ҲАБИБУЛЛО ҲАКИМ. ҲАЁТ ВА ҲАҚИҚАТ
ИСЛОМ ВА ДЕМОКРАТИЯ
Ислом оламидаги аксар уламолар, одамлар ер юзида фақат исломий давлат бошқариш системасидагина бахтли, фаровон, тўғри ҳаёт кечирадилар, дунёдаги мавжуд ижтимоий системаларнинг барчаси ғайри исломий ва хато системалардир, жумладан, демократия ҳам хато, исломга зид деб тушунтирадилар. Аслидачи? Қора кўзойнакларни олиб қўйиб, дунёдаги демократик давлатлар ва исломий давлатлар ҳолатларини солиштириб кўрайлик: Аввало, Аллоҳ унинг ажлидан бу дунёни яратган энг мукаррам маҳлуқи - инсон ва унинг ҳуқуқлари масаласи ислом юртларининг бирортасида маъқул даражада эмас. Тўғри, баъзи иқтисодий имконияти яхшироқ юртларда одамларнинг иқтисодий аҳволлари бирмунча яхши, лекин инсон фақат қорни тўйганидан қаноатланиб яшайверадиган ҳайвон эмас-да! Бу жойларда ҳам фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи масалалари мушкул аҳволда. Ҳокими мутлақ бўлиб олган ҳукмдорлар, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий майдонда ҳеч кимга ҳисоб бермай, ҳоҳлаганларини қилишади... Натижада, ҳатто энг бой ислом юртларидан ҳам одамлар, ўзларининг инсон эканлигини тўла ҳис этиб яшашлари учун юртларини ташлаб, демократик юксак ривожланган юртларга қочиб кетаётганлари сир эмас. Қолаверса, исломий мамлакатлар орасида исломий давлат бошқариш системаси хусусида ягона ижтимоий, сиёсий, маънавий ва иқтисодий программанинг ўзи йўқ. Ҳақиқий исломий давлат бошқариш қандай бўлиши ҳақида ҳар хил оқимлар вакилларининг дастурлари ҳам хилма-хил. Мавжуд демократик системани танқид қилиб, ислом шартларига зид дейдилар, аммо ўзлари барчага маъқул муайян бир дастурни таклиф этолмайдилар. Бу оқимларнинг демократиянинг зиддига келтираётган далиллари асосан, уларнинг Ғарбга ва Ғарб системасига бўлган нафратларига асосланган. Энди, таассубга берилмай бу масалани исломий нуқтаи-назардан кўриб чиқайлик: Аллоҳ таоло Қуръони каримда киши ҳаётида дуч келиши мумкин бўлган жуда кўп, катта-кичик ҳолатларга жавоб тарзида оятлар нозил қилган. Лекин, бирор ишни беҳикмат қилмайдиган буюк ҳикмат соҳиби - Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай муҳим давлат бошқариш услублари ҳақида бирорта оят нозил қилмаган. Бунинг устига умматнинг ғами, эртаси, келажаги энг буюк ташвиши бўлган Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам давлатни бошқариш ҳақида, ҳатто ўзидан кейин ўрнига ким халифа бўлиши ҳақида ҳам бирор нарса демай ўтганлар. Демак, бу ишлар инсонларнинг ақлига, ижтиҳодларига, тажрибаларига ташлаб қўйилган ишлар жумласидандир. Айни кунда, жаҳонда инсонлар ақли, ижтиҳоди ва тажрибалари асосида тузилган энг тарққийпарвар, одамлари динига, иймон-эътиқодларига ҳеч қандай тажовузсиз, ҳаётларидан рози ҳолда яшаётган энг илғор система - демократик системадир. Демократия душманлари ҳар қанча айб ахтариб, таассуб билан демократиянинг зиддига сафсата сотмасинлар, инсоният ўз ақлига ташлаб қўйилган бу иш хусусида ҳозирча демократиядан афзалроқ системани топиб синовдан ўтказганича йўқ. Бу гаплардан ўзларини йўқотар даражада талвасага тушиб эътироз билдирувчилар ҳам пайти келса, бир илож қилиб демократик юксак ривожланган юртларга бориб олиш ҳаракатида, орзусида эканликлари, афсуски ҳақиқатдир. Адолатли бўлиш, ижтимоий адолат, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, инсонни ҳурмат қилиш, ёлғон гапирмаслик, риёкорлик қилмаслик, ўзаро ёрдам, амали солиҳ, яъни, хайрия ишлар қилиш каби исломда буюрилган кўрсатмаларнинг ҳаётга тўла татбиқи айнан демократик давлатларда мавжудлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Бундан ташқари, демократия – буткул қонунсизлик, анархия дегани эмас. Демократик давлатларда инсоннинг қайси динда бўлишидан қатъий назар, ўз дини, эътиқодига, урф-одатларига, фикрларига, сўз эркинлигига тажовузсиз яшашини ҳимоя қилувчи ва қилаётган қонунлар жуда кўп. Муҳими бу қонунлар оғизда, китобларда, орзу-ҳаёлларда эмас, реал воқеъликда, амалдадир. Ҳар бир инсонга алоҳида-алоҳида ақл берган Зот; -"Динда мажбур қилиш йўқ”-, (Бақара сураси. 256 оят) -"Сизларга ўзларингизни динингиз, Менга ўзимнинг диним”-,(Кофирун сураси. 6 оят) -"Аллоҳ бизнинг Роббимиздир ва сизларнинг ҳам Роббингиздир. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир”-, (Шўро сураси. 15 оят) -"Эслат. Албатта Сен эслатувчисан, улар устидан зўравон эмассан”-, (Ғошия сураси. 21-22 оятлар) -"Уларнинг ишлари ўзаро шўро-маслаҳатдир”-. ( Шўро сураси 38 оят) деган оятлари билан 1400 йил аввал демократия асосларини баён қилмадимикин?! Демократия – халқ ҳокимияти демакдир. Яъни, халқ вакилларининг йиғилиб халқ ичида, халқни бошқаришда юзага келган муаммоларни шўро-маслаҳат билан ҳал қилиши, ечишидир. Бу усул айнан Қуръони карим оятларига ва Росулуллоҳнинг суннатларига мувофиқдир. Росулуллоҳ с.а.в ҳам Парвардигори Оламга боғланган ва Ҳаводан (ўз ҳоҳишича) гапирмайдиган Зот бўлсаларда жуда кўп, муҳим ишларни атрофидаги содда, оми саҳобалар билан бамаслаҳат ҳал этиб қарор қабул қилганлари инкор этиб бўлмас тарихий ҳужжатдир. Қолаверса, бевосита пайғамбаримиздан кейинги илк халифаларнинг сайлов йўли билан ҳокимиятга келганлари ҳам демократиянинг исломга мувофиқлик жиҳатини янада кучайтиради. Бинобарин, демократияни қабул қилиш, қўллаш дегани қайсидир Ғарб давлатининг қонунларини айнан кўчириб жорий этиш дегани эмас. Ислом юртларида, мусулмон халқ вакиллари ўз иймон эътиқодлари, урф-одатлари, тушунчалари тақозосига мувофиқ ҳар бир масалани ўрганиб чиқишиб сўнгра қарор қабул қилишлари мумкин. Айнан демократия уларни ҳар хил мажбурият ва зўравонликлардан ҳимоя қилади. Ҳар қандай масалани, эркин тарзда муҳокама этиб, ўз эътиқодларига, халқ эътиқодига, урф-одатларига мувофиқ, бамаслаҳат қарор қабул қилишларига фақат демократик тузумдагина имконият бор. Зотан халқ иродасига, ҳоҳишига, талабига мос ҳар қандай ўзгаришлар ва ислоҳотлар айнан демократик тузумдагина халқ вакиллари воситасида ҳеч қандай ғалаёнларсиз, инқилобларсиз тинч, осойишта, оқилона тадбир йўли билан амалга ошиши мумкин. Дарвоқеъ, демократия исломга эмас, диктатурага зид ўлароқ юзага келган системадир. Бутун бир халқ ёки мамлакатни ҳеч кимга ҳисоб бермай ўз изму-ихтиёри, якка ҳокимлиги остида ушлаб келувчи, халқнинг жуда кўп норозиликларига, охир-оқибат аянчли ғалаён ва инқилобларга олиб борувчи диктаторликка қарши энг самарали, афзал ва одил система - демократиядир. Бинобарин, демократияни исломга қарши қўйишнинг ўзи мантиққа зиддир. .Зеро, ислом инсон манфаати ва адолатни олқишлаган, зулмни ва адолатсизликни қоралаган диндир. Аксар реакцион ҳизблар ва оқимларнинг демократия асосларини Қуръон ва шариатга, ислом асосларига мувофиқ ёки йўқлигини анализ қила олмай кўр-кўрона қарши чиқишлари, демократия сўзининг ўзидан талвасага тушиб қолишлари, калтабинлик ва мутаассибликдан бошқа нарса эмас. Улар ўз даъволарида Ғарб демократиясидаги ислом қонунларига зид баъзи тийиқсизликларга, ғайриинсоний бузуқликларга бўлган рухсатларни рўкач қиладилар. Албатта, бундай ғайриинсоний бузуқликларга рухсат берилишига қарши туриш лозим ва бундай жирканч ҳолатларга ўша Ғарб давлатларининг ҳаммасида ҳам рухсат берилган эмас, балки қонунан манъ этилгандир. Бинобарин, демократия душманларининг Ғарбдаги баъзи салбий ҳолатлар ва камчиликларни рўкач қилиб -"Демократия буткул исломга зиддир”.- деб муттаҳамлик қилишлари асоссиздир. Нафсиламрни айтганда, қотиллик содир қилинганда қотил суд қилинади, қотил қўлидаги пичоқ эмас. Қотил қўлида жиноят қуролига айлангани учун қолган ҳамма одамлар пичоқ ишлатишдан маҳрум этилмаганидай, демократиянинг кенглигидан ўз бузуқликлари учун фойдаланган бир ҳовуч лўттибозлар туфайли қолган барча одамларни Аллоҳ берган эркидан, ихтиёридан, ҳурликдан, дахлсизликдан маҳрум этилмайди. Мусулмонлар юрти бўлган Афғонистон дунёнинг ярмига наркотик етказиб бераётгани ва "мужоҳидлар” орасида баччавозлик деган манфур одат мавжуд бўлгани учун буткул ислом дини ва барча мусулмонларни айблаш тўғри бўлмаганидай, бир гуруҳ нафси бузуқ лўттибозларнинг тийиқсизликлари сабаб буткул демократияни айблаш ҳам инсофдан эмас. "Дин ҳимояси” ниқоби остида фақат ўз ҳизбий ғояларини илгари сурмоқчи бўлган, бошқалар билан оқилона мунозара, муҳокама, маслаҳат олиб боришдан қочувчи, қайсарлик ва муттаҳамлик билан фақат ўз фикрларини ўтказишнигина мақсад қилувчи мутаассиб ҳизблар ва оқимлар ҳеч қачон муродларига ета олмайдилар. Чунки, уларнинг бундай ғирромона ахлоқлари Аллоҳнинг ва Пайғамбарнинг амрларига, инсонийлик қоидаларига ҳамда реал ҳаёт воқеълигига мутлақо зиддир. Зеро, қорин тўйдириш, эплаб кун ўтказиш ғамидан бир қадар қутулган, фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, ижтимоий адолатли давлат бошқариш усулларидан бохабар ҳозирги авлод зўрликни, мажбурий тарзда рамкаларга солишга уринишни мутлақо қабул қилмайди. Фақат, ўзаро ҳурмат асосида тушунтириш, маслаҳат, мунозара ва муҳокама усулларигина кутилган яхши, самарали натижалар бериши ривожланган давлатлар тажрибаларида ҳам яққол кўриниб турибди. Афсуски, ҳозирги дарс қилинаётган мавжуд исломий таълимотларда инсоннинг ақлини, тушунчасини, ихтиёрини ҳурмат қилиш эмас, зўравонлик тушунчаси ғолиб. Баъзи оқимлар нажотни, муваффақиятни фақат исломий давлат қуриш, мажбурий тарзда ислом ҳукмларини жорий этишда деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло, Ўзи билан бевосита алоқадаги, ўзи қўллаб турган Пайғамбарига ҳам, мажбурий тарзда гапини, ҳукмини ўтказиб, зўравонлик қилишни эмас, балки эслатиш, тушунтиришнигина буюрмоқда. Бугунги кунда 50 дан ортиқ асосий аҳолиси мусулмон бўлган давлатлар бор. Лекин иқтисодий, ижтимоий, сиёсий жиҳатдан андоза (эталон) бўлгудай, намуна қилгудай бирорта ислом давлати йўқ. Мавжуд ҳар бир оқим раҳнамолари эса, бор овозлари билан фақат уларнинг мафкураси билан тузилажак давлат ҳақиқий исломий давлат бўлади деб иддао қиладилар. Шундай амалга ошмас, ҳаёлий, нотайин даъволар билан миллиардлаган мусулмонларни ички зиддиятлар ботқоғига ботириб, қолоқликда ушлаб келмоқдалар. Бот-бот, бизнинг юртларда ҳам жадидлар ҳаракати сингари фидоийлар миллатни қолоқлик ботқоғидан чиқаришга ҳаракат қилган. Лекин ўз қорнидан бошқа ғами – ташвиши бўлмаган, умматнинг аҳволидан сўз очсанг, "Аллоҳнинг иродаси” ни рўкач қилишдан нарига ўтолмайдиган мутаасиб дин пешволари "динни сақлаб қолиш” баҳонаси билан, бу фидоийларнинг бошига етган. Ҳозирги мавжуд барча оқимлар раҳнамолари ҳам бир қадар сўзамолроқ бўлсаларда, ўз эргашувчиларини диний ихтилофлар ботқоғига ботирмоқдалар. Уларнинг Аллоҳ, Пайғамбар, дин номидан баландпарвоз сўзлаб, мана бизнинг йўлимиз ҳақ деб, бошқа оқимлар айбини санаб, тез кунда исломий давлат қурамиз, нажот яқин, нусрат яқин деган алжирашлар билан аврашларига учмаслик лозим. Чунки, мусулмон бўлганлари учунгина Аллоҳ уларнинг ишига мўъжизавий тарзда нусрат юбормайди! Русларда ”Дунёни гўзаллик қутқаради” деган мақол бор. Ғарб давлатларининг бугунги ютуқларининг асосий сабабларидан бири ҳам халқининг ўзаро адоватга эмас, гўзалликка, яхшиликка интилиши бўлса ажаб эмас. Умматнинг тилини соқов, кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйган, мавжуд исломий ақиданинг асосий қисми деб тушуниб қолинган НАФРАТ, АДОВАТ мусулмонларни нафақат бошқа дин вакилларига, балки ўз динларидаги сал ўзгачароқ, илғорроқ фикрлайдиган диндошларига ҳам бадгумонлик билан диний душман, дин бузувчи деб қарайдиган қилиб қўйган. Шоирнинг; "Ўзни доно билган уч-тўртта нодон Эшак табиатин қилур намоён. Улар қаторида сен ҳам эшшак бўл Бўлмаса кофир деб қилурлар эълон”. деган сўзлари ҳали ҳам ўз замонавийлигини йўқотмагани ачинарли.. Гўё қаёққа қарама ҳаммаёқ душман… Шунинг учун исломий давлатда яшаётган одам ҳам ўзини душманлар орасида яшаётгандай ноқулай сезади. Инсон зотига ҳурмат билан қарашни асосий қоида қилиб ушлаган инсонпарвар давлатларда эса, номусулмонлар орасида ҳам ўзини дўстлар орасидагидай эркин сезади. Тақдирнинг бу "ҳазилини” қарангки, бизнинг Пайғамбаримиз с.а.в.нинг "Боши майиздай қора ҳабаш сизларга бошлиқ бўлса ҳам унга итоат қилинглар” деган буйруқларининг реал ижроси дунёга ҳокимлик қилаётган, илғор, тўғри дин вакиллари тарафидан "ботил дин вакиллари” деб номланаётган халқ яшаётган Америка давлатида амалга ошди. Ошганда ҳам юқоридан кимларнингдир буйруғи билан эмас, халқнинг танлови, сайлови билан гўзал бир услубда амалга ошдики, бу Яратувчининг гўё, биз ношудларга -"Эй мусулмонлар кўзингни оч”- деган писандасига ўхшайди. Аллоҳ таоло ўзининг илм, ақл уммонидан бир томчи берган насибасини, неъматини ғайриислом халқлар керакли жойларга ишлатиб атомни, компьютерни ижод қилиб, энди бу иккаласидан ҳам инсоният тараққиётига муҳимроқ таъсир кўрсатади деб тан олинаётган нано технология соҳасини ривожлантираётган маҳалда биз шу неъматни, ақлни ноўрин масалавозлик, адоват ва нафрат тарқатиш, бир-биримизга адоват уйғотиш йўлида ишлатишимиз ва яна нусрат яқин деб ўзимизни ҳам бошқаларни ҳам алдаб келишимиз хиёнат бўлмай нима ахир?! Адашишнинг ҳам охири бўладику.… Бу фақат хиёнат ва режалаштирилган онгли хиёнатдир…. Ислом юртларидаги инсон ҳуқуқлари борасидаги носоғлом муҳитнинг асосий сабаби инсон ва унинг ақлини, ихтиёрини, ҳуқуқларини ҳурмат қилиш биринчи ўринга қўйилмаганидир. Мусулмонлар афъоли ва ахлоқидаги жиззакилик, бўлар-бўлмасга бир-бирларини энг ёмон гумон ва атамалар билан атайверишлари, ўзаро ҳурмат, инсонпарварлик ва одамийликнинг камайиб кетгани, жамиятнинг бирлигини, жипслигини таъминловчи асосий омил бўлиши керак бўлган диннинг терс таъсир бераётганининг сабаби ҳам айнан шу - инсонни эъзозлаш, ҳурмат қилиш борасидаги исломнинг қонун қоидаларини тушунмасликдандир. Сон-саноқсиз оқиму-ҳизбларга бўлиниб олиб, ўз гуруҳидан бошқаларга таҳқир ва камситиш назари билан қараб, халқни, умматни фирқаларга бўлаётган, жамият ичида фитна қўзиётганлар агар ўз таассубларини ташламасалар, нафақат ўз диндошларини балки бутун Ҳазрати Инсон зотини ҳурмат, эҳтиром қилишга ўтмасалар, ўз насл-насаби, келиб чиқиши ва бемисл илму-иқтидоридан ғурурланиб, Одамни эъзозлашдан бош тортиб, кибр қилиб, Аллоҳнинг қаҳрига дучор бўлган Иблиснинг кўйига тушишлари бегумон. Зотан, Одам болаларига душманлик аламзада Иблиснинг коридир. Бинобарин, қайси динда, эътиқодда, миллатда бўлмасин, ҳар қандай баҳоналар билан Одам болаларига душманликни тарғиб қилиш Иблис малайларининг ишидир. Нарсаларнинг номларини билишдан бошқа на илми, на дини, на китоби бўлмаган Одамга фаришталарнинг энг илмлиси ва обрўлиси бўлган Иблиснинг сажда қилишдан бош тортиши туфайли кофир бўлиб Аллоҳнинг даргоҳидан қувилгани, Одам болаларининг ҳурмати нақадар улуғ ва зарур нарса эканини ифодалайди. Ҳаким ва Алим Аллоҳ таоло "Бақара” сураси 34 оятида айтади. "Биз фаришталарга Одамга сажда қилинглар дедик. Бас сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортди ва кибр қилди ва кофирлардан бўлди”. Модомики, Одам болаларини, инсон зотини дини, ирқи, миллати, келиб чиқишидан қатъий назар эъзозлашни, ҳурмат қилишни қоида қилиб ушланмас экан, илму-амали, насаби, дини, ҳизби қандай бўлмасин Аллоҳнинг қаҳрига учраб Иблиснинг ортидан эргашиб кетиши турган гап. Дарвоқеъ, Ғарбнинг барча ютуқларининг асл сабаби инсон ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш биринчи ўринга қўйилгани экани барча тан олган ҳақиқатдир. Бинобарин ислом юртларининг таназзули ва қолоқлигининг асл сабаби ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътиборсизликдир. Токи шу масала керакли даражага кўтарилмас, ўнгланмас экан барча баландпарвоз даъволар, ҳаракатлар қуруқ гап бўлиб қолаверади. Ваҳоланки, бу дунё ҳам, самовий динлар ҳам, китоблар ҳам инсоннинг ажлидан, сабабидан, инсон учун яратилгандир, нозил қилингандир. Зотан, Аллоҳ таоло Ўзи "Ер юзидаги ўринбосарим” деб улуғлаган Бани одамнинг ҳурмати, мукаррамлиги, эъзози барча нарсадан устун, биринчи ўриндаги масала деб қараш лозим. Азиз ва Ҳаким Аллоҳ таоло "Исро” сураси 70 оятда марҳамат қилади. -"Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик..., ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик”-. Айнан шу мезоннинг бузилганлиги, инсоннинг ҳурмати биринчи ўринга қўйилмагани, инсон ҳидояти, бахт-саодати учун Меҳрибон ва Ҳикматли ЗОТ тарафидан бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган динни ички ва ташқи адоватларга асос қилиб ушлангани мудҳиш ва хатарли адашишдир. Одам болаларини динига, эътиқодига, иш-амалларига қараб муносабат, муомала қилишни ташлаб, баҳо беришни ишларнинг ҳақиқий Эгасига ҳавола қилиб, инсонни эъзозлашни, унинг ихтиёрини, танловини ҳурмат қилишни йўлга қўйилмас экан, ислом юртлари ҳозирги ижтимоий ва иқтисодий қолоқлик ва таназзулдан қутула олмайдилар. Токи дини, ирқи, миллати қандай бўлишидан қатъий назар, одамлар ўзларини мукаррам, муаззам, азиз инсон эканликларини тўла ҳис этиб яшай оладиган жамият қуриш мақсади биринчи ўринга қўйилмас экан, "ҳақиқий исломий давлат” қуриш каби баландпарвоз даъволар, барча уринишлар, шиорлар, ҳаракатлар охир-оқибат муваффақиятсизликка, тушкунликка, ҳаёлий орзуларга айланиб қолаверади. Қанчадан қанча бесамар ҳаракатлар, нобуд бўлган умрлар, синган тақдирлар беҳуда кетгани қолади, холос. Ўзининг шахсий эҳтиросларини жиловлай олмайдиган, диннинг асл моҳиятини, ўрнини, вазифасини тўла тушуна олмай фақат ўз тушунчасидаги "дин”нинг ҳимоясини мақсад қилиб олган ва бу йўлда бутун инсониятни бўлса ҳам қурбон қилишга тайёр "раҳнамоларни” бу беҳуда "қурбонликларнинг” уволи тутмаслиги, Аллоҳ олдида сўроққа тутилмасликлари мумкин эмас… Ҳақиқий демократик давлатларда эса инсоннинг ақли, тушунчаси ва ихтиёрини ҳурмат қилиш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш биринчи галдаги вазифа қилиб олингани туфайли ҳар қандай одам ўзини мукаррам инсон эканини тўла ҳис этиб яшамоқда. Демак, ислом юртларида ҳам зўрликни, демагогияни эмас, балки инсонпарварликни, одамийликни, инсон ихтиёрини, ҳаётини, эркинлигини эъзозловчи гўзал мавъизалар билан даъват қилингач, инсоннинг қандай йўл танлашини ва бу танловини қандай бўлишидан қатъий назар, бутун жамият ҳурмат қилишини таъминловчи қонунларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий этиш лозим. Зотан, Аллоҳ таолонинг, "бир-бирингизни ёмон гумон қилмангиз, бир-бирингизни текшириб жосуслик қилманглар, бир-бирингизни ўлдириб гўштингизни егандай ғийбат қилманглар” деган ғоят муҳим буйруқларини амалга ошириш, ҳамда "сизларга ўз амалларингиз, бизга ўз амалларимиз, сизларга ўзларингизни динингиз, бизга ўзимизнинг динимиз” деган оятларини ҳаётга тўла татбиқи ҳам айнан инсоннинг ихтиёрига, эркинлигига ҳар хил, кўп ҳолларда гўё диний баҳоналар билан тажовуз қилинишидан сақлайди. Айнан шу қонун, қоидаларнинг жамият ҳаётида тўла жорий қилиниши инсонларнинг ўзаро гўзал муносабатларини, ҳар бир инсоннинг ўзини эркин, ҳуқуқлари ҳимоя қилинган, ҳар хил тазйиқлардан озод, дахлсиз сезиб, бахтиёр ҳаёт кечиришини таъминлайди . Дарвоқеъ, айнан шу қонун, қоидаларни жамият ҳаётига самарали татбиқ этганлари туфайли Ғарб давлатлари ҳар томонлама юксак натижаларга эришганликлари исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Бинобарин, сон-саноқсиз оқимлару ҳизбларга бўлиниб олган ислом жамияти Аллоҳ таолонинг амрларига, оятларига хилоф равишда, "гўё яхши ниятда” бир-бирларини текширишлари, тинмай бир-бирининг ортидан жосуслик, бадгумонлик ва ғийбат қилишлари туфайли ички зиддиятлар ботқоғига ботиб, мутлақ носоғлом муҳитни юзага келтираётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ғарбнинг, демократия номи остида айнан ислом қонун қоидаларини жорий этаётганидан қайтанга хурсанд бўлиш, уларнинг тайёр тажрибаларидан оқилона фойдаланиш, ислом асосларига тўғри келмайдиган ортиқчаликлардан тозалаб демократияни жамият ҳаётига татбиқ этишга ҳаракат қилиш лозим. Ҳар хил баҳоналар билан, мутаассиблик қилиб, юксак, намунали жамият қуриш йўлида "велосипедни қайтадан кашф қилишга” уриниб, умматни сароб ортидан югуртириб, орқага тортиш - жаҳолатдан бошқа нарса эмасдир. Барча мусулмонларнинг бошини бирлаштириб, муайян мақсад сари етакланмаса, ҳаракат қилинмаса, ҳар қанча яхши ният, дуохонлик, шаклпарастлик қилинмасин, айтарли натижа кутиш - ақлсизликдир. Умматни юксалтиришда дунёнинг илғор халқлари тажрибаларини ўрганиш лозим. Дадил айтиш мумкинки, ислом умматини ҳам Европанинг юксалишига сабаб бўлган демократик асослар; инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, ишни ҳақиқий лойиқ эгасига топшириш имконини берувчи сайлов системаси ва бошқа муҳим тадбирлар юксалтира олади. Бу тадбирларнинг бирортаси исломнинг асосларига, мақсадларига зид келмайди. Балки булар, Аллоҳ таоло инсонларга ишониб топшириб қўйган ер юзидаги халифаликни чиройли адо этиш тадбирларидир.
ДАВОМИ БОР...
|
Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (26.12.2010)
|
Просмотров: 856
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
 |
Facebookдаги адрес |
|
 |
 |
Меъморий обидалар |
|
 |
 |
Ўзбеклар Уюшмаси |
|
 |
 |
Сайт бўйлаб излаш |
|
 |
 |
Статистика |
Онлайн всего: 1 Гостей: 1 Пользователей: 0 |
 |
|