Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

САНЪАТ АРБОБИ, ПРОДЮСЕР, КЛИПМЕЙКЕР, УСТОЗ САНЪАТКОР
САНЪАТ АРБОБИ, ПРОДЮСЕР,

КЛИПМЕЙКЕР, УСТОЗ САНЪАТКОР


Суҳбатдошимиз—Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, жанубийқозоғистонлик таниқли продюсер, “Султон Работ” ва “Парвоз” гуруҳлариринг асосчиси, ўнлаб таниқли ўзбек яккахон хонандаларига устозлик қилган, Тўлебий туман Маданият бўлими ходими Толибжон Халметовнинг дунёсига назар ташлаймиз.Чексиз осмон остида ҳеч бир нарса абадий эмас. Демакки, ижодкор учун саҳна ҳаёти ҳам бетакрор оний лаҳза, холос. Ҳар бир авлод ўз издошларига ўрнини бўшатади. Бу — вақтнинг ҳукми. Шунинг учун ҳам саҳна ҳамиша навқирон. Шоир: “Юзни кўрмоқ қийин боқиб яқиндан, ҳар нарса йироқдан кўринар аён, деганидек, Толибжон Халметов дунёсига бир назар ташлаймиз.

Биринчи саволим, Толибжон Халметов ким? Келинг шу саволга жавоб билан бошлайлик.

— Қийин савол.... Ленгер, ҳозирги Тўлебий туманининг Султонработ қишлоғида туғилиб ўсганман.Ленинградда совет савдоси институтинининг иқтисод факультетини тугатиб, матлубот соҳасида ишладим.Санъатдаги илк қадамимни Совет Иттифоқининг Қуролли кучларига қарашли «Голубые береты» вокал-инструмантал ансамблида бошлаганман.

—Бир вақтлар Санамлар, “Шароб”(”Қайдасан, азизим”),”Даврага туш” каби қўшиқлар билан ўзбек эстрадаси юлдузига айланган Одилжон Каримовга устозлик қилгансиз.Демак, сиз нафақат продюсерсиз, , балки ҳофизлик илми ва хонандалик санъати ва тарихидан ҳам хабардор экансиз-да?

—Продюсер бу илмларни албатта мукаммал билиши керак. Хонандалик санъати мусиқа талқинида биринчи омил ҳамда жуда қамрови кенг бўлган, услубларга бой, турли йўналишларда шаклланиб ривожланиб келганлиги билан аҳамиятлидир. Унда сўз, мусиқа, мулоқот ва руҳият бўлиши керак ва шу каби қатор омиллар бўлиши керакки, ижодиётда улар бефарқ қолмаслиги керак. Зеро, мукаммал қўшиқларда, яъни мумтоз хонандаликда талқиннинг ҳар бир тармоғи расо, соф, забардаст, маҳоратли ва салоҳиятли бўлмоғи керакдир.Хонандалик амалининг замирида мавжуд бўлган ана шу ўзига хос босқичлар, том маънода ўзига хос даражаларни юзага келтирганки, улар халқ орасида қўшиқчи, яллачи, достончи, ашулачи, хонанда ва ниҳоят ҳофиз каби номлар билан аталишга олиб келинган. Булар эса ўз ўрнида хонандалик санъатининг турлари сифатида амалиётда шаклланган. Соҳаларнинг ҳар томонлама мукаммал ҳисобланиб энг юқори даражасигача эришишга муяссар бўлганини эса «Ҳофизлик» деб юритиш анъанага айланган. Чунончи, «Ҳофиз» кенг қамровли ҳамда соҳанинг юқори мартабасига эришган мутахассис соҳибига берилган даражадир.Ёш, эндигина санъатга қадам қўяётган хонандага устозлик қилишда масаланинг мана шу томонларига асосий эътибор қаратаман.

—Ўз продюсерини топган санъаткор омадли санъаткор, дейишади.Сиз бунга ниа дейсиз?

— Агар шогирдда истеъдод, билим, ҳар томонлама мукаммал овоз, созандалик, жўр бўлиш маҳорати, бадиҳагўйлик маҳорати, сабоқ, ижодий ёндошиш, тўғри сўз талаффузи, изланиш ва доимий машқ каби хусусиятлар бўлмаса, ҳеч бир устоз уни қабул қилмайди.Ҳар бир хонанданинг репертуарида классик қўшиқлар бўлади. Мусиқа ижрочилиги амалиётида ана шундай хусусиятларга имкон даражада кўпроқ эга бўлган санъаткоргина мумтоз мусиқа намуналарини мукаммал талқин этишга қодир бўлади.Акс ҳолда омад ундан юз ўгиради.

—Биров билса, биров билмайди,«Бауржан-шоу»га продюсерлик қилиб,бутун Ўрта Осиёга танитгансиз. Сиз устозлик қилган ўнлаб хонандалар бугунги кунда ҳаётий муваффақиятларга эришган.Уларнинги ҳаммасини эслай оласизми?

—Албатта. Исмларини ошкор қилмай улар ҳақида гапириб бераман.Уларнинг бирида кучли бўлмаган ва умуман гўзал бўлмаган овози бор. Лекин, у овоз талқин этиш аппаратининг нуқсонини сездирмай ижрочилик имкониятларидан келиб чиқиб, ундан унумли фойдаланади.Яна бирининг жуда гўзал овози бор. Унинг ижро талқинини ҳаттоки, ашуланинг мазмунига эътибор бермасдан ҳам тинглаш завқли.Бирининг талқинида ниҳоятда дилкаш садо мавжуд, бўлса, бирининг ижросида ёрқин куйловчи овоз йўқ, ижро техникаси (малакаси) ҳам етарли эмас. Лекин, у завқ-шавқ жиҳатидан тингловчиларни ўзига жалб этиб ижро этади.Ўзига хос бир янгича – мустақил табиий сайқаллар (жилолар) қўшиб, негизида илк (бирламчи) ижодкор ижросидан фарқли талқинда ижро этадиган шогирдларим ҳам бўлди.



—Ижтимоий тармоқлардан бирида “Нодон ўтмиши билан ўзини овутади, ақли калта келажаги билан, ақлли бугунги куни билан фахрланади” деган қанотли иборани ёзибсиз.Демак,танлаган йўлингиздан афсус чеккан вақтларингиз бўлмагандир...

— Агар бирор бир санъаткор мен мана шу касбни танлаганимга ҳеч қачон афсус чекмаганман деса, у ёлғон гапирган бўлади. Демак, у ижод қилмаган, касбнинг оғриқларини юрагидан ўтказмаган, ҳеч қанақа тўсиқларга дуч келмаган. Ҳар қандай санъаткорнинг ҳам йиллар ўтган сари имкониятлари тораяди. Айтайлик, менинг ақлим, имкониятларим чархланган, вужудим ёняпти. Менинг ҳаётда эришган катта муваффақиятларим бор. Ҳамиша унинг хаёли билан яшайман. “Нодон ўтмиши билан ўзини овутади”, дегани—ўтмишда эришган муваффақиятлари билан чекланиб, бугунги кунда қўл қовуштириб ўтирган, ғаётдан орқада қолишни ихтиёр қилган одамлар ҳақида айтилган. “Ақли калта келажаги билан” дегани—келажакда буюкликка эришаман, деган хаёл билан бугун қўл қовуштириб ўтирган, яъни хомхаёл одамлар ҳақида айтилган.Инсон ҳамиша ҳаракатда, интилишда бўлиши керак.

—Ҳаётда ўз принципларингиздан воз кечган вақтларингиз ҳам бўлганми?



— Шахсан ўзимнинг манфаатим учун принципимдан чекинмаганман. Лекин менинг ҳаётимдан ва мен қадрият деб билган нарсалардан-да қадрли, азиз инсонлар —яқинларимнинг азият чекмаслиги учун қайсидир маънода чекинганман. Менинг тушунчаларим шу одамлардан азизми? Менимча, инсон ўзи учун номаъқул бўлган, ўзининг табиатидан йироқ нарсани принцип қилиб олмайди. Сиз бирор бир ҳақиқатни ўзингизга қонун қилиб олишингиз учун ҳамма жараёнларни ўзингиздан, шуурингиздан ўтказиб, ақлан мукаммал даражага етказасиз. Қани қанча вақт шу ҳақиқат билан яшай оласиз? Ўлгунингга қадар шу юкни кўтара оласанми? Шундагина сенинг кимлигинг, асл қиёфанг кўринади. Биламан, принципларим билан кўп нарсани ютқазишим мумкин. Ютқазганларим шу принципимни ушлаб туришимга арзийдими? Арзисаям мен ҳақиқатимни, агар жигарларим озор чекмаса ушлаб тураман. Иродамни шу орқали тоблайман, қачонгача дош беришини синайман. Бунинг ёмон жойи йўқ. Кўп йиллар давомида сенга ҳамроҳ бўлган принципдан юз ўгириш, бу ўзингдан воз кечиш. Одамзот ўзининг ҳаётий дастурига амал қилиб келаётгани учун ҳам башариятнинг бу кўҳна араваси ўз йўлида давом этяпти. Зеро, ҳар бир инсон ўзича бир олам. Ҳар бир давлатнинг ўз дастуриламаллари бўлганидек, ҳар бир инсоннинг ҳам бир-бирини такрорламаган ўз ички қонунлари бор. Улғайганинг сари сенинг ҳақиқатларинг ҳаётнинг темир қонунларига тўқнаш келади, ёлғонлари билан кесишади. Менимча, шахсни Шахс қиладиган изтироб мана шу тўқнашувнинг меваси бўлса керак. Шу изтироб сизни улғайтиради, ҳаммалашиб кетишингизга йўл қўймайди.Ҳамма гап мана шунда...

— Бугун "шоу", "шоумен", "шоубизнес", деган сўзлар анча оммалашиб кетди. "Продюсер" деганлари ҳам шундай. Шу чоққача изоҳли луғатларда бу сўз "хориж давлатларида бирор кинокомпаниянинг фильмларини ғоявий-бадиий, ташкилий жиҳатдан назорат қилувчи шахс", деб келинган. Бугунги "шоу бизнес"да эса бу мансабдагиларнинг мавқеи ҳам, кундалик вазифаси ҳам аниқ қолипга тушиб улгурди. Масалан, бирор таниқли қўшиқчининг продюсери хонанданинг ижод қилишидан тортиб, қўшиқларини оммалаштириш, юриш-туриши, кийиниши, тўй-ҳашам ва концертлардаги хизматларининг ташкилий жиҳатларига кўмаклашувчи катта ваколатли одамларга айланишган.Ўзбек продюсерлиги тарихидан ҳам хабардорсиз.Ўтган асрда, яъни собиқ иттифоқ даврида ҳам продюсерлар бўлганми?

—Албатта. ... Бу саволингизга бир воқеанинг тафсилоти билан жавоб берсам.Етмишинчи йиллар экан.Бир продюсернинг "офис"ларига сипо кийинган бир йигит илтимос билан келибди.

– Ака, ўғилтўй қилаётгандик. Дадамиз: "Тўйга Муҳиддин Қизиқни обкесангам обкеласан, обкемасангам обкеласан, бошқа гап йўқ", деб туриб олганлар. Бу одамни қайдан топишни билмай, сўраб-суриштириб, олдингизга келдим. Илтимос, ёрдам беринг, жон ака.Бу гапдан кейин продюсер йигитни саволга тутади:– Хўш, тўй қаерда?

– Чимкентда.

– Қайси куни?

– Шу ойнинг ўттизинчи санасида...

– Ўртада ҳофизлардан кимлар бўлади?

– Дадамизнинг ўзлари Қибрайга бориб, Фаҳриддин акани айтиб келибдилар.

– Яна бирорта донғи чиққани керак бўлса, гаплашиб берай...

– Бизга Муҳиддин Қизиқ келсалар бўлди...

Шу тақлид керакли маълумотларни ёзиб олгач, продюсер ўсмоқчилайди:

– Йигитча, бу Муҳиддин Дарвеш деганларининг хизмат нархи жа-а баланд-ку, чўнтак кўтарадими ишқилиб?

– Етса молимиз, етмаса жонимиз, ака, – бўш келмайди йигит. – Тўйимизга Қизиқ келсалар бўлди, бу ёғини бир амаллаймиз. Дадамизнинг бир кўнгли кетибди-да, энди.

Бу гапдан сўнг тоғамиз дангалига кўчадилар:

– Икки минг сўм берасан – гаплашиб беришимнинг ўзига. У ёғини тўйга келганида уста билан ўзларинг келишасизлар.

Бу гапдан йигит бир қалқиб тушади. Сабаби у пайтларда энг бадавлат хонадоннинг арзандаси бўлган ойимчаларнинг "сут ҳақи"ям бунча эмас экан-да...

– Қанча, қанча?

– Роппа-роса икки минг!

– Ия, бу қанақаси? – Хуноби ошиб, ўрнидан туриб кетади тўйбоши. – Бир санъаткорни битта тўйга гаплашиб беришингиз шунча турадими? Йўқ, бу инсофдан эмас.

– Ўтир, ука, ўтир, – ҳай-ҳайлайди Эрмат тоғамиз. – Қизишма. Ҳозир тушунволасан.

У киши ушлаган жойидан кесадиганлардан эмасми, мижозни ҳуркитиб юбормаслик учун, масаланинг нақадар "нозик" эканини бармоғини бирма-бир букиб, тушунтиради:

– Ўзинг ўйла, ман сани тўйингга Қизиқни гаплашишим учун ҳозир шу ердан таксига ўтириб, тўғри аэропортга бораманми?

– Борасиз, – тасдиқлайди йигит.

– Фарғонага чипта оламанми, оламан! Самолётга ўтириб, Қўқонга учаманми, учаман. Қўқонда тушдим, дейлик, яна таксига ўтираманми? Қайдасан, Бувайда, деб тағин 60 километр юраманми?

Йигит боши билан тасдиқлайди. Мўлжалга аниқ ураётганидан қувонган тоғамиз овозини икки парда тушириб, бу ёғига дафъатан ҳасратомуз оҳангга кўчади:

– Энди ука, кап-катта йигит экансан, ўзинг тушунасан. Ман Муҳиддин Дарвешдек улуғ санъаткорнинг уйига қуруқ қўл билан кириб боролмайман. Йўл-йўлакай бозорга тушиб, мева-чева, қаймоқ, патир дегандек, ул-бул харид қиламан. Бу нима, пулми?

– Пул...

– Хўп, сани тўйингни гаплашиб, ишни пишитдим, дейлик. Яна таксига ўтириб, Қўқонга, аэропортга келаманми? Тошкентга чипта оламанми? Самолётдан тушиб, яна уйимгача такси ёллаб келаманми? Бу пул бўлмай нима? Яна инсофдан гапирасан-а! Бор, бўлмаса, ўзинг гаплашиб кел!

– Э, тўғри, тўғри,– бечора йигит юмшайди. – Узр, бу ёғини ўйламабман.

Йигит мард экан, шавла кетса кетсин, обрў кетмасин, деб сўралган пулни беради.

—Бугунги кун эстрада қўшиқчилигига бир назар ташласак...

—Мустақиллик йилларида янги ёш истеъдодларни излаб топиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш,эстрада қўшиқчилик санъатини дунёга танитиш ишлари кенг миқёсда йўлга қўйилиб, давлатимиз томонидан она заминимизни улуғловчи, ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини уйғотувчи, бадиий жиҳатдан етук асарлар яратиш вазифалари белгиланди. “Жас қанат”, “Азия дауси” ,”Офарин” кўрик-танловларининг ўтказилиши бу гаплпримнинг далили.Бироқ, эстрада санъатида миллий асосга эга бўлган халқчил услубни шакллантириш жараёни суст кечаёгани аччиқ бўлса-да , ҳақиқат.Миллий анъаналаримизга, ахлоқ-одоб қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган клиплар, турли тиллардаги сўзларни қориштириб ёки талаффузни атайлаб бузиб айтиш каби номуносиб ҳаракатларни айрим ёш ижрочилар ўзи учун қандайдир «янгича услуб» деб билаётгани, менимча, санъатни, унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунмасликдан бошқа нарса эмас. Зеро, катта саҳнага чиқаётган ҳар бир хонанда ўзига-ўзи «Мен нимани ва ким учун куйлаяпман, мухлислар менинг қўшиқларимни тинглаяптими?» деган саволни бериб туриши керак. Ёш хонандалар, биринчи навбатда, мусиқий саводхонликка, бадиий сўзга, талаффузга жиддий эътибор қаратишлари керак. Қолаверса, бизда азал-азалдан давом этиб келаётган устоз-шогирд анъаналари мавжуд. Халқимиз «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар» деб бежиз айтмаган. Баъзан ҳали ўзи шогирд даражасида бўлган хонандаларни «устозим» деб юрган ёшлар ҳам учраб турибди. Ваҳоланки, эрта-индин чин маънода санъаткор бўламан деган ёш истеъдод эгаси тўғри йўлни топа билиши учун устоз санъаткорлар этагидан тутиши, улардан ўрнак олиши ниҳоятда муҳим

—Фарзандларингиздан Нодиршоҳ ота касбини танлабди.ўзига хос сирли, садоли ва ёқимли овозга эга бўлиб, ўзбек қозоқ, шарқ қўшиқларини маромига етказиб куйламоқда, Қозоғистоннинг бир қанча телевидениеси у ижро этган қўшиқларни намойиш этиб келмоқда.Сизнинг ёшлик даврингиз билан ҳозирги даврнинг ўзгачалигини нечоғлик ҳис қилмоқдасиз?

—Бизнинг ёшлик давримизда рубоб билан доира ёрдаида бадиий ҳаваскорларимиз куй-қўшиқлар ижро этган бўлса, ҳозирги ёшларимиз учун замонивий мусиқа асбобларининг барчаси муҳайё.Фақат излан, ўрган, ижод қил.Нодиршоҳнинг ўз студияси бор, янги асарлар яратмоқда, ундан умидимиз катта.Шунингдек неварамиз Феруза ижро этган “Мени мафтун этди ўшал Намангон” қўшиғи ҳам санъатсаварлари томонидан илиқ кутиб олинди ва телевидение орқали намойиш этилмоқда.

—Оилангизга бахт, ишларингизга ривож тилаб қоламиз.

Тасвирларда:Толибжон Халметов:Бауржан Ибрагимов Халметовлар хонадонида:”Парвоз” гуруҳи.:Т.Халметов ва Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров:Т.Халметовнинг янги шогирдлари:набираси, “Мени мафтун этдиўшал Намангон” қўшиғини ижро этган Ферузахон.Фототасвирлар санъаткорнинг оилавий альбомидан олинди.

Источник: http://janubiy.ucoz.org/news/prodjuser_khalmetov/2014-04-08-57
Категория: Мои статьи | Добавил: яргаллык (21.05.2014) | Автор: Абдукарим Мирзо Боқий E W
Просмотров: 891 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Среда, 24.04.2024, 07:16
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz