Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Баҳодир Узоқов. Беғубор болалигимдан хотиралар. (1-қисм)

 Фотография 1

Мен укам Насим билан Қамашидаги ҳовлимизда. 1974 йил.

Мен Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Қорабоғ қишлоғида туғилганман. Мен Гагарин коинотга парвоз қилганидан роппа роса бир ой кейин туғилганман. Баҳром акам чақалоқни кўргани келганларга  "Мен Гагарин бўламан, космосга учаман дер экан. -Уканг ким бўлади,- деб сўрашса, "Укам Лагарин бўлади, - дер экан. 

Фотография 1

Тоғам Раҳмонқул Қурбонов ўғли Бахтиёр ва Юрий Гагарин билан Тошкентдаги уйида. 1963 йил.

Шу сабабли мени ёшлигимда кўпчилик Лагарин, Лал Баходир Шастри, отам эса оёқларим узун бўлганлиги боис лайлак деб аташарди.

Фотография 1

Тоғам Раҳмонқул Қурбонов Ҳиндистон Бош вазири Лал Баҳодир Шастри билан. 1966 йил, Ўзбекистон.

Мен эсимни таний бошлаганимда қишлоғимизда электр тармоғи йўқ эди. Ҳозирги вақтдаги қишлоқ совети идорасининг ўрнида пахса деворли кичиккина иморатда дизель моторли "электростанция” бор эди. Бинони ёнидаги тиргагичи бор симёғоч ва ерга кўмилиб ёқилғи солинган катта темир бочка ҳали ҳам кўз ўнгимда. Мени Сайдулла амаким ва унинг ўртоғи Рустам ака у ерда электрик бўлиб ишлашарди. Кечки пайт 3 марта чироқ ўчиб ёндириларди, биринчи ўчиришганида тезда жойларни солайлик, ҳозир чироқ ўчади деб катталар шошилиб кўрпа-тўшакларни кўтариб қолишарди. 

Бизни ҳовлимизда "Г" шаклида қурилган иккита "Боми уй”, яъни ўртада айвон, икки ёнида биттадан хонаси бор уй бор эди. Бирини ёнида катта супа ва супани ёнида оппоқ бўлиб пишадиган бир туп олма дарахти ва бир туп гужум дарахти бор эди. Уйларнинг биттасидаги бир хонада бизни оиламиз ва бувим (отамнинг онаси Ойдин момам) ва иккинчисида отамнинг укалари янгигина уйланган Сайдулла амаким ва касаллиги туфайли анча вақт бўйдоқ юрган Ғайбулла амаким бир хўжалик бўлиб яшар эдик.

Фотография 1

Отамдан қолган ёлғиз ёдгорлик - укаси Сайдулла амаким ҳозирги кунда.

Биз яшайдиган уйнинг орқа томонида молхона, сомонхона каби хўжалик иншоотлари бор эди. Ёдимда, Тошкентдан момамнинг укаси, ўша пайтда Ўзбекистон ССР Министрлар Советини раиси лавозимида ишлайдиган Раҳмонқул Қурбоновнинг оиласи қишлоғимизга келишганида ҳавонинг иссиқлигидан бўлса керак, ювинишмоқчи бўлишганида уйимизнинг орқа томонидаги мен киришга қўрқадиган қоронғу сомонхонада уларга ювиниш учун "шароит қилиб беришганди. 

Фотография 1

Тоғам Раҳмонқул Қурбонов турмуш ўртоғи Амина Абдуллаева билан.

Шу ўринда Ойдин момам ва у кишининг оилалари ҳақида тўхталмоқчиман. Ойдин момам 1900 йилда туғилганлар. У кишининг Жамол (Ғузор шаҳрида яшаган) ва Режаб (Қарши шаҳрида яшаган) исмли сингиллари ва Раҳмонқул исмли укаси бўлган (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.)  Уларнинг онаси Тошой момам ўта ўқимишли бўлганлиги сабабли қишлоқда Мулла мома деб ҳамма ҳурмат қилган. Момамнинг отаси Қурбон бувам нонвойлик қилганлар (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.) Қорабоғдаги бозор жуда катта бўлган ва маҳаллий аҳоли атрофдаги қишлоқлардан фарқли ўлароқ ўтироқ бўлган ва ҳунармандлик, кулоллик, нонвойлик, хуллас бозор учун керакли барча юмушларни бажарган. Қорабоғни аҳолиси атрофдаги қишлоқлардан маданиятлироқ бўлганлигини мен суҳбатлашган қўшни қишлоқдаги қариялар бир неча бор таъкидлашган эди. Қўшни қишлоқдагилар Қорабоғликларни "кулчафуруш” дейишганини эшитганман ва буни сабабини катталардан сўраганимда нонвойлик қилишгани учун шунақа дейишларини гапиришган эди. Қорабоғда 10 дан ортиқ карвон-саройлар бўлган. Улардан бири менинг онамнинг иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган отаси Самад бувамнинг отаси Қаюм бойга тегишли бўлган. Қаюм бувамнинг Райим деган укаси ҳам бўлгани, ака-ука Қаюмбой ва Райимбой бирга тижорат қилишган (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.) Самад бувамнинг онасини исми Муҳаррам, синглисини исми Муҳтарам бўлган, Муҳаррам момам оламдан ўтганидан кейин Қаюм бувамнинг укаси Райимбой ҳам оламдан ўтган, ўзбекларда ўша пайтларда агар ака ёки ука оламдан ўтса унинг хотини ва фарзандлари ҳақида ғамхўрлик қилиш мақсадида ўлган биродарининг бевасини марҳумнинг акаси ёки укаси ўз никоҳига олган. Райимбойнинг Обругул исмли хотинини Қаюм бувам ўз никоҳига олган ва Мукаррам исмли қизли бўлишган. Райимбойнинг Зулфин исмли қизи ва Ҳамид исмли ўғли бўлган. Ҳамид бувам раҳматли Қамашига бизникига тез-тез келиб турарди ва бизни қучоқлаб кўзларидан ёш оқарди, отамдан қолган ёдгорликларсиз деб эркалар эди. (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.) Бу сўзларнинг қадрини, Ҳамид бувамнинг бизга бўлган меҳрини маъносини эндигина англагандай бўламан. Ҳамид бувамнинг Қорабоғда яшаётган Воҳид, Мусурмон, Рашид, Зокир ва бошқа ақлли фарзандлари ҳақида асосий мавзудан четлашиб кетмаслик мақсадида кейинчалик бафуржа ёзарман .

Қаюм бувам иккинчи хотинидан кўрган қизи Қамаши район марказидан Қорабоққа текширишга келган Бойматов исмли тожик киши билан севишганидан хабар топгач уни оқ қилиб, сендай фарзандим йўқ деб ҳайдаб чиқарган. Мукаррам аммамнинг Зулайҳо исмли қизи Қамаши Шаҳрида Озод кўчасида яшайди, у кишининг турмуш ўртоғи мулозаматли инсон бўлиб, Суворов номли мактабда ўқитувчилик қилар эди. Россияда таҳсил олаётган қизи ҳақида нохуш хабар эшитиб иш жойида юрак хуружи тутиб оламдан ўтган.  Қаюм бувамнинг тилла, бойлиларини узоқдаги қариндошиникидан зўрлаб олдириб келишганидан кейин, ўз хоҳиши билан топширди деб қулоқ қилишмаган ва бувам уруш йиллари қишлоғимизда касалланиб вафот этганлар. (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.) Шунингдек, Қорабоғда Жуманбой ва Маманбой деган ака-ука, Ғуломбой деган сўққабош афғоннинг ва бошқа бойларнинг ҳам карвон-саройлари бўлган. Ғуломбой ёлғиз яшаган ва жуда ҳам кўп мушук асраган. У киши вафот этганидан кейин қишлоғимизни оч қолган мушуклар босган. Қишлоғимиздаги бойларнинг ҳозирги  Қамаши ва Яккабоғ туманлари ҳудудида катта катта экин майдонлари ва яйловлар ҳам бўлган. Мен 90-йилларда қишлоғимиздаги қариялар билан суҳбатлашганимда Қиличев деган қари ўқитувчи ҳозир мени машинага ўтирғизиб дала айлантирсангиз қаерда кимни ерлари бўлганини аниқ кўрсатиб беришим мумкин деган эдилар. Раҳмонқул тоғамнинг хотирлаб айтганларидан билишимча Жуманбойни ўғли билан очиқ қолган ҳужрага кириб, ўртадаги уйим тиллаларни ўйнаб ўтиришганида Жуманбой келиб қолиб, қулоқларидан чўзиб ташқарига олиб чиққан ва ҳазиначисини роса сўккан экан. 

Мавзуга яна қайтиб, Ойдин момам ҳақида ёзсам (Қорабоғ қишлоғи ҳақида кейинчалик бафуржа тўхталиб ўтмоқчиман), юқорида ёзиб ўтганимдек момам оиладаги тўрт фарзанднинг каттаси бўлганлар Укаси Раҳмонқул Қурбонов юқори лавозимларда ишлаб, умрининг катта қисмини Тошкентда яшаб, 2012 йил июн ойида 100 ёшга кириб оламдан ўтдилар (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.)


Фотография 1

Тоғам Раҳмонқул Қурбонов Леонид Брежнев билан Тошкент 1966 йил.

Раҳмонқул тоғам ёшлигида бозорда нон ва опалари тикиб берган кашталарни сотиб эвазига рўзғор учун керакли нарсаларни сотиб олганлиги ҳақида гаириб бергандилар. Момамнинг бир синглиси Ғузорда яна биттаси Қаршида яшаб оламдан ўтишган. Ойдин момамнинг онаси Тошой момам ва Самад бувамнинг онаси Муҳаррам момам опа-сингил бўлишган (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.) Менинг отам ва онам опа-сингилнинг набиралари бўлишади. Тошой момамнинг Турсунпўлат ва Элмурод (Эли) исмли укалари бўлган (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.) Ёрқулов Турсунпўлат бувам Яккабоғда Ижрокомни раиси бўлиб ишлаган. Қорабоққа практикагами ёки ишлаганими келишган ўрис қизларини ортидан юрган ўспирин Раҳмонқул тоғам билан унинг дўсти Жалилни Ёрқулов исмли тоғаси ёнига чақириб дакки берган ва қишлоқдан узоқроққа юбориш мақсадида Бухорога ўқишга юборган. Элмурод (Эли) бувам эса Қарши районининг Худойзод қишлоғида яшаган. У кишининг Турғун исмли ўғли бор. Қаршидаги, шу жумладан, Худойзоддаги қариндошларимиз тўғрисида ҳикоямнинг кейинги қисмларида бафуржа ёзаман. Қамашининг Чим қишлоғида фарзанд кўрмай ёлғиз яшаб ўтган сут соғувчи бўлиб ишлаган меҳнат фахрийси Турсун момам ҳам Раҳмонқул тоғамни тоғаларидан бирининг қизи бўлган.  

Отамнинг отаси Узоқ Амин ва у кишини укаси Эргаш Амин бўлган (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.) Мени бувам Узоқ Амин оқсоқланиб юрган, шунинг учун у кишини Узоқ чўлоқ ва доим ширакайф юрганлиги учун Узоқ маст ҳам дейишган. У киши қишлоқ клубида қоровулчилик қилган ва қишлоғимизга гастролга келган артистларга маст ҳолда тегажоқлик ҳам қилган. Айтишларича Узоқ бувамнинг буваси, Амин бувамнинг отаси асли Бухоролик бўлиб, Ғиждувондаги араблардан экан. Бувамизни яна иккита укаси билан биргаликда Бухоро Амири Помирга бадарға қилган. Икки ака-ука топишиб Қорабоғда қолишган, учиничи биродарларини топиша олмаган ва укалари Помирда эканлигини кўп эслаб юришган. Амин бувам учта ака-ука Амин, Рўзи ва Махматмурод (пучуқ деган лақаби бўлган) бўлишган (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.) Узоқ бувамнинг укаси Эргаш Амин коллективлаштириш даврида НКВД агенти, уруш йилларида колхоз раиси бўлиб ишлаган ва қишлоғимизда ёмон ном қолдирган. 

Ўзбекистон мустақилликка эришгач аукцион - ким ошди савдосини ташкил этиш учун хориждан кўплаб маслаҳатчиларни таклиф қилган эди. Лекин, коллективлаштириш даврида қулоқ қилинганларнинг талон-тарож қилинган мулкларининг асосий қисми, пул, тилла, чорва моллари ва ҳ.к.лар Яккабоғ ва Шаҳрисабзга ташилган бўлса, уларнинг уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечаклари Қорабоғ бозорида ким ошди савдосига қўйилиб сотилган. Фалон бойнинг фалон нарсасини дастлабки нархи фалон сўм, ким кўрди?- деб сотув амалга оширилган. Қарияларни айтишича маҳаллий аҳоли бу нарсаларни харид қилмаган. Эгасига буюрмаган, бизга буюрармиди деб ким ошди савдосидан бирорта нарса сотиб олишмаган. Қорабоғ бозори жуда катта бўлган. Советлар даври келганида бозорда шарманкачилар ялонгоч аёлларни расмини  кўрсата бошлашган, морбозлар эса илон ўйнатишган. 

Қишлоққа келган ўрис меҳмонлар, комиссарлар учун спиртли ичимликларни Шаҳрисабзлик Бухоро яҳудийларидан отда бориб махсус олиб келишган. Эргаш Амин бувам амакиваччаси Тоҳир бувамизни яҳудийларда ароқ олиб келиш учун юбориб турганини Тоҳир бувамиз (у киши қилпиллаб юргани учун "капча”, "пакки”  деган лақаблари бор эди) менга сўзлаб бергандилар. Бойлардан тортиб олинган молларни саноғи бўлмаган экан. Тоҳир бувамни Эргаш Амин бувам шу молларни Яккабоғга ҳайдаб кетаётганлар йўлда пуллашмасин ёки сўйиб ейишмасин деб уларга қўшиб жўнатар экан. Ҳар сафар йўлда мол сўйиб тўйиб тановвул қилинар ва Тоҳир бувам Эргаш Амин бувамга моллар тўла тўкис етказилди деб ҳисобот берар экан. Тоҳир бувам Помирга бадарға қилинган бувам билан топишган укасининг Рўзи исмли ўғлининг фарзанди бўлади. Ҳаёти давомида 10 мартадан кўп уйланган Тоҳир бувамиз Қамаши шаҳарчасида яшар эди ва қариганларида ҳам навбатдаги хотинни келин қилиб умргузарлик қиларди. Тоҳир бувамни Бўри, Менгир ва Собир деган ўғиллари, Анор исмли қизи бор.

Амин бувамнинг Махматмурод исмли укасининг Ширин (Шаҳрисабзга турмушга чиққан), Ойшаҳар (Қамашидаги Охунбобоев кўчасида яшаган), Мукаррам (Қамаши, Калинин номли колхозда яшаган) ва Норхол (Қамаши, Қовчин қишлоғида яшаган) исмли қизлари ва Қодир (Чироқчида яшаган) исмли ўғли бўлган.

Шаҳрисабзлик марҳум шоир Шарифжон Орифийнинг турмуш ўртоғи Зубайда опа Рўяб момамнинг тоғасини қизи бўлади.

10 фарзандни отаси Эргаш Амин уруш йилларида хотини Робия момамизни устига ҳозирги Яккабоғ туманидаги Тўқбой қишлоғидан ёшгина Холдон момамизга уйланган ва ундан яна 5 фарзанд кўрган. Қорабоғдан ишдан бўшаб Яккабоғда ишлашган ва нафақага чиққанидан кейин Қорабоққа қайтмасдан Қамаши шаҳарчасидаги Коммунизм кўчасида яшашган. Қамашида дастлаб қассоблик, кейинчалик қариган чоғларида ҳам бозорда қоғоз пакет сотиб кун кўрарди ва ҳардоим эшак миниб юрарди. Бизникига отам билан суҳбатлашгани онда сонда келиб турарди. Робия мома онамнинг онаси Рўяб момамнинг холаси эди. Рўяб момамнинг отаси уста Холли, унинг укалари уста Мамат, уста Қулли, сингиллари Робия ва Асила бўлган. Ака-ука уста Мамат ва уста Қулли Чим қишлоғидан Майрам ва Зайнаб исмли опа-сингилга уйланишган. Бу опа-сингилнинг акаси мулла Ёқуб куёвлари бўлмиш ака-укалар уста Мамат ва уста Қуллининг Асила исмли синглисига уйланган (Оллоҳ рахматлик қилсин. Ётган жойлари нурга тўлсин.)

Азиз ўқувчига менинг исмларни кўп ишлатаётганим, ким қанақа қариндош эканлигини бафуржа ёзаётганлигим ғалати туйилиши табиий. Лекин, менинг бу хотирамни ёзишдан асосий мақсадим, фарзандларим, набираларим ва бошқа қариндошларим орасида ўзлигини таниш учун қизиқувчан бирортаси албатта чиқишига ишонаман ва менинг баҳоли қудрат ёзиб қолдиражак хотирам бир кун келиб асқотиб қолса ажаб эмас. Қолаверса, туғишган қариндошларимиз, тоғам Раҳмонқул Қурбонов, акам Озод Пармонов ва бошқаларнинг шахсига, ҳаётига қизиққан инсонлар уларнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотни менинг хотирамдан топишса ажаб эмас. Бу лирик чекиниш учун ўқувчидан узр сўраган ҳолда мароқли суҳбатимизни давом эттиришим учун Яратгандан мадад беришини сўрайман.


(Давоми бор)

 

Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (22.10.2012)
Просмотров: 1128 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Среда, 23.01.2019, 15:32
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2019
Сделать бесплатный сайт с uCoz