Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Баҳодир Узоқов. Беғубор болалигимдан хотиралар. (4-қисм)

Фотография 1

Чапдан биринчи тоғам Раҳмонқул Қурбонов, марказда Н.С.Хрущев.

Қорабоғда бизни оиламиз 1966 йилгача, отам Тошкентдаги Олий Партия мактабини тугатиб Қамаши район партия комитетига инструктор бўлиб ишга жойлашгинигача яшаганмиз. Қамашига қишлоғимиздаги Абулла қийшиқ исмли киши ҳайдаган усти ёпиқ машинада кўчган эдик. Кўчганимиздаги юкимиз машинани орқасидаги бир бурчагида кичкина жойни эгаллаган эди. Отамни опаси Махфират (Маппи) аммам Қорабоғдаги етимлар уйида тарбияланган, бир кўзига ёшлигида гул тушиб, нотўғри даволаш оқибатида кўрмай қолган, шу сабабдан фронтга бормаган, ўт ўчирувчи бўлиб ишлаган Пармонов Даврон поччамга турмушга чиққанида уларни юки битта бўхча (катта тугун) бўлган экан. Бу бўхчани отамни ҳозир Лангар қишлоғида яшайдиган синглиси Зулайҳо (Зулай) аммам бошида кўтариб олиб борган экан. Вақт ўтиши билан ҳалол меҳнат ва намунали ҳулқлари билан эл ҳурматига сазовор бўлган ўнта фарзандни тарбиялашган Пармоновлар хонадонини бугун бутун Ўзбекистон танийди. Катта фарзандлари уйдирма айблов билан ноҳақ қаматилган микробиолог олим, профессор Қаҳрамон Давронов, иккинчи ўғиллари Ўзбекистон Президенти ўз ўрнига ўтиришга ҳаракат қилаяпти деган гумон билан ноҳақ таҳқирлаган Озод Пармоновлардир. Асли Қорабоғлик бўлмаган (Лангар қишлоғида туғилган) Даврон поччам кўп йиллар қишлоғимиздаги дўконда ишлаб, қамалиб ҳам чиққан. Қийинчилик йилларида кўпчиликка қилган яхшиликлари учун у кишининг қишлоқ аҳолиси орасида обрулари жуда ҳам баланд эди. Илоҳим ётган жойлари нурга тўлсин, охиротлари обод бўлсин.

Фотография 1

Тоғам Раҳмонқул Қурбонов синглим Раъно ва опам Матлуба билан.

Оиламиз ва Қорабоғда яшаган пайтимдаги хотирамда қолган воқеларни ёзиб ўтмоқчиман. 

Отамни оиласида 10 та фарзанд бўлишган: Отамни акалари Қудрат бувам, Сулаймон амаким (2-Жаҳон урушида ҳалок бўлган, Оллоҳ охиротларини обод қилсин!), опалари Махфират (Маппи) аммам, Қизлархон (Қизман) аммам, укалари Сайдулла, Ғайбулла, сингиллари Зепин аммам Қарши районидаги Худойзод қишлоғига турмушга чиққан), Зуҳра аммам (Косонга турмушга чиқиб, Қарши шаҳрида яшаган), Зулайҳо (Зулай) аммам (Лангар қишлоғига турмушга чиққан).

Қудрат амаким Қорабоғда раис бўлиб ишлаганлиги учун биз ҳам ёшлигимизда исмларини айтмасдан Раис бува дер эдик. Отамни кимдир Хўжайин ака деб атаганини эшитиб, мен ҳам болалигимда Хўжайин ака дер эканман. Қизман амамнинг эри, Эргаш Амин бувамнинг ўғли Абдулла поччам ҳазиллашиб мени ҳар доим Хўжайин ака деб чақирарди.

Юқорида ёзиб ўтганимдек қишлоғимизда электр тармоғи йўқлиги учун тўйларда кечқурун ўртада катта гулхан ёқиларди. Қишлоғимизда ҳозир носфурушлик қиладиган, димоғида гапирадиган Қудрат соқов лақабли боланинг суннат тўйи бўлганида отам билан онам доира чалишганда бошқалар рақсга тушишган эди. Ўшанда қорнғуда мен сополдан ясалган ҳуштагимни йўқотганман. Қишлоғимизда руслар бўлмаганлиги учун (иккита рус уруш тугаганидан кейин қишлоқдагиларни уйларига печка ясаб бергани оз муддат яшашган экан), русларни одамхўр, болаларни ўғирлашади деб мени холаваччаларим қўрқитишарди. Ёдимда, Қамашига кетиш учун катта йўлга чиққанимизда отам юк ташувчи машинани тўхтатганида, мен ҳайдовчиси ўрис экан деб қўрқиб қочган эдим. Қамашига қўчганимизда у ерда руслар бор экан, ва улар ҳам бошқа одамлардай эканлигини кўриб, қишлоққа борганимда холамни болаларига гапириб берган эдим. Мени руслардан ҳадиксирашим яна бирор йил сақланиб қолган экан шекилли, ҳатто Титов кўчасидаги уйимизга кўчиб ўтганимиздан кейин ҳам Суворов мактабига қатнаб ўқиган пайтимизда бир нечта рус болалар ортимдан қувиб уришган ҳам. Болалигимда жуда содда ва ишонувчан бўлганман. Қўй еб қўяди дейишса қўрқиб ёнига бора олмас эдим. Сайдулла амаким Қорабоққа Қаршидан кўчиб келиб ўқитувчилик қилган Сатторов домлани қизи Ойсара янгамга янги уйланган пайтда янгам менга ерга нима экса униб чиқади деб гапирса мен эски калишни олиб бориб эккан эканман. Янги калиш униб чиқса каттармасдан ўзимни размеримни оламан деб ўйлаган бўлсам керак. 

Сайдулла амаким хушқомат, келишган йигит эди, эрталаб ювинаётганида соқолини олиш учун юзига совун суртса қўрқиб қочар эдим. Амакимни ўртоғи Рустам акани овози дағалроқ бўлгани учун кўзига кўринмасликка ҳаракат қилар эдим.

Фотография 1

Сайдулла амаким, укам Азамат ва Озод акам.

Қишлоғимиздаги клубга гастролга артистлар келишганда онам Бахром акам билан Матлуба опамни Уста Қулли бувага келин бўлиб тушган Назира холамникида қолдириб, Лола опам иккаламизни концертга олиб борган эди. Мен онамни атлас кўйлак кийиб юрганини шу концертдаги раққосаларга ўхшатганман шекилли, онам ҳозир атлас кийиб артист бўлиб кетиб қоламан деса, кетиб қолмасин, деб қўрқиб йиғлар эдим.

Отам Тошкентда ўқиган йиллари онам қишлоғимиздаги Ўзбекистон номли мактабни кутубхонасида ишлар эди. Мен қўшнимиз, отамни амакисини ўғли Муртоза амакимни мендан бир ёш кичик Мавжуда исмли қизи билан рухсатсиз онамни ёнига мактабга борар эдик. 

Фотография 1

Муртоза ва Сайдулла амакиларим.

Мактабда ўқитувчилик қилган Абдулла поччам мактаб буфетида ҳам савдо қилар эди. Мени эркалатиб сгущенное молоко берар эди.

Шу ўринда мени ҳаётимни остин устун қилган, тақдиримни буткул ўзганртирган воқеа ҳақида бафуржа ёзмоқчиман. Биринчи воқеа акам, опамлар ва бошқа қишлоқ болалари билан ўйнаб юрганимизда қаттиқ шамол туриб, қуюн кўтарилган экан. Бошқа болалар қўрқиб қочиб кетишганда мен қуюнни ичида қолиб кетган эканман. Онамнинг айтишича мен қаттиқ қўрққанимдан анча вақт касал бўлган эканман, касал бўлгунимгача жуда ширин ва ҳушчақчақ бўлган бўлсам, касалликдан кейин мутлақо бошқача, ҳадиксирайдиган, инжиқ болага айланган эканман. Мен учун иккинчи мудҳиш воқеа мен 3-4 ёшдалик пайтимда юз берган. Уйимизга раҳматлик отамнинг Боймир деган ўртоғини (Боймир ака ва Мейли ака иккаласи бир ойни ичида бирин кетин катта йўлда мотоциклда автоҳалокатга учраб ҳалок бўлишган. Мейли ака бизникига келиб Боймир акани машинани тагидан олишганда юзлари эзилиб кетганидан сочини прическасидан танишганини сўзлаб берган эди, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ўзи ҳам шу аснода ҳалок бўлди. Улар Қамашидаги ҳовлимизга балиқ овлаб олиб келишар, ўзлари қовуриб бизни меҳмон қилишарди. Илоҳим ётган жойлари нурга тўлсин, охиротлари обод бўлсин.) хотини Баҳром акам тенги ўғли Толмас билан келган эди. Биз тўполон қилганимиз учун ҳовлида ўйнанглар деб чиқариб юборишди. Уйимизни орқа томонидаги хўжалик иморатларини орқа томондаги Робия момамни ҳовлиси билан тўсган девор пастроқ эди. Баҳром акам билан Толмас бемалол чиқишди, мен пастда қолдим. Улардан бири пастга тушиб мени кўтарди, иккинчиси тортиб чиқарди. У ерда озроқ ўйнаганимиздан кейин қайтиб тушмоқчи бўлдик. Мен тушишга қўрқдим. Мени олиб чиққанлар қайтариб тушира олишмади. Баҳром акам кутмасдан кетиб қолди. Мен онамни чақириб келади деб кутдим. Акам ўйин билан эсидан чиқардими билмадим, лекн катталардан ҳеч ким келмади. Робия момамни уйини нариги томонида Бек бувани ҳовлиси билан оралиқдан (Бек бува бизни кўрса"Бова дашшими (яхшими демоқчи) мома дашшими?, -деб сўрарди, биз "Бова дашши" десак "Мома дашши" деб , "мома дашши" десак "Бова дашши" деб ҳазиллашиб қулоғимиздан чўзарди) чорбоққа олиб борадиган йўл бор эди, ўша ердан бир желак ёпинган кампир кетаётганини томни тепасидан кўрган эдим. Мен томни бошқа томонидан, чиққан жойимиздан анча баланд, лекин бизни уйимизни деворидан оёқ қўйса бўладиган бир устун чиқиб турганини кўриб, ўша устунга оёғимни қўйиб тушиб оламан деган хаёл билан тушмоқчи бўлдим. Бир қўлимдан Толмас ушлаб турган эди. Оёғимни узатганимдан кейин нима бўлганини эсламайман. Кўзимни очсам атрофимда одам тўла, мен узоқда кўрган желакли кампир (у кишини исми ёдимда йўқ "Шаҳарлик мома" дер эдик. Ойдин момамни олдига келиб "Шаҳарга (Шаҳрисабз) борай деб йўлга чиқувдим, папажир ("пассажир" демоқчи, кўпчилик у пайтлар автобусни пассажир дер эди) кетиб қолибди", - деб нолиб ўтирардилар) ҳам бошимда, у киши мени томдан тушиб кетганимни кўриб югуриб келиб уйдагиларни чақирган экан. Мен ҳушимга келсам юзимга сув қуйиб ўтиришган экан, оғриқ кучлилигидан чап қўлимни умуман сезмас эдим, қўлимни сезмаябман деб йиғлаганман. Бизни уйни орқа томонида Робия момамни узумзори бўлиб, мен шу узумзорни чуқур қилиб кавланган жўясига қулаган эканман. Томга икки метрлик девордан чиқиб, беш метрлик жойдан тушиб кетганман. Мени зудлик билан онам ишлайдиган мактабда ишлайдиган, табибчилик қиладиган ўқитувчини олдига олиб боришган. Мен қаттиқ йиғлаганлигим учун табиб ҳам овута олмай хуноб бўлган ва бирор нарса қилолмаган. Мен Абдулла поччамни кўриб "молоко” деб йиғлаганман. Бечора поччам буфетини остин устун қилиб бир дона молоко топ олмаган. Мени ўзимни буфетга киргизиб топа олмаётганлигини айтган эди. Мен эса йиғлашдан тўхтамадим. Шу-шу мен молоко нималигини унутганман ва бошқа қайтиб истеъмол қилмаганман. Мактабда бир иш чиқмагач мени Қамашидаги касалхонага олиб боришмоқчи бўлиб тез ёрдам чақиришган, у тезда келавермагач, Қудрат бувамни ўғли Анвар акамни Ўрол мотоциклида Қамашига жўнадик. Манғит қишлоғидан ўтганимизда бизникига келаётган тез ёрдам машинасига тўғри келдик ва онам билан мен у ёғига машинада кетдик. Касалхонада Зиёдилла Мирзаев исмли доктор рентген қилмасдан синган қўл қандай бўлса шу ҳолида гипс қилган. Орадан бир ойча вақт ўтиб гипс олинганда суяклар нотўғри битган эди. Касалхонада онам билан ётганимда жуда кўп қариндошларимиз келишар, ҳар хил ўйинчоқлар олиб келишар эди. Уйга қайтганимизда кўргани келган Қизман аммам қўлда қисиб ҳаво юборса сакрайдиган қурбақа ўйинчоғимдан ростакамига қўрқиб қочганида роса мароқ қилиб кулган эдик. Аммамларни ичида энг қувноғи, кўнгли очиғи раҳматлик Қизман аммам эди. Илоҳим ётган жойлари нурга тўлсин, охиротлари обод бўлсин. Яратгандан барча ўтган яқинларимизни раҳмат қилишини сўраб қоламан.

Орадан бироз вақт ўтиб Бобуртепа томонда яшайдиган Уста Ёзи деган табибникига яна Анвар акамни мотоциклида борганмиз. Уста Ёзи гипсда кўп вақт турган, суяк яхши битиб қолган, шовла боғлаб юмшатиб тўғриласа бўлади, лекин ёш бола буни оғриғига чидамайди, деб даволашга жазм қилмаганди. Йўлда Пионерка деган жойда тепаликда иккита кийикни ҳайкали бўларди, ўшанга етмасдан мотоциклни люлкасида ўтирган жойимдан бошимдаги дўппимни шамол учириб кетган эди.

Бир неча йил ўтиб, Қорабоғдаги ҳовлимизда сумалак тайёрлашаётган пайтда Баҳром акам қайнаб турган сумалакка тушиб куйиб қолганида (шу воқеадан кейин бизнинг ҳовлимизда умуман сумалак тайёрлашмайди) даволаган, ўша пайтда Самарқандга кўчиб кетган Орамзон (исм-шарифларда хато бўлиши мумкин) фамилияли доктор уйимизга меҳмонга келганида отам у кишига мени кўрсатганида Самарқандга олиб бор даволайман деган эди. Ўзбекчилик, давлат ишларига муккасидан кетган отам бу нарсага вақт ажрата олмади. Мен ақлимни танигач, мактабда 9-синфда ўқиб юрган пайтимда эски травмани даволаса бўладими деб "Фан ва турмуш” журнали муҳарририятига хат билан мурожаат қилганман. Кейинги қисмларда Тошкентдаги Травматология ва Ортопедия илмий-текшириш институтига қандай борганим ва даволанишим ҳақида албатта ёзаман. У ерда буюк олим, ажойиб инсон профессор Одил Шарипович Шокиров билан ота-боладек яқинлашиб катта ҳаётдаги устозларимни орттира бошлаган эдим. Гапни қисқаси, эҳтиётсизлик, эътиборсизлик оқибатида мажруҳликка олиб келган, орттирилган бу жароҳатим менинг ҳаётимни тубдан ўзгартирди, тақдиримда ўчмас чандиқ бўлиб ўз изини қолдирди. Мени характеримни шаклланишида, ижтимоий алоқаларимда шу нарса кўп тўсқинлик қилди.

Қорбоғда ҳовлимизни рўпарасида йўлни у томонида Раҳмон бува в Ҳожи бува яшашарди. Ҳожи буванинг Мусурмон исмли ўғли ўт ортилган эшакка тескари ўтириб Таваккал Қодировни "Ўйласам шу дилбарим..." деган ашулласини баралла куйлаб юрарди.

Раҳмон бувани уйидан кейинги ҳовлида яшаган хонадонда яшовчи Болта исмли ўспиринни бизни уйимизни рўпарасида Қарши-Шаҳрисабз йўналиши бўйича ўтган катта йўлда ҳамқишлоғимиз Ғулом ака тракторида босиб кетган эди. Асфальтда жуда катта масофада лахта-лахта қон ёйилиб кетган эди. Бизни қўрқиб кетганимизни кўрган онам тезда уйга ҳайдаб кирган эди. Ғулом ака анча йил қамоқда ўтириб чиққан эди. Баъзиларнинг айтишича Болтани маст ҳолида транспорт бошқарган ветеренар врач бўлиб ишлаган, Эргаш Амин бувамнинг куёви Қиличев Абдувоҳид поччам уриб кетган ва камбағал ҳолда яшаган шофери Ғулом акадан катта пул эвазига ва оиласи ҳақида ғамхўрликни ваъда қилиб гуноҳни ўз бўйнига олишини сўраган эмиш. Менимча бу гаплар асоссиз, негаки табиатан ўта хушмуомала бўлган Абдувоҳид поччам қамалиб кетган шоферини қаровчисиз қолган оиласига ростдан ҳам ёрдам қилганини билган одамларнинг гумони бўлса керак.

Қорабоғда яшаган гўдаклик пайтимдаги хотираларим асосан шулар.

Фотография 1

Чапдан ўнга: Равшан Собиров, онам ва укам Олим Қамашидаги ҳовлимизда.

Қамашида дастлаб Охунбобоев кўчасида икки йилдан ошиқроқ вақт яшадик. Бир томондаги қўшнимиз Иброҳим Аҳмедов ва Олия янгамларни оиласи, иккинчи томонимизда эса Отамуродов Нормурод акани оиласи яшар эди. Ҳовлимизни орқа томонида Тоқчибоев, рўпарамиздаги қўшнимиз эса Мусурмоновлар оиласи эди.

Олия янгам билан жуда қалин муносабатда бўлганмиз. Қозоғистондан Рая исмли синглиси келиб турар эди. Катта ўрик дарахтидан мева терганларимиз ёдимда. Олия янгам мактабда кўп йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган, ҳозирги кунда нафақахўр. У кишининг Зулфия исмли қизи Райимбой бувамнинг ўғли Ҳамид бувамнинг Рашид исмли ўғлига турмушга чиққан. Олия янгам қизи Муҳаррам иккаламизни Қамашини Маданият уйи ёнидаги болалар боғчасига олиб бориб, мен ҳозир магазиндан сизларга ширинлик олиб келаман, деб алдаб қолдириб кетгандилар. Муҳаррам иккаламизни ҳар хил группага қўйишган. Мен бир пастда бир бола билан ўйинчоқ талашиб урушиб ҳам улгургандим. Кўчамизда яшайдиган Холов Алишер ҳам бизни гуруҳда экан, у менга қўрқмасдан уравер деб далда берганидан фойдаланиб ҳақимни олдирмаганман ўшанда. Нима гаплигини суриштирмаган тарбиячи  қўполлик билан мени қўлимдан силтаб ташқарига чиқарган. Овқатланиш пайти ҳамма гуруҳлар бир жойга йиғилганда мен Муҳаррамга онаси кеч қолаётганини айтдим, биз ўзимиз чорраҳадаги "Молочная” дўконига боришга аҳд қилиб боғчадан чиқиб кетдик. Шу аснода уйга қочиб келдик. Эртаси куни Муҳаррамни боғчага қайтадан топширишибди. Мени эса боришимни ҳеч ким талаб қилмади. Балки боғчадагилар ҳулқимдан арз қилишгандир... . Кейинчалик раҳматлик Алишернинг айтишича мен урган бола мен билан мактабда синфдош, қадрдон оғайни бўлган Норқулов Муродулла экан.

Фотография 1

Онам яқин дўстлари (чапда) Ҳулкар опам (Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг фарзанди) ва (ўнгда) Чаман опам ((ёзувчи Мумтоз Муҳамедовни фарзанди) билан. 

Қамашидаги уйимизда Қорабоғдан кўплаб қариндошларимиз келиб туришарди. Қизман аммамни қизи Зулфия опам, Уста Қулли бувамни қизи Ойша опам бизникида онамни хизматларига қарашиб бирмунча вақт яшашган эди. Рўяб момамни иккинчи турмушидан 5 та қизи бор. 

Фотография 1

Рўяб момам ўғлим Элнур билан. Қамаши, 2005 йил.

Назира холамни қандай кўрсак, уларни ҳам шундай кўрамиз. 5та қиздан энг каттаси Гулчеҳра холам, кейингилари Гулнора, София, Муҳаррам ва Озода холамлар. Гулчеҳра холам бошқа эридан бўлса ҳам Рўяб момам биринчи эрини фамилиясини ёздирган, бошқа 4 та холамни фамилияси Рўзиева бўлса бу холамники Қаюмова. Мен ҳозиргача ҳазиллашиб Гулчеҳра холамни Қаюмова деб чақираман. 

Фотография 1

Онам келини Раъно Шодиева билан Қамашидаги ҳовлимизда.

Гулчеҳра холам Эргаш Амин бувамни ўғли Ўктам амакимга унаштирилган пайтлари экан, Ўктам амаким бизникига келиб онамдан, янгажон илтимос, ҳиндча кино келибди, рухсат беринг, олиб бориб келай, деб қистаган эди. Онам Ойша опам ва бизларни қўшиб кинога кинога тушишга рухсат берди. Онамдан рухсат олингунича "Сангам” аллақачон бошланиб бўлган экан. Қамашини кичиккина ёзги кинотеатри лиқ тўла, ташқарида анча одам дарахтларга осилиб, оёғини остига нарса қўйиб чўзилиб ярим экранни кўришса ҳам томоша қилишарди. 

Фотография 1

Гулчеҳра холам "ижод" устида, яъни эскичасига момаларн руҳига чироқ ёқаяпти. 

Биз ҳам 5-10- дақиқа тургач уйга қайтдик. Кинога боришда Титов кўчаси орқали борган эдик, қайтишда Ленин номли кўчадан юрдик. Сут сотадиган "Молочная” дўконига етганимизда Ўктам амаким ва Гулчеҳра холам иккаласидан ташқари ҳамма тротуардан катта кўчага чиқди. Мен ёшлик қилиб холамни ёнида қолдим, балки холамни ўзи қўлимни қўйиб юбормагандир. Молочная дўкони билан "Чайная” кафесини ўртасида чиройли қилиб бўялган ёғочдан ясалган сабзовот сотадиган катта савдо растаси (ларек) бор эди. Ҳозир қанақа билмадиму, илгари дўконларни ёнида узун қилиб қалин сим тортилиб, кечки пайт қоровулни ити боғланар эди. Ларекка етар етмасимиздан боғлиқ турган ит бизга томон югура бошлади. Ўктам амаким биз Гулчеҳра холам иккаламиздан илгари катта кўчага қочиб чиққан эди. 

Фотография 1

Чапдан ўнга: Назира холамнинг ўғли мулла Сарвар, укам Олим ва Ўктам амаким Қамашидаги ҳовлимизда.

Ҳозир ўша пайтдаги илк учрашувга чиққан ўша ёшлар бир этак набирани севикли бува момаси бўлиб қарилик гаштини суришаяпти. 

Фотография 1

Чапдан ўнга: Ўктам амаким, отамнинг шоферларидан бири, оиламизнинг дўсти, яқинда оламдон ўтган раҳматлик Муроджон ака (отам бу кишига Волк деб лақаб қўйган эди) ва бўлам (холаваччам) мулла Сарвар Қамашидаги ҳовлимизда.

(Давоми бор)

Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (26.10.2012)
Просмотров: 1789 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Суббота, 27.04.2024, 03:50
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz