Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Баҳодир Узоқов. Беғубор болалигимдан хотиралар. (7-қисм)

Қамаши поселкаси СССРда урбонизация миқдорини ошириш мақсадида кичикроқ аҳоли пунктларига шаҳар мақоми бериш сиёсати туфайли 1979 йилдан бошлаб бошқа кўплаб туман марказлари қаторида шаҳар деб атала бошланган. Ҳолбуки, на ўша вақтда, на ҳозирги кунда бу аҳоли пунктларида "шаҳар” деб аталиш учун лозим бўлган инфратузилмалар мавжуд эмас. Қамаши тумани марказида 1970 йилгача битта (Суворов номли) ўрта мактаб ва битта мактаб-интернат мавжуд эди. 1970 йилда янги типдаги 3 қаватли Ҳамид Олимжон номли ўрта мактаб ишга тушди, тахминан ўша йилларда мавжуд бўлган мактаб-итернатни ўрнида Болалар уйи (Детдом) ташкил этилди. 

Фотография 1

Болалар уйидаги тарбияланувчилар ва рус тилида ўқувчилар учун Беруний номли ўрта мактаб ташкил этилиб, унда атрофдаги маҳаллаларда истиқомат қилувчиларнинг фарзандлари учун ўзбек синфлари ҳам ташкил этилди. 1976 йилда яна бир янги Ғофур Ғулом номли ўрта мактаб очилди. Тақдир тақозоси билан мактабни 1-2 синфларини Суворов номли, 3-8-синфларини Ҳамид Олимжон номли, 9- ва 10- синфларини Ғофур Ғулом номли мактабда ўқидим. Мактабда ўқиб юрган давримдаги энг яхши хотираларим Ҳамид Олимжон номли мактабда таҳсил олган йилларимдир. Мен қадрдон синфдошларимдан узилмаслик учун янги мактаб очилганда ҳам Ҳамид Олимжон мактабига борганман. Ҳатто орадан бир йил ўтиб 10- синфга ҳам Ҳамид Олимжон номли мактабга борганман. Ҳамид Олимжон номли мактабда фронтовик ўқитувчи Юсуф Соатов дарс берар эди. У киши мени Самад бувам билан 2-Жаҳон Уруши даврида Ленинградда фронтда бирга бўлганини ва фашистлар ҳужум қилишганида бувам ётган окопни ўрни текисланиб кетганини ва у "Қаюмов” деб қичқириб излаб бувамни топа олмаганини онамга гапирган экан ва ҳатто бувам билан фронтда бирга тушган сурат сақланганини ҳам айтган экан. Мен Самад бувам ҳақида кўп сўрайвериб, суратни кўрсатишини қистаб дарвозасини тагида соатлаб кутавериб Соатов домлани меъдасига тегиб кетганман. Шу сабаблими ёки бошқа сабаб биланми у киши онамга "...шу ўғлинг кўп бебошда...” дер экан, мени эса бирор марта исмим ёки фамилиям билан чақирмас, "Неъматни ўғли” - деб чақирар эди. 10- синфга Ҳамид Олимжон мактабига қатнай бошладим, қадрдон дўстларим билан ўқиётганимдан ғоят бахтиёр эдим. Бекбой исмли ўта шўх синфдошим билан (мактабни тугатганимиздан кейин электр токидан ҳалок бўлган дўстимни охироти обод бўлсин! Худо рахматлик қилсин!) дарс пайтида навбатдаги шўхлигимизни қилаётганимизда Соатов домлани кўзи тушиб қолди ва "Сен Неъматни ўғлини жойинг бу ерда эмас!”, - деб дарсдан чиқариб юборди. Дўстим Фарходни отаси Мойли Тожиев (Худо рахматлик қилсин, ётган жойлари нурга тўлсин!) мактаб директори эди. Фарходни уйига бориб отасидан мактабда қолдиришини  илтимос қилдик. Лекин у киши РайОНОга ўқувчиларни сони ҳақида ҳисобот топшириб юборганман деб жавоб берди.

Мен бўйнидан ип боғлаб еталанаётган қўй сингари яна мажбуран Ғофур Ғулом мактабига боришга мажбур бўлдим. Мени Ғофур Ғулом мактабида қолдириш учун 9- синфда ўқиганимизда синфком қилиб сайлашди, рус тилини яхши билганлигим учун бошлангич ҳарбий тайёргарлик машғулотларида синф командири қилишди. Бизни синфда ўқиётганларни аксарияти 9- синфгача бирга ўқишган ва уларнинг ўз лидери ҳам бор эди. Улар ўз лидерларига худди қулдек тобе эдилар. Менинг характерим эркинликка мойил бўлганлиги учун синфда тобелар ва тобе бўлмаганлар гуруҳи пайдо бўлди. Синф раҳбаримиз Бобоқулов алгебра фанидан дарс берар эди. 9-синфгача ҳурматли устозим Долли Шакаров ўтган барча дарсларини севиб тинглар ва уй вазифаларини бажарар эдим. Ҳатто устозим Долли ака математикадан ташкил қилган кружокка бажону дил қатнар эдим. 9-синфдан бошлаб Бобоқулов ўтган бирорта дарсни тушуна олмадим. Синфимиздаги лидер рус тилидан ташқари деярли барча фанлардан аълочи эди, айниқса алгебра дарси фақат уни учун ўтилар эди десам муболаға бўлмас. Синф раҳбаримиз лидер ва бўйсинмаслар гуруҳи аъзоси - камина ўртасида бўлиб ўтган тўқнашув ҳақида синфимиздаги "қулоқ” Маҳманиёз  орқали хабар топгач синф мажлиси ўтказди ва мени соғлигимни тилга олиб дилимни оғритадиган гап қилди. Мен эртаси кунидан бошлаб дарсга бормай қўйдим. Бир ҳафта дарсга чиқмаганимдан кейин отам рахматлик мендан сабабини сўраса ҳеч нима гапирмадим. Отам мен билан бирга мактаб директори Қаюмовни олдига борди. Қаюмов домла ўта вазмин, босиқ, салобатли инсон эдилар. У киши билан бўлган суҳбатда мен бўлиб ўтган воқеани айтдим. У киши кабинетига Бобоқуловни чақиртириб педагогга хос бўлмаган иши учун роса койидилар. Бобоқулов иштонига иш бажариб қўйган ёш боладек қизариб ердан кўзини оломасдан мендан ва отамдан узр сўраган эди. Мен ўз ўқитувчимни шу ҳолатга солганимдан ҳижолат бўлгандим ва мактабга қайтишга рози бўлган эдим.

Ўша куниёқ "Фан ва Турмуш” журнали муҳарририятига мени соғлигимни тиклашда фанни ютуқларини қўлласа бўладими деган савол билан хат ёзганман.

"Фан ва Турмуш” журналидан бир ой ичида олган жавобимда мени хатимни ЎзССР Соғлиқни сақлаш вазирлигига йўллашганини билдиришган эди. Орадан кўп вақт ўтмасдан тахминан 1977 йил март-апрел ойларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти директори профессор Шоматовдан Тошкентга даволаниш учун келишим мумкинлиги ҳақида хат олдим.

Бу пайтда отам Қамаши аҳолига маиший хизмат кўрсатиш комбинатида директор эди. Оиламиздаги саккиз фарзанд отам ва онамни маошлари ҳисобига кун кўрар эдик, ортиқча маблағ бўлмаганлиги сабабли мен даволанишга бора олмадим. Лекин ёзги каникулда пул ишлаб Тошкентга кетишни режалаштириб қўйдим. 9- синфни тугатиб ёзги таътилга чиққанимиз заҳоти холаваччаларим (бўлаларим) Акбар ва Собирга қўшилиб Тошкентда яшайдиган қариндошимиз Усмон ака (Уста Қулли бувамни ўғли) Қарши чўлида янгидан очган Балиқчилик хўжалиги ишга кетдим. Қарши чўлида ёзни жазирама иссиғида кун бўйи қайиқда янги олиб келинган личинкаларга ем сепиб чиқар эдик. У ерда 2 ҳафтача ишлаганимдан кейин Усмон ака мени уйимдагилар излаётганлигини тезда уйга қайтишим кераклигини айтиб пул тўламасдан уйга қайтариб юборди. Уйга қайтгач қўшнимиз ака-ука Жума, Чори ва бошқа маҳалла болалари билан Қамашидаги нон пишириш цехига (пекарня) ишга кирдик. У ерда ёз бўйи ишлаб иш ҳақига кунига 2 буханка нон олиб ишладик. Шундай қилиб ёз бўйи ишлаб даволанишга пул топа олмадим. Кузда Ҳамид Олимжон мактабидан ҳайдалиниб Ғофур Ғулом мактабига келганимдан пахта теримига жўнадик. Мен 9- ва 10- синфдалигимизда пахтада овқат пиширар эдим. Бошқа синфлар тушган шийпонларда чой дамловчи (чайханчик) ва овқат пиширувчи (повар) алоҳида 2 киши бўлса мен ёлғиз ўзим ҳам чой қайнатувчи ҳам овқат тайёрловчи эдим. Ҳар ҳафтада ўқувчиларга терим ҳақи берилганда бошқа шийпондаги повар ва чайханчик 10 рублдан олса мен ўқитувчиларни топшириғи бўйича икки баравар кўп иш қилсам ҳам оладиган 10 рублимни ярмини болаларни пахта теришини назорат қилувчи синфимиздаги лидер билан баҳам кўрар эдим. Деярли ҳар куни овқатдан кейин лидер ошхонадаги маҳсулотларни ўз назортига олиш мақсадида ўз қулларидан бирини овқатни яхши пиширмапти деган шикоят билан ўқитувчиларни ҳузурига юборар эди. Мен ўз синфдошларимни ўзим уларни овқатланиши учун алоҳида жой қилиб берган хонада пиширган овқатимни еб менга қарши режа тузишаётганини ўз қулоғим билан эшитиб катта ҳаётнинг сертикан сўқмоқларига дастлабки қадамимни қўяётганлигимни ҳали билмас эдим, у пайтда мен 15 ёшда эдим.

Ҳиссиётларимдан чекинган ҳолда менинг азиз устозларим – мактабда таълим берган ўқитувчиларимни ёдга олиб ўтмоқчиман. Биринчи ўқитувчим Фармонов домла, у киши жуда болажон инсон эди. Асли тоғлик, кейинги йилларда кўп ароқ ичадиган бўлиб қолгандилар. Катта ўғлим билан Қамашини марказига яёв кетаётган эдик, Фармонов домла дуч келиб қолдилар. Мен ўғлимга фахрланиб, -"Менинг биринчи ўқитувчим,- дедим. Салом аликдан сўнг домлага камчиликларингизга ишлатарсиз деб бироз пул бердим. Домлани кайфи бор экан, кетдик столовойга бориб ароқ ичамиз деб қистаб олдилар. Мен соғлигим кўтармаслиги сабабли умуман спиртли ичимлиги ичмаслигимни айтиб узр сўрадим. У киши яна озроқ пул беришимни сўради. Ҳурматли устозимни ароқ ичишига жиддий сабаб бўлгандирки ичишга берилган. Лекин мен ўғлимни олдида ўсал бўлиб қолдим.

Иккинчи синфдан бошлаб энг севимли, хушфеъл ва дилбар аёл бўлмиш устозим Қўйсин опа. Қўйсин опани турмуш ўртоғи севимли устозим Долли Шакаровдир. Ҳавас қилса арзугилик намунали педагоглар оиласи. Мен шундай ажойиб устозлардан таълим олганлигимдан фахрланаман.

8- синфни тугатгунимизча бизни синф раҳбаримиз Муҳаммадиев домла эди. У киши физикадан дарс берар эди. Бир қулоғи оғирроқ эди, доим қулоғига пахта қўйиб юрар эди. Мен синфдошим Йигитали билан биринчи парада ўтирардим. Домламизни пахта қўйилган қулоғи бизга бурилса "Кар, гаранг” деб пичирлар эдик. Бизнингча гўёки домламиз эшитмас эди. Яқин йиллар ичида домла кайф билан йўлдан ўтиб кетаётган чоғида Йигиталини уйига кириб "Сен Баҳодир иккаланг мени калака қилардинг, каттани боласи бўлганликларинг учун эшитмасликка олишга мажбур эдим”, - деб кўнглидагини айтибди. Мен азиз устозимни кўнглини оғритганимдан ниҳоятда ҳижолатдаман. 2004 йили эди чамаси, синфдош дўстим Фарход ўғлини чупрон тўйини қилди. Мен оилам билан Тошкендан тўйга келдим. Отам билан тўйхонага кираётганда Муҳаммадиев домла биз билан бирга кирди. Учаламиз алоҳида жойда ўтирдик, дастурхонга фотиҳа ўқилгач таомлардан таомил қила бошладик. Мен отамдан домла билан шерикчиликка эллик грамм ароқ ичишини сўрадим. Биринчи қадаҳдан кейин салгина қизишган устозим орадаги мулозаматни йиғиштирмоқчи бўлди шекилли, "Раис бува, мана вақти келар экан, сиз билан бир дастурхонда ўтириб ароқ ичар эканман. Илгари Райисполкомда ишлаган вақтингизда машинангизни қораси кўринса пана жойга қочар эдик, "Иш пайти кўчада нима қилиб юрибсан?”- деб сўкасиз деб. Ҳозир одамлар Ҳокимни кабинетини эшигини тепиб кириб боради. Сабабини биласизми? Ҳозирги раҳбарларни тили қисиқ, еган оғиз уялади. Илгариги раҳбарлардаги савлат ва обрў буларда йўқ”, -деб ўрнидан туриб таъзим қилди. Мен буни билан отамни илоҳийлаштирмоқчи эмасман. Қолаверса гап фақат менинг отам ҳақида бўлмаганди ҳам. Ҳозир оғзимизни кўпиртириб мақтаётган Мустақилликни мевалари ўз номи билан Ҳоким бўлган яккаҳокимлар инсонларнинг онгидан ўчириб ташлаш мақсадида вагонлаб ёқиб юборилган китоблар тенглик, биродарлик, тинчлик шиори остида кечирган ҳаётимиз, ўқимишли зиёлилар, оддий инсонларнинг хусусий уй-жойлар қуришган, ойлик маошга турмуш тебратиш мумкин бўлган вақтлардаги камтарин раҳбарлардан ер билан осмончалик фарқ қилишади.

 

Давом бор... 

Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (26.11.2012)
Просмотров: 1362 | Рейтинг: 1.5/2
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Пятница, 29.03.2024, 17:00
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz