Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Баҳодир Узоқов. Беғубор болалигимдан хотиралар. (2-қисм)

Фотография 1

Онам Самадова Гулсаранинг отаси Самад Қаюмов бўлган. Қорабоғлик машҳур Қаюмбойнинг   Самад исмли ўғли, Муҳтарам ва Мукаррам исмли қизлари бўлган. Иккинчи жаҳон Урушида Украинанинг Бориспол шаҳри яқинида ҳалок бўлган Самад бувам ўта самимий, хушчақчақ бўлган эканлар. У киши Қорабоғни ўртасидаги дўконни ёнида хандон отиб кулганида чақчақаси қўшни қишлоққа ҳам эшитилан, у ердагилар "...баччағар Қаюмбойни арзандасини беданаси мош ўраяпти...”, дейишар экан. Уруш пайтида Самад бувам қишлоқ советида (сельсовет) котиб бўлиб ишлаган. У киши оилада ёлғиз фарзанд бўлгани сабабли дастлаб фронтга жўнатишмаган экан. Район ҳарбий комиссариатидан Қорабоққа келган зобит бувам миниб юрган отни сўраганда бермаган экан. Қишлоқдаги гувоҳларни кейинчалик айтишларича Эргаш Амин иккинчи хотинини расмийлаштириши учун Самад бувам  тўсқинлик қилаётганидан норози бўлиб юрган (чунки Эргаш Аминнинг хотини Рўяб момамнинг холаси Робия эди) ва ҳарбий комиссариятдаги зобит билан тил бириктириб брони бўлишига қарамасдан бошқа бир кишини ўрнига фронтга жўнатишган ва бу "ғалабаларини” нишонлашаётганларида ароқни кайфи билан ўз оғизлари билан гуллашган экан. Онамнинг Назира исмли бир синглиси бор, бувам фронтга кетиши олдидан онамнинг укаси Ўткир тоғам бувасини чорбоғига кириб токзордаги узумларни юлаётганини кўрган Қаюмбой бир шапалоқ урган. Қаюм бувамни важоҳатидан ва шапалоқдан қаттиқ қўрқиб кетган онамнинг укаси Ўткир юраги ёрилиб оламдан ўтган. Фарзанд доғида юрган Самад бувам фронтга бажонидил жўнаган. Онам Самад бувамни фронтга кузатиш учун Қаршига от аравада боришганини, улар билан бирга борган кимдир колонна колонна ўтаётган солдатлардан "Қаюмов” деб қичқиравериб  охири Самад бувамни топган, буважоним ўша пайтда 5 ёшда бўлган онамни кўтариб ўпиб, турмуш ўртоғи Рўяб момамга "Қизларимни ҳеч кимга хафа қилдирма! Мен албатта қайтаман!” деганини ҳозиргача кўзда ёш билан эслайдилар. Афсуслар бўлсинким, бедарак кетди деб ҳисобланган Самад бувамни ҳалок бўлганлиги ҳақидаги маълумот бизга фашистлар устидан қозонилган ғалабадан 50 йил ўтиб маълум бўлди. 

Фотография 1

Онам Самадова Гулсара тоғам Раҳмонқул Қурбонов билан. Тошкент шаҳри.

Уруш тугагандан кейин Раҳмонқул тоғам Рўяб момам билан яна бир қишлоқдошимиз, тоғамни яқин дўсти бўлган Жалил акани хотинини ёнига чақириб, эрларинг ҳаёт бўлганида топган бўлардим, изламаган жойим қолмади, сизлар ёшсизлар, эрсиз аёл ҳақида ҳар хил гап тарқалиши мумкин, турмуш қуринглар, - деб тайинлашган. Рўяб момам иккинчи бор турмуш қурган бўлса ҳам умрларини охиригача Самад бувамни йўлларида кўзлари тўрт бўлиб кутдилар. Назира холамни ўғиллари билан момамдан Самад бувам ҳақида гапириб беришларини илтимос қилардик. Момам бувамни севишларини гапирганларида биз катталардан севги ҳақида очиқ эшитаётганимиздан ҳайратланардик. Бизни, агар Самад бувам келса нима қилардингиз, яна бирга яшармидингиз?- деган саволимизга, албатта буванглар қайтиб келадилар, мени ишонтирганлар,- деб жавоб берардилар.  Ажаб эмас, Яратганнинг қудрати билан ёлғончи дунёда бир биридан жидо бўлган Самад бувам билан Рўяб момам чин дунёда топишишгандир. Шўролар тузими Самад буважонимни отаси орттирган мол дунёдангина айириб қўймасдан, суюкли ёри, ширин фарзандлари ва ҳатто жонини ҳам сиртиб суғуриб олди. Ўлган ёки ўлмаганлигини 50 йил сир сақлади бу шавқатсиз ҳаёт! Буважонимни қабрларини қаердалигини ҳозиргача билмаймиз, зиёрат қилгани у киши дафн этилган бир қарич ерни топа олмаймиз. Ё фалак, шунчалик ҳам бешавқат бўлмаса бу дунё!

Самад бувам фронтга кетганидан кейин бир энлик хатни интизорлик билан кутишган экан. Бувам фронтга жўнаган вақтда Рўяб момам ҳомиладор бўлган экан. Орадан кўп вақт ўтмасдан қиз фарзанд кўришган. Қаюм бувам келинига яна бир ўғиллик бўлдик деб хат ёз, Худони ўзи бу ёлғонимизни кечиради,ғ деган эканлар. Нима учун унақа дедилар?- деб сўраганимда Рўяб момам, буванг ўғли Ўткирни йўқотганида дардини ичига ютиб, ичи куйиб урушга кетди, қайнотам эринг яна ўғилли бўлибман деб ўйласа ўзини асрайди, эсон-омон қайтибю келади,- деган эди, деб жавоб берди. Бувам фронтдалигида туғилган қизи Рўяб момам холаси Робияни остонасида хизмат қилиб юрганида қаровсиз қолиб кўп ширинлик еб кўкйўтал бўлиб оламдан ўтган. Қаюмбой бувам уруш тугамасдан касалланиб оламдан ўтган. Уруш тугаб, келини бошқага турмушга чиқди, икки нафар қиз эса (онам ва синглиси Назира) бировларнинг қўлида қолди. Қаюмбойни ҳовлисига кирган қариндошлар (Рўяб момамнинг амакиси Уста Қулли) унинг уй-жойига хўжайин чиқди. Онам билан синглиси уйларига кўчиб кирган қариндошларига бошқа етим қолган қариндош болалар билан биргаликда чўрилик қилишди.


(Давоми бор)

Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (23.10.2012)
Просмотров: 1192 | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Среда, 24.04.2024, 20:02
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz