Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Дилфуза Комилова. Адабиётдаги ахлоқсизликлар ҳақида икки мақола
Дилфуза Комилова. Адабиётдаги ахлоқсизликлар ҳақида икки мақола
Мен Дилфуза Комилованинг ҳар икки мақоласини диққат билан ўқиб чиқдим.Кимгадир (айрим жойлари менга ҳам) баҳсли кўринди.Аммо, энг муҳими бу икки мақолада неча йиллардан бери гоҳ у,гоҳ бу газетада кўриниб қоладиган мавзу илк маротаба кўпчиликнинг диққатини тортди. Олдин босилган мақолаларнинг деярли ҳаммаси умумий гапдан иборат бўлиб,на бирор бир муаллиф ёки китобнинг номи айтилар, бор гап «уятсиз китоблар кўпайиб кетяпти»,»беҳаёликдан иборат китоблар дўкон пештахталарини эгаллаяпти» деган чайналишларнинг такрори бўларди.
Дилфуза Комилова бу мавзуни ёритар экан,назаримизни аниқ муаллифлар ва китобларга қаратади ва жуда кўпчилигимизни анчадан буён қийнаб келаётган бу муаммо оддий муаммо эмас,бу миллий маънавиятимизга катта хавф солиши,солаётганини айтиб бизни фикрлашга, баҳслашишга,керак бўлса,миллий маънавиятимизни,бобомерос ахлоқий қадриятларимизни ҳимоя қилишга чорлайди.
Мен мақолада тилга олинган муаллифларнинг «Озодлик» радиосининг мухбирига берган интервьюлари билан танишдим.Бу интервьюларда бу «ёзғувчи»ларнинг манманликлари шу даражадаки,улардан бири,ёзганларини тушунмаётганликда айблаб,бутун бир халқни «оломон» деб айблашгача боради.Манманларнинг буюклик даъво қилишлари,»ахир,мен фалончиман-ку!» — деган иддаолари шеъриятимиз хазинасидан муносиб ўрин олган машҳур шеърдаги олтин балиқчани эсга солади.
«Озодлик» радиосининг мухбири эса овлаётган балиқлари тўрдан чиқиб кетмаслигини ўйлаб шу даражада ҳовлиқади-ки,тезроқ ўзига керак гапларни ёзиб олишни ўйлайди.У ҳатто муаллифларнинг бири бугунги ўзбек адабиётидаги янги номларни санай бошлаганда,»Ҳа.булар совет пайтида ижод қилган-ку,янги номлар эмас-ку!» деган гапни айтиб,ўзининг саводсизлигини,бугунги ўзбек адабиётидаги жараёнлар,номлар хусусида мутлақо бир тушунчага эга эмаслигини кўрсатади.Ҳалбуки.тилга олинган номлар мустақиллик даврида адабиётимизда пайдо бўлган номлар эди.
Ростини айтсам, Дилфуза Комилованинг биринчи мақоласи билан танишганимда,мен ҳам кўпчилик қатори «Ҳа,энди шу эканда!» деб қўя қолган эдим.
Кейин эса Саломат Вафони ҳимоя қилиб чиққан Баҳром Рўзимуҳаммаднинг мақоласини ўқиб қолдим. Айни шу мақола мени ташвишга солди. Яна такрорлайман Баҳром Рўзимуҳаммаднинг мақоласи мени чинакамига ўйлантириб қўйди. Унинг гапларига бўлган муносабатимни шошмасдан қоғозга тушира бошладим.
Дилфуза Комилованинг иккинчи мақоласи билан танишгач ўзим ёзмоқчи бўлган гапларнинг асосий қисми унда акс этганини кўрдим ва Б.Р. мақоласи туфайли ҳозирча ёзилган фикр мулоҳазаларимни бироз таҳрир қилиб яқин кунларда сизга ҳавола этишни ўйлаб қўйдим.

Хуршид Даврон

Дилфуза Комилова
БИРИНЧИ МАҚОЛА: «…ИЗМ»ЛАРДАН «ҲИРСИЗМ»ГА ЁХУД АДАБИЁТДАГИ АХЛОҚСИЗЛИКЛАР

Истиқлол барча соҳалар қатори адабиётга, ёзувчиларга энг асосий неъматни — эркинликни берди. Эркинлик истеъдодни ўртамиёначиликдан, хиралашиб, ўтмаслашиб қолишдан сақлайди. Албатта, истеъдод эгаси адабиётдаги эркинликни тўғри маънода тушунса, шундай. Аммо, ёзувчилик даъво қилаётган одам эркинликни этакни бошга ёпиб, шармандаликни «тараннум этиш» деб тушунса, эркинлик замони экан деб, ахлоқли одам ўз жуфти ҳалолининг қулоғига ҳам айтишга ийманадиган нарсалар ҳақида қоғоз қоралаб, минглаб нусха китоб ҳолида чоп эттирса, адабиётни Худо урди деяверинг!

«Оқ қоғознинг тили, забони йўқ — нимани ёзсангиз чидайберади, аммо истеъдоднинг истеъдодлиги шундаки, у нимани ёзишни билишдан ташқари, нимани ёзмаслик кераклигини ҳам яхши билиши керак» — бу ҳаққоний фикрлар атоқли адабиётшунос олим ва адиб Озод Шарафиддиновга тегишли. Афсуски, ёзувчилик даъво қилиб, ҳар ойда биттадан семизгина «асар» ёзиб битираётганлар айнан нимани ёзмаслик кераклигини англамай ёки англашни истамай «ижод» қилаётганликлари туфайли ҳам, ҳар китоб чиқарганларида адабиёт булоғини булғаётганларини такрор исбот этмоқдалар. Тўғри, ҳар жиҳатдан силлиқ, қўғирчоқдек ялтираб турадиган, идеал ёзувчи бўлмайди. Адабиётни муқаддас биладиган мутафаккир ёзувчи бўлади. Бу муқаддасликни ҳис қилолмайдиганлар эса сувга бавл қиладиган ҳайвон каби ўзларининг ишлари булғанч эканини ҳам англамайдилар.
Асл адабиёт ҳеч қандай «…из컬лар қолипига, ҳеч бир андозаларга сиғмаслигини, ҳеч қайси «…изм»лар қаричига мослашмаслигини яқин ўтган тарих исботлаб берди. Лекин ҳозир адабиётимизда яна бир «…изм», тўғрироғи, «ҳирсизм» деган услуб пайдо бўлгандай…
Китоб дўконларига бир назар ташланг. Ялтироқ, қалин жилдли китоблар сифат борасида дунёнинг исталган давлатидаги сифатли китоблар билан беллаша олади. Лекин бу зоҳиран шундай. (Бу гаплар атоқли ёзувчиларимизнинг асл асарларига тааллуқли эмас). Енгил-елпи мазмундаги аксарият китобларнинг жилди кишига бир нималарни ваъда қилаётгандай, ишвали боқиб турган, деярли ярим яланғоч аёлларнинг суратлари билан «безалган». Безакчи рассомлар ҳам муқова учун бош оғритиб ўтиришни исташмаган чоғи, суратлар интернет саҳифаларидан шундоққина кўчириб олиниб, «коллаж» қилинган. Деярли ҳаммасида аёл, пул (албатта, доллар), автомашина суратлари акс этган, «асар»даги мазмунга қараб гоҳо янчилган гул, кишан ёки илон сурати ҳам «коллаж»нинг таркибий қисмига киритилган. Ниҳоятда сийқа услуб! Лекин гап бунда ҳам эмас.
Боя бежизга «ҳирсизм» деган услуб пайдо бўлганга ўхшайди, демадик. Бир ойда иккитадан китоб чиқараётган айрим «адиỬларнинг бир неча «асар»ларини ўқиб кўргач туғилди бу шубҳа. Тўғри, мен бунақа китобларнинг ҳаммасини ўқиб битирганим йўқ, ўзимга бундай зулмни раво кўролмайман. Лекин шундай ўйдаманки, айрим «ёзувчи»ларимизнинг ижодхонаси ётоқхонасида жойлашганга ўхшайди.
Бир «ёзувчи» кеча-кундуз ухламай, ҳаловатидан кечиб «асар»лар битаётгани учун ҳам ижоди шунақа «сермаҳсул» бўлаётганини айтган эди. Бу гап тўғрилигини унинг «ишқ қиссалари» исботлаб турибди: баайни уйқусираб, «оро컬дан, «ҳаловат»дан кечиб ёзилган ва кечиб қўйилган «ҳаловат»ларнинг аламини қоғоздан олинган. «Муҳаббат» тасвирлари ур¬ғочисининг ҳидига тўймаган қўч¬қорнинг қилиқларидек бетизгин, очиқ-ошкор, жазавали… Эҳтимол, бундайлар оромларидан кечмай, уйқуга ва бошқа нарсаларга мириқиб тўйиб олганларида, ғовлаган, таъмирталаб калла билан ёзилган «асар»лар сони камайиб, бундан адабиётимизга наф етган бўлармиди, дейман-да.
Журналист бирор соҳани қайсидир масала юзасидан танқид қилишга киришар экан, танқиддан олдин масаланинг кўп томонини ўйлайди, танқид қилинаётган кишини тушунишга ҳаракат ҳам қилади. Лекин гап ўз ватандошларига, миллатдошларига ўзининг пала-партиш ёзилган, бемаъни қораламаларини «роман», «қисса» деган жарангдор номлар билан тақдим этиб, ўқигувчини бетаҳорат қилиб қўядиган «асар»лари учун халқдан мақтов, эътибор кутадиган, керак бўлса мукофот талаб этадиган адабиёт чайқовчилари ҳақида кетадиган бўлса…

«Декамерон»… чўт бўлмай қоляпти

«Шахсан мен шоир ва адибларни жамиятнинг олдинги сафларида юрадиган, ҳаётни кузатиб, одамларнинг юрагида, дунёқарашида бўлаётган ўзгаришларни ҳаммадан аввал сезиб, уларни таъсирчан образлар, ёрқин бадиий бўёқлар орқали маҳорат билан ёритиб бера оладиган, эл-юрт учун ку¬йиниб яшайдиган фидойи инсонлар, деб биламан», дейди Юртбошимиз ишонч билан «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» номли рисоласида (8-бет). Бу ишончни оқлаётган ижодкорларимиз кўп. Лекин…
Бир қанча китоб дўконларини айланиб, одамларимизнинг қандай китобларни сотиб олиб ўқиётганларини кузатдик. Шукрки, китоб дўконларимиз гавжум. Чиройли пештахталарга таниқли адибларимиздан тортиб ҳаваскор ёзувчиларнинг асарларигача қатор терилган. Лекин, асл адибларнинг китоблари эмас, юқорида таърифланган муқовали китоб¬лар деярли ҳамма китоб дўконларида кўзга яққол ташланадиган жойларга қўйилган: «Ишқ ороми», «Жинсий тарбия сирлари», «Дубайдаги минг бир кеча», «Макрми ё муҳаббат?», «Қасос ва муҳаббат», «Қатортол томонларда» «Дунёдаги энг гўзал аёл», «Арвоҳ жазман», «Қўш узук», «Қора қаср асираси — 1», «Қора қаср асираси — 2», «Гўр қизи», «Ёвузлик фариштаси», «Ажал пирамидаси», «Қотилликнинг қора тарихи», «Марҳум кеч соат саккизда келади»… Баъзи китобларнинг жилдидаги суратларни кўрганда уялиб кетади киши, баъзи китобларнинг номини ўқигандаёқ эт сесканиб кетади. Одамларимиз қандай китобларни кўпроқ сотиб олаётганлари билан қизиқдик.
- Асосан детектив жанридаги ва… — қизаринқираб, тутилиб қолади сотувчи. — Анавинақа… масалан, Ҳабиб Темировнинг китоблари кўпроқ кетади…
«Макрми ё муҳаббат?», «Қасос ва муҳаббат», «Дунёдаги энг гўзал аёл», «Қўш узук», «Қора қаср асираси — 1», «Қора қаср асираси — 2» — Ҳабиб Темировнинг «Севги қиссалари» рукнида чоп этилган, «кўп кетадиган» китоблари шулар экан. «Дунёдаги энг гўзал аёл» номли китобнинг жилдида ярим ялан¬ғоч аёлнинг сурати, кириш қисмида бу асарда рассом йигитнинг «муҳаббатлари» тарихи ёритилгани айтилган. Шу ўринда бир фикр: муҳаббат, меҳр — бу дунёда ёвузликдан ғолиб келадиган, унга қарши тура оладиган ягона қудратли куч. Меҳру муҳаббат ёмонликларнинг буткул ғоратини бериб, гумдон қилолмаса ҳам, ҳарқалай муқаррар тарзда улардан устун келади, дунёни асрайди. Афсуски, кейинги вақтларда ҳатто адабиётимизда ҳам «муҳаббат» сўзи тор маънода, жисмоний севги маъносини англатадиган сўз тарзида қўлланилаётган ҳоллар учраяпти.
Ҳабиб Темировнинг бир неча китобларини ўқиб кўрдим. Унинг «Қора қаср асираси — 2» китобини ўқигач, хаёлимга келган биринчи фикр шу бўлди: бу «асар» «Декамерон»ни ҳам чангида қолдириб кетибди! «Асар»да қаҳрамонларнинг ишрат саҳналари шундай берилиб, миридан-сиригача тасвирланганки, ўқиган одам «парнофильм» кўргандай бўлади. Иймонлироқ одам ўқиса, кўнгли кирланади, бунақа нарсаларга кўнгли суст кетадиган одам ўқигандан кейин чўмилиб покланмаса, бўлмайди. Эҳтимол, муаллиф бу «асар»и¬ орқали қандайдир иллатларни қораламоқчи бўлгандир, лекин ҳирсий саҳналарга «ишлов» беришга шундай киришиб кетганки, ёмонликларни фош этмоқчи бўлган хайрли ният тилини тишлаб қолаверган…
Асарнинг айрим қисмларида ўқигувчининг ростмана кўнгли айнийди: «Хоним тушмагур тун бўйи ухлатмагани етмагандек, эрталаб туриб: «Ичингизда ит ўлганми, нима бало, хонани бунақа саситиб юборибсиз», дея иддао ҳам қилади» (28-бет). Хўш, хонимчанинг айни шу инжиқлиги бу тахлит хунук тасвир этилмаса, асарнинг мазмун-моҳияти ўзгариб кетар эдими?!
Ҳабиб Темиров қаламига мансуб, кириш сўзида «одамлар орасидаги меҳр-муҳаббатдан, яхшилик ва оқибатдан ҳикоя қилади», дейилган «Қўш узук» қиссасида ҳам қаҳрамонларнинг ўта шахсий, энг нозик дақиқалардаги эҳтиросли шивирлашлари, нозланишлари тасвири берилиб баён этилган. Боз устига, эпизодик образ бўлган гараж механиги Абдусамат ака асар қаҳрамони — ўзидан ўн икки ёш кичик қизни иккинчи хотинликка олган Шамойилга қарата шундай дейди: «Ёшинг улғайиб, ҳаёт лаззатларининг маънисини тушуниб, тажрибанг ошган чоғда қиз олиб, яшаш оҳ-оҳ, жоннинг ҳузури-ку!..». Бу «асар»даги ҳаётийликдан йироқ, зўрма-зўраки саҳналар, мужмал жумлалар ҳақида-ку, гапирмай қўя қолайлик.
Келинг, шу ўринда филология фанлари доктори Йўлдош Солижоновнинг «Шарқ юлдузи» журналининг 2011 йилдаги 4-сонида чоп этилган «21-аср насри масалалари» мақоласидаги фикрларга эътибор қаратамиз:
«…Бадиий асарда воқеанавислик энг жиддий қусурлардан бири саналади. Ёзувчи воқеаларни бирин-кетин қалаштириб ташлаш ва ҳиссиз баён қилишдан эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки қаҳрамон кўп воқеалар юки остида қолиб, муаллифнинг асосий ғоявий ниятини ечимга қадар кўтариб кетолмай қолади. С.Вафо, Ж.Халил, Ҳ.Темиров, Н.Исмоилов, Н.Ҳошимов, М.Исмоилов каби ёзувчиларнинг асарларида ана шу қусур кўпроқ кўзга ташланади. Бунинг устига улар яратган персонажлар кўпинча муаллифнинг карнайи бўлиб хизмат қиладилар. Асар муаллифи нимани хоҳласа, шуни айтадилар, қандай ишни буюрса, ўшани бажарадилар ва охир-оқибатда ўзига хосликдан маҳрум бўладилар. Тўғри, асар учун танланган персонажлар одатда, ёзувчининг ғоявий ниятини ўқувчига етказиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Бироқ, чинакам ёзувчи ўз қаҳрамонларини нима ишни бажаришга, қандай гапни гапиришга мажбур қилиши кераклигини билиши нечоғлиқ муҳим бўлса, нималарни қилиш ёки қандай сўзларни гапиришга мажбур этолмаслигини билиши ундан ҳам муҳимроқдир. Бадиийлик меъёри шуни талаб қилади. Меъёрни ҳис қилмай туриб ҳақиқий ижодкор бўлиш мумкин эмас.
Унутмайликки, адабиёт ҳар доим поклик, гўзаллик, адолат, ҳақиқат, иймон ва эътиқод кўзгуси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоғи лозим. Ёзувчи ҳар қандай разолат ва қабоҳат, ифлослик ва иймонсизлик, разиллик ва ахлоқсизлик заминида ўзининг покиза эстетик идеалини илгари суришни унутмаслиги шарт. Бусиз ўқувчини эзгулик руҳида тарбиялаб бўлмайди…».
Чиндан ҳам, Ҳабиб Темиров асарларидаги қаҳрамонлар фақат муаллифнинг маънавий-ахлоқий даражасида сўзлаб, ўйлаб, шунга кўра ҳаракат қиладилар. Миллатимизнинг ахлоқий қарашлари муаллиф учун икки пулдек, «асар»ларида шаҳвоний тасвирларга зўр беради. Бу нима, миллатга, эркинликка беписандликми? Адабиёт — кўнгли айниган одам келиб қайт қилса бўлаверадиган жоймидики, уни бемалол расво қилмоқдалар?!

Ёзгувчи инсофни унутса…

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «ijod.uz» веб-сайтидаги наср саҳифасида Саломат Вафонинг «Поезд» номли ҳикоясини ўқидим. Лекин муаллиф бу ҳикояда нима демоқчи, не мақсадда қўлига қалам олган — шунисига тишим ўтмади. Анг¬лаганим шу бўлдики, бу аёл яна ёзувчиликни даъво қилиб, шу йўсинда «ижод» қилаверса, ҳурмат тополмаса керак. Бу ҳам майли, аёлликнинг дилбар дунёсига путур етказиб қўйиши ҳам тайин бу айбловлар.

Источник: http://kh-davron.uz › Kutubxona‎
Категория: Мои статьи | Добавил: rsc (23.07.2013) | Автор: Хуршид E W
Просмотров: 1283 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
1 жанубий  
0
Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши.Бу Дилфуза Комилова деганлари бесоқолбоз Абдужаббор Умаров бошчилик қилган "Маърифат гулшани" газетасида ишлаб туриб, уялмай-нетмай шу мақолани ёзса-я.Хуршид Давронга ҳам қойил эмасман.Аввал ёзган одамнинг кимлигини билиб, кейин сайтга чиқармайдими.Ахир бу икки ифлос Ислом Каримовнинг қора рўйхатига кирган иблисларку.Бири эркак, бири урғочи.

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Воскресенье, 28.04.2024, 01:52
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 3
Гостей: 3
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz