Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

ҲАБИБУЛЛО ҲАКИМ. ҲАЁТ ВА ҲАҚИҚАТ


ИСЛОМ ВА ИСТИҚБОЛ.

  Ўтмишни чуқур ўрганиб англамай, ҳозирни ўнглашга уриниб, ҳаракат қилмай туриб ёрқин келажак хақида башорат бериш у қадар мантиққа мувофиқ эмасдир.
  Баъзи диндошларимиз:
  -Келажак исломникидир, келажак шубҳасиз шу динникидир - деб эҳтиросларга тўла даъволар қиладилар.
  Улар ўз даъволарини ҳар хил изоҳлайдилар. Баъзилари ўз даъволарига динимизнинг Ҳақ таоло тарафидан юборилган охирги, то қиёмат боқий дин эканлигини асос деб билсалар, бошқалари ўз даъволарини кутилаётган Имом Маҳдийнинг шарофати ва ёрдами билан дунёнинг шу дин ва мусулмонлар қўлига ўтиши билан изоҳлайдилар.
  Учинчилари эса, ривожланган Ғарб мамлакатлари аҳолисининг ўта худбинона либерал дунёқараш касофати туфайли демографик инқирозга учраб озаяётгани ва мусулмонлар сонининг ўсиб бораётганини исломнинг бўлажак ғалабасига сабаб қилиб кўрсатадилар...
  Аслини олганда келажак бугундан бошланади.
  Бугунги кунимизни, бугунги ёшларимизнинг онгини, дунёқарашини ўнгламай туриб ёрқин келажак хақида орзу-ҳаваслар билан оғиз кўпиртириш қуруқ сафсата бўлиб қолаверади.
  Динимизнинг Ҳақ таоло томонидан юборилган энг охирги, мукаммал дин экани шубҳасиз. Лекин, диннинг асл функцияларини реал ҳаётга тўла тадбиқ этиш, тескари самара бераётган сабабларини аниқлаб, уларни даф этиш, хуллас динимизда жиддий ислоҳот ўтказиш ҳушёр ва масъулиятни чуқур англаган мусулмонларимиз гарданидаги энг долзарб вазифадир.
  Дунё бўйича мусулмонларнинг ҳозирги аянчли ҳолати ҳам бундай ислоҳотнинг кечиктириб бўлмас хаётий зарурат эканини исбот этиб турибди.
  Пайғамбаримиз с.а.в. даврида мусулмонлар хулқини, дунёқарашини юксак даражага кўтарган, ўзаро бирлик ва муҳаббат ҳосил қилган, то қиёмат ибрат бўларлик жамиятни шакллантирган динимизнинг ҳозирги кунда жоҳил ва мутаассиб, ўзаро ички зиддиятлар ботқоғига ботган, адоват ва нафрат урчиган аянчли жамиятни шакллантирувчи динга айланиб қолганини инкор этиб бўлмайди.
  Шунинг учун, аввало, динимизни пайғамбаримиз давридаги соф, асл ҳолига қайтаришимиз, кейинги қўшилган жуда кўп қўшимчалардан тозалашимиз лозим. 
  Бундай тозалаш учун керакли, росулуллоҳ давридаги манзарани тўла тасвирлаб берувчи маълумотлар, тарих китобларимиз ва хадису-шарифларда етарлидир. Фақат соғлом дидли, моҳиятни шаклпарастликдан, аслни кейин қўшилган сохталиклардан айириб, бизга соф, асл исломни ажратиб берувчи олимларнинг хизматлари зарур.
  Фақат, шундан кейингина динимиз яна намунали, юксак маданиятли, ўзаро аҳил жамиятни тарбиялаши мумкин. Акс ҳолда неча асрлардан бери ўз ички зиддиятларидан қутила олмаётган, ички муаммолар исканжасида бўғилиб ётган, ижтимоий-иқтисодий аҳволи фақат ачиниш туйғусини қўзғатаётган, ҳар тарафлама қолоқ ва жоҳил умматнинг қандайдир ташқи сабаблар билан бутун дунёни эгаллаб қолиши, бутун дунё учун бахт эмас, аксинча умумий мусибат бўлиши шубҳасиз.
  Қолаверса, ҳозирги замон зўравонлик, террор ва муттаҳамлик замони эмас. Ҳар қандай мукаммалникни даъво қилган дин ёки мафкура баландпарвоз даъволар билан эмас, амалда ўз тобеълари ва эргашувчиларининг мукаммаллигини, юқори маданиятини ўрнак қилиб кўрсата олиши билан муваффақиятга, ютуққа эришиши мумкин.
  Агар мусулмонларимиз ўнгланиб, воқеъ ҳаётда ўзларининг ҳар томонлама юксакликларини кўрсата олсалар, ҳар хил таассублардан холи, фикрий қулликдан озод Ғарб аҳолиси ислом мафкурасини осонлик билан қабул қилиши мумкин.
  Бинобарин, жинсий енгилтаклик, алкоголь ва наркотик истеъмоли каби жиддий муаммолар исканжасида бўғилиб ётган Россия учун ҳам ягона қутқарувчи чора ислом бўла олиши мумкин.
  Дунёда энг илғор ижтимоий-иқтисодий системани тузган, инсон ҳуқуқи ҳурмати борасида энг етук мезонларни жорий этган Ғарб системасининг жиддий маънавий, ахлоқий ва демографик муаммоларининг ечими ҳам ислоҳ қилинган соф ислом мафкурасининг татбиқида бўлиши шубҳасиз. 
  Хулласи калом, келажак, Ғарб цивилизацияси ва Шарқ маънавиятининг энг афзал жиҳатларининг ўзида мужассам этган, моддий ва маънавий жиҳатдан бекаму кўст, тўкис жамиятникидир.
  Бинобарин, Ғарбнинг совуққон, оқил ва ҳаётга реал қаровчи етакчи мутафаккирлари бу ҳақиқатларни англаб, ўзларининг Шарқ маънавиятига, исломнинг асл ғояларига бўлган назарияларини қайта кўриб чиқишлари лозим.
  Ўз навбатида, Шарқнинг ғайратли ва холис назарли, зукко олимлари ҳам ислом динини реал хаёт воқеълигига мос келмайдиган баландпарвоз даъволару таассублардан, бидъат хурофотлардан тозалаб, асл ва соф ҳолатига қайтаришлари, ҳамда шу янги соф мафкура асосида ҳар томонлама юксак маданиятли, илғор жамиятни шакллантириб, дунёга ўрнак бўларли ислом жамиятини намоён этишлари лозим.
  Бу ишларнинг миқёси, кўлами нақадар улкан ва оғир кўринмасин, агар барча тараққийпарвар кучлар астойдил уринсалар хозирги, бир йили бир асрга татигулик космик тезликлар замонида тез кунда сезиларли натижаларга эришиш мумкин.
 Бундай хайрли, оламшумул ишга, ишларнинг хақиқий эгаси бўлган Оламлар Роббининг ёрдами ва иродаси мададкор, иншааллоҳ...

ДАСТУР

Мусулмонларнинг ўзаро ички ҳолатини ўнглаш

  Аллоҳ таолонинг "вала тафарроқу” деган фармонини амалга ошириш, ички зиддиятларни йўқотиш йўлида қуйидагиларни қилиш шарт:
 - Мусулмонларни фирқа-фирқага бўлаётган масалавозлик дарсларини, баҳсларини, даъватларини йўқотиш. Пайғамбаримиздан ўрнак олиб, фақат рукн ва фарзлар атрофига умматни жамлашга ҳаракат қилиш.
  - Умматни бўлаётган соқол, кийиниш, ташқи кўриниш, мусиқа умуман асосий мақсаддан чалғитувчи, бирликни, якдилликни кетказувчи барча масалаларни йўқотиш.  
 - "Иннамал мўъминуна ихватун”, "барча мўъминлар ака-укадир” га мувофиқ барча оқимлар ва ҳизблар ўз қайсарликлари, таассублари ва бадгумонликларини ташлаб, умуммиллий, умумисломий бирлик учун, Аллоҳ розилиги, ислом ғалабаси учун фарз ва рукнлар атрофига бирлашиш. 
  Агар шундай холис ҳаракат қилинса, нафақат мазҳабу-оқимлар, балки шиа-сунний проблемаси ҳам барҳам топади, ва бу ҳолат Аллоҳга ҳам мақбул бўлиб, фақат ислом душманларини хафа қилиши мумкин холос.

Исломий дарслар хусусида

  Аввало исломий жамият организмининг қони бўлган, исломий фикрат шаклланишининг асоси бўлган мавжуд исломий дарсларни қайта кўриб чиқиб, сарасини-сарага, пучагини-пучакка ажратиб олиш лозим. Мавжуд барча ислом юртларидаги носоғлом муҳитнинг асосий сабаби – қон айнигани, яъни мавжуд исломий илмларнинг организмга тоза озуқа эмас, узлуксиз касаллик етказиб тургани сабабдир.  
  Бот-бот пайдо бўлган ва бўлаётган ҳар хил оқимлар ҳам, касалликнинг асосий сабабини топа олмай, ўзлари кўриб-сезиб турган бирор аъзодаги муайян касалликни даф этиш билангина овора.  
  Лекин, касалликнинг асл сабаби бўлган қонни текшириш ҳозирча ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаяпти. Ҳаётбахш қоннинг асл элементлари бўлган, Пайғамбаримиз олиб келган, Аллоҳ таоло "Сизларга (мукаммал ва бутун) исломни дин бўлишига рози бўлдим” деган ИСЛОМга кейинги қўшилган барча ёт нарсалар, ёт элементларни қондан чиқариб ташлаш, яъни исломни, исломий дарсларни ортиқча, заҳарли маълумотлардан тозалаш керак. Токи шу муолажа (процедура) бажарилмас экан, барча уринишлар беҳуда кетаверади. Демак;
  - Диний дарсларни фақат фарзу-рукнларни, ҳалол-ҳаромларни ўргатиш билангина чеклаш.
 - Ўрганиб қолинган, уларсиз диний илмлар ноқис бўлиб қолгандай туюлувчи масалавозлик дарсларини тарк қилиш лозим.
  - Динни ўрганишни ҳоҳловчиларга, Пайғамбаримиз с.а.в. таълим берганидай содда, лўнда, ихчам ҳолдаги исломни ўргатиш ва бидъат масалавозлик илмларидан сақланиш лозимлигини тушунтириш зарур.
  Зотан, Пайғамбаримиз с.а.в. олиб келган дин инсонни эрталаб турганидан то кеч, ётгунича ҳар бир лаҳзасини, қадамини назорат қилиш учун, ҳаммани араблаштириш, бир қолибда турмуш кечирувчи қилиш учун келган эмас. Ҳар бир миллат исломнинг асосларига зид келмайдиган ўз урф-одатлари, турмуш тарзлари билан яшайвериши мумкин.

Риёкорлик

 - Риёкорлик ва шаклпарастликни йўқотиш ва аслга, моҳиятга қайтиш.
 - Динга ва диний амалларга янгича қараш.
 - Умматни риёкор ва шаклпараст, фикрлаш, изланиш ва ҳаракатдан тўхтаган  
  умматга айлантирган эскича қараш стандартларини парчалаш, йўқотиш.
  Дунёвий илмларни ва мактабни ташлаб, кўр-кўрона Қуръон ёдлаш қанчалик динга хиёнат бўлса, бу чаласаводларнинг ўзига ёққан оятни ушлаб олиб, миллатлар, ҳалқлар орасига адоват уруғини сочувчи фикрлар тарқатиши ҳам шунчалик ёмон хиёнатдир.  
  Зеро, Ислом раҳмат (раҳм-шафқат) , яхшилик, одамийлик, инсонпарварлик динидир. Умматни парчалаётган ҳозирги масалавозлик, шаклпарастликларнинг асли Пайғамбаримиздан 150-200 йил кейин пайдо бўлган бидъат - илмвозликка бориб тақалади ва унинг Пайғамбаримизга ҳамда хулафойи-рошидинларга заррача алоқаси йўқ, ўз зарарини асрлардан бери қайта-қайта исбот қилган бидъатлардир. 
  Шу эски чиркин пойдевор устига янги қаср қурамиз деб умматнинг устидан қайта-қайта, чексиз экспериментлар, тажрибалар ўтказишни тўхтатиш лозим.

Инсон ҳуқуқлари масаласи

- Қуръони каримда асос солинган демократик асослар ва инсон зотини, инсон  
  ихтиёрини ҳурмат қилиш ҳақидаги қонун-қоидаларни ўрганиш ва мусулмонлар ҳаётига татбиқ этишга уриниш. 
  Гумон, жосуслик ва ғийбатдан қайтарувчи оятларга биноан ДИН номи билан бир-бирини текшириш, гумон, ғийбат қилишни ташлаш.
  - Европа тараққиётида ва бағрикенг, инсонпарвар, етук жамият барпо қилишда муҳим  
  роль ўйнаган "инсон ҳуқуқлари декларацияси” ни ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш.  
  Зотан, ҳар бир инсон, инсонни ҳурмат қилишни билмас экан, ўзи ҳам ҳурмат кўрмайди. Бундай инсонлардан юксак жамият ҳам қуриб бўлмайди. Мусулмонларнинг ҳозирги ҳолати бунга ёрқин далилдир.

Илм-фан соҳаси

  - Илм-фанга интилиш, тарғиб этиш, ёрдам бериш, келажак авлодни гўдаклигидан  
  диний мухолифларни танқид ва ғийбат қилиш муҳитида эмас, инсонпарварлик  
  руҳида ўсишига, келажакда ислом миллатига, башариятга фойда келтирадиган  
  инсон қилиб тарбиялайдиган боғча-яслилар очиш, хусусий мактаблар очиш,  
  илмий-техник тўгараклар, ПТУ(ҳунар-техника билим юртлари)лар, олий ўқув  
  юртлар очиш.
 - Энг қимматли бойлик бўлган иқтидорли болаларни илм чўққиларига етишига  
  кўмаклашиш.  
Қўлдан бой берилган исломнинг шон-шавкатини ҳам шу соҳадаги ютуқлар қайта тиклаши мумкин.
  - Бу йўлдаги ҳар қандай уринишга бор имконият ва маблағларни жалб этиш,  
  сарфлаш зарур.  
  - Бу соҳада ҳам ривожланган давлатлар тажрибаларини, методларини ўрганиш
  ва қўллаш лозим.

Аёллар масаласи
   
  - Аёлларнинг ҳаётдаги ижобий ролини кучайтириш.
  - Аёллар учун алоҳида хусусий мактаблар, ПТУ(ҳунар-техника билим юртлари)лар,  
  ОЎЮлар очиш (Олий ўқув юртлари).
  - Қобилиятли қизларни илм олиш йўлида қўллаб-қувватлаш.
  - Хато тарзда актив ҳаётдан четлатишни йўқотиш.  
  Зотан, Пайғамбаримизнинг янги жамият қуриши йўлида аёлларнинг ҳам хизматлари бўлганлигини унутмаслик лозим. Аёлларни фақат уй тутқуни қилиб қўйиш исломнинг талаби эмас, балки баъзи ақли заиф, фикри тор одамларнинг талабидир.

Лоқайдлик ва масъулиятсизлик
   
  - Диннинг, умматнинг бугуни, эртаси ва келажагидан ҳар бир ақл, фикр  
  берилган инсон масъул эканини тушунтириш.
  - Яхши ният, дуою-илтижо қилиб ўтиравериш ўрнига, ҳар бир одам ўзи фаолият  
  кўрсатаётган жабҳада қўлдан келганча, уммат равнақи, эл-юрт равнақи учун ҳаракат қилиши лозимлигини тушунтириш.
  - "Аллоҳ бир йўлга бошлар”, деб лоқайдлик қилмай, ”Мен бугун эл-юрт ва келажак  
  авлод тараққиётига нима ҳисса қўшдим?” деб ўзини-ўзи муҳосаба (ҳисоб-китоб)  
  қиладиган фидоийликни тарғиб қилиш.
  - Омилик баҳона, ” Домлалар нима деса, шу-да” деб, ўзидан масъулиятни соқит  
  қилмай, ақлини, фикрини ишлатиб иш қилишни тарғиб этиш.

Мусулмонларнинг ташқи олам билан алоқалари

  Аллоҳ таолонинг "одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдинглар” деган баҳосига лойиқ бўлиш учун мусулмонлар ўз амаллари, ҳулқлари, ҳар томонлама етукликлари билан намуна бўлган ҳолда ”яхшиликка буюрадиган, ёмонликдан қайтарадиган” уммат бўлишлари зарур.  
  Ўзларини ўнглаш ўрнига, Аллоҳ ҳеч қандай ваколат бермагани ҳолда, Аллоҳ номидан, жаннатга у киради - бу кирмайди деб, кибру-ҳаво билан сафсата сотишлари бир томондан кулгили бўлса, иккинчи томондан дунё ҳамжамияти орасида мусулмонларнинг обрўсини кетказиб, масхара бўлишига сабаб бўлмоқда. Хўш, аҳволни ўнглаш, мусулмонларнинг дунё халқлари орасида муносиб ўринга эга бўлиши учун нима қилмоқ керак?
- Аллоҳнинг бандаларини, қайси динда ёки динсиз бўлишидан қатъий назар барчасини, уларни яратган ЗОТнинг ҳурмати сабаб ҳурмат қилиш шарт. Уларнинг қай бирини қандай мукофотлаш ёки жазо бериш фақат ва фақат Аллоҳнинг ЎЗИни ҳоҳишидир.
- Хусусан Аллоҳ ўзи китоб бериб сийлаган Аҳли китоблар билан яхши муносабат ўрнатиш, уларнинг ўз жамиятларида Аллоҳ уларга юборган китобини ҳаётга самарали татбиқ этишдаги тажрибаларини ўрганиш ва ундан ўрнак олиш зарур. 
  Қуръони каримдаги Пайғамбаримизга қарши чиққан аҳли китоблар ҳақидаги салбий маънодаги оятларни қайта-қайта титкилаб, улар ундоқ-улар бундоқ деб, ўтган қавмларнинг айбини санаб, ҳозирги мавжуд ҳалқлар билан орани бузувчи мавзуълардан ҳеч қандай фойда йўқ.  
  Бунинг ўрнига миллати, дини, ирқи қандай бўлишидан қатъий назар инсонни ҳурмат қилиш борасидаги уларнинг тажрибаларини ўрганиш ва мусулмонлар ҳаётига татбиқ этиш зарур.  
  Токи одамлар ижтимоий адолат, фаровон ҳаёт, юксак маданият, хотиржам, инсон ҳурмати жойига қўйилган жамият излаб ислом юртларидан Ғарбга эмас, Ғарбдан ислом юртларига қочиб келсинлар!!!
  Аҳли китобларнинг айбларини санаш, уларга нафрат назари билан қараш ва душманликни ислом ақидаси даражасига кўтаришлик, эътиқод қилишлик – Аллоҳга, Динга ва Қуръонга хиёнатдир.  
  Қуръони каримни, бошқа дин вакилларининг яна қандай айблари бор эканлигини билиш ва халқаро майдонда шу билганлари билан Аллоҳ номидан уларни айблаш, таҳқирлаш учун эмас, балки ўзимизни, жамиятимизни ўнглаш учун нималар қилиш лозим эканлигини билиш ва шуларни амалга ошириш учун ўрганиш зарур.  
  Аллоҳ ислом умматини бутун жаҳонга қози, судъя, зўравон қилиб эмас, одамлар учун чиқарилган яхши уммат қилиб яратган.  
  Афсуски, ҳозирча бу баҳога яраша эмас эканмиз, аввал ўзимизни текшириб, хатоларимизни аниқлаб, ўнглаб олишимиз зарур.

ХУЛОСА

  Муҳтарам ўқувчи. 
  Аввало бир қадар ғайри-одатий услубда ёзилган бу рисоланинг камчиликлари учун узр.
  Аллоҳга шукрлар бўлсинки, кўп йиллик ўйланиш ва изланишлар натижаси ўлароқ бу рисола юзага келди.
  Шуни эътироф этишим керакки, бу рисола ёзилиши жараёнида ўзимнинг ва бу жараёндан хабардор, ҳамфикр биродарларимнинг тушунчаларида, дунёқарашларида анчагина ўзгаришлар содир бўлди. 
  Жумладан, реакцион дарслар таъсири остида кўп ҳақиқатларни кўришдан тўсиб турган пардалардан, дунёга, одамларга қора кўзойнак билан қарашдан, кўзларимизга ўрнашиб қолган, одамларни текшириб, навларга ажратиб (сортировка қилиб) кўрсатувчи призма таъсиридан халос бўлдик.
  Одамларни дини, эътиқоди, ирқи, миллати қандай бўлмасин, улар барчаси Аллоҳнинг мукаррам махлуқидир деган тушунчада, уларга ҳурмат ва эъзоз билан қараш ҳосил бўлди.  
  Уларнинг ҳисоб-китоби, оқибати, ишларнинг ҳақиқий эгаси бўлган Оламлар Тарбиячисига ҳавола.
  Бизга эса, уларни ҳурмат-эҳтиром қилиш, қўлдан келганича барчага, барча махлуқотга яхшилик қилиш, хусусан Бани одамга яхшилик суниш асосий хайрли иш эканини тушуниб етдик.
  Бу жараён, гўё кишининг ўзи кашф этган янги дорини аввало ўзида синаб кўришига монанд бўлди.
  Азиз ўқувчи, Сиз ҳам ўз тушунчангиздаги эски кўз қарашларни ташлаб бу рисоладаги тавсияларни тушуниб, ўзингизга сингдириб, дунёга янгича қарасангиз, иншооллоҳ, дунёқарашингизда жуда ижобий ўзгаришлар ҳосил бўлади.
  Аллоҳнинг бандаларини текшириш, улардан айб топиш, адоват билан ғайри қараб, ўзингизга душман орттириш сабабли юзага келадиган сиқилиш, торлик ва зиқналиклардан халос бўласиз. Аксинча, ўзингизни ўнглашга, яқинларингизга, шаҳрингизга, юртингизга, қолаверса бир маҳалладай бўлиб қолган бутун дунёга яхшилик суниб, янгича ижобий назар билан қарашга ўтасиз. Натижада ҳаётингиздан қониқиш, Яратганга шукроналар айтишингиз ортади. 
  Қолаверса, бундай тушунчани жамият онгига сингдириш, бизнинг юртларда ҳам Одам ўзини бахтли, эркин, хотиржам сезиб, ҳаётидан мамнун ҳолда яшай оладиган намунали жамият қурилишига кафил бўлади. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий юксалишига сабаб бўлади.
  Юртимизнинг дунё ҳамжамияти орасидаги обрўси ошишига, тинимсиз безовталикларга сабаб бўлаётган ички ва ташқи зиддиятлар исканжасидан чиқиб ривожланиш ва тараққиёт сари дадил одимлашига сабаб бўлади.  
  Бинобарин бу китоб, аксар онгли, фикрли юртдошларимизни қийнаб келаётган қатор саволларга асосли ва қониқарли жавоблар бера олади деб ўйлайман. Жумладан, -"Нима учун энг охирги ва мукаммал Дин ўзининг, умматни бирлаштирувчи, жипслаштирувчи ва "Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат” даражасига юксалтирувчилик вазифасини бажара олмаяпти?”- деган ғоятда муҳим саволга ҳамда бошқа саволларга жавоб беради...
  Қадрли китобхон, мазмун жиҳатидан, обрўларига зарба етган, диннинг, умматнинг манфаатини шахсий манфаати, нафсонияти олдида сариқ чақага ҳам олмайдиган, изланиш ва янгиликка тиш-тирноғи билан қарши чиқувчи баъзи сўзамол, калтабин қорака-ю муллакаларнинг иғволарига учмассиз деган умиддаман. 
  Аммо, қалби, нияти соф, Аллоҳ елкаларига омонат қўйган бу диннинг масъулиятини ҳис этадиган, умматнинг бугуни, эртаси, келажаги асосий ғами бўлган, атрофга алангламай дадил фикрлай оладиган, соғлом фикрли, янгиликка интилувчи ёшу-қари, эркагу-аёл бу китобдаги тавсияларга бефарқ қарамас деб умид қиламан.
  Бехабарликдан, чорасизликдан, ҳар хил оқимлар таъсирига тушиб қолиб, ўз оқимидагилардан бошқа ҳаммага ғайри назар билан қараб юрган биродарлар ҳам гина-адоватларини ташлаб, шу рисоладаги айтилган, чирик барглар, қўшимчалардан тозаланган, Пайғамбаримиз баён қилган аслга, моҳиятга қайтсалар, дин туфайли гина-адоват эмас, яхшилик қилишга одатлансалар, уларга бу дунёда ҳам охиратда ҳам хавфу-хатар, хафагарчилик бўлмайди!!!
  Оқни-оқ, қорани-қора деган одамни нафс кўйига кириб, душман фаҳмлаб, фитна-фасод қўзғашдан ўзини тўхтата олмайдиган ожиз табиат одамларга Аллоҳ ўзи сабр ва инсоф берсин. 
  Оммага мўлжаллаб, кўп ўринларда оят-ҳадисларни айнан келтирмасамда, бу рисоладаги танқид, таҳлил ва тавсиялар исломнинг рукн ва фарзларига, асосларига зид эмаслигини илмли одамлар жуда яхши биладилар. 
  Таназзул ва қолоқлик сабаблари ҳақида, янги мукаммал дастур тақдими борасида сизларнинг ҳам фикр-мулоҳазаларингизни ўз интернет адресимда (ivazamon@rambler.ru) кутиб қоламан.

АЛҲАМДУ ЛИЛЛАҲИ РОББИЛ АЛАМИИН.
   
  ҲАБИБУЛЛО ҲАКИМ  

  2010 йил

Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (26.12.2010)
Просмотров: 977 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Понедельник, 10.02.2025, 20:25
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2025
Сделать бесплатный сайт с uCoz