Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!
 Каталог статей
Главная » Статьи » Мои статьи

Баҳодир Узоқов. Беғубор болалигимдан хотиралар. 8- қисм.

Қамашидаги ҳовлимиз, 2000 йил.

Менинг болалик ва ўсмирлик даврим Совет империяси кучга киргн ва секин-аста емирила бошлаган даврга тўғри келган. Бошлангич синфга Қамашидаги Суворов номидаги 1-сонли эски типдаги мактабга борган бўлсам, 3 синфдан бошлаб Ҳамид Олимжон номли 7-сонли замонавий типдаги 3 қавтли мактабга қатнай бошладим. Мактабнинг марказий кириш эшигидан Ҳамид Олимжоннинг катта ва чиройли портрети қўйилган кенг фойе бор эди. Катта спорт зали, орқа қисмида катта стадион, синф хоналари кенг ва ёруғ, замонавий парталар, махсус жиҳозланган ўқув кабинетлари, иккинчи қавтдаги кенг оралиқ коридорда мактаб дирекцияси в ўқитувчилар хонаси, унинг тепа қаватида эса қишки боғ деб аталмиш очиқ майдон,  хуллас ўқувчиларнинг таълим олиши, устозларнинг таълим беришлари учун барча қулайликлар мавжуд эди. Дарсга эртароқ келган ўқувчилар дарс бошланиши олдидан қўнғироқ чалинмасдан илгари мактаб биносига кирмаслиги учун навбатчилар ва мактаб фаррошлари кириш эшиги ёнида туришарди. Мактаб пионер дружинаси, бошлангич комсомол комитети фаолият юритарди. Мактаб пионер дружинаси томонидан ташкил этилган санитарлар бир ҳафтада бир марта дарс пайтлари ҳар бир синфга кириб ўқувчиларнинг озодалигини, гигиенага риоя қилишларини назорат қилишарди. Ўқувчиларнинг кийимлари, пионер галстуги таққанлигини, тирноқларини, сочларини текширишарди. Тахминан бир ойда бир марта мактаб пионер дружинасининг линейкаси тантанали тарзда горнь ва барабанлар чалиб Ленин сурати туширилган қизил байроқ  кўтариб келингандан сўнг бошланарди. Бир йилда бир марта пионерлар сафига қабул қилиш маросими ўтказиларди. Комсомол сафига эса район комсомол комитетига бориб суҳбатдан ўтиш йўли билан аъзо бўлинарди. Мактабдаги линейкалар кўпинча очиқ майдонда қуёшни жазирама иссиғида ўткзиларди. Линейка пайтида ҳар сафар соғлиги заиф ёки мактабга оч келган ўқувчилардан бир нечтаси хушидан кетиб йиқилишарди. Мактаб пионер дружинаси аъзолари аълочи ўқувчилардан сайланарди. Мактабнинг радиоузели ҳар куни катта таффус пайтида актабнинг ҳаёти ҳақида маълумот берарди. Мактабимизнинг директори Мойли Тожиев биз тўртинчи синфда ўқиган давримизда тоққа саёҳатга чиққанимизда катта синф ўқувчиси Ғайрат исмли йигит тоғдан қулаб оламдан ўтганидан кейин ишдан олиниб, у кишининг ўрнига асли Жиззахлик бўлган Гулсара Қодирова тайинланган эди. Кейинчалик Гулсара Қодирова Райкомнинг секретари лавозимига кўтарилгач Мойли Тожиев қайта директорлик лавозимини эгаллаган эди. Мойли Тожиев оддий ўқитувчи бўлиб ишлаган даврида бизга география фанидан дарс ўтган эди. Мактабимизда Эшмуродов, Долли Шакаров каби ўта билимдон математика ўқитувчиларидан таҳсил олганмиз. Оқсоқланиб юрадиган Файзиев деган ўқитувчимиз бизга тарих фанидан дарс берар эди. Бу устозимизнинг Мунтян деган лақаби бор эди. Айтишларича ўқитувчилар футбол ўйнашаётганида Файзиев ўзини машҳур футболчи Мунтян бўламан деган экан.

Онажоним Раҳмонқул тоғамни Тошкентдаги уйида. Ўртада тоғамнинг қизи Лида опам.

Биз мактабда олтинчи синфда ўқиётганимизда дастлабки бор кунлик пахта теримига чиққан эдик. Еттинчи синфдан бошлаб Партсъезд, Ленин номли колхозлардаги дала шийпонларида ётиб пахта терганмиз. Мен 8 синфда ўқиётганимда ўша пайтда отам раислик қилган Коммунизм йўли колхозига опам Матлуба иккаламиз отамни ёлғиз яшайдиган Турсин аммасиникида яшаб ўша ерда пахта терганмиз. Пахта териш мавсуми тугагач пахта бригадиридан қанча пахта терганлигимиз ҳақидаги маълумотномани мактабга топширган эдик. Отамни тоғаси Раҳмонқул Қурбонов 1972 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раислигидан бўшатилганидан кўп ўтмасдан  1974 йилда отамни ҳам Қамаши район Ижроя комитети раиси муовини лавозимидан бўшатишиб Чим қишлоғидаги Коммунизм йўли колхозига раис қилиб тайинлашган эди. Бизнинг Қамашидаги ҳозирги ҳовлимиз ўша пайтда давлатга қарашли коммунал уйи бўлган. Ўша пайтдаги райкомнинг биринчи котибаси Нозик Чалаева отамдан уйни зудлик билан бўшатиб Чимга кўчиб кетишини талаб қила бошлаган. У кишинги мақсади отамни колхоз раислигидан бўшатгач уйсиз кўчада қолдириш бўлган. 

Қамашидаги Марказий почтани ёнидаги Файзулла Хўжаев кўчасига бурилишдаги биринчи уйнинг(кейинчалик бу уйда райком секретарлари яшашган) фундаментини қурган отам райижрокомда ишлаган даврида акаси Қудрат бувам ўғли Анвар акам учун участка сўраб ёзган аризасига қўл қўйгач Қудрат бувам бизнинг участкага ёнма-ён фундамент қуйганидан кейин жуда яқин масофада экан деб иморат солмаган. Отам уйни қурмагач акаси ҳам қурмаган. Кўп йиллар ташландиқ ётган отам ва акасининг номидаги ер участкасига Нозик Чалаева рухсатсиз иккита иморат қурдира бошлаган. Отамни норозилигидан кейин Қамашини истаган жойингиздан ер танланг фундаментини қуйиб берамиз деб ваъда беришгач отам уйимизнинг ёнидаги Комхознинг боғидан ер ажратишларини сўраган. Ерни ажратишгану фундаментини қуйиб беришмаган. Чалаева қурдираётган иморатларни қурилиши битмасдан ишдан олингач бизни участкамизда янги қурилган уйларга райкомнинг янги биринчи котиби Мамаш Аллаёров кўчиб кирган.

Қамашидаги ҳовлимизда поччам ўғлим ва жиянларим.

Отам Коммунизм йўли колхозида раис бўлиб ишлаган даврида аммаси, районимизнинг илғор сут соғувчиси Турсин момамнинг уйида яшар эди. Юқорида ёзиб ўтганимдек биз Матлуба опам иккаламиз пахта терими даврида бир муддат у ерда яшадик. Биз икки марта Ленин ордени кавалери Боймурод Ашуров бригадирлик қилган бригадада пахта тердик. Машинада пахта терувчи  механизаторлар навбат билан пахтаси культивациядан чиқиб барглари тўкилган бригадаларда пахта теришарди. Бизни бригадага пахта теришга келган кейинчалик СССР Олий депутати бўлиб ўта машҳур бўлиб кетган Гулбаҳор Нуриллаева ҳам аммамникида ётиб қолар эди. У пайтда Гулчеҳра опа турмушга чиқмаган эди, биз у билан бир хонада ётиб кечгача суҳбатлашар эдик. Мен Чимда юрган пайтимда Абдимурод ака (Махсум) деган трактористдан трактор ҳайдашни ўргандим. Бригадамиздагилар билан бирон бир жойга меҳмонга борсак ўта уятчан бўлганлигим боис бир тўғрам нон емасдан оч ўтирардим. Тунги соат 12 ларда пахта пунктига терилган пахталарни топшириб аммамникига қайтганимда сон-саноқсиз итлар ташланишарди. Мен чўнтагимни тошларга тўлдириб уларга тинимсиз тош отиб бир амаллаб уйга қочиб кирар эдим. Турсин момамниг турмуш ўртоғи эрта оламдан ўтиб кетган ва фарзандлари йўқ эди. Қўшнилари ҳар доим у кишидан хабар олиб туришар эди. Қўшниси Абди буванинг мендан бир ёш кичик Хадича исмли қизи аммам билан яшар эди. Хадича, Зоир исмли аммамнингқўшниларини фарзандлари билан жуда ҳам иноқлашиб кетган эдик. Турсин момам колхознинг сут-товар фермасида бир умр эгилиб сут соққанидан қариганида қадди букилиб мажруҳ бўлиб колган эди.

Онажоним ва опа-сингилларим.

Отам туну кун далада, идорада бўлар, уйга 3-4 соат дам олгани келар эди холос. Ўша пайтларда отам ўта камгап ва сержаҳл бўлиб қолган эди. Биз кейинчалик билишимизча деярли ҳар куни кечаси колхоз идорасига КГБ ходимлари келишиб отамни сўроқ қилишар, онда сонда Қаршидаги КГБ бошқармасига ертўлага олиб тушиб дўқ пўписа қилишар, тоғаси Раҳмонқул Қурбоновга қарши маълумот беришини талаб қилишар экан.

Қамашидаги файзли ҳовлимиз. Суратда чапдан ўнга: Лола опам, укам Олим, онажоним, Малика янгам (онам у кишини олдига чиққани учун опа деймиз) Назира холам ва Ойсара янгам.

1976 йилда КГБ ходимлари кўпчилик қариндошларимиз қаторида  бизнинг уйимизда ҳам тинтув ўтказишган эди. Ўша пайтда Лола опам Тошкентдаги Халқ хўжалиги институтида ўқир эди. Биз Матлуба опам иккаламиз Лола опамни Тошкентдан келаётганини эшитиб вокзалга кутиб олгани чиқдик. Йўлма йўл Комсомол ва Ленин кўчалари чорраҳасидаги икки қаватли коммунал уйдаги 2 хонали квартирада яшайдиган Гулчеҳра холамникига кирдик. Уердан уйга қўнғироқ қилсак ҳеч ким телефон гўшагини кўтармади. Холамникида ярим соатча ўтиргач уйга кетдик. Уйимизга келганимизда кўплаб граждан кийимидаги одамлар бизни уйимизни тинтув қилаётганини шоҳиди бўлдик. Улар телефонга ҳеч кимни яқинлаштиришмас, ҳатто кўчага чиқишга ва ичкарига киришга рухсат беришмас эди.Тўрт хонали коммунал уйимизни, ҳовлимиздаги хожатхонаю молхонларни қулоқларига наушник тақиб махсус аппаратда текшириб чиқишди. Дарвозахонамиздаги кичик ҳужрада сабзи кўмиладиган хандакча бор эди, ўшани тўлиқ ковлаб текширишган ҳали ҳам ёдимда. Лола опамни тўққизига еғилган кийимли материаллар ва отамга қайсидир бир кўргазмадан тақдим қилинган ишламайдиган кинога туширувчи аппаратни текширувчилар ўзлари билан олиб кетишди. Кейинчалик барча олиб кетган нарсаларини қайтариб беришган. Қорабоғдаги ҳовлимизда Сайдулла амакимни хонадонидан Раҳмонқул тоғамизнинг расмларини ҳам мусодара қилишган экан. Кейинчалик билишимча текширувчилар тилла ва бойлик қидиришган экан, лекин бир тийин пул ва бошқа бойликлар бизда бўлмаганлиги боис ҳеч нима топиша олмаган. Ёзнинг иссиқ куни бўлганлиги учун онам уйнинг соясида ерга гилам тўшаб тикиш тики ўтирган экан, уйда бўлган 70 рублни ўтирган кўрпачасини тагига яширган экан. Лола опамни айтиши бўйича Тошкентда бошланган тинтув ва қувғинлардан Қамашиликларни огоҳлантириш учун Қаҳрамон акам опамни поездга ўтирғизиб кузатган экан. Тошкентда уларни изидан тинимсиз кузатишган экан.

Қамашидаги ҳовлимиз.

Барчага маълум, ўша пайтлар қўшиб ёзиш иллати халқ хўжалигининг барча соҳаларида ривожланган эди. Бу иллат биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги соҳасида, айниқса пахтачиликда ўта авжига чиққан. Отам нафақахўр бўлган даврда уйимизга Шариф Маҳматқуловни илгари колхоз раиси бўлиб ишлаган жиянларидан бири меҳмонга келган эди. У киши "Неъмат ака, райкомни бюросида райком секретари билан очиқча тирашган пайтларингиз ёдимда. Биз у пайтлар ёш эдик, сизнинг "Мени қўлимдан келмайди, айтганларингни қилолмайман!”. – деб оёқ тираб гапирган гапларингизни маъносини тушунмас эдик. Вақт ўтиб гап приписка (қўшиб ёзиш) ҳақида бўлганлигини кейинчалик англадик”, - деган эди. 

Колхоз давлатга пахта  топшириш планини бажармаганлиги сабабли, аслида эса колхоз раиси Неъмат Узоқов қўшиб ёзишга кўнмаганлиги сабабли 1977 йилда ишдан бўшатилди ва Қамаши район Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхонасига раҳбар этиб тайинланди. 

Ислом Каримов Қашқадарё Партия комитети биринчи котиби бўлиб ишлаганда вилоят туманларидаги  барча соҳа раҳбарлари билан учрашувлар ўтказган. У пайтда отам район статистика бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. Мажлис тугагач Ислом Каримов отамдан бироз ушланиб қолишини сўраган ва "Бу ерда ўтирганларни орасида ёши каттаси сиз экансиз, қачондан бери бу ташкилотда ишлайсиз? Илгари нима иш қилгансиз?” – деб сўраган. Отам бошидан ўтган воқеаларни қисқа айтиб берган ва "мени колхоз раислигидан бўшатиш тўғрисида райком бюросини қарори йўқ” – деб қўшимча қилган. Ислом Каримов, "Сизни тажрибангиздан тўғри фойдаланишимиз керак, сизга қолоқроқ колхозни топширсам ишни уддалайсизми?” – деб сўраган. Отамни розилигини олгач Қамашидаги Марксизм номли колхозга раис қилиб тайинлаган. 

Бизнинг гўзалларимиз....

Давоми бор...

Категория: Мои статьи | Добавил: Sultonbek (19.02.2013)
Просмотров: 1492 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вторник, 23.04.2024, 20:19
Приветствую Вас Мехмон
Главная | Регистрация | Вход
Facebookдаги адрес
Меъморий обидалар
Ўзбеклар Уюшмаси
Сайт бўйлаб излаш
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz