Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

ҲАБИБУЛЛО ҲАКИМ. ҲАЁТ ВА ҲАҚИҚАТ


СЎЗ БОШИ
   
  "Ҳаёт ва ҳақиқат” китоби мусулмонларнинг бугунги муаммолари, келажак авлодни, қизларни мактабларда яхши ўқитиш, мактаблардаги таълим сифатини яхшилашга ҳаракат қилиш, ички зиддиятларни йўқотиш, инсон ҳуқуқлари масаласи, бошқа динлар одамлари билан яхши муносабат ўрнатиш, демократиянинг мусулмонлар ҳаётидаги ўрни, мусулмонларнинг демократик принципларни қўллашлари ислом асосларига мувофиқ ва зарурлиги ҳақида ёзилган. Ҳозирги кундаги энг долзарб масала - ислом ва терроризм ҳақида фикрлар билдирилган. Терроризм исломнинг принципи эмас, исломни нотўғри тушунган ва тушунтираётган ғаламис одамларнинг принципи экани исботлаб берилган. Китобнинг охирида бу муаммоларни йўқотиш учун қилиш керак бўлган ишларнинг дастури берилган.
  Бу китобнинг чиқиши мамлакатимизда ривожланган демократик давлат мустаҳкамланишига ёрдам қилади деб умид қиламан.
  Охирги маҳаллардаги, одамлари тинчликсевар шундай жаннатмакон юртимиздаги террористик хуружлар, безовталиклар мени бу масалани чуқурроқ ўрганиб, асримиз вабосига айланиб бораётган терроризмнинг кўпайиб бораётгани, ҳамда саломатлик, инсонпарварлик дини бўлган ислом динидаги юртдошларимиз орасидан бу касалга чалинганлар сони кўпайиб кетаётганининг сабабларини диний ва дунёвий нуқтаи назардан таҳлил қилиб чиқишга, ўз хулосаларимни сизлар билан ўртоқлашишга мажбур этди. Қуйида мусулмонларнинг айнан бугунги кундаги муаммолари ва уларни бартараф этиб, дунё ҳамжамияти орасида муносиб ўрин эгаллашлари учун қилиш керакли бўлган ишлар ҳақида ёзилган китобимни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.  
   
  Ҳабибулло Ҳаким  
  "Science progress” халқаро  
  (таълимни ривожлантириш)
  хайрия фонди раиси

МУҚАДДИМА

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
   

  Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу алаа росулиллаҳ.

  Ассалому алайкум муҳтарам ўқувчи.  
  Дунё ва дин илмларини ўқиб, тушуниб, фикрлаб, ислом оламидаги мавжуд камчилигу нуқсонларни баҳоли қудрат таҳлил этиб, ўз фикрларимни сизлар билан ўртоқлашиш учун бу рисолани ёздим. Ислом оламидаги жиддий маънавий ва моддий таназзул ҳар бир қалби уйғоқ, соф ниятли, камтар, фикрли инсонни ўйлантирмаслиги мумкин эмас. Баъзи ўринларда, фикр-мулоҳазаларимнинг бир қадар қалтислиги сиз муҳтарам ўқувчини бироз чўчитсада, масаланинг ўта жиддийлиги туфайли китобни охиригача ўқийсиз ва холис баҳолайсиз деган умиддаман. 
  Ислом умматининг бугунги ҳолати ва келажаги, дунё халқлари орасидаги тутган ўрни, улар билан муносабати масалалари, мавжуд маънавий ва моддий таназзулдан чиқиш йўллари ҳақида сизларнинг ҳам қимматли фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламан. 
  Зеро, тақво - ислом умматининг камчилигу-нуқсонларини беркитиш, хаспўшлаш, тарафкашлик килиш эмас, балки қўрқмай бу камчилик ва нуқсонларга тик қараб, холис анализ килиш ва уларни ўнглашга ҳаракат қилиш демакдир. 
  Тўғри, Ислом дини, Қуръони карим араб тилида нозил бўлган. Аксар толиби-илм юртдошларимиз диний мавзуда фақат араб уламолари гапиришга, фикр билдиришга ҳақли деб ҳисоблайдилар ва фақат ўша тарафдан келган китобларни, фикрларни тан оладилар. Ҳолбуки, ислом умматининг бугунги аянчли аҳволга тушишида, исломий таълимотга эгаликни монополия қилиб олган араб уламоларининг "хизматлари” катта бўлганини ҳам унутмаслик лозим. 
  Аслида бу ДИН бутун оламга раҳмат бўлиб келган ва шу РАҲМАТ номига муносиб ҳолатда бўлишига, миллати ва ирқидан қатъий назар, ҳар бир соф ниятли, зиёли, фикрли, соғлом ақл эгаси ўз ҳиссасини қўшишга ҲАҚЛИДИР.

  Аллоҳ бизни яхши мақсадларимизга етишимизни муяссар айласин.

ИСЛОМ ВА ЗАМОН

  Парвардигори Олам Одамни лойдан яратиб "Мен ер юзида халифа (ўринбосар) яратувчиман” деди ва жамии фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрди. Барча фаришталар Аллоҳнинг амрига биноан Одамга сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, кибр қилиб, Аллоҳниг амрига бўйсунмай, Одамга сажда қилмади ва гуноҳкор бўлиб Аллоҳнинг қаҳрига дучор бўлди. Бу ҳолатга тушиш сабабини ўзидан кўрмай Одамни айбдор санаган кибрли Иблис то қиёмат Одамга душманликни, уни тўғри йўлдан адаштиришни ўзига мақсад ва касб қилиб олди. 
  Узоқ инсоният тарихи давомида, жуда катта илм ва имкониятга, ҳийла найранглар қилиш иқтидорига эга, одамзотнинг томирида қонга аралашиб юриб иғво қилиш қудратига эга шайтон, одамзотнинг жуда катта бахтсизликларига, сонсиз-адоқсиз бир-бирларининг ёстиғини қуритадиган қонли урушларига сабаб бўлди. Шайтоннинг инсонни аврашидаги энг муғомбирона, айёр услубларидан бири ёмон нарсани яхши, яхши нарсани ёмон қилиб кўрсатиш услубидир.
  Аллоҳ таоло инсонни шайтон иғвосидан қутқариш, Ўзи айтганидай ер юзида Аллоҳнинг ўринбосари деган унвонга лойиқ яшашини ўргатиш учун кетма-кет элчилар, набийлар, пайғамбарлар жўнатиб, тўғри йўлни кўрсатиб турди. Баъзи маълумотларга кўра, Аллоҳ таоло ер юзига 124 минг дан ортиқ пайғамбарлар юборган. Булардан энг охиргилари ва китоб берилганлари Довуд, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳис-саломлардир. Довуд алайҳис-саломга Забурни, Мусо алайҳис-саломга Тавротни, Исо алайҳис-саломга Инжилни нозил қилган. Охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳис-саломга охирги китоб Қуръони каримни нозил қилди.
  Шайтон ҳийлаларига алданмай, иймонли, мукаммал инсон бўлиб яшайдиган, дунёю охират саодатига лойиқ инсониятни тарбиялашда муҳим ролга эга бу китобларга ва пайғамбарларга иймон келтириш ислом шариатининг асосий шартларидандир.
  Пайғамбаримиз с.а.в. 23 йил ичида буткул диндан бехабар, бутпараст қавмларнинг ўзаро ички душманликларини, шу дин таълимотларини сингдириш йўли билан йўқотиб, бошини бирлаштириб, инсоният тарихида мислсиз намуна бўладиган жамиятни юзага келтирди. Инсонийлик, инсонпарварлик, ижтимоий адолат, сиёсат, иқтисод соҳаларида то қиёмат намуна бўларлик мукаммал жамият барпо этганини хатто бошқа динлар вакиллари ҳам инкор этолмайдилар.  
  Пайғамбаримиз с.а.в.нинг инсонпарварлик, умматга меҳрибонлик борасидаги хулқлари, саҳобаларни бир-бирига жон фидо қилар даражада дўст, улфат қилиб тарбиялаганликлари, Мадинада узоқ замонлардан бери рақиб, душман бўлиб келган Авс ва Ҳазраж қабилаларини шу исломий диний таълимотлар билан содиқ дўстларга, биродарларга айлантирганликлари барчага маълум.
  Росулуллоҳ с.а.в. ер юзида 14 аср илгари юксак даражадаги адолат мезонини ушлаган бир жамиятни барпо этди.
  Бинобарин, Аллоҳ таолонинг, закотни ислом ва мусулмонларга улфат қилиш мақсадида мушрик ва ғайридинларга бериш мумкинлиги ҳақидаги оятини амалга оширгани ҳолда, мушрикларнинг катталарига водий-водий қўйларни садақа қилганлари, бир яҳудийнинг ўлигини олиб ўтишаётганда, инсон зотига ҳурматан ўринларидан турганлари исломнинг моҳиятини, инсонпарвар, тинчликсевар, бағрикенг, мукаммал дин эканининг яққол ифодасидир...
  Исломий жамият аъзоларининг ўзаро гўзал муносабатлари асоси бўлган, Аллоҳ таолонинг "Эй мўъминлар кўп гумонлардан сақланинг. Чунки баъзи гумонлар оғир гуноҳдир. (Бировларнинг айбларига) Жосуслик қилиб юрманглар ва бир-бирингизни ғийбат қилманглар...” (Хужурот сураси 12 оят) деган кўрсатмаларини ҳаётга тўла татбиқ этгани сабаб юксак ахлоқли жамият барпо этди...  
  Ислом юртларидан жаҳон маданияти, илм-фани, тараққиётига салмоқли улуш қўшган жуда кўп олимлар, файласуфлар, шоирлар етишиб чиққан. Тарихнинг кўп қисмида ислом юртлари, мусулмонлар жаҳонда энг илғор, етакчи ролга эга бўлиб ўтганлар. Зеро, ислом динининг инсоният тарихидаги, тараққиётидаги ўрни жуда катта эканини ҳатто ислом динида бўлмаган одамлар ҳам сўзсиз тан оладилар...
  Бироқ бугунги воқеълик, ислом оламининг дунёдаги тутган ўрни, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий майдондаги мавқеъи одамни чуқур ўйланишга, изланишга мажбур этади.
  Айниқса кейинги 3-4 аср давомидаги ислом оламидаги ижтимоий-иқтисодий қолоқлик, таназзул, мусулмонлар ахлоқидаги жиззакилик, арзимас ихтилофлар туфайли нафс кўйига кириб, бир-бирларини асоссиз куфр ва муртадликда айблаш, "дин ҳимояси” шиори остида ўз шахсий эҳтиросларига берилиб эркин фикрлашга, изланишга бўлган ҳаракатларни бўғиш туфайли юзага келган носоғлом муҳит, битмас-туганмас ички зиддиятлар ислом жамиятини янада орқага кетишига сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. 
  Ваҳоланки, юксак ривожланган давлатларнинг шу даражаларга етишишида, маълум чегаралардан чиқмаган ҳолда эркин фикрлаш, ўз фикрларини баён этиш, эркин танқид қилиш, авторитаризм (обрўси баланд одамнинг мутлақ хато гапини ҳам тасдиқлайвериш)га йўл қўймаслик каби ижобий воситаларнинг роли жуда муҳимдир. 
  Шунга кўра, биз ҳам бир жойда, бир фикрда қотиб қолмай, диннинг асл ўзакларига, асосларига путур етказмаган ҳолда мавжуд проблемаларнинг, камчиликларнинг сабабларини излаш, таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш ҳақида эркин фикрлашга, изланишларга йўл беришимиз лозим...
  Кимдир танқиддан оқилона хулоса чиқариб, раҳмат айтиб, ўнгланишга ҳаракат қилар экан. Кимдир савиясининг пастлиги, фақат мақтов ва ҳушомадлар эшитишга ўрганиб қолгани сабаб танқидни душманлик деб ҳисоблар экан. Начора, ҳақиқат аччиқ, деб бежиз айтилмаган. Аллоҳ ҳеч кимни инсофдан айирмасин...  
  Маълумки, ислом дини Аллоҳ Таолонинг ер юзига юборган энг охирги ва мукаммал динидир. Шунга мувофиқ, ислом уммати ҳам, ҳар томонлама мукаммал, етук, Аллоҳ Таолло айтганидек "Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат” бўлиши, бошқалар учун ўрнак бўларли даражада яшашлари керак. Минг афсуски, мусулмонларнинг бугунги дунё ҳамжамияти орасидаги тутган ўрни ниҳоятда ачинарли. 
  Бугунги юксак технология даврида жаҳон сиёсати ва иктисодиётини "Катта саккизлик” давлатлари бошқармокда. Бу жараёнда ислом давлатларининг деярли таъсири йуқ. "Катта саккизлик” ўзининг навбатдаги йиғилишида ўз ҳарбийларининг Афғонистон ва Ироқда яна қанча вақт туришларини муҳокама килишар экан, бу масалада мусулмон давлатларининг фикри, уларнинг риояси ҳақида сўз ҳам бўлмади.  
  Ислом умматининг сон-саноғи катта бўлгани билан, бу қадар шон-шавкатини йуқотгани "мен мусулмонман” деган ҳар бир кишининг бағрини тилиши табиий. 
  Хўш, нима учун ислом уммати бир қибла, бир Куръон остида яшаб туриб, бу қадар тарқоқ, ожиз? "Катта саккизлик” давлатлари кайси бир ислом давлатига уруш очса, қўшни ислом давлатлари унга қарши туриш, норозилик билдириш ўрнига, кўпинча қандайдир иқтисодий ёки сиёсий манфаат эвазига уларга ёрдам бермоқда. 
  Кечагина, иккинчи жаҳон урушида бир-бирининг миллионлаб одамларининг қонини тўккан Европа давлатлари, асрларга чўзилгудай гина-кудуратларини, адоватларини кечириб, ўзаро чегараларини йуқотиб, 27 та давлат бир давлатдай катта иттифоқ туздилар. Бу инсоният тарихида мисли кўрилмаган катта ютуқдир.  
  Зеро, ҳеч кандай сиёсий ёки иқтисодий мажбуриятсиз ихтиёрий тарзда бундай бирлашиш инсоният тарихида бўлган эмас. 
  Афсуски, бундай бирлашишнинг ислом давлатлари орасида ҳам содир бўлишини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Чунки, улар орасида на ақидавий ва на сиёсий якдиллик бор. Давлат бошлиқлари у ёқда турсин, дин пешволари орасида ҳам якдиллик йуқлиги ҳеч кимга сир эмас.  
  Юз йилча аввал бир ғайратли машҳур одам мусулмонларни бирлаштиришга анча уриниб, ҳаракат қилиб, охири ўз ҳаракатларининг самарасидан умид узиб;  
 -" Мусулмонлар иттифоқ бўлмасликка иттифоқ килдилар”- деб хулоса килгани ҳам машҳур. 
  Ваҳоланки, Пайғамбаримиз с.а.в. диндан мутлақо бехабар инсонларни ягона дин байроғи остига жамлаган, бир-бирлари учун мол-дунёсинигина эмас, жонини ҳам фидо килувчи якдил инсонларга айлантирган эдилар. 
  Ҳозирги "Анбиёлар меросхўрлари” бўлган уламоларга ўртадаги ихтилофларни йуқотиш, бирлашиш хақида гапирсангиз, энсаси қотиб, аҳволни ўнглаш, ўртани яхшилаш ўрнига, ҳозирги аянчли аҳволни табиий ҳолат эканлигини оқлаш учун ҳар хил ривояту-ҳадислар келтириб, ўзидан масъулиятни, жавобгарликни соқит қилишга ҳаракат қиладилар.  
  Умматни долзарб мавзудан чалғитиб, ойлаб, йиллаб майда масалаларни мутолаа қилдириб, ўзларини ҳам, умматни ҳам чалғитадилар.  
  Шу ўринда эътиборингизга юз йил аввалги ва ҳозирги кундаги икки холатни ҳавола қилмоқчиман:  
  Чор Россиясининг генерали Бухорони забт этиш арафасида, Бухоро диний илмлар маркази бўлгани учун қаттиқ қаршиликка учрасам керак деб, хавотирда юриш бошлади. Лекин Бухорони айтарлик қаршиликсиз, осонгина забт этгач, хайрон бўлиб ёрдамчиларидан, 
  -"Халқни сафарбар этувчи халқ пешволари нега ҳаракат қилишмабди”- деб сўраганда, -"Улар сувли пақир устидаги чўпдан сичқон югуриб ўтса, сув таҳоратга ярайдими - йўқми?”- деб масала талашиш билан оворалар. -"Бизни Худо ўзи сақлаб олади деб, душманга қарши чиқишмади”- деб жавоб беришибди. Генерал -"Бу одамларга ўқ хам ҳайф, ҳаммасини сўйиб ташланглар”- деб фармон берди...
  Энди ҳозирги кундаги ҳолат: Ҳамма ёқда исрофгарчилик, риёкорлик, шаклпарастлик авж олиб, мусулмон ёшлар илмсиз, ҳунарсиз, гурра-гурра чет элларга қуллик учун кетаётган пайтда, энг долзарб масалалар қалашиб ётганига қарамай, йиллаб таҳорат масалаларини дарс килишмоқда. Ваҳоланки, барча дарс олувчилар таҳоратлилар, ва яна ўн йил дарс олганларидан кейин ҳам уларнинг таҳорат олишлари ўзгармайди. Яна тинмай -"Фойдасиз илмдан ўзинг асра”- деб дуо ҳам қиладилар.
  Бу нима? Ўзини ҳам, халқни ҳам чалғитиш, ўз лоқайдлигини, ожизлигини шаклан диний амал билан яширишми?
  Маълумки, Куръони карим оятлари мусулмонлар дуч келган ҳолат ва мушкилотларни ҳал қилиш учун ҳолатга мос мавзуларда, бўлак-бўлак ҳолда нозил бўлган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам, Аллоҳ олдида ўз умматидан масъуллигини дуо ёки ибодатлар ортига яшириниб эмас, ўз вақтида қон кечиб бўлса ҳам адо этганлар.
  Демак, ҳозирги уламоларимиз ҳам умматнинг маънавий ва моддий таназзулидан Аллоҳ олдида масъулдирлар.  
  Аксар дин пешволарининг турмуш тарзларини кўриб ўйланиб қоламан, булар Динга хизмат қиляптиларми, ёки Дин буларгами?
  Шу ўринда шоирнинг :
  Кимдир ёлғон сўзлаб иймон
  Cотар экан меҳробдан.
  Хаққа тақво қилар сохта
  Билоллардан қўрқаман.
  сатрлари ёдимга келади.  
  Бу муаммою-нуқсонлар фақат бизнинг ҳудудларга хос, маҳаллий ҳолатлар деб эътироз билдиришингиз мумкин. Мен ислом давлатларининг кўпида бўлдим. Биздаги муаммолар айни кўринишда бўлмаса ҳам, ҳар хил ҳолатда барча ислом давлатларида мавжуд. Якдиллик, иттифоқ, афсуски шайхлар орасида ҳам анқонинг уруғи. 
  Аллоҳ-таоло Қуръони-каримда "Жосуслик қилманглар, бир-бирларингизни ғийбат қилманглар” дейишига қарамай шайхлар бир-бирларидан айб қидиришдан бўшамайдилар. Бирор масалада бир-бирини тасдиқлаш ўрнига, унга қарши далиллар келтириш билан ўзини олимроқ, тақводорроқ эканини исбот қилмоқчи бўлади. Али десанг Вали, Вали десанг Али деб исбот қиладилар.
  Дин пешволарининг cубутсизлиги, қатъиятсизлиги туфайли охирги пайтда ҳар турли диний жамоа ва оқимлар кўпайиб кетди. Бу оқимларнинг барчаси ҳам диндорлик, тақво, Аллоҳ калимасини ер юзида олий қилиш, исломий давлат қуриш каби жиддий даъволар қилишади.  
  Бироқ, бирорта оқим ўз даъволари йўлида барча мусулмонларни бирлаштирадиган, мавжуд маънавий ва моддий таназзулдан олиб чиқадиган, конкрет дастурга эга эмас, балки ҳар бир гуруҳ ўз қобиғига ўралиб олиб, ўз фикри, ўз тушунчасидан маст...
  "Ҳар бир ҳизб ўзларидаги нарса билан ҳурсандлар.”
  Мусулмонларнинг бугунги кундаги аянчли ҳолатларини бир қадар муфассал баён қилишдан мақсад, аксар мухлис одамларни номи чиққан дин пешволарининг ухлатувчи, лоқайдликка олиб борувчи, "Ҳолимизни Аллоҳ ўзи ўнгламаса қийин” каби ҳаракатдан, изланишдан тўхтатувчи гапларига танқидий назар билан хушёрроқ қарашга ундашдир.
  Қуйида, бугунги ҳолатга тушиб қолишимизнинг сабаблари ва ундан чиқиб, дунё ҳамжамияти орасида муносиб ўринга эга бўлиш йўлида нималар қилишимиз кераклиги ҳақида баҳоли қудрат ўз фикрларимни баён қилмоқчиман.

ДАВОМИ БОР...

Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (26.12.2010)
Просмотров: 1035 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Понедельник, 10.02.2025, 20:44
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2025
Сделать бесплатный сайт с uCoz