Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Шеърият

Уни севмагандим


Уни севмагандим. 
Умуман… Хуллас-
У бир ҳавас эди, шунчаки ҳавас…
Унинг ёди билан отар эди тонг,
Уни ўйлаб кунлар ботар эди, бас…
Уни севмагандим. 
Севмагандим, йўқ!
Муҳаббат не ўзи? билмасдим, асли
Юракка тегканди шунчаки бир ўқ,
Дардимга даво деб билардим васлин…
Кўзидан томарди кўксимга мунглар
Кўнглимда аламлар сели оқарди…
Унинг айвонида отганда тонглар
Менинг тонгларимдан тунлар боқарди…
Уят парда эди. 
Ҳаё- подишоҳ.
Ғурур кўзларимнинг артарди ёшин.
Мен жим термулардим… 
Кўрмас эди, воҳ,
Шундай ўтиб кетди ўн саккиз ёшим…
Шундай ўтдик ишқсиз. 
Кул остида чўғ.
Кунда икки-уч бор боқар эди, бас.
Уни севмаганман. 
Севмаганман йўқ!
У менга шунчаки ёқар эди, бас!
Шунчаки, йиғлатиб кетди йиллар ҳам.
Армон алла айтди, қайғуга ўраб.
Бир сўзда айтолмай ўтди диллар ҳам,
Шунчаки… 
Тўйида йиғладим ўкраб. 
Йиғладим, йиғлади қаро булутлар.
Югурдим. 
Ғурурим тўсди йўлимни.
Кўрмоқчи эдим, бир… 
Оҳирги марта.
Ҳаё ушлаб қолди, маҳкам қўлимни…
Юрак-тош. 
Муҳаббат? 
Кул остида чўг.
Ёниб улгурмайин ўчирганман, бас.
Уни севмаганман, севмаганман йўқ!
У бир ҳавас эди… 
Шунчаки ҳавас!



ЎТКИНЧИ ДУНЁ
Аман тилидан

Юрагим оғрийди,
Санчади беҳол…
Кулгу-
Дардларимни беркитган парда.
Сен менинг ўйим-ла, бахтлисан ҳушҳол,
Нейна, мени севма! Ўзингни алда…
Сен бир фариштасан, 
Эҳ сен, "кўзойнак”!
Кўзингга термулмоқ-кўнглимга далда.
Умрим тугаяпти, ҳар лаҳза ҳалак-
"Севмайман!”деб дилни қўяман алдаб…
Кўнглимни ёраман-
Тошлар йиғлар жим…
Нейна! исминг айтар ҳар лаҳза юрак!
Ва у ҳар лаҳзада тўҳташи мумкин…
Сен эса ҳали кў-ўп яшашинг керак…
Муҳаббат? Нима у? Сафсатани қўй!
Ана, сени севар инсон бор, бошқа…
Сев уни! 
Севилгин, муҳаббатга тўй!
Мен эса айлангум бир томчи ёшга…
Бунча шафқатсизсан, ўткинчи дунё!
Роҳат топасанми, 
Шунча қийнасанг?!
Ортиқ азоб борми – жондан суйганинг,
Ўзгага тутқазиб… 
Сен бахт тиласанг!
Юрак! Тўҳтамай тур, оҳирги бора,
Ўткинчи дунёдан ўтиб кетмасдан-
Мен унинг бахтини кўришим керак!
Ажал юрагимни юлиб кетмасдан…
Нейна! Мени севма…
Ўзингни алда…

Айтилмаган сўз

Термуласиз…
Куласиз, маҳзун,
Кўзларимдан узолмайсиз, кўз…
Жимлик…
Сукут. Узундан-узун…
Бўғзимизни куйдирар бир сўз…
Куйдиради, кул қилар оҳир,
Олов бўлиб ёнади, жонлар,
Севги бўлмай, нима бу аҳир?!
Муҳаббатдан ўт олган онлар…
Айтолмайман…
Гупирлар юрак,
Сирлашади нигоҳлар, кўзлар….
Оқшом дўнар…
"Кетишим керак”…
Айтилмасдан қолади сўзлар…
Сўнг кетамиз. Айриламиз жим.
Тунлар бедор, юмилмайди кўз…
Азоб бериб қийнар тонггача,
Ўша, учта айтилмаган сўз…


Ғурур
Айрилиқ онлари шунчалар оғир,
Унутмоқ бунчалар бўлмаса душвор?
Пойимиз ўпади, севги-қон бағир,
Биз ишқни йиғлатиб кетаяпмиз ёр…

Шунча осон экан, севмоқ-севилмоқ,
Бунча азоб экан айрилиқ дарди?
О, ишқнинг кўзига қаролмаган чоғ,
Кўзни ачиштирар ҳижроннинг гарди…

Мағрурмиз…
Ғурурлар осмондан баланд,
Туйғулар сочилиб кетар ҳар ёна..
Муҳаббат номини янчиб ўтиб сўнг,
Бир зумда бўламиз бизлар, бегона…

Кетамиз. Эргашар бизга армонлар.
Соғинчлар изимиз ўпиб йиғлар зор,
Бизни кузатганча йиғлар осмонлар,
Биз…
Ишқни йиғлатиб кетаяпмиз ёр…



Мендан воз кечманг…

Ушбу she'r - ҳали туғилиб улгурмаган 
боласидан воз кечмоқчи бўлаётган 
аёлларга бағишланади.

Нечун бунча юрагингиз безовта, она?
Сўзларингиз бунча аччиқ, серзарда, она?
Наҳот мен деб, ҳаётингиз озорда, она?!
Мендан воз кечманг…
Кечманг, онажон!
Мендан кечманг, бошингизга болиш бўлай ман,
Тунлар сизга овунч бўлиб, кундай тўлай ман,
Изн беринг, кенг дунёни бир бор кўрай ман,
Мендан воз кечманг,
Кечманг онажон!
Ҳали ёғиб улгурмаган лайлакқорман-ку?
Гар туғилсам, сизга суянч номус, орман-ку!
Гуноҳ қилиб улгурмаган гуноҳкорман-му?!
Мендан воз кечманг…
Кечманг, онажон!
Мен-ку қўрқиб йиғлаяпман, сиз сезмайсиз-му?
Юрагингиз силаб турсам ҳис этмайсиз-му?
Мени Аллоҳ берди, айтинг, воз кечмайсиз-му?!
Мендан воз кечманг,
Кечманг онажон!
Наҳот дийдор насиб этмас бахти қораман,
Сиздан бунёд бўлган парча жигарпораман,
Қўлингиздан тутиб, Ҳажга олиб бораман…
Мендан воз кечманг!
Кечманг онажон…
Кўзларингиз кўргим келар, она қанчалар…
Бағрингизда кулгим келар, она қанчалар.
Наҳот мени юлиб олса, темир панжалар?!
Мендан воз кечманг…
Кечманг онажон…

Лобар Азизхўжаева

Категория: Шеърият | Добавил: Sultonbek (15.02.2011)
Просмотров: 956 | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Четверг, 02.05.2024, 20:51
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz