Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

"ИЛОН ОЛАСИЗМИ, АМАКИ?"

-Бозордан у-бу нарса харид қилиб, энди қайтмоқчи бўлиб тургандим, - дейди суҳбатдошим Аҳмад фермер, - ёнимга ёшгина ўспирин келиб, "илон оласизми, амаки?" деб сўради. Тўғриси, сесканиб кетдим. Йигитча аҳволимни кўриб кулди ва "қўрқманг, мана у", деб шиша идишдаги илонни кўрсатди.

-Қанча туради бу жонивор? - дедим ўзимни қўлга олиб.

-Сизга икки юз минг, яна савдолашасиз-да...

-Шунча пулга бозордан этлигина қўзи олса бўлади, ошна.

-Кеча Россияга кетаётган бир аёл беш юз мингга иккитасини олиб кетди, - деди "ошна"м бўш келмай.

-Бўлса бордир, аммо менга илон керакмас.

-Ихтиёрингиз.

Шу пайт ўспириннинг ёнига қора кўзойнак таққан одам келиб сўз қотди:

-Хўш, сотиб бўлдингми?

-Биттаси қолди, ака...

-Тезлаштир, яна "товар" келади, - деди-да машинаси томон кетди. Мен эса бозордан чиқар эканман, ҳадемай калтакесак, қурбақа, юмронқозиқ, чаёнлар ҳам сотилмаса гўрга эди, деб ўйладим...

ХАЛОСКОР

Норхол хола етмиш ёшда. Пиру бадавлат аёл. Холанинг, ўзининг таъбири билан айтганда, "ичи дардга тўлиб кетган". Дардини кимларгадир ёргиси келади. Мавриди келиб хола билан суҳбатлашдим.

-Отам мулла Туфли табиатан мулойим, чумолига ҳам озор бермайдиган, сахий киши эдилар, - дейди у. - Шўро замонасининг қама-қамалари авжга чиққан йилларида ёмонларнинг чақуви билан отамизни ҳам "халқ душмани" деб қамашган.

Ҳибсхонада отамни айниқса, назоратчилардан бири кўп азобларкан. Навбатдаги тергов пайтида ғойибдан оқ илон келиб, баттол назоратчини чақиб олибди. Унинг дод-фарёдини эшитган ҳамкасблари бу ҳолдан ёқа ушлашибди. Илон туфайлими ёки бошқа сабабми, ишқилиб отам соғ-саломат уйга қайтди. Оқ илон ҳам яна уйимизда пайдо бўлди. Отам кечалари Қуръон тиловат этганларида, илон ҳам чироқ ёнида сеҳрли суралар оҳангига мос тебранар экан. Отам вафотидан сўнг, негадир илон ҳам кўринмай қолди.

Яқинда келинларимдан бири уйимиз шифтида оқ илонни кўрибди. Ўзимизнинг оқ илонни...

НОРОЙ МОМОНИНГ ДОРИСИ

Содиқ муаллимнинг мазаси қочиб, дўхтирлар уни уйига қайтарибди, деган нохуш хабарни эшитган Норой момонинг тинчи йўқолди. Охири бўлмади. Уйи бурчагидаги сандиқдан кичкина тугунни олди. Ундаги майдаланган кукунни бир пиёла сув билан қуюқлашгунча қайнатиб, банка идишга солди. Кейин дастурхонига иккита нон ўраб, беморни сўрагани жўнади.

Каравотда ётган муаллим Норой момони зўрға таниди. Қорнини кўрсатиб, оғриқдан шикоят қилди. Момо олиб келган дорисидан бир қошиқни амаллаб муаллимга ичирди. Дорини ичган беморнинг афти буришиб, қайт қилмоқчи бўлди, аммо қусолмади.

Норой момо уй бекасига қараб:

-Ана энди, худо хоҳласа, эринг отдай бўлиб кетади, - деди.

-Айтганингиз келсин, момо. Неча кундан бери бир пиёла сув ичсалар ҳам қайтариб ётган эдилар.

-Қўрқма, энди қусмайди. Мен икки кун шу ерда бўламан, ҳали яна дори ичираманам.

Эртаси куни Норой момонинг кўнгли таскин топди. Чунки муаллимнинг юзига қизиллик югурган, тинчгина ором оларди.

Орадан бир ой ўтиб соғайиб кетган Содиқ муаллим Норой момоникига совға-салом билан келиб, миннатдорчилик билдирди. Қайтар чоғида эса ийманиб сўради:

-Эна, менга ичирган дорингизни нимадан тайёрлаган эдингиз?

Норой момо кулди:

-Кўлвор илоннинг пўстидан, айланай. Буни раҳматли чолим биларди, мен фақат дорини асраб қўйгандим ...

БЕШИКДАГИ "КУЛЧА"

Жума бобо гурунгларда ўзининг болалиги ҳақида кўп гапиради.

-Ўшанда ўн уч яшар эдим, - дейди у. - Бир куни сабзи сотгани Қорабоғнинг бозорига бордим. Сабзини сотиб бўлиб, онам тайинлаган нарсаларни ҳарид қилиш учун бозор айландим. Бир пайт одамлар давра қуриб турган жойга чиқиб қолибман. Майдонда кўриниши ҳиндуга ўхшаш, саллали, соқол-мўйлов қўйган одам ўтириб олиб сурнай чалар, ёнида эса баҳайбат кўзойнакли илон куйга монанд оҳиста рақсга тушарди. Томоша анча давом этди. Оломон морбознинг белбоғига пул ташлади. Мен ҳам қатордан қолмадим. Уйга қайтар эканман, ўзимнинг ҳам илон ўйнатувчи бўлгим келди. Кела солиб қамишдан қўлбола ҳуштак ясадим, лекин ҳиндуникидай нағмали чалолмадим. Ҳар қалай овоз чиқадиган бўлди. Энди илон тутишим қолганди.

Бир куни қўшнимизнинг аёли чинқираб чопиб келди. Эмишки, чақалоғи ётган бешикда илон бормиш. Югуриб борсам, гўдак бешикда, ширингина уйқуда, кўксида эса каттакон илон кулча бўлиб ётарди. Дарров илоннинг боши ва думидан тутиб ташқарига олиб чиқдим-да, чакки халтага солдим. Ўзимни морбозликда синаб кўриш учун зўр имконият туғилганди.

Чўнтагимдан ҳуштакни олиб чалдим ва бир қўлим билан халта оғзини аста очдим. Илон ҳуштак товушига парво ҳам қилмай ўтлар орасига қочиб кетди. Мендан морбоз чиқмади. Аммо қаерда илон кўрсам, албатта тутиб олиб кейин қўйиб юборардим. Чунки мулла Иброҳим бобонинг "Сизга озор бермаганга, сиз ҳам тегманг, илон ҳам Яратганнинг бир мўъжизаси" дегани ёдимга тушарди-да.

ДОМЛАНИНГ АЙТГАНИ

-Илонлар фойдали жонзот, - деди зоология фани ўқитувчиси Нормўмин Шодиев. - Юртимизда илонларнинг ўнлаб турлари бор.

Илонларнинг аксарияти тухум қўйиш орқали кўпаяди. Аммо тирик туғадиган илонлар ҳам бор. Қалқонтумшуқ, қора, чарх, кўлвор, капча илонлар ўта заҳарли. Қадимдан уларнинг зардобидан тиббиётда фойдаланиб келинаяпти. Илонларни йўқ қилиш, сотиш оғир оқибатларга олиб келади.

Бундан айниқса, деҳқонлар, боғбонлар, ғаллакорлар кўп азият чекиши мумкин. Чунки илонлар кемирувчилар билан озиқланади. Хуллас она табиатда барча мавжудотнинг ўз ўрни, аҳамияти бор. Оламнинг эса тош-тарозиси, қонунияти мавжуд. Бу мувозанатдир!

Ўролбой ҚОБИЛ.

http://www.qashqadaryogz.uz/cgi-bin/main.cgi?lan=u&raz=23&pg=1&id=494&od=1&om=1&og=2007&dd=2&dm=3&dg=2013&nr=0&search=%26%231178%3B%EE%F0%E0%E1%EE%26%231171%3B

Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (02.03.2013)
Просмотров: 2281 | Рейтинг: 2.7/3
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Пятница, 26.04.2024, 19:23
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz