҳуқуқлари, фикр, сўз эркинлиги, ижтимоий адолат, кенглик, қонун устуворлиги кафолатлансагина, одамларда келажакка ишонч уйғонсагина ислом юртларига ҳам "маблағлар оқиб кириши” жараёни бошланиши мумкин. Шундагина ислом юртлари ҳам тараққий қилиши, обод, гўзал ва фаровон юртларга айланиши мумкин Колаверса, энг буюк, бебаҳо бойлик бўлган ноёб қобилиятлар, ноёб «ақлларнинг оқиб чиқиб кетаётгани», ислом юртларининг равнақи, ривожи учун хизмат қилиши ўрнига ўша Ғарб ва Америка манфаатлари учун хизмат қилаётганига ҳам ислом юртларидаги ҳукм сураётган бефарқлик, гумроҳлик, адолатсизлик, нодонлик ва жаҳолат сабабдир. Биз хам бу бебаҳо бойликка ҳушёрлик, ғамхўрлик ва эътибор билан қараб, жиддийроқ шуғулланмасак Аллоҳ олдида бу неъматларнинг уволига қандай жавоб берамиз. Ожизлик, хору-зорликда, қолоқликда бир-биримизни айблаб, инқироз ва таназзул ботқоғига ботиб кетаверамиз. Демак, токи ислом юртларида ҳам инсон ҳуқуқлари, фикр, сўз эркинлиги, адолат устуворлиги тўла таъминланмас экан, одамларда эртанги кунига тўла ишонч уйғонмас экан айтарли даражада тараққиёт ва юксалишни кутиш қийин. Айниқса, ҳозирги замонавий, информатика даври одамларини реал воқеъликдаги адолат, эркинлик ва ишончгина буюк ишларга, фидоийликка чорлаши, ундаши мумкин.
ИСЛОМ ВА ШАРИАТ
Маълумки, шариатнинг асосий манбаълари бўлган Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларнинг муқаддаслиги ва дахлсизлиги шубҳасиз. Бироқ, мусулмонларнинг ўзаро тортишув ва жанжалларига доимий сабаб қилиб ушланаётган шариат ҳукмлари олимларнинг Қуръон ва ҳадисни ўрганиб ўз ақлларига, тушунчаларига мувофиқ талқин этган қонун-қоидалардир. Яъни, инсон тушунчасининг, фикрининг маҳсулидир. Дарвоқеъ, шариат, мусулмон фақиҳлари тарафидан Пайғамбаримиздан кейин 2-3 аср давомида шаклланган. Бундан ташқари, бу жараён ҳозирги даврдан кескин фарқ қилувчи ўзига хос тарихий шароит ва даврда амалга ошган. Шунинг учун ҳам айнан бир масалада ҳар хил олимлар ўз замони, макони ва шароитига мувофиқ хилма-хил қонун-қоидалар, фатволар чиқарганлар. Бинобарин, замонавий мусулмон фақиҳлари, шариат асослари бўлган Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифни ҳозирги замон талабларига мос тарзда талқин этган ҳолда замонавий шариат қонунларини ишлаб чиқишлари мумкин ва зарурдир. Айнан шу соҳадаги оқсашлик ва қотиб қолишлик туфайли ҳам, ислом дини аксар тоифа одамлар тарафидан воқеъликка тўғри келмайдиган эскилик ва қолоқлик деб тушунилишига сабаб бўлмоқда Бас, шундай экан, шариат аслида муқаддас ва дахлсиз эмас, балки замон ва макон, шароит тақозоларига мувофиқ ўзгариш ва ўзгартиришлар киритиш мумкин бўлган оддий қонун-қоидалар мажмуасидир. Айнан шу мезоннинг бузилгани, яъни инсон фикри, тушунчаси маҳсули бўлган шариатни Қуръон ва ҳадис билан бир қаторга қўйиб муқаддас ва дахлсиз саналгани, унинг "ҳимоясини” муқаддас диний амал даражасига кўтарилгани ҳамма балонинг бошидир. Дарҳақиқат, узоқ ислом тарихида мутаассиб ва нодон дин пешволари калтабинлик ва такаббурона иддаоларини, шахсий эҳтиросларини енга олмаганликлари сабаб, ўз тобеъларига, авом халққа бу ихтилофларнинг табиийлиги ва зарарсиз эканлигини, бу ихтилофларга кенглик ва оқиллик билан ёндашиш лозим эканлигини тушунтириш ўрнига, шу ихтилофлар туфайли аввало ўзлари ўзаро адоватга берилганлар ва халқни ҳам адоватга бошлаганлар. Натижада ислом тарихи саҳифалари ўзаро ички адоватлар, биродаркушлик урушлари каби шармандали ҳолатларга, қора доғларга тўлиб кетган. Афсуски, бу "анъана” ҳозирги юқори маданият асрида ҳам, сурункали юқумли касаллик сингари дин пешволарини тарк этгани йўқ. Ҳозирги кундаги дин пешволарининг ҳам шариат талашиб, ўзаро ҳурматсизлик ва айбловлар билан машғулликлари, ҳамда авом халқни ҳам ўзларининг бу "жанг”ларига аралаштириб, халқ орасида носоғлом муҳитни кучайтираётганликлари бу борада кенгроқ фикрлаш, жиддийроқ шуғулланиш зарурлигини билдиради. Барча ислом оламида бўлгани каби, юртимиздаги мавжуд реакцион оқимларнинг бир-бирлари билан ўзаро адоватларининг, мусулмонларимиз табиатидаги жиззакилик ва торликнинг асослари ҳам айнан шу шариат ҳукмларидаги ихтилофларга ўта жиддий ёндашишликдир. Мусулмонларнинг бирлигини, биродарлигини сақлашдай ғоят муҳим фарз амални бу ихтилофлардан муҳимроқ эканини идрок этолмаганликларидандир. Шундай экан, бутун оламларга РАҲМАТ бўлиб келган динимизнинг олийжаноб хислатларини йўққа чиқариб, уни мутаассиблик ва нодонлик билан умматни парчаловчи, бўлак-бўлакларга ажратувчи восита қилиб олишни ташлаб, шариат қонун-қоидаларидаги ихтилофларга, фарқларга бирмунча енгиллик, кенглик билан қараб, мусулмонлар бирлигини, жипслигини анча юқори қўйишимиз, энг устувор масала деб қарaшимиз лозим. Хуллас калом, мусулмонларнинг бирлиги, жипслиги биринчи галдаги фарз амалдир ва ҳар қандай шаръий масалалар ва қонун-қоидалардан устун ва юқоридир. Фарзни тарк этиб, унинг зарурлигини, муҳимлигини фаҳм этолмай, инсонлар тушунчасининг, фикрининг маҳсули бўлган қонун-қоидаларни баҳона қилиб, ўзаро адоват қилиш, адоват уйғотиш ўта нодонлик, жоҳиллик ва оғир хиёнатдир.. Демак, инсон ўзини Аллоҳнинг ердаги ўринбосари деган юксак унвонига яраша, Аллоҳнинг энг мукаррам махлуқи эканини тўла ҳис этиб яшай оладиган жамият қуришимиз учун, биз ҳам барча бузилган мезонлар ва қадриятларни ўз ўрнига қўйиб чиқишимиз лозим. Бунинг учун; Аввало, Аллоҳ таоло Ўзи Одамни "Ер юзидаги ўринбосарим” деб улуғлаганини, "Исро” сураси 70 оятида, -"Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик..., ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик”- деб, Ҳазрати Инсонни барча нарсалардан устун қилганини тан олишимиз, эътироф этишимиз зарур. Бани одамнинг азиз-мукаррамлиги аввало Аллоҳ таолонинг иродасидир. Аллоҳнинг махлуқотлари орасида ақл, ихтиёр, нафс, нутқ, тамииз (яхши-ёмон, фойда-зарар, оғир-енгилни фарқлаш, ажратиш), танлов ва бошқа жуда кўп неъматлар билан сийлангани ҳам Бани Одамдир. Хатто фаришталарга ва бошқа махлуқотларнинг ҳеч бирига Аллоҳ таоло бу буюк неъматларни берган эмас. Зеро, Бани Одам айнан шу неъматлар, шу сифатлари билан Аллоҳнинг ердаги "Ўринбосаридир”. Бас, шундай экан, Бани Одамнинг қолган барча махлуқотлардан устун бўлишига сабаб бўлган бу сифатларига, яъни ақлига, ихтиёрига, танловига бизга маъқул келмагани учун ҳурматсизлик билан қараб, унга ўзимизча салбий баҳолар бериб камситишимиз мутлақо ножоиздир. Бинобарин, юқорида айтиб ўтганимиздай, бу дунё ҳам, динлар ҳам, муқаддас китоблар ҳам инсон учун, инсоннинг сабабидан яратилган экан, демак инсон диндан ҳам эътиқоддан ҳам устундир, юқоридир. Айнан шундай тушунишгина, инсонни инсонлигининг ўзи учун уни эҳтиром этиш қоидасининг амалига йўл очади, кафолотини беради. Ҳар қандай одамнинг дини, эътиқоди, амали қандай бўлишидан қатъий назар, ўзининг мукаррам инсон эканини ҳис этиб яшашини таъминлайди. Дарҳақиқат, кишининг эътиқоди ва дини У билан Яратувчининг ўртасидаги алоқадир. Бошқа махлуқларнинг ҳар қандай баҳоналар билан бўлмасин бу алоқага аралашишлари, бурун суқишлари фақат салбий натижалар бериши ҳаётда кўриниб турибди. Иккинчидан, модомики исломнинг асосларига, рукнларига путур етмас экан, шариат масалаларидаги барча ихтилофларга эътиборсиз қарашни изчил равишда мусулмонлар онгига сингдириш зарур. Бундай тушунча ўз-ўзидан мусулмонларнинг бир-бирларидан айб топиш, бир-бирларига душман бўлишдан сақлайди. Мусулмонлар жамиятининг ичидан емирилишини тўхтатади. Чунки, мавжуд, бир-бирини кўргани кўзи йўқ сон-саноқсиз оқиму-мазҳабларнинг деярли барчаси ислом асослари ва рукнларида бир-бирларидан фарқ қилмайдилар. Шундай экан, бундай кенг қараш ўзаро ички зиддиятлар ва душманчиликларни йўқолишига, бирликни юзага келишига сабаб бўлади. Ҳатто 14 асрдан бери давом этаётган шиа-сунний муаммосини ҳам барҳам топишига олиб келади. Қолаверса, Аллоҳ таоло бизнинг ҳар биримизга бошқаларни текшириш, жосуслик қилиб айбларини топиш ва кўпроқ айбдорларни топиб келиш эвазига жаннатга киритишни ваъда қилган эмас. Аллоҳ таоло мусулмонлар жамиятидаги бўлиши керак бўлган бирлик ва жипсликни гўзал бир суратда шундай сифатлайди; -"Албатта мўъминлар ака-ука, биродардирлар. Бас, биродарларингиз ораларини ислоҳ қилинглар”- Ҳужурот сураси 10 оят. Демак, иймон, мўъминлик бизларга ака-укалик, биродарлик шарафини, масъулиятини юклайди. Шунга кўра, мусулмонларнинг бир-бирларини текшириб, бир-бирларидан айб топиб, бир-бирларига душман ҳар хил тоифаларга, оқимларга бўлиниб олишлари, душманликлари ака-укалик ҳаққига хиёнат ва Аллоҳнинг оятларига хилофдир. Аллоҳнинг оятларига хилофлик ва хиёнат эса сўзсиз хорлик ва заифликка олиб келади. Воқеълик ҳам буни исбот этиб, кўрсатиб турибди. Қолаверса, мўъминликнинг, биродарликнинг масъулияти мусулмонлар орасини ислоҳ қилишдир ва бу Аллоҳнинг амридир. Афсуски, ўрталари бузилганларнинг орасини ислоҳ қилишликни Аллоҳ таоло буюриб турганига қарамай, мусулмонлар орасини яхшилаш, ихтилофларни, тафриқани йўқотиш ҳақида изланаётган, ҳаракат қилаётган одамлар устидан фисқ-фасод юргизиб, тап тормай ҳар қандай иғволарни тўқиб, тарқатиб юрганларнинг "холис хизмат” ларининг мукофоти нима бўларкин? Ҳали вақт борида кўзимизни очмасак, эртага кеч бўлиши, мусулмонларнинг ички ва ташқи ҳолатлари бунданда ўнглаб бўлмас даражада бузилиб, ҳеч ким бир-бирини тан олмайдиган, биров-бировга қулоқ солмайдиган, назоратдан чиқиб кетган бетартиблик, бошбошдоқлик ҳолатига тушиб қолишимиз мумкин. Афғонистондаги охири йўқ биродаркушлик урушлари, мусулмонлар ичида бўлаётган террорлар, охирги вақтлардаги Покистон шимолидаги даҳшатли бетартибликлар бу ҳолатнинг бошланишидан даракчи бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Албатта, мусулмонлар орасидаги бу ҳолатдан манфаатдор тарафлар ҳам мавжудлигини ҳеч ким инкор этмайди. Буни тан олишлик бизни янаям ўзимизга ҳушёрроқ бўлишимизга, ўзаро аразларимизни, барча хафагарчиликларимизни унутиб янада астойдилроқ бирликка, якдилликка эришишга ҳаракат қилишимиз зарурлигини англатади... Афсуски, ислом юртларидаги аксар одамлар ислом ва замонавий цивилизация ҳақида жуда юзаки тушунчага эгадирлар. Улар гарчи мусулмонликларини эътироф этиб, шаклан исломий анъаналарга содиқ бўлсаларда, аслида исломнинг маънавий ва руҳий моҳиятини тўла тушуниб, шунга мувофиқ яшай олмаяптилар. Қолаверса, улар замонавий технология имкониятларидан, афзалликларидан фойдаланиб, замонавийликни иддао қилсаларда, кўплари бу замонавийликнинг асосини ташкил этган қийматлар, фикрлаш ва тафаккур тарзлари тўғрисида тўла тушунчага эга эмаслар. Бу ҳолатдан илғор ислом олимлари қаттиқ таассуф билдирадилар. Лекин, токи аҳвол ўнгланмас экан, мусулмонлар дунёқарашларида илғор, янгича фикрлашга, изланишга, нарсаларнинг шаклигагина эътибор бериб юравермай, моҳиятни англашга ҳаракат қилинмас экан, диний таассуб ҳали бери ўз ўрнини бўшатмайди, жамиятни ичидан емирувчи кучлар ривожланаверади. Шундай бўлсада, мен мусулмонларнинг иродаси ва ақлига суяниб аҳвол ўнгланиб кетишига ишонгим келади… Аллоҳ ҳамма нарсага қодир зотдир. Йил давомида мукаммал тўрт фаслни кўриш мумкин бўлган, дунёнинг кўп қисмида аср муаммосига айланиб бораётган тоза сув муаммоси таҳдиди йўқ, оби-ҳаётга сероб, нимани эксанг кўкарадиган серҳосил заминга эга жаннатмакон юртларнинг соҳиблари эканимиздан Яратганга шукроналар келтиришимиз вожибдир. Бу буюк неъматларнинг шукронаси эса, Аллоҳнинг омонати бўлган Динни ихтилофу-жанжалларга, сувни лойқалатишга, фитна-фасод қўзғаб, халқимиз ахлоқини, табиатини, феълини бузишга ишлатмасдан, халқнинг ахлоқини жаҳонда энг юксак маданиятли, кенгфеъл, барчага фақат яхшиликни сунадиган, ҳоҳлайдиган қилиб тарбиялашга ишлатишдир. Агар халқимиз табиатидаги ибо, андиша, меҳмондўстлик, меҳнатсеварлик устига асл исломнинг энг олийжаноб хислатларини сингдириб, маданиятли, инсонпарвар, тинчликсевар, нафақат инсонларга, балки Аллоҳнинг ўринбосари деган шарафли баҳога лойиқ тарзда табиатни муҳофазасига ҳам қаттиқ эътибор берувчи инсонларни тарбия қилинса бизни юртлардай юрт дунёнинг ҳеч қаеридан топилмаса керак Дарҳақиқат бизнинг юртлар жаҳон маданиятининг, тараққиётининг ўзагини ташкил этган илм-фанларнинг асосчилари етишиб чиққан, шарқ ва ғарб маданиятлари туташган, иккала тарафнинг маданиятидан, қадриятларидан бохабар инсонлар яшайдиган серҳосият юртлардир. Шунга кўра ҳам бир томонламалик, ўзининг Аллоҳнинг ердаги ўринбосари эканлигини унутиб, дунёни тарк этиш даражасида динга берилиш ёки дунёни деб диндан, маънавиятдан воз кечувчи манқуртлик (қуруқ материалистик қарашлар) бизнинг юрт одамлари табиатига ётдир. Шуниг учун ҳам барча мусулмонлар юртларидаги бирлашмаслик ва ихтилофлар манбаъига айлантириб юборилган исломий мафкурани яна асл ҳолига қайтаришдай муборак, оламшумул, буюк бир ислоҳотнинг ҳам бизнинг шу юртларда бошланиши, амалга оширилиши дунёимиз учун ҳам, охиратимиз учун ҳам жуда катта ютуқ бўлгусидир, иншааллоҳ. Икки дунё саодатига етишнинг гарови бўлган бу хайрли ишга сабабчи бўлишдай улкан бахтни барчамизга тенг насиб этишини Яратгандан умид қилиб қоламан. Аллоҳ Азиз ва Ҳаким зотдир.
ИСЛОМ ВА СИЁСАТ
Маълумки, бугунги кунда жаҳонда ҳар хил сиёсий тузумлар мавжуд ва улар ўзаро кураш, мусобақа ҳолатидадирлар. Қай бирлари ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксак чўққиларга етишган бўлса, қай бирлари анчагина ортдадирлар. Албатта уларнинг ҳар бири ўзларининг тузумлари энг афзал тузум эканини иддао қиладилар. Аммо, ҳозирги ахборот-алоқа замонида уларнинг ҳар бирининг қандай ҳолатда эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, жаҳон сиёсат майдонида ислом мафкураси башарият етишган барча яхши-ёмон сиёсий тузумларни барчасини маҳв этиб, йўқ қилиб, зўрлик билан ўз тузумини ўрнатмоқчи бўлган ёвуз бир куч қабилида талқин қилинмоқда. Бунга албатта, исломнинг моҳиятини тўла тушуна олмаган, чаласавод "ислом лашкарлари”, ўта реакцион тушунчадаги "алломалар”нинг ислом динини жанжалкаш, мутаассиб, ўз фикри, тушунчаси йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган қайсар, ақлсиз сиёсий куч қатори намоён этаётганлари сабабдир. Асл исломнинг кўздан яширилган ўзак қоидаларидан бехабар авом халқ ҳам, бу қаллобларнинг найрангларига ўйнаб, алданиб, ўзаро ички ва ташқи адоватлар ботқоғига ботиб, жаҳон саҳнасида исломнинг энг хавфли куч қатори намоён бўлишига сабаб бўлмоқдалар. Чаласавод дин пешволари ҳам диний эътиқодни восита қилган ҳолда, ихлосли ёшларнинг ҳиссиётларини барча мавжуд сиёсий тузумларга қарши қайраб, аксар ёшларни озгина ташвиқот юргизилса ҳар қандай қилмишлардан қайтмайдиган тайёр террористларга айлантириб қўймоқдалар. Аслида ислом дини зўрлик билан ўз тузумини жорий этиш учун юборилган, башарият ўз ҳаётий тажрибалари орқали етишган барча тузумларни йўқ қилиши керак бўлган сиёсий бир тузум эмас. Айни кунда, жаҳонда бирорта намунали исломий давлатнинг барпо этилмагани ҳам исломнинг бошқа барча тузумларни йўқотиб, ўрнига турмоқчи бўлган ўзгача бир зўравон сиёсий тузум бўла олмаслигини исбот этади. Ислом динининг сиёсати ва асл моҳияти - ҳар қандай жамият бўлмасин, шу жамият аъзоларини худодан қўрқувчи, эртанги ҳисоб- китоб кунида қилган ҳар бир яхши- ёмон ишларига жавобгар эканига имони мустаҳкам, риёкорлик ва ёлғончиликдан, иккиюзламачиликдан холи, ён атрофига, яқинларига, эл юртига нафи тегадиган, ҳаммага фақат яхшиликни ирода қилиб турувчи, намунали инсонлар қилиб тарбиялашдир. Зеро, аъзолари шундай тарбияда бўлган ҳар қандай сиёсий тузум гуллаб яшнаши, ривожланиши шубҳасиз. Зотан, Аллоҳ таоло инсониятни жамоа, жамият бўлиб яшашини ирода этган. Инсон боласи ўзи туғилиб ўсган, яшаётган жамияти олдида доимо қарздордир. Чунки у ҳали онасининг қорнидалигидаёқ жамият аъзолари ёрдамидан баҳраманд бўла бошлайди. Тиббиёт ходимларининг доимий назорати остида ой- куни етиб ёруғ дунёга келгач, бевосита ўзига кўрсатилажак ёрдамларни олади. Улғайган сари боғча, мактаб, институт даргоҳларида таълим-тарбия олади. Вояга етиб ишга яроқли бўлганида эса, уни ўстириб-улғайтирган, тарбиялаган шу жамият олдидаги қарзларини адо этиши унга вожиб бўлади. Сарвари олам Пайғамбаримиз с.а.в нинг ”Аллоҳ олдида энг суюклироқларингиз - одамларга нафи тегадиганларингиздир” деган гапларининг маъноси ҳам шудир. Қолаверса, юқорида айтиб ўтганимиздай Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида иймон келтириш ва яхши амал, яхшилик қилиш ёнма-ён уйғун ҳолда келгани ҳам ислом сиёсати айнан намунали яхши инсонларни тарбиялаш эканини билдиради. Аъзолари тўғрисўз, инсофли, фидокор, маҳалла-кўйига, шаҳрига, юртига яхшилик қилишни мақсад қилиб яшаётган, риё ва кибру-ҳаводан холи инсонлардан иборат жамиятнинг ўз-ўзидан сиёсати ҳам, иқтисоди ҳам намунали ҳолга келиши шубҳасиз. Юртимиздаги дин вакиллари, диний устозлар ҳам исломнинг шу жиҳатларига урғу бериб, намунали, кенгфеъл, фидойи, ватанпарвар инсонларни тарбиялаш йўлида тарғибот ва ташвиқот юргизсалар, жамиятимиздаги ғоявий бўшлиқни ислом эътиқоди билан бирга уйғунлашган ҳолдаги, юксак маданиятли инсонни шакллантириш ғояси билан банд этсалар жуда яхши натижаларга эришиш мумкин бўлар эди. Диний эътиқодни восита қилиб, баландпарвоз шиорлар билан халқнинг ҳиссиётларини қўзғаб, ўз юртларида амалга ошира олмаган даъволарини бошқалар қўли, қони ва жонини қурбон қилиш эвазига амалга оширмоқчи бўлган шубҳали шахслар бир миллионлик бечора чечен халқини бирюз эллик миллионлик Россия давлатига қарши урушга қўзғагани ва беҳисоб мусибатларга сабаб бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Қанча-қанча беҳуда қурбонлар, етим қолган болалар, вайрон бўлган оилалар, бинолар, шаҳарлар, синган тақдирларнинг уволи кимни тутади? Албатта келгинди "мужоҳидлар” учун бу нарсаларнинг аҳамияти йўқ. Улар ўз "ҳожалари” нинг топшириқларини бажариб, мўмайгина ҳақларини олиб, яна ўз юртларига, тинч хотиржам ўчоқларига қайтиб кетаверадилар. Улар ҳеч қачон чечен халқининг манфаатини, юртининг энг илғор, энг обрўли фуқаролари бўлишларини ҳоҳлаган эмаслар. Зеро, ҳозирги замон илм-фан, ақл ва иқтидор замонидир. Қолоқ юртлардан келган шубҳали одамлар ва шубҳали мафкуралар ҳеч қачон бизни илғорликка, кенгликка, юксакликка бошлай олмайди. Уларнинг баландпарвоз, ҳаёлий даъволарига, даъватларига ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик билан ёндашишимиз зарур! 20 асрда Европа икки бор, биринчи ва иккинчи жаҳон урушларини бошдан кечирди. Ҳар қандай даъволар билан бошланмасин, уруш-жанжал барча даҳшатли мусибатларнинг сабабчиси эканини, тараққиёт ва юксалиш иттифоқликда эканини аниқ англаб етдилар. Натижа ўлароқ Европа давлатлари, инсоният тарихида биринчи марта ихтиёрий равишда ўзаро чегараларни очиб ташлаб, буюк Европа иттифоқини туздилар. Бундай ижобий ҳаракатнинг Яратганга ҳам мақбул ва гўзал амал экани шубҳасиздир. Биз ҳам исломнинг асл моҳиятини, энг муҳим сиёсатини амалга оширган ҳолда, халқимиз қалбига чаласавод дин пешволари томонидан, ғирром услублар билан сингдириб юборилган нафрат-адоватларни, аламзадаликларни чиқариб ташлаб, унинг ўрнига исломнинг инсонпарварлик, ватанпарварлик, бағрикенглик ва фидоийлик таълимотларини сингдира олсак, тез кунда якдиллик, бирлик билан тинчлик-барқарорликка, ижтимоий ва иқтисодий юксакликка етиша оламиз, иншааллоҳ. Дарвоқеъ, Пайғамбаримиз с.а.в исломнинг сиёсати ва асл моҳиятини қисқача баён қилиб шундай деган эдилар: "Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим”. Ривожланган мамлакатлардаги ижтимоий-иқтисодий адолат, одамлари хулқидаги камтарлик, ростгўйлик, тўғриликни кўриб, ҳатто одамлари ёлғон гапириш нима эканлигини билмайдиган юртлар борлигини эшитиб, уларнинг қанчалар "мусулмонлашиб”, ислом юртларида эса одамларнинг рўза тутиб, намоз ўқиб туриб асл исломий ахлоқлардан нақадар узоқлашиб кетганларига хайрон қоласан киши... Беихтиёр Аллоҳ таолонинг "Моун” сурасидаги етим-есир, фақир-мискинларга меҳрсиз, каззоб, риёкор, қизғанчиқ намозхонларга вайл дўзахи билан таҳдид килган оятлари ҳаёлингга келади... ИСЛОМ ВА ЭҲСОН
Исломда асл эҳсон, яъни яхшилик қилиш, ўнг қўл берганини чап қўл билмай қоладиган даражадаги бериё, холис яхшилик, муҳтожларга ёрдам деганидир. Афсуски, бугунги кундаги эҳсонлар аксар ўз кўрсатарга, кимўзарга, риёкорона маросимларгагина айланиб қолдики, бу ҳеч кимга сир эмас. Дарҳақиқат, халқимиз орасида яхши ниятли, қўли очиқ, саҳоватли одамлар кўп. Улар халқ дардига малҳам бўлиш, муҳтожларга ёрдам бериш каби ишларни қилишдан қочмайдилар. Лекин бу борада самаралироқ бир услубларни билмаганликлари туфайли, халқ орасида урф бўлиб қолган, қорни катта чаламуллаларни чақириб риёкорона, дабдабали зиёфатлар уюштириш билан чегараланиб қолаётганлари кўпчиликни ташкил этади. Хўш, ҳозирги замонавий дунёда бундай хайрия ишларни самаралироқ, эҳсонкор учун ҳам, муҳтожлар учун ҳам фойдалироқ тўғри йўналишга солишнинг кандай чоралари бор? Бу хусусда ҳам ривожланган юртлар тажрибаларига назар солсак, хайрия ишлари жиддий, илмий асосларга биноан йўлга қўйилганини кўрамиз. Уларнинг иш услублари исломнинг бериё, холис ёрдам кўрсатиш талабларига тўла мувофиқ келадики, бу ҳам уларнинг тайёр тажрибаларидан фойдаланишимиз мумкинлигини ифодалайди. Бундан ташқари бир мақсад, бир маслак йўлидаги инсонларнинг тарқоқ ҳиммат, малағ ва имкониятларини жамлаб, кенг кўламдаги режаларни, ҳаракатлар ва уринишларни биргаликда, самарали равишда амалга оширишлари учун ҳам маълум йўналишда иш олиб борувчи хайрия жамиятларининг имкониятлари беқиёсдир. Айнан маълум бир соҳанинг ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқчи, кўмаклашмоқчи бўлган инсонларнинг тарқоқ ҳимматларини, ҳаракатларини тартибга солиб, самаралироқ натижаларга эришиш йўлида хайрия жамиятлари жуда яхши натижаларга эришганликлари ривожланган давлатлар тажрибаларида яққол исбот бўлгандир. Биз ҳам ўз диёрларимизда ҳар хил йўналишдаги, халқ дардига, муҳтожларнинг эҳтиёжларига самарали ёрдам берувчи хайрия жамиятлари очишимиз, ўзимизнинг Аллоҳ йўлида қилажак эҳсонларимизни шу хайрия жамиятларига беришимиз, хайрия жамиятларининг ишларига кўмаклашишимиз зарур. Зеро, бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлган умумий таълимни ривожлантириш, иқтидорли болаларга алоҳида эътибор кўрсатиш, рағбатлантириш, халқ савиясини ошириш, гўзал хулқли инсонларни тарбиялаш соҳасида фаолият кўрсатувчи хайрия жамиятлари фаолиятларига ёрдам қилиш зарур. Чунки халқимизнинг бугунги кунда шу нарсаларга бўлган эҳтиёжи ниҳоятда каттадир. Ёшларимизнинг замонавий дунёдаги етук инсонлар бўлиб етишишлари, келажакнинг ҳақиқий эгалари бўлишлари, дунё халқлари орасида халқимиз обрўсини, шарафини, қудратини намойиш этишлари учун айнан илм-фан соҳасидаги ютуқлар ниҳоятда муҳимдир. Бунинг учун ҳалқимизнинг бор имкониятларини, ҳимматларини шу соҳага сафарбар этишлик бугунги куннинг талабидир. Яратганга шукрлар бўлсинким, биз ер юзининг энг гўзал, серҳосил, ер ости ва усти бойликларига мўл, мўътадил иқлимли минтақаларида яшамоқдамиз. Фақат энди илм-фаннинг энг охирги ютуқларини эгаллаб, саноатни, энергетикани, юқори технологияни ривожлантирилса, юртимизда мавжуд барча хом ашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйилса юртимиз тез кунларда жаҳоннинг энг обод, энг бой юртларига айланиши шубҳасиз... Бундан ташқари бошқа йўналишлар бўйича фаолият юргизувчи хайрия жамиятлари очиш ва уларга ёрдамлар уюштириш мумкин. Табиий офат етган жойларга тез ва зарур ёрдамлар берувчи, ногиронларга кўмак берувчи, муҳтожларни қўлловчи, касб-ҳунарсизларга касб-ҳунар ўргатувчи, чекка қишлоқларга тоза сув етказишда фаолият кўрсатувчи ва бошқа барча хайрли ишларда, йўналишларда фаолият кўрсатувчи хайрия жамиятлари очиш ва ёрдам бериш ҳақиқий исломий эҳсондир. Ўрганиб қолинган, риёкорона, дабдабали маросимлардан воз кечиш ва унинг ўрнига беҳуда совурилаётган бу беҳисоб маблағларни ҳақиқий эҳсон бўлиши учун бериё, холис ўринларга сарфлаш вақти етди. Албаттта, ҳар қандай янгиликка шубҳа билан қарашга одатланган баъзи одамлар бу хайрия жамиятлари ҳақида шубҳа билдиришлари мумкин. Лекин жаҳоннинг илғор тажрибаларига суяниш ва яхши инсонлар борлигига, яхшилик дунёни обод қилишига, қутқаришига ишонч билан яшаш, ҳаракат қилиш лозим. Ора-сира учрайдиган қаллоблар сабаб ҳаммага шубҳа билан қараш, шубҳа уйғотиш тўғри эмас. Агар халқимиз орасида саҳоват ва меҳмондўстлик рамзи сифатида қилинаётган риёкорона, на охират учун ва на дунёимиз учун фойдаси бўлмаган дабдабали маросимларга сарфланаётган беҳисоб маблағларнинг ҳеч бўлмаса ярми холис, беғараз хайрия ишларига сарфланганда эди, халқимизнинг маънавий ва моддий ҳолати анчагина ўнгланган, халқ орасидаги иттифоқлик, бирдамлик, ўзаро муносабат яхшиланган бўлар эди. Албатта бу фикрлар янгилик эмас. Кўпчиликнинг онгидаги, кўнглидаги гаплар. Фақат бу режаларни амалга оширишга астойдил уринишимиз, ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки биз ўзимиз ҳаракат қилмас эканмиз бу ишлар ўз-ўзидан ҳеч қачон амалга ошиб қолмайди. Зеро, Аллоҳ таоло -"Албатта Аллоҳ ўзлари ўзгартирмагунларича қавмнинг бирор нарсасини ўзгартирмайди”- деб дунёдаги барча ишларни ўзимизнинг ҳаракатимизга, уринишимизга ҳавола қилгандир.
ДАВОМИ БОР...
|
Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (26.12.2010)
|
Просмотров: 924
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
![](/.s/t/979/7.gif) |
Facebookдаги адрес |
|
![](/.s/t/979/9.gif) |
![](/.s/t/979/7.gif) |
Меъморий обидалар |
|
![](/.s/t/979/9.gif) |
![](/.s/t/979/7.gif) |
Ўзбеклар Уюшмаси |
|
![](/.s/t/979/9.gif) |
![](/.s/t/979/7.gif) |
Сайт бўйлаб излаш |
|
![](/.s/t/979/9.gif) |
![](/.s/t/979/7.gif) |
Статистика |
Онлайн всего: 2 Гостей: 2 Пользователей: 0 |
![](/.s/t/979/9.gif) |
|