Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Баҳодир Узоқов. Беғубор болалигимдан хотиралар. (3-қисм)

Маълумки, иккинчи жаҳон уруши йиллари эркаклар фронтга кетганлиги боис хўжаликни юритиш ишлари хотин-қизлар, ногирон эркаклар ва қарияларнинг елкасига тушган. Даладаги буғдой бошоқларини ўришни аёллар қилишган, ўт ўчирувчилар эса ногирон ва қари кишилар бўлишган. Уйларидан узоқдаги далалардаги буғдойни уйидаги оч ўтирган гўдак болаларидан йироқда бир неча ҳафталаб ётиб ўришган. Ўт ўчирувчилар ва бошлиқлар рухсатсиз ёнларига келиб фарзандларига олиб кетиш учун яшириб қўйган буғдойларини тортиб олишмасин деб аёллар жазирама офтобда қип яланғоч  бўлиб ишлашган ва тунда ўнлаб чақирим масофани босиб яширинча ўз фарзандларига олиб бориб тонг отгунича ортга қайтишган. Қорабоғни ёндидаги Шўро колхоз деб аталган (ҳозир Қорабоғни ёнидаги Шўро колхоз, Бойли, Чувиллоқ, Эшон қишлоқ, Қовчин, Лойқа каби кичик қишлоқларни ҳаммаси Қорабоғ деб аталади, илгари улар алоҳида қишлоқ бўлишган, Қовчиндан бошқа ҳаммаси атрофдаги ьошқа қишлоқлар сингари ярим ўтироқ ҳолда яшашган. Яъни баҳорда яйловларга мол, қўй, отларини баҳорда яйловларга ҳайдаб кетишган ва кеч кузда қишлоқларига қайтишган. Шу сабабли уларнинг яшаш учун иншоатлари ўтов (маҳаллий аҳоли "қора уй” деб атаган) бўлган. 

Лекин Қорабоғни ўтроқ аҳолиси ҳам ичкари-ташқари ҳовлиси бўлган уйларида ўтов тикишган. Бойларнинг ўтовлари узоқдан ҳам оппоқ ранги ва катталиги билан бошқаларникидан ажралиб турган. Қовчин деган қишлоқнинг аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланган, Қовчинликларнинг бодрингини таърифи Қорабоққа келган савдогарлар орқали узоқ-узоқларга тарқалган. 

Шу ўринда Қорабоғдан 15 километрча масофада жойлашган Қамай қишлоғи деҳқонларининг қовун ва ҳандалакларининг ўта мазали бўлганлигини таърифи ҳам оламга тарқалганини таъкидлаб ўтиш жоиздир. Шунингдек, Қамайда бахшичилик ниҳоятда ривожланган бўлган. Қорабоғликлаор ҳақидаги мавзуга қайтсак, таниқли муаррих Шарофиддин Али Яздий ўзининг "Зафарнома” номли китобида буюк саркарда Амир Темур бобомиз ўзларининг биринчи қурултойларини Кеш (Шаҳрисабз), Қорабоғ ва Насафда (Қарши) ўтказганлигини ёзган. Қорабоғ қишлоғининг атрофида ҳозирги кунда ҳам сақланиб қолган кўплаб сунъий тепаликлар мавжуд. Маълум бўлишича илгари бу тепаликларга соқчилар қўйилган. Бу соқчилар душман келаётганидан огоҳ бўлишган заҳоти ўт ёқишган, буни кўрган бошқа тепаликдаги соқчилар ҳам ўз навбатида ўт ёқишган, натижада теваракдаги сигналдан хабар топган маҳаллий аҳоли ҳимоя чораларини кўришган экан. Қорабоғнинг ёнида Қовчин ва Тўқбой қишлоқларини ўртасида Олтин тепа деган тепалик бор. Бу тепаликда Ўзбекистон Миллий университети тарих факультетининг археология кафедраси олимлари 1970-80 йилларда бир неча йил давомида бу ерни ўрганишган эди. Шу ўринда Қорабоғда илмий экспедицияда қатнашган олимлар Светлана Борисовна Лунина, Замира Исмоиловна Усмонова, Анатолий Саъдуллаев, Галина Яковлевна Дресвянскаяларнинг номларини миннатдорчилик билан эслаб ўтмоқчиман. Мени отам Узоқов Неъмат Қамаши Райижрокоми раиси муовини бўлиб ишлаган вақтида бу экспедиция аъзоларига ташкилий масалаларда ёрдам кўрсатган ва дўстона муносабатлари узоқ йиллар давомида сақланиб қолган. Бу тепаликда XIII-XVI асрларга мансуб бўлган шаҳарнинг қолдиғи борлиги аниқланган. Мен болалигимда археологлар яшаб турган уйга отам билан бирга бориб (давлат томонидан янги қурилган шу бетон уйларда ўша пайтда деярли ҳеч ким яшамас эди, ҳозир бу уйларнинг барчаси банд ва маҳаллий аҳолига ер ва уй-жой етишмайди) казилма даврида топилган сопол идишларини кўриб тарихчиларга ҳавасим келган эди. Тақдир экан, вақти келиб ўша олимларнинг қўлида таҳсил олиб тарихчи ҳам бўлдим.

Фотография 1

Яна Қорабоғни тарихига қайтамиз: Буюк Ипак йўлида жойлашган Қорабоғ чор атрофдан, жумладан Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистондан келган савдогарларларнинг Самарқанд ва Бухорога бўлиниб кетадиган йўлидаги чорраҳа бўлган. Афғонистондан келдирилган сурув-сурув бир хил рангдаги оппоқ қўйларни чўпонни таёғини (калтаги) отиб чамалаб ҳисоблаб сотишган экан. Қорабоғ бозорида Ҳиндистонлик савдогарлар ҳам савдо қилишган, кўпчилик қариялар билан ўтказган суҳбатларимда ҳатто филларда келган Ҳиндистонликлар ҳақидаги маълумотни ҳам гапиришган. Ҳиндистонлик савдогар оламдан ўтганида шериклари мурдасини ёқишиб, кулини ариққа оқизишиб "Рам, Рам...” деб йиғлаб ариқни ёқалаб югуришган экан. Ҳиндистонликлар камсуқум, маҳаллий аҳолига кўпам синашта бўлишмаган. Қорабоғликлар камсуқум одамни "ҳунди” дейишади. Биз юқорида тилга олган машҳур бойлардан бири Маманбой димоғдорроқ бўлган бўлса керак, уни Маман ҳунди деб ҳам аташган.

Қорабоғ қишлоғига Бухоро ёки Қарши томонидан кириб келишда бошланган тош ётқизилган йўл қишлоқнинг ўртасида Чироқчи ва Яккабоғ томонга қараб иккига бўлинган ва қишлоқдан чиқаверишда тугаган. 1950 йилларда Қорабоғдаги мактабни директори бўлиб ишлаган Бекмуродов деган ҳурматли қария билан гаплашганимда шу тошлардан мактабни қурилишида пойдевор (фундамент) учун фойдаланишганини, қишлоққа яқин жойдан тош олиб келишни иложи бўлмаганлиги ва ота-боболаримз шунча тошни қандай қилиб олиб келишганига ҳайрон қолганини айтган эди. Ўша пайтда мактабни қурилиш лойиҳасида бинога пойдевор қўйиш бўйича қарорини тушунмаганини гапирган қария, "...мана энди Чимқўрғон сув омбори қурилиб уйларимизни зах босганидан кейин тушунаябман...”,- деган эди.  Қорабоғдаги бозорда яҳудийлар ҳам савдо қилишган, улар қишлоққа кираверишда отдан тушиб, бозоргача яёв боришган экан. Сабаби, улар ўзларини мусулмонлардан юқори кўрсатмасликлари шарт экан. Агарда улар от миниб қишлоққа киришса маҳаллий аҳоли уларни ўлдириши ҳам мумкин экан.

Бозорни ёнида Қаландархона бўлиб унда дарвешлар яшашган экан. Қаландархонани очиқ эшигидан болалигида мўралаган информаторларимиз уларнинг "...Ё ҳазрати Нақшбанд...” деб куйлашганини эшитишган экан. 

Фотография 1

Биз юқорида эслаб ўтган Қиличев домла қаландархонага яқин жойда янтоқларни (тикан) орасидан қоғозга ўралган кора сақичга ўхшаш сассиқ нарсани топиб олишгагнини, уни катталарга кўрсатишганида "чакида” деб айтишганини ва бу нарсани дарвешлар гиёҳвондлик қилиш учун истеъмол қилишларини айтишган экан.

(Давоми бор...)

Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (23.10.2012)
Просмотров: 1300 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Четверг, 25.04.2024, 07:05
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz