Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Баҳодир Узоқов. Беғубор болалигимдан хотиралар. (6-қисм)

Фотография 1

Қамаши шаҳридаги манзара

Қисқача Қорабоғни тарихига қўшимча киритиб яна Қамашидаги Охунбобоев кўчасида яшаган пайтимиздаги хотираларимни давом эттирмоқчиман.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида очарчилик янада кучайган. Қорабоғни Яккабоғ туманига чегарадош Шўро колхози деб аталадиган қишлоқчасида яшаган Раупов Халил бувани берган  маълумоти бўйича, қишлоқдагилар Қамай, Ғиштли, Чим қишлоқлари томонига бориб "каламушковлик” қилишган экан, яъни каламушларни инини топиб бир неча метр чуқурлик кавлаб у ердан каламушлар тўплаган донларни излаб топиб истеъмол қилишган экан.

Фотография 1

Қорабоғ қишлоғи. Космосдан олинган сурат.

Қорабоғда халқ "Шайит бува” деб атайдиган зиёратли жойлар кўп. Бу ерларда Советлар ҳокимияти ўрнатилишига қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг қонлари тўкилганлиги учун шаҳид бўлди деб белги қўйилган экан. "Шайит бува”ларнинг сони кўплиги бу ерларда кўп қон тўкилганини тасдиқлайди. Шайит бувани ёнидан ўтаётганлар албатта салом бериб ўтиши керак бўлган. Мени Сайдулла амаким оғир касал бўлиб бир қўли тепага кўтарилиб ётиб қолган экан. Даволашлар таъсир қилавермагач амакимни ўртоғи Рустам ака Шайит бувани ёнидан амакимни честь бериб ўтганини айтган. Шайит бувага бориб қон чиқариб Қуръони каримдаги оятлардан ўқишганидан кейингина амаким соғайиб кетган экан. Менинг Ўзбекистонда қолган шахсий архивимда Қорабоғдаги "Босмачилик” ҳаракатига қарши кураш, ва ер-сув ислоҳоти, колхозлаштириш мавзуларига оид аниқ материаллар, тарихий шахсларнинг исм-шарифлари бор. Афсуски уларни ҳаммасини ҳозир ёддан эслай олмадим. Қрабоғни тарихини, тақдирини ёритишда асосан мана шу давр ҳақидаги маълумотлар ўта муҳим деб ўйлайман.

Қамашида яшаган пайтимизда телевизор сотувга чиққан эди. Охунбобоев кўчасидаги қўшниларимидан бир асли Қовчинлик Элмурод Нориманов (Элми ака) савдода ишлаганлиги боис биринчи бўлиб телевизор олган эди. У кишиникига отамни акаси Қудрат бувамни оиласи билан меҳмонга борганимизда Кавказ асираси фильмини кўрсатишаётган экан. Мен бу фильмни қаҳрамонлари Моргунов ва Никулиндан қўрқиб онамни орқасига бекиниб олган эдим. Элми ака савдодаги камомат туфайли анча йилга қамалииб Душанбеда қамоқда ўтириб чиққан эди. Менинг эшитганларим бўйича у кишининг уйига милициядан  тинтувга келишган пайтда эшикни ёнида қоровулликка қўйилган Қамашилик таниш мииционерни қўлига бир сиқим пул беришиб бир ёстиққа жойланган пулни қўшнисини деворидан ирғитишган экан. Қўрқиб кетган қўшниси пулларни девордан қайтариб отган экан. Бу гапларни ҳақиқатга қанчалик яқинлигини билмайман.

Орадан бироз вақт ўтиб биз ҳам Аврора деган телевизор олган эдик. Қўшниларимиз ҳар куни кечки пайт айвонимизда кинотеатрдагидек қатор бўлиб терилиб ўтиришиб телекўрсатувларни томоша қилишар эди. Мен Суворов номли мактабга биринчи синфга борганман. Ўша пайтлар сумка, китоб, дафтар, қалам, сиёҳдон ва пероли ручка, ҳатто чораклик баҳолар ёзиладиган табель ҳам анқони уруғидек етишмас эди. Мактабга аксарият болалар оддий латта материалдан тикилган латта сумка билан қатнашар эди. Сиёҳдонддан тўкилган сиёҳ китоб дафтарларимизни бўяб ташлар эди. Қиш ойларида мактабни печкалари, ҳар бир синф алоҳида  ўтин, кўмир ёқиб  иситилар эди. Биринчи синфда ўқиганимизда синфимизни тутун босиб кетганида деразаларни очиб совуқда дарс ўтган пайтимизда Лермонтов кўчасида яшайдиган  Зулхумор исмли синфдошимиз қаттиқ касал бўлиб оламдан ўтган эди.  Ўша йиллари қиш ниҳоятда қаттиқ келган , қалин қор ёққан эди. Бошлангич синфларни совуқда ёпиб ташлашар, биз уйда ўтирар эдик. Қўлимиз совуқ еганидан қўлқопи бор синфдошларимиз мактабдан уйга қайгунимизча қўлқопсизларни сумкасини ҳам кўтаришар эди. Мактабдаги парталаримиз пастки қисми жигар ранга, усти қора ранга бўялган ёғоч парталар эди. Биринчи ўқитувчимиз Фармонов бўлган. Ёдимда қиш қаттиқ келганидан кўмир сўраб бизникига отамни ёнига келган эди устозимиз. Бу ўша пайтда оддий инсонларнинг иложсиз ҳолда қолганлигини белгисидир. Ўқитувчиларимиз ва устозларимиз ҳақида алоҳида бўлимда ёзмоқчиман. Қорабоғда яшаганимизда кўпчилик болалар арзон бўлганлиги учун бўлса керак дастурхонникидай йўл-йўл материалдан тикилган кандир иштон кийишар эди. Қамашида болалар унақа иштон кийишмас, қора сатин материалдан иштон кийишар экан. Онам мени киймайман деганимга қарамасдан мажбурлаб кандир иштон кийдириб мактабга жўнатганида ҳамма устимдан кулган эди. Уйга қайтиб келгач мактабга бормайман деб хархаша қилганман ўшанда. Уйга бериладиган вазифаларимни Лола опам ёзиб берар эди, ўзимни ҳуснихатим хунук бўлгани учун уй вазифасидан яхши баҳо олсам мактабдаги ёзганларим учун яхши баҳо олмас эдим. Синфдошимиз Абдуллаев Фазлиддин ҳаммадан чиройли ёзар эди. Охунбобоев кўчасида яшайдиган биринчи синфга бирга борган синфдошларим Нуриддин, Дилмурод, Холмурод, Ойшаҳар аммамни ўғли Дўсмамат, Тўра, Сайёра, Махфуза, рўпарамиздаги қўшнимиз Нигораларни кўрмаганимга анча йиллар бўлиб кетди. Ҳозир учрашсак бир биримизни танимасак ҳам керак. Аммамни ўғли Дўсмамат Самарқандда врач эди, у жуссаси кичик, лекин жуда ҳам мулозаматли, ақлли ва билимли йигит эди, минг афсуски у бевақт оламдан кўз юмди.  (Оллоҳ раҳматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин). Ойшаҳар аммамнинг барча фарзандлари ҳавас қилса арзугилик етук ва камтарона инсонлар. Бу уларнинг яхши оилада намунали тарбия олганлигини натижасидир. Мен шунақа қариндошларим борлигидан фахрланиб юраман.

Кўчамизда яшовчи синфдошим Махфузани отаси Ғулом ака музқаймоқ, ширинликлар тайёрлайдиган цехда ишлар эди. Чайная кафесини орқасидаги цехига борсак Ғулом ака бизни текин музқаймоқ ва холва билан сийлар эди.

Қамашидаги уйимизга кўчиб ўтганимизда ҳали таъмирлаш ишлари тугамаган, ишлаётган ишчилар бизни яхши кўриб эркалатишар эди. Кўчар ака, Қаландар ака, Ашур ака исмли ва бошқа ишчиларга ҳазиллашиб лақаб ҳам қўйиб олган эдик. Қаландар акани (у киши кўчамизни Ленин кўча билан кесишган чорраҳасида яшар эди) қалампир дер эдик. Мен 7 синфни тугатиб ўнг қўлимни қишлоқда холамникида ёзги таътилда юрганимда деразанинг катта ойнаси тушиб кесиб кетганидан кейин шифохонада даволанаётганимда биз билан бирга даволанган Ёртепалик бир киши, "Мени эсламадингми, мен "пиёз” бўламан” Ашурни қизи билан танишдингми?, - деб сўраган эди. Ашур ака ҳазиллашиб мен сени куёв қиламан дер эди, у киши шуни эслар экан.

Баҳром акам ҳаддан ташқари шўх эди, кўчамиздаги болалар билан ўйнаб кўп урушар эди. Мактабда синфдан синфга қолиб ўқийдиган Шуҳрат (Шурик) исмли бола билан 5 тийинни орқасидан бир неча марта ёқалашишганини эслайман. Кўчамизни Титов кўчаси билан бирлашган чорраҳада Катя опа савдо қиладиган дўкон бор эди. У ерда чўп тиқилган балиқ қанди олиб ер эдик. Дўконга етмасдан чап томондаги оралиқда кўп хонадон яшайдиган коммунал уйлар бор эди. У ерда ҳозирги кунгача қалин дўстим бўлган  Игорь онаси Мая опа билан яшар эди. Адусман исмли ўта шўх бола ҳам ўша ерда яшар эди. Кўчамизда ҳар хил миллат вакиллари яшар эди. Овқатланиш вақти бўлганида "Фарид, айда домой!”, деб чақирганлари ҳозир ҳам ёдимда қолган. Ён қўнимиз Нормурод ака Отамуродов отам билан Тошкентдаги Олий Партия мактабида бирга ўқишган. У киши бошқа жойга ишлаганлиги сабабли кўчиб кетишган эди. У кишини ҳовлисига Маҳмудов домла ва Гулсара опани оиласи кўчиб келган эди. Уларни Соҳиба исмли қизи, Музаффар исмли ўғли бор эди.

Ўша йилларда Қамашига ЎзССР Министрлар Советини раиси бўлиб ишлаб турган Қурбонов Раҳмонқул тоғам келганида бизни уйга ҳам келган эди. Кўчамизни тумонот одам босиб, уйимизга кира олмай қолган эдик. Мен одам кўплигидан қўрқиб дарвозамизни ёнидаги ариқни кўприкни трубасини ичига кириб олганман. Уйимизга келган юқори лавозимли меҳмон билан одам кўплигидан қариндошларимиз, ҳатто онам ҳам кўриша олмаган. Қудрат бувамни Ойқиз исмли қизи Раҳмонқул тоғам Райком биносини ёнидаги минбарга кўтарилаётган пайтида югуриб бориб кўришган экан.

Мен биринчи синфга қатнай бошлаганимда, 1968 йилнинг куз ойларида Титов кўчасидаги ҳозирги ҳовлимизга кўчган эдик.

 

(Давоми бор)

Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (30.10.2012)
Просмотров: 1268 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Суббота, 27.04.2024, 03:11
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz