Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

ҲАБИБУЛЛО ҲАКИМ. ҲАЁТ ВА ҲАҚИҚАТ


1.ТАРҚОҚЛИК

  Тарқоқликнинг сабаби Аллоҳ-таолонинг "вала тафарроқуу”-"фирқа-фирқа бўлманглар” деган буйруғига енгил қараш ва Пайғамбаримиз с.а.в.нинг "Динда қаттиқлик қилманглар, дин сизларни синдириб қўяди” деган сўзларини тушунмаслик ёки тушуниб туриб, унга амал қилмасликдир.
  Парвардигор ислом динини бутун ер юзига раҳмат қилиб юборгани ҳолда, айнан шу динни мусулмонларни бўлиш воситаси қилиб ишлатаётган сон-саноқсиз оқимлар раҳнамолари энг даҳшатли хиёнат соҳибларидир десак муболаға бўлмайди. 
  Пайғамбаримиз с.а.в.дан, диндан мутлақо бехабар қавм элчилари келиб, исломга кириш ҳақида сўрашганда, фақат рукнлар ва фарзларни ўргатганлар, ҳаромлардан қайтарганлар, ҳамда дарҳол ортларига қайтиб ўз қавмларини ҳам шу йўлга бошлашни буюрганлар.  
  Ҳеч бўлмаса бирор ой Мадинада, мусулмонлар орасида яшаб, исломий ”масалаларни” ўрганишга буюрган эмаслар. Бугунги кунда диний масалавозлик шу қадар кўпайганки, ўн йиллаб ўқиб ҳам тугатиб бўлмайди ва ҳар бир масалада бир неча хилдан фатволар мавжуд.  
  Уламоларимиз эса муҳимни номуҳимдан, зарурни нозарурдан ажратиб, барчани бир мақсад, бир йўналишга бошлаш ўрнига майда масалавозлик, эҳсонхўрлик ва шаклпарастлик билан машғуллар. Агар олимларимиз Аллоҳнинг "вала тафарроқуу” деган буйруғини биринчи ўринга қўйганларида эди, нари борса нафл ёки мустаҳаб амал учун умматни фирқа-фирқага бўлмаган бўлардилар.  
  Демак, фарз бўлган бирлик, якдиллик, аҳиллик масалаларини барча нарсадан муҳим, долзарб, актуал масала деб қараш керак. Шундай тушунча нури остида қарасангиз, бугунги ихтилофлар сабаби бўлаётган соқол, кийиниш, ташқи кўриниш, мусиқа каби масалалар нақадар арзимас нарсалар эканлиги аён бўлади. 
  Зеро, шу арзимас, номуҳим нарсаларни дин деб қаттиқ ушлашлик мусулмонларнинг бирлигини, шавкатини синдириб қўйгандир.
  Мусулмонлар орасидаги барча ички зиддиятларнинг сабаблари ҳам шу майда масалалардир. Афсуски, аксар калтафаҳм "шайхул-ислом” уламолар шу майда масалаларни, ўзларининг бор иқтидорларини ишга солиб, энг муҳим, ҳал қилувчи масала даражасига кўтариб кўпчиликни чалғитмоқдалар.


2.ШАКЛПАРАСТЛИК ВА РИЁКОРЛИК
  Мусулмонлар таназзулининг иккинчи сабаби шаклпарастлик ва риёкорликдир. Мусулмонлар орасида вабодек кенг тарқалган шаклпарастлик ва риёкорлик шу қадар сингишиб кетганки, улардан воз кечсалар, ўзларини гўё, мутлақо динсиз бўлиб қолгандек сезадилар. Мусулмонларнинг Аллоҳ тарафидан асосий қомус қилиб юборилган китобига бўлган муносабатлари масаласини олиб кўрайлик. Саҳобалар, "Аввал шунга амал қилиб олайлик” деб, бир кунда ўн оятдан ортиқ Қуръон эшитишмаган...
  Аксар мухлис ота-оналар иқтидорли болаларини мактаблардан чиқариб олиб, Қуръон ёдлаш марказларига, қориларга топшириб, боланинг 5-10 йиллаб умрини бир томонлама ўтказмоқдалар. Мактабни ҳам ўқимаган бундай чаласавод қоракалардан ислом умматига келажакда қандай манфаат бўлиши мумкин? Ваҳоланки, намозларга ярагудай Қуръон ёдлаш фарз, лекин Қуръонни тўла ёд олиш – мустаҳаб амалдир. 
  Ўз даврининг анчагина илғор фикрли олими бўлган Андижонлик Раҳматулло аллома 70-80 йилларда шаклпарастлик ва риёкорликка қарши бирмунча самарали ҳаракатлар қилган эдилар. Афсуски, устознинг ҳалокатидан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай;
  -"Қуръонни ўликларга ўқиш учун эмас, тирикларни ҳидоят қилиш учун туширилган”-, 
  -"Қуръонни кўр-кўрона ёдлаш шиша идиш устидан асал ялашга ўхшайди”-,
  -"Қуръон ўқиш эвазига пул олиш ҳаром”- деб юрган баъзи бир, энг яқин шогирдлари ҳам шаклпарастлик ва риёкорлик домига шўнғиб кетдилар ва олғирликда, таъмагирликда бир вақтлар ўзлари танқид қилиб юрган мутаассиблардан ҳам ўзиб кетдилар...
  Дин пешволарининг бундай тутуруқсизлиги ва қатъиятсизлигидан ҳафсаласи пир бўлган ёшлар ўзларини дуч келган, баландпарвоз сўзловчи, янги чиққан оқимларга урдилар. Натижада Ваҳҳобий, Салафий-Халафий, Ҳизбий (ҳизбут-таҳрир), Акрамий, Ихвон каби ҳар хил оқимлар пайдо бўлди. Бу оқимларнинг ҳар бири фақат ўзининг йўли ва ҳаракатлари тўғри эканини исбот қилмоқчи бўладилар ва қандайдир мавҳум "нусрат”, ғалаба келишини башорат қиладилар...
  Шу ўринда бу оқимларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб, уларга баҳо бериш, камчиликларини санаш мақоми эмас. Лекин шуниси аниқки, уларнинг бирортаси ҳам ислом миллатини бугунги таназзулдан чиқариш, бирлаштириш, шон-шавкатини тиклаш, маънавий ва иқтисодий юксалтириш вазифасини мақсад қилмайди. 
  Бу оқимлар таъсирига тушиб қолганлар орасида соф ниятли, холис, иймонли кишилар кўп. Улар билан баҳслашиш, уларнинг йўлини хато эканини исботлаш, хом ҳаёллар билан ўзларини алдаб юришганини, аслида бу оқимларнинг бари ўз эргашувчиларининг фикр доирасини торайтириб, охир-оқибат боши берк кўчага олиб кириб қўйишини тушунтириш шарт эмас. Фақат уларга дунёю-охират учун фойдали, бугунги кун талабига мос, ислом умматини ва Аллоҳ калимасини олий қилувчи муайян дастурни кўрсатиб бериш лозим.  
  Энди маҳаллий муаммоларни қўйиб, кенг кўламда мулоҳаза юргизайлик. Ислом дунёси учинчи дунё деб аталади, бошқача қилиб айтганда учинчи сорт. Холис олиб қараганда, ҳақиқатда аксар мусулмонлар шу баҳога лойиқ. 
  Кундалик ҳаётимизда ишлатаётган, ҳаётимизни уларсиз тасаввур қилиш қийин бўлиб қолган барча нарсалар, техник, электроник асбоб-ускуналарни ғайриислом халқлар ишлаб чиқармоқда. Ер юзидаги энг адолатли, инсофли, маънавий ва иқтисодий юксак жамиятлар ҳам ғайриислом юртларда. Ислом юртларида эса адолатсизлик, инсофсизлик, маънавий ва иқтисодий таназзул, ривожланган ғарб давлатларига сиёсий ва иқтисодий қарамлик ҳукм сурмоқдаки, бу ҳеч кимга сир эмас.
  165 миллион аҳолига эга Покистон давлатини олиб кўрайлик. Баъзи маълумотларга кўра 7 миллион мураттаб қорилари бор, диний илмвозлик ниҳоятда ривожланган. Лекин давлат тўла сиёсий ва иқтисодий мустақилликка эга эмас. Америка қўлида қўғирчоқ давлат. Бунинг устига кунора теракт, сон-саноқсиз мусулмонларнинг қони тўкилмоқда.  
  Агар дунё халқларини бир отанинг фарзандларига ўхшатсангиз, нефть долларларига чўмилаётган араблар, оилага ҳеч қандай наф келтирмайдиган, аммо отасининг яшириб қўйган ҳазинасига йўл топиб олиб, пулни беҳуда совураётган ношуд ўғилларга ўхшайдилар. 
  Маълумки, аксар аҳолиси мусулмон бўлган қолоқ давлатларда жуда кўп мусулмонлар қашшоқ ҳаёт кечирмоқдалар. Европа банклари, сон-саноқсиз хайрия ташкилотлари, дини, эътиқоди, миллати бутунлай бошқача бўлишига қарамай, уларга дори-дармон, озиқ-овқат бериш, касалхоналар, мактаблар, йўллар, водопроводлар ва бошқа халққа керакли иншоотлар қуриб бериш билан ёрдам бермоқдалар...
  Бутун дунёда пулни ўта ножўя сарф қилувчилар тимсолига айланган араб шайхлари эса, катта-катта маблағларини мусулмонлар ҳаётини, иқтисодини кўтариш учун эмас, балки Европанинг футбол клублари, ёки бошқа кўнгилочар муассасаларига ишлатмоқдалар. 
  Агар улар Америка ва Европа банкларига қўйган, Америка ва Европа иқтисодига хизмат қилаётган беҳисоб маблағларини ислом юртлари иқтисодиётига ётқизганларида эди, иқлими мўътадил, ерлари серҳосил бўлган, географик жиҳатдан жуда қулай ерларга жойлашган ислом юртлари бу қадар қолоқликда яшамаган бўлардилар. 
  Қолаверса, муғомбир ва айёр Америка ҳамда Ғарб иқтисодчиларининг "умумжаҳон кризиси” деб атаётган иқтисодий ўйинлари туфайли бор сармояларидан айрилмаган ҳам бўлардилар...


3.ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ МАСАЛАСИ.

  Ғарб давлатларининг ҳозирги юксак маънавий ва моддий даражасига етишида муҳим роль ўйнаган инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам ислом юртларида ачинарли аҳволдадир.
  Ҳаж сафарида Маккаи-Мукаррамадаги меҳмонхона хизматчиси, бир ўзбек йигити билан суҳбатлашиб қолдим. У ўзининг Саудия Арабистонида туғилганига қарамай, ота-онаси Афғон фуқаролиги паспортида бўлгани учун Саудия фуқаролигини олиш ҳуқуқи йўқлигини, бошланғич таълим олиш ҳуқуқи бор, лекин юқори ўқув жойларига қабул қилинмаслиги, иқомасини (прописка) янгилаб туриш учун Саудия фуқароси бўлган кафилига муттасил пул бериб туриши лозимлиги, енгил машинадан бошқа каттароқ мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтиб берди...
  Ғарб давлатларида оддий ҳаёт тарзига айланган фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, инсон хуқуқи ҳурмати масалалари ислом юртларида жуда ачинарли аҳволда. Шунга қарамай, беҳисоб ислом уламолари мавжуд ижтимоий-сиёсий долзарб проблемаларни ечиб, халқ дардини тузатиш мавзусида эмас, Ғарб давлатларидаги баъзи камчиликларни бўрттириб кўрсатиб, халқларни сабрли, шукрли ва тақволи бўлиш зарур каби даъватлар билан мавжуд золим ҳокимларга бўйсиндириш мавзусидагина китоблар ёзадилар. 
  Аксар диний дарсларнинг ўта реакцион таъсири остида, биз ҳам бир вақтлар инсон ҳуқуқлари масаласини шайтон тегирмонига сув қуювчиларнинг ниқоби, яъни инсоннинг ҳар қандай гуноҳни қилишига бўлган ҳуқуқи деб тушунар эдик. Ҳозирги кунда 40 миллиондан ортиқ мусулмоннинг Ғарб давлатларида эътиқод ва урф-одатларига ҳеч қандай тажовузсиз, эркин, хотиржам, мамнун яшаётгани бизни ўз қарашларимизни кескин ўзгартиришимизга мажбур этади.
  Инсон Аллоҳ таолонинг энг мукаррам махлуқидир.
  Махлуқнинг махлуққа сажда қилиши ақлан-да, шаръан-да мутлақо ножоиз бўлсада, Парвардигорнинг фаришталарни Одамга сажда қилишга буюргани, инсоннинг инсонлигини ўзи жуда катта ҳурматга лойиқ эканини, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эса ақлан ҳам, шаръан ҳам вожиблигини англатади. 
  Ирқи, дини, ранги, миллати қандай бўлишидан қатъий назар, аҳолиси Аллоҳнинг иноятини, ўзининг мукаррам инсон эканини тўла ҳис этган ҳолда яшаётган Ғарб давлатларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тажрибаларини ислом юртларида ҳам қўллаш зарур. Бу ислом миллати ва Аллоҳ розилиги учун хизмат қилиш ниятидаги ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. 
  Зеро, Аллоҳнинг Оламлар учун раҳмат қилиб юборган энг охирги ва мукаммал Динини инсонлар орасини бузиш, фитна қўзғаш воситаси қилиб олиш - энг даҳшатли ва шармандали хиёнатдир.
   


  4. ДУНЁВИЙ ИЛМЛАРГА ЭЪТИБОРСИЗЛИК  

  Тарихда ислом юртларидан Ибн Сино, Беруний, Форобий, Фарғоний, Хоразмий, Замахшарий каби оламга машҳур, инсоният тарихида ёрқин из қолдирган буюк олимлар етишиб чиққан. Аммо охирги 3-4 аср орасида мусулмонларнинг дунёвий илмларга бўлган эътиборлари ниҳоятда сусайиб кетди. Мусулмонларнинг дунё ҳамжамияти орасидаги ўрнининг энг паст даражага тушиб қолишининг асосий сабабларидан бири ҳам, айнан шу дунёвий илмларга эътиборсизликдир.
  Пайғамбаримиз с.а.в. биргина китобнинг (Қуръоннинг) асосий кўрсатмаларини сингдириш йўли билан қисқа вақт ичида, тўлақонли ислом жамиятини барпо этган бўлсалар, ҳозирги кунда миллионлаб диний китоблар ёзилганки, улар орасидан бутун умрини исломни ўрганишга сарфлаган алломалар ҳам, умматни бирлаштирувчи, юксалтирувчи, лўнда, аниқ дастурни тополмай, адашиб-улоқиб, бирининг гапи бирига тўғри келмай, ўзлари ҳам чалғиб, умматни ҳам чалғиб кетишига сабаб бўлмоқдалар.
  Тўғри, ислом олимлари орасида устоз Қарзовий сингари дунёвий илмларнинг аҳамиятини тушунган илғор фикрлилари ҳам мавжуд. Лекин кўпчиликни ташкил этган калтафаҳм "алломалар”, мусулмонларнинг дунёвий илмларга берилиб кетиши диний илмларнинг эътиборсиз қолиб кетишига сабаб бўлади деган хато тушунча билан дунёвий илм ўрганишга ҳеч кимни тарғиб этмайдилар.
  Аксинча, дунёга берилмаслик, тақво, "диний илмларни пухта ўрганиш лозим” каби баҳоналар билан дунёвий илм ўрганиш аҳамиятини пасайтириб тескари ташвиқот қиладилар.
  Бундай хато тушунчалар натижасида ислом уммати бугунги кунда охирги сорт, жоҳил, қолоқ, террорист умматга айландики, энди илғор, юксак технология илмларини ўрганиш учун ўша ғайридин Ғарб оламига юкиниб, илм ўрганиш учун боришдан бошка чораси йук. 
  Хатто, номусулмон аҳолисининг аксари ароқхўр бўлган Россия давлати ҳам илғор дунёвий илмлар ва юксак технология соҳасида ислом юртларидан камида 50 йилга ўзиб кетганини қандай тушуниш мумкин???
  Бонг уриб, иқтидорли ёшларимизни дунёвий илмларни ўрганишга чақириш вақти етмадимикин??? 
  Барча имкониятларни ишга солиб ёшларни дунёвий илм чўққиларини эгаллашга сафарбар этиш лозим!!!  
  Аллоҳ учун, уммат учун хизмат қиламан деган ҳар бир мусулмон эркагу-аёл, ўзининг бор имкониятини, эътиборини, ҳимматини шу мақсад сари йўналтириши керак. Аксар дин пешволарининг ўз бозорларини қиздириш учун "бугунги таназзулнинг асосий сабаби айнан диний илмларни яхши билмасликдир” деган сафсаталарига қулоқ солмаслик зарур.  
  Чунки Пайғамбаримиз с.а.в. бирор китобсиз, тўрт оғиз гап билан тушунтириб, барчани бошини бирлаштирган динни, умматни парчаловчи, қолоқликка тортувчи сон-соноқсиз оқимлару-мазҳабларга айлантириб юборганлар ҳам шу калтабин дин пешволаридир...
  Тўғри, ҳозирги кунда давлатнинг иқтисодий имконияти озлиги туфайли мактаблардаги таълим сифати жуда пасайиб кетган. Лекин шароит йўқлигидан зорланиб, шикоят қилиб, ожизона ўтириш ўрнига, астойдил, Аллоҳ учун ҳаракат қилинса, мактаблардаги ўқиш сифатини кўтариш учун беҳисоб имкониятлару воситалар мавжуд. 
  Жумладан, юқори сифатли илм берувчи хусусий мактаблар, боғчалар очиш, иқтидорли болаларни қўллаб қувватловчи, дунёнинг энг олий ўқув юртларига бориб таълим олиб келишларига, таълим системаси сифатини яхшилашга ёрдам берувчи хайрия жамиятларига ҳисса қўшиш, ҳар хил исрофгарчилик, дабдабавозлик, ҳашаматлар учун ноўрин ишлатилаётган беҳисоб маблағларни, тушунтириш йўли билан келажак авлодни юксалтириш, ислом умматини кўтариш учун Аллоҳ йўлида ишлатишга ундаш ҳар бир миллат учун қайғурувчи одамнинг бурчидир.
  Зеро, ҳар бир миллатнинг юксалиши ўз ҳаракатига, интилишига боғлиқ.
  "Албатта Аллоҳ ўзлари ўзгартирмагунларича қавмнинг бирор нарсасини ўзгартирмайди”. Раъд сураси, 11- оят.  
  Аллоҳ Таоло ўзининг Одил сифатига мувофиқ, мажусию-ғайридинларга бергани қатори, ноёб қобилиятли фарзандларни ислом аҳлига ҳам беради. Лекин ўзимизнинг ношудлигимиз, лоқайдлигимиз, калтабинлигимиз туфайли шундай буюк неъматлар исроф бўлмоқдаки, Аллоҳ олдида бундан барчамиз тенг жавобгармиз. 
  Ваҳоланки, умматнинг қадрини, қудратини, шон-шавктини қурган ҳашаматли уйлари ва қилаётган дабдабали тўйлари, риёкорона эҳсонлари эмас, балки фарзандлари орасидан етишиб чиқадиган, ўз миллатига, юртига, қолаверса, бутун инсониятга нафи тегадиган кашфиётлар қилувчи буюк инсонлари кўтаради. 
   

5.АЁЛЛАР МАСАЛАСИ

  Мусулмонларнинг аёлларга нисбатан қарашлари ҳам анчагина ислоҳотларга муҳтождир. Ўзини тақводор санаган кўпгина одамлар ўзларига қарашли аёлларни уйдан чиқармай, жамият ҳаётига иложи борича аралаштирмай яшаб ўтиши зарур деб ҳисоблайдилар. Иқтидорли қизларини ҳам мактабларда яхши ўқитмай, мактабдан чиқариб олиб, эрта кундан эрга бериб юбориш пайида бўлишади.  
  Эҳтиёжлари тушиб қолганда эса, тақвони бир чеккага суриб қўйиб, эркак мутахассисларга аёлларини кўрсатишга мажбур бўладилар. Кўча кўрган, ўқиган аёллар тили узун, эрга итоатсиз бўлиб қолади деган баҳоналар бор. Лекин, мактабни ҳам ўқимаган чаласавод аёлларнинг эрларига гапини ўтказиб, риёкорона, дабдабали, чек-чегарасиз исрофгарчилик билан маросимлар қилдираётгани, эрлари эса муроса учун қулоқ қоқмай хотинларининг айтганларини бажо келтираётганлари ҳеч кимга сир эмас.
  Тақдир тақозоси билан бир қанча вақт Тошкент шаҳрида умргузаронлик қилдим. Ўзини тақводор санаган, диний доираларга хос, аёллари "кўча кўрмаган” оилалардаги бўлар-бўлмас баҳоналар билан уюштирилаётган маросимлардан бир мисол:
  Бир йил илгари ҳаммаси ҳижобли, тақводор аёллар бўлган бир "чарларда” анчагина очиқ фикрли, илмли бир меҳмон аёл, маросимдаги ортиқча дабдаба, исрофгарчиликлар учун Аллоҳ олдида шу ердагиларнинг ҳаммаси жавобгарликлари, аёллар ўзларининг туганмас талаблари, инжиқликлари билан эркакларни ҳам қийнаб шундай беҳуда маросимлар қилдиришаётгани, бир ўтиришда 1-2 хил овқат етарли бўлгани ҳолда, 10-15 хил таом тарқатилиши мутлақ ножоиз, ҳаромлиги ҳақида куйиб-пишиб гапирди. "Кўча кўрмаган” тақводор аёллар, ёш келинлардан тортиб кайвони кампирларгача барча-барчаси бошларини сарак-сарак қилиб, тўғри, жуда тўғри деб тушунгандек тасдиқлаб ўтирдилар....
  Фалак айланиб айнан шу хонадонда бир йилдан кейин, узатилган қиз, фарзанд кўриб уйига келиш маросими, ”чиллагузарон” маросимидаги ҳолат; 
  Меҳмонлар ҳам айнан аввалги маросимда қатнашганлар.  
  Дастурхон аввалгиданда тўкис. Исрофгарчилик ҳам, овқатларнинг тури ҳам аввалгидан зиёда. Ёшу-қари, ҳижобли, тақводор,”кўча кўрмаган” аёллар гўё ҳеч қандай насиҳат эшитмагандай, икки гапнинг бирида Аллоҳ, Худо деб, уй эгасини алқаб, мезбоннинг "ўта саҳийлик” билан тарқатган қўша-қўша саруполарини ҳам олишиб, меҳмондорчиликни ўтказиб тарқадилар...
  Эшитган насиҳатини англаб, фаҳмлаб, ҳаётига татбиқ этиш кераклигига онги етмайдиган бундай онгсиз тақво кимга керак? Пайғамбаримиз замонидаги бор-будини Аллоҳ йўлида, уммат равнақи йўлида сарфлаган, ҳатто фарзандининг жиҳоддан шаҳид бўлмай, соғ-омон қайтиб келганидан хафа бўлиб ўкинган фидойи аёллар қайда-ю, бизнинг сохта тақводор, онгсиз, эшитган насиҳати қумга сепилган сувдай изсиз, бетаъсир йўқолиб кетаётган дунёпараст, маишатпараст аёлларимиз қаерда? 
  Миллатимиз табиатига ўрнашиб, сингишиб кетган шаклпарастлик, риёкорлик, иккиюзламачилик болаларимизга она сути билан кириб қолмаяптимикан? Демак, аввало болалари ва ҳатто эрлари тарбиясида асосий роль ўйнаётган аёлларимиз ўнгланмас, онги ошмас экан, жамиятимиз ўнгланиши амри маҳол.  
  Бинобарин, бундай бесавод аёллар қандай қилиб келажак авлодни етук даражадаги ақлли, фикрли, инсонпарвар, комил инсон қилиб тарбиялаши мумкин? Бугунги жамиятимизнинг ҳар томонлама қолоқ, жоҳил, янгиликка интилмайдиган, ким қаёққа етакласа кетаверадиган, калтафаҳм, фикрсиз бўлиб қолганининг сабаби, сарчашмаси ҳам шу бўлса ажаб эмас.  
  Қуш уясида кўрганини қилади деб бежиз айтилмаган. Қачонки онг, заковат, фаҳм-фаросат, илмнинг қадрига етиш болаларимизга она сути билан кирса, жамиятимизнинг ўнгланиши, қолоқлик, жоҳиллик ботқоғидан чиқиши осонроқ бўлар эди.  
  Зотан, бу дунё синов-имтиҳон дунёсидир. Синовнинг ҳикмати - жамиятга ҳеч қандай фойда келтирмай уй тутқуни бўлиб ўтиш билан эмас, балки, жамиятга аралашиб, тараққиётга қўлидан келганича ўз ҳиссасини қўшиб, жамиятни ҳам ўнглаб, ўзи ҳам покиза ҳолда ўтишда эмасми?  
  Аксар диндош биродарларга ҳайрон қоламан. Бирор жойда ҳижобли, имонли аёлнинг ишлаётганини кўрсалар, тасанно айтадилар. Лекин ўз қизларини шундай илмли мутахассис қилиб ўқитишга журъат этолмайдилар. Натижада эътиқодли қиз-аёллар жамиятни ўнглашга ҳеч қандай таъсир кўрсата олмай, жамият бузилиб кетаётганидан шикоят қилишдан нарига ўтмай, фаол ҳаётдан четда қолмоқдалар.  
  Токи, иймонли қиз-аёлларимиз ҳам жамият ҳаётининг ҳамма жабҳаларида актив ҳаракат қилиб, тизгинни қўлга олмас эканлар, жамият ҳам, оила ҳам ўнгланмайди.


6.ЛОҚАЙДЛИК ВА МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК

  Замондош мусулмонларнинг ижтимоий ҳаёти ўнгланмаётганига сабаб бўлаётган яна бир ҳислат- лоқайдлик ва масъулиятсизликдир. Бундай кайфиятнинг одамлар табиатига ўрнашиб қолганининг сабаби - дин пешволарининг исломий дунёқарашни нотўғри талқин қилишидир. Аллоҳ-таоло Мулк сурасининг 2 оятида;
  -"Аллоҳ ўлим ва ҳаётни қай биринглар яхшироқ амал қилишларингни синаш учун яратди.”- деб, яшашнинг асл моҳияти - иложи борича яхшилик қилиш эканини айтади. 
  Одамлар ўз ҳаётлари, жамиятлари, миллатлари, юртларини обод қилиб, Аллоҳнинг ердаги ҳақиқий халифаси бўлишлари учун, ўзлари ва фақат ўзлари ҳаракат қилишлари кераклигини -"Албатта Аллоҳ ўзлари ўзгартирмагунларича, қавмнинг бирор нарсасини ўзгартирмайди”- деб очиқ-ойдин баён қилади.  
  Афсуски, асосий амаллари умматни аллалаб, ухлатиб, уммат устидан кун кўриб яшашга ўрганган дин пешволари, халқни ҳаракатга, изланишга, янгиликка, бор имкониятлару-маблағларни бугунги долзарб проблема - қолоқлик ва таназзулдан чиқиш йўлларига сарфлашга ундаш ўрнига, минг бир ривояту-ҳадислар келтириб, ҳатто Қуръон оятларини ўзларига мослаб тафсир қилишиб, авом халқни ҳам, ўзларини ҳам алдаб келмоқдалар. 
  Бу аччиқ ҳақиқатларга баъзилари, "Тўғри, кўпчилик шундай, лекин биз ундоқ эмасмиз” деб, ўз эргашувчиларини қўлдан бермаслик учун сўзамоллик қилишлари мумкин. Бироқ мен ўз ҳаётимнинг қирқ йилини Ўрта Осиёдаги энг машҳур дин пешволари орасида ўтказиб шунга амин бўлдимки, улар орасида кибрдан холи, қалб кўзи очиқ, завқи салимга (соғлом дидга) эга, динни ҳам, дунёни ҳам яхши тушунадиган, интеллектуал тўкис, умматни бошқа халқлар орасидаги тутган ўрни ҳақида қайғурадиган, Аллоҳ олдида ўз масъуллигини сезадиганини жуда кам топдим. 
  Биз Аллоҳ айтган энг яхши уммат бўлишимиз учун, қачон, қаерда бўлмасин, яхшилик, хайрия қилишга, уммат ва жамият учун фойдали ҳар қандай тадбир ва воситаларга ёрдам беришга, "Мен қилмасам, унда ким?”деб шошилишимиз, ҳисса қўшишимиз, лоқайдлик ва масъулиятсизликни ташлашимиз лозим. 
  Мен бир саҳифада Америка хайрия жамиятлари ҳақида рус мутахассисининг мақоласини ўқиб қолдим. Америкаликларнинг 90%и хайрия қилиш билан шуғулланар экан. 2001 йили ҳар бир америкалик оила 1620 доллардан хайрия жамиятларига топширган. 95% америкалик, агар бевосита ёрдам сўралса, қуруқ қайтармай хайрия қилар экан. Хусусан, черков ва масжидларга қатновчи диндор америкаликлар бу хусусда бошқалардан янада фаолроқ экан...
  Кимўзарга қилинаётган риёкорона, дабдабали, ножўя маросимларда тўрга чиқиб, олган тугуну-пуллардан мамнун, маросим эгасини маддоҳларча алқаб, эҳсонлари яна ҳам зиёда бўлишини сўраб қилинаётган дуоларга алданмаслик керак. 
  Ҳақиқий эҳсон, ҳақиқий хайрли иш - ўнг қўл берганини чап қўл билмайдиган даражада бериё тарзда, умматни ривожлантирадиган, келажакнинг эгаси бўлган ёшларнинг илм савиясини, хулқини, дунёқарашини ўнглайдиган, ўзини ҳаётнинг эгаси, Аллоҳнинг ердаги халифаси деб биладиган ва шунга яраша фаолият юритадиган қилиб тарбиялаш йўлида сарфлашдир... 
  Зотан, ҳар бир одамни охиратда иймони ва албатта қилган холис, яхши, хайрли ишлари қутқаради...

ДАВОМИ БОР...
Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (26.12.2010)
Просмотров: 885 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Понедельник, 10.02.2025, 20:48
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2025
Сделать бесплатный сайт с uCoz